Қайднома

Қидирув

Имкониятни чамалаш мавриди

Имкониятни чамалаш мавриди

  03.05.2019 01:25
  0
  217
Имкониятни чамалаш мавриди

Душанба куни ўтказилган «Сурхон» - «Андижон» баҳси билан 6-тур ўйинларига ҳам якун ясалди. Мазкур беллашув Самарқандда ўтган «Динамо» - «Навбаҳор» қарама-қаршилигига терс ўлароқ, ўта мазмунсиз ўтган бўлишига қарамай, мухлисларнинг айни пайтдаги Coca-Cola Суперлигага бўлган қизиқишлари ҳозирча бинойидек. Айниқса, мусобақа жадвалидаги жамоаларнинг ўта тиғиз жойлашуви барчани мамнун қилмоқда...

ҲАММАСИ РИСОЛАДАГИДЕК...

Ҳозирча чемпионат баҳслари олдиндан маълум бўлган сценарий бў­йича кетмоқда. Кучсизланган, аксари ёш йигитчалардан таркиб топган «Бунёдкор»нинг дастлабки икки турдаги 0 очкосидан сўнг кейинги 4 учрашувда 10 очкони қўлга киритгани ва «Металлург» билан бирга 3-4-ўринларни бўлишиб тургани бироз «сенсацион» экани ҳисобга олинмаса, чемпионатда ҳозирча айтарли алоҳида воқелик йўқ. «Навбаҳор»нинг дастлабки 3 турдаги кутилмаган муваффақиятсизликлари ҳам ортда қолиб, жамоа йўқотилган очколар ўрнини тўлдириб олди. Биз олдиндан тахмин қилган етакчилар орасида ҳозирча фақатгина АГМК оқсамоқда...

«СУРХОН» ТАКТИКАСИ

Жануб вилояти жамоаси кўрсатаётган натижаларни «Навбаҳор»дан қабул қилиб олинган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан ва ўз майдонида «Андижон» билан бўлган ўйиндаги дурангдан сўнг ҳам анча ижобий дейиш мумкин. 6 учрашувда 9 очко ва 5-ўринга жойлашиш Суперлигага сўнгги лаҳзаларда қўшилган клуб учун аслида жуда зўр натижа. Шунга қарамай, жамоа кўрсатаётган ўйин­лар баъзи мухлисларнинг аёвсиз танқидига учрамоқда. Мен буни кўпроқ интернетдаги мухлислар фикрлари ёзилган манбаларда кўп учратдим. Аксарият тармоқ фойдаланувчилари «Пахтакор» ва «Навбаҳор»га қарши ўйинларда «Сурхон» «антифутбол» намойиш этганини таъкидлаганлар.

Ортга қайтиб шуни таъкидлаш керакки, Микляев шогирдлари «Пахтакор»га қарши уй учрашувида нима қилиб бўлсада дуранг қайд этишни уддалашди. Лекин «Навбаҳор»га келганда бу ҳаракатлар «иш бермади». То 75-дақиқагача сурхондарёликлар ўзлари мўлжаллаган натижани қайд этиб туришди. Лекин Канчельскис шогирдлари бундай футбол учун «Сурхон»ни жазолашди - меҳмон футболчиларнинг «ётиб олишлари» ва айниқса, дарвозабон Асилбек Омоновнинг очиқ-ойдин вақт чўзишига жамоа учрашув сўнгида 3та гол билан жавоб қайтарди.

Ҳаттоки, айрим «Сурхон» фанатлари ҳам Андрей Микляевдан бундай футболдан воз кечишни, аксинча, ҳалол ва ҳужумкор ўйин намойиш этишни талаб қилишмоқда. Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам борки, «Пахтакор»га жамоа кучи борасида таъриф бериш ортиқча, бунга қўшимча равишда «Навбаҳор» ҳам биз ўйлагандан анча кучлироқ жамоага айланиб улгурмоқда, шу кунларда. Афтидан, бу фактларни Микляев ҳисобга олган. Иккала жамоа билан ҳам очиқ футбол намойиш этиш хавфли эканини сезган жанубликлар мураббийи бу икки ўйинда ана шундай қўшимча «қурол»ларни ишлатишга мажбур бўлган.

«Қайтар дунё» деганларидек, юқоридаги икки ўйинда «Сурхон» қўллаган тактикани 6-турда «Андижон» мазкур жамоанинг ўзига қарши ишлатди. Яъни, нима қилиб бўлса ҳам Сурхондарёдан очко олиб кетиш илинжида бўлган андижонликлар ўйиннинг шу даражада мазмунсиз ўтишига сабабчи бўлдилар. Аксига олиб, «Сурхон» майдони ҳам жамоаларнинг чиройли футбол намойиш этишларига халақит бермоқда.

АПЛдаги ЎЙИН КАБИ...

6-турда Самарқандда ўтган «Динамо» - «Навбаҳор» беллашуви шу даражада тезкор, воқеаларга бой тарзда кечдики, жуда кўпчилик томонидан «АПЛдаги ўйин каби» дея таъриф олди. Иккала жамоага чексиз ҳурматимизни сақлаган ҳолда ўша ўйин ҳақида бироз фикр билдирсак. Рости, ўша куни ҳисоб 6:6 ҳам, 7:7 ҳам бўлиши мумкин эди. Жамоалар шу даражада кўп вазиятлар содир этишдики, битта ҳолатни кузатиб улгурмасимиздан қарама-қарши дарвоза томон зарбалар берилди. Иккала жамоада ҳам ярим ҳимоя ва ҳужум вакиллари ўта фаол ўйнашди, ўша оқшом. Шунга қарамай, вазиятлардан фойдаланиш даражасининг ўта пастлиги кишини ўйга толдиради. Футболчилар болаларча хатога йўл қўйишмоқда. Иккинчи томондан, ҳимоя вакилларининг ўта суст ўйини кўзга ташланиб турибди. Ҳужумдан ортга қайтиб, позиция танлашдаги йирик хатолар кўп марта қимматга тушиши мумкин эди, лекин рақиб жамоанинг олд чизиқ вакиллари бундан-да кўпроқ хатоларга йўл қўйишди.

Буни ўйиндан сўнг «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис ҳам алоҳида эътироф этди. Жумладан, «Мухлислар мазза қилиб кўрадиган футбол бўлди, лекин жамоамнинг ўйинидан умуман қониққаним йўқ», деди меҳмонлар бош мураббийи.

Бу гаплар соғлом фикрлайдиган кишини қувонтирмасдан қўймайди, албатта. Гап шундаки, кўп йиллар дунё даражасидаги футбол ичида яшаган Канчельскис бундай ўйиндан албатта қониқмаслиги аниқ, бу ҳолат ўз футболчиларига янада кўпроқ талаб қўйишига олиб келади. Ростдан ҳам, «Навбаҳор» ўтган йилгига нисбатан 200 фоизга ўзгарган, хилма-хил ва мазмунли комбинациялар, турли хил схемалар ва ҳоказолар Канчельскиснинг жамоага нимадир бера олганини яққол ифодалаб турибди.

Лекин жамоадаги ижрочилар унинг «чизган чизиғи»дан чиқаётгани ҳам бор гап. Ўша кунги ўйиндан кейин Канчельскис ёш Остон Ўруновни ўзбилармонлик қилгани учун алмаштирганини айтиб ўтганди. Бунга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, жамоа ўйинини бузган футболчилардан яна бири Аббос Ғуломов бўлди. Чунончи, у 1-бўлимда иккита қулай вазиятни йўққа чиқарди - тўпни ўзидан-да қулайроқ турган шерикларига ошириш ўрнига ўзи дарвоза томон зарба берди. Буни биздан ҳам кўра кўпроқ Канчельскис пайқаган бўлса ажаб эмас. Фақатгина ўйиндан кейин бу ҳақда тўхталмади.

ТИҒИЗ ЖАДВАЛ

Айни пайт Суперлигада мусобақа жадвали чиндан ҳам шу даражада «зич» кўринишдаки, 4 очко билан сўнгги поғонани банд этиб турган АГМК клуби ёхуд ундан биттагина кўп очко жамғарган «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» жамоаларини кейинги 3та турдан сўнг бемалол 5-6-поғоналарда кўришимиз мумкин. Қизиқ ҳолат: 3-ўриндан то ўша охирги поғонадаги АГМКгача бўлган жамоалар атиги бир очкодан фарқ билан жойлашишган.

«Металлург» ва «Бунёдкор»да 10, «Сурхон»да 9, «Навбаҳор» ва «Динамо»да 8, «Насаф»да 7, «Бухоро», «Андижон» ва «Сўғдиёна»да 6, «Қизил­қум» ва «Қўқон»да 5, АГМКда - 4. Яъники, эринмасдан санаб чиқишга арзийдиган даражадаги кетма-кетлик...

Бутун 12 клуб орасидаги фарқ - атиги 6 очко!

Шунга қарамай, бу фарқ яна 3-4 турдан сўнг анча катталашиши ҳеч гап эмас. Хўш, кейинги турларда қайси жамоаларда очко йиғиш имкониятлари кўпроғ-у, қайсиларида нисбатан чегараланган?

«МИНУСЧИЛАР»

1. «Сўғдиёна» ва «Қўқон-1912»

Қуйироқда кетаётганлари етмаганидек, мазкур икки жамоада очко йиғиш борасида ҳам имкониятлар анча кам. Жиззах жамоасини 7 ва 9-турларда меҳмонда «Навбаҳор» ва ­АГМКга қарши ўта қийин иккита баҳс кутиб турган бўлса, қўқонликлар «Локо»га қарши жиддий синовдан ўтишади. Кейинги турда «Бунёдкор»га қарши кечадиган баҳс ҳам Нўъмон Ҳасанов шогирдлари учун яна бир бор очколар йўқотиш ўйинига айланиши мумкин (рости, чемпионат бошланишидан олдин Абрамов шогирдларига деярли ҳеч ким жиддий рақиб сифатида қарамаганди).

2. «Металлург» ва «Сурхон»

Айни пайт анча юқоридан ўрин олган мазкур икки клуб яна 3 турдан сўнг қаерга жойлашиши мумкинлиги жудаям қизиқ мавзу. Гап шундаки, Бекобод жамоасининг «Пахтакор», «Локомотив» ва «Навбаҳор» учлигига қарши баҳслардан қанақа ҳолатда чиқиб кетиши Андрей Шипилов шогирдларининг ўша учта ўйинда қабул қилинажак зарбаларга қай тарзда дош бера олишларига боғлиқ. Ҳозиргача ўзига анча етарли очколарни йиғиб олган бўлишига қарамай, «Металлург» 9-турдан сўнг мусобақа жадвалининг ўрталаридан ёки ундан-да қуйироқдан ўрин олишини кутиш мумкин.

Жанубий сарҳадларимиз вакили «Сурхон»ни ҳам 7 ва 9-турларда меҳмонда иккита анча қийин ўйин кутиб турибди: дастлаб АГМК, кейин «Қизилқум»га қарши баҳс. Орадаги турда ўз майдонида «Бухоро» билан ўйнашига қарамай, Бахтиёр Ашурматов шогирдларини ҳам осон енгиб бўлмаслигини олдинги турлар орқали кўрдик. Шу фикрлар, башарти тўғри чиқадиган бўлса, «Сурхон» ҳам 9-турдан сўнг анча қуйига шўнғиши аниқ.

3. Бундан ташқари, «Динамо» ва «Насаф» жамоалари ҳам кейинги 3та ўйиндан 2тасини меҳмонда ўтказишади. Қарши жамоаси аввал «Бухоро», кейин 9-турда «Қўқон-1912» меҳмони бўлади. Самарқандликлар эса аввал Андижонга, кейинроқ Бухорога боришади.

«ПЛЮСЧИЛАР»

Очко олувчиларнинг энг бошида ҳар доимгидек «Пахтакор» билан «Локомотив» бўлади. Бу икки жамоа қаерда, кимга қарши ўйнашидан қатъий назар, чемпионат якунига қадар исталган рақибга жиддий хавф солиб туришини кутиш мумкин. Уларнинг ортидан қувиб келаётганлардан фақатгина «Навбаҳор» бироз яхши имкониятга эга. Андрей Канчельскис шогирд­лари кейинги 4та учрашувнинг 3тасини ўз майдонларида ўтказишади. 7-тур. «Сўғдиёна», 9-тур «Металлург», 10-тур «Андижон».

Мазкур учта баҳс Намангандаги майдони қайта тикланган стадионда ўтишини ҳисобга олсак, жамоанинг ўша 10-турдан кейин анча юқорилашини кутса бўлади. Ҳаттоки, 8-турда меҳмонда «Пахтакор»дан мағлубиятга учраган тақдирларида ҳам юқоридаги уч ўйиндаги эҳтимолий муваффақиятлар жамоани анча юқорига олиб чиқиб қўйиши мумкин.

Ва ниҳоят, кутилмаган «шўнғиш» соҳиби АГМК ҳақида. Гарчи, айни пайт жадвалнинг сўнгги поғонасига жойлашган бўлишига қарамай, Миржалол Қосимов шогирдларида ҳали ҳам катта потенциал бор. Ҳаммаси мана шуни ўз вақтида амалга оширишга боғлиқ. Олмалиқ жамоаси ке­йинги учта турдан иккитасини ўз майдонида ўтказади ва айнан мана шу ўйинларда жамоа олдинги баҳсларда йўқотилган очколарни қайтариб олиши эҳтимоли жуда катта. Аввалига 7-турда «Сурхон»ни, кейинроқ 9-турда «Сўғдиёна»ни ўз майдонида қабул қилажак АГМК орадаги турда меҳмонда «Динамо»дан ҳам очко олиб қайтиши мумкин. Табиийки, жуда танг аҳволда қолган Қосимов ўз жамоасини мазкур инқироздан олиб чиқиб кетиш пайида бўлади.

Фикрларни шу ерга келганда тўхтатамиз, кеча «Пахтакор» - «Металлург» ўйини орқали очиб берилган 7-тур ўйинлари эртага бўлиб ўтадиган икки учрашув орқали давом эттирилади. Юқорида билдирган муносабатларимиз ўзини қай даражада оқлайди, буни май ойи охирларида билиб оламиз.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz