Қайднома

Қидирув

Евротур: УЧТА ЧЕМПИОН АНИҚ, ҚОЛГАНЛАР ЭСА...

Евротур: УЧТА ЧЕМПИОН АНИҚ, ҚОЛГАНЛАР ЭСА...

  01.05.2019 19:26
  0
  370
Евротур: УЧТА ЧЕМПИОН АНИҚ, ҚОЛГАНЛАР ЭСА...

«Барселона» муддатидан аввал Испания чемпионлигини қўлга киритди, АПЛда чемпионлик йўлидаги қувлашмачоқ давом этмоқда, Дортмунднинг «Боруссия»си Бундеслига ғолиблиги учун курашни деярли тўхтатди. «Манчестер Юнайтед» дарвозабони Давид де Хеа «Челси»га қарши баҳсда навбатдаги қўпол хатога йўл қўйди. Англия иккинчи дивизионида «фейр-плей» қоидаларига риоя қилмаслик сабабли можаро келиб чиқди. «Реал» ва «Милан» кутилмаганда мағлубиятга учрашди. Диққатингиз марказида ўтган дам олиш кунлари Европа футболида рўй берган энг муҳим воқеалар шарҳи.

Англия. «ҚувлашмачоҚ» давом этади

Туманли ўлкада икки етакчи - «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги кураш давом этмоқда. 36-турнинг иккинчи кунидан сўнг мерсисайдликлар пешқадам бўлиб олишди. «Хаддерсфилд»га қарши баҳсда «Энфилд» эгалари ортиқча муаммоларга йўлиқмадилар - биринчи дақиқадаёқ Наби Кейта ҳисобни очди, кейин эса Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане «дубль» муаллифи бўлишди. «Ливерпуль» сафида 100-ўйинини ўтказган мисрлик ҳужумчининг голлари 69тага етди. «Қизиллар» қаторасига 9-ғалабани расмийлаштиришди - улар сўнгги марта бундай кўрсаткични 13 йил аввал қайд этишганди. Шу тариқа «Ливерпуль» жамғармасидаги очколар 91тага етди. Агар бошқа мавсум бўлганида, бу мерсисайдликлар учун чемпионликни кафолатларди. Лекин бу йўлда уларга «Манчестер Сити» халал бермоқда. Пеп Гвардиола шогирдлари якшанба куни навбатдаги уч очкони қўлга киритиб, 1-ўринни қайтариб олишди. «Бёрнли»га қарши баҳсда «шаҳарликлар» бир соат мобайнида дарвозани ишғол қила олишмади, мезбонлар сафида Том Хитон чиройли «сейв»лари билан ажралиб турди. Аммо 66-дақиқада Серхио Агуэро ўнг қанотдан узатилган тўпни тўрга жойлаб, жамоасига ғалаба келтирди. Шу тариқа очколари сонини 92тага етказган «Манчестер Сити» «Ливерпул»ни бир очкога ортда қолдирмоқда.

Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган бошқа клублар эса бир-бирларига совға тайёрлашгандек туюлди. «Тоттенхэм» ўз майдонида «Вест Хэм»га ютқазган бўлса (0:1), «Арсенал» «Лестер»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. «МЮ» - «Челси» баҳсида эса томонлар биттадан тўп киритиб, муроса кўчасини танлашди. 11-дақиқада Хуан Мата гол уриб, омадсизлик гирдобидан чиқолмаётган жамоасига умид бағишлаганди, бироқ манчестерликлар посбони Давид де Хеанинг навбатдаги қўпол хатосидан сўнг Маркос Алонсо ҳамюрти қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди - 1:1.

Испания. «Барселона» - чемпион!

Ла Лиганинг 35-туридан сўнг «Барселона» ўз тарихидаги 26-чемпионликни расмийлаштирди. Бунинг учун каталонияликлардан ўз майдонларида «Леванте»ни мағлубиятга учратиш талаб этиларди. «Барса» устози Эрнесто Вальверде мазкур учрашувда Лионель Мессига дам олиш имкониятини тақдим этганди. Аргентиналик юлдуз Серхио Бускетс билан биргаликда захирада қолди. Аммо уларнинг шериклари ҳарчанд уринишмасин, рақиб дарвозасини ишғол қила олишмади. Натижада ёрдамга Мессини чақириш зарурати туғилди. Лео эса ўз ишини уддалаши учун 17 дақиқа етарли бўлди: узоқ давом этган ҳужумни чиройли гол билан якунлади - 1:0.

Турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётган «Атлетико» ҳам бу турда зафар қучди. «Матрасчилар» ўз уйларида «Вальядолид»ни кичик (1:0) ҳисобда маҳв этишди. Мадриднинг «Реал» клуби эса «Райо Вальекано» майдонида имкониятни бой берди - 0:1. Биринчи бўлим ўрталарида Адриан Эмбарба пенальтидан унумли фойдаланди, кейинги дақиқаларда эса Зайниддин Зидан шогирдлари мағлубиятдан қутулиб қола билмадилар. «Валенсия» ҳамда «Севилья» мос равишда «Эйбар» ва «Жирона»га худди шундай ҳисобда ютқазишди. «Хетафе» футболчилари Сан-Себастьяндаги майдонга чиқишганида, асосий рақобатчиларининг мағлубиятидан бохабар эдилар, шунга қарамай, якунда очкосиз қолишди (1:2).

Германия. ПешҚадамлар очко йўҚотди

Бундеслиганинг 31-туридаги энг муҳим воқеа «Боруссия Дортмунд» ҳамда «Шальке» ўртасида кечган Рур дербиси бўлди. Майдон эгалари «Бавария»ни  узоқлаштириб юбормаслик учун ғалаба илинжида майдонга тушган бўлсалар, меҳмонларга Бундеслигадаги жойни кафолатлаш учун очколар жуда зарур эди. Учрашув дортмундликлар ҳужумлари билан бошланди ва 14-дақиқада Марио Гётце Жейдон Санчонинг узатмасидан кейин ҳисобни очди - бу 19 ёшли англиялик вундеркинд учун мавсумдаги 14-самарали узатма бўлди. Кейинги 14 дақиқа меҳмонларга аталди ва улар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Танаффусдан кейин «Шальке»нинг устунлиги янада ошди - Марко Ройс фаолиятида илк марта тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди ва бироздан сўнг жамоаси учинчи голни ҳам ўтказиб юборди. Кўп ўтмай Мариус Вольф ҳам четлатилгач, дортмундликлар майдонда тўққиз киши бўлиб қолишди. Шундай паллада Аксель Витцель ҳисобни қисқартирди. Лекин 86-дақиқада Брил Эмболо ўз голи билан барчасини узил-кесил ҳал қилди - 2:4 ва «Шальке» ғолиб.

Асосий таъқибчининг мағлубияти «Бавария» учун айни муддао эди. Бироқ аутсайдер «Нюрнберг»га қарши тўп сурган мюнхенликлар мураккаб учрашувда (1:1) мағлубиятдан қутулиб қолишни уддаладилар, холос. Мезбонлар вакили Матеус Перейранинг голига «Бавария»дан Серж Гнабри жавоб қайтарди. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда 18 ёшли Альфонсо Дэвис рақибига тирсаги билан зарба берди - ҳакам эса ёрдамчиси билан маслаҳатлашгач, «нуқта»га ишора қилди. Лекин Тим Ляйбольд пенальтидан фойдалана олмади ва жамоаси муҳим очколардан қуруқ қолди. Шу тариқа «Бавария» ва «Боруссия Д» ўртасидаги очколар фарқи иккиталигича қолди, бу эса чемпионлик учун кураш ҳали тугамаганидан далолат.

Италия. Роналдунинг юбилей голи

«А» серияда бош интрига йўқолганига анча бўлди ва «Ювентус» ғолиб сифатида мавсумни хотиржам якунламоқда. Туринликлар шунчаки, еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган бошқа жамоалар ҳолатига таъсир ўтказишлари мумкин. Навбатдаги турда скудетто соҳиблари учинчи ўринда бораётган «Интер» билан очколарни бўлишиб олишди - 1:1. 34-тур доирасидаги баҳсда миланликлар ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди - Ража Наингголан томонидан урилган тезкор гол шунга ишора. Бироқ иккинчи бўлимда Криштиану Роналдунинг саъй-ҳаракатлари ҳисобнинг тенглашишига олиб келди - португалиялик юлдуз ва Миралем Пьянич ижросидаги комбинация гол билан якунланди. Бу Роналду учун клублардаги фаолияти давомида урилган 600-гол бўлди. У «Спортинг» сафида 5та, «Манчестер Юнайтед»да 118та, «Реал»да 450та тўп киритганди. Мана энди, «Ювентус» либосидаги 27-голини ҳам расмийлаштиришга улгурди.

«Интер»нинг дуранги «Рома»ни учинчи ўрин учун курашга қўшди. «Кальяри»ни 3:0 ҳисобида енгган «бўрилар» билан «нерадзурри» тўплаган очколар орасидаги фарқ тўртта бўлиб турибди.

Юқори тўртлик сари интилаётган «Милан» сафарда «Торино»га ютқазди (0:2). «Россонери» нафақат иккита гол ўтказиб юборди, балки ўйинни камчиликда ўтказишга мажбур бўлди - ҳимоячи Алессио Романьоли беш дақиқа ичида иккита сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди.

Римнинг яна бир жамоаси - «Лацио» ҳам муваффақият қозонди: «Сампдория»га қарши баҳсда Фелипе Кайседонинг «дубл»и наф келтирди. Мезбонлар сафида эса 36 ёшли Фабио Квальярелла навбатдаги голини расмийлаштирди. Шу тариқа тажрибали ҳужумчининг голлари сони 23тага етди ва у «А» сериянинг жорий мавсумида тўпурарлар рўйхатини бошқариб турибди. Квальярелладан кейинги ўринларда Кшиштоф Пентек (22) ва Дуван Сапата (21) боришмоқда.

Франция. «ПСЖ» сериясининг якуни

Ўтган шанба Францияда фақат битта ўйин ўтказилди - «Ренн» ва «ПСЖ» мамлакат кубоги финалида ўзаро куч синашишди. Аввалги тўрт мавсум мазкур совринни ҳеч кимга бермаган парижликлар турнир рекордини қайд этишганди. «Ренн» эса 1971 йилдан буён Франция кубогини қўлга киритмаётган, беш йил аввал финалда «Генгам»га имкониятни бой берганди.

«ПСЖ» кутилганидек ўйинни ишончли тарзда бошлади. Дастлаб Дани Алвес ва Неймар биттадан гол уришди. Бироқ танаффусга яқин омад мамлакатнинг амалдаги чемпионидан юз ўгира бошлади. Преснел Кимпембе «Ренн»нинг узоқ давом этган ҳужумидан сўнг ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди, орадан 26 дақиқа ўтиб, Жанлуижи Буффон ўрнига дарвозадан ўрин олган Альфонс Ареола яна битта гол ўтказиб юборди. Ушбу вазиятда мўъжиза яратишлари мумкинлигига ишонган «Ренн» футболчилари «ПСЖ»нинг гол уришига йўл қўйишмади. На Неймар, на Эдинсон Кавани тўп киритишни уддалашди ва ўйин қўшимча бўлимлар орқали давом этди. Иккинчи 15 дақиқаликда кутилмаганда Килиан Мбаппе жамоасини оғир аҳволда қолдирди - пенальтилар серияси муқаррарлигини билган ёш ҳужумчи рақибига қарши қўпол муносабатда бўлгани учун қизил карточка олди. Жаҳон чемпионисиз қолган «ПСЖ» «лотерея»да ютқазди.

Якшанба куни кузатилган воқеалар орасида «Ницца» ярим ҳимоячиси Юсеф Аталнинг «хет-трик» қайд этгани кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди. Жазоирлик футболчи аутсайдер «Генгам»нинг дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига ғалаба келтирди. Эътиборлиси, Атал Лига 1 доирасидаги аввалги 24та ўйинда учта гол урганди, холос.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz