Қайднома

Қидирув

Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ»

Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ»

  05.05.2019 01:33
  0
  212
Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ»

Унчалик номи чиқмаган бир романда қаҳрамонимизга қуйидагича таъриф берилган: «Афтидан, у бутсада туғилган. Шквириннинг гол ура олмаслиги мумкин эмас...» Аслини олганда, унинг ҳаёти ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Тошкентдаги ҳарбий комиссариатда қизиқ ҳолат юз бермаганида, бундай кечмасмиди. Игорь Шквирин ҳамиша шароит тақозосидан келиб чиқиб ҳаёт кечирган. Тошкентда, Львовда, «Днепр»да, кейинчалик у ўйнаган экзотик мамлакатларда шундай бўлган. У Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган ва турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб тан олинган. Бундан ташқари, Евгений Кучеревский қўл остида собиқ иттифоқ чемпиони бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон, Малайзия ва Ҳиндистонда олтин медалларни қўлга киритган. Шулар қаторига мухлисларнинг ёқимтой ўйинчиси «мукофоти»ни ҳам қўшиб қўйиш керак. Яқинда Football.ua сайти Шквирин иштирокида катта интервью уюштирди. Қуйида ана шу суҳбатнинг дастлабки қисми билан танишишингиз мумкин.

- Игорь Анатольевич, 2018 йилнинг сентябридан буён футболда эмассиз. Ўшанда «Сурхон» жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этгандингиз. Ҳозир нима билан бандсиз?

- Дам оляпман ва декрет таътилидаман десам ҳам бўлади (кулади). Ўғлим тўрт ёшда. У билан кўп вақтимни ўтказяпман.

- Тошкентда яшаяпсизми?

- Ҳа, бу менинг жонажон шаҳрим.

- Кўпчилик учун Тошкент жазирама рамзи ҳисобланади. Сизни бу билан ҳайрон қолдириб бўлмайдими?

- Баъзи вақтларда иссиққа чидаб бўлмайди, лекин мослашиб қолганман. Билсангиз, маҳаллий аҳоли каби мен ҳам бунга кўникиб кетганман. Умуман олганда, шаҳар ривожланмоқда... Сиз умуман Тошкентда бўлганмисиз?

- Йўқ, ҳеч қачон.

- Ҳозир шаҳар анча замонавийлашиб кетган. Тошкентда 3 миллиондан ошиқроқ аҳоли яшайди. Йўллар, автомобиллар - ёзда уларнинг бари қўшилиб жазирамага айланади. Бунга об-ҳаво ҳам сабаб бўлади. Ахир иқлим анча ўзгариб кетди. Болалигимда кучли қорлар ёғарди. Ҳозир эса қор деярли ёғмайди. Бу борада Львов эсимга тушиб кетади.

- Айнан нима?

- Брюхович билан базадан кетаётганда қорда кросс қилардик. Шунинг­дек, «Карпати» билан Тисовецга борганмиз. У ерда ҳам қор жуда кўп эди. Айнан у ерда биринчи марта чанғи учганман. Олдинлари чанғини фақат телевизорда кўрардим.

- Тошкентда ўта иссиқ бўлган кунни эслай оласизми?

- Бу рекордми, билмайман. Лекин уч йил олдин иссиқдан светофорлар ҳам терлаб кетганди. Ўз вақтида Зарафшон шаҳрида ишлаганман, Учқудуққа яқин жойда. Бу шаҳар Қизил­қум чўлида жойлашган. Қишда совуқ, ёзда иссиқ. Баъзида ҳарорат 60 даражагача кўтарилади.

- Бундай шароитда кўчага ҳам чиқиб бўлмайди. Футбол ҳақида гапирмаса ҳам бўладими?

- Рақиблар ҳам кўп арз қилишарди. Уларга «Сизлар келиб, ўйнаб, уйга кетасизлар», деб эътироз билдирардим. Биз эса ҳар кун ўша ердалигимизни айтардим. Бир пайтлари майдонни атайин суғорилган. Бу эса бор намни парлатиб юборган. Ўзбекистонда «Спартак»ни худди шундай тарзда «ушлагандик». Биринчи бўлимда иккита гол урганмиз. Кейин иссиқ қайтган ва москваликлар битта гол уришган. Умуман олганда, иккинчи бўлимда тўпни кўрмаганмиз. Шунга қарамай, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Жазирама ҳам баъзида фойда бериб туради.

- Ота-онангиз тошкентликми?

- Улар шу ерда туғилиб, ўсишган. Бобом ва бувим 30-йилларда келишган. Келиб чиқишимиз Пензага бориб тақалади. Онам ҳамшира бўлганлар. Отам эса пайвандчи. Аммо футбол ўйнашни жуда яхши кўрардилар. Уларни спортга боғлаб турган нарса шу бўлган, холос.

- Тарбияланишингизда кўчанинг таъсири бор деб ҳисоблайсизми?

- Ювош бўлганман, дея олмайман. Шунга қарамай, 8-синфгача аъло баҳоларга ўқиганман. Юқори синфларда ҳам аттестатимда «3» бўлмаган. Мактаб билан мактаб, туман билан туманлар муштлашуви бўлиб турарди. Кўча жанглари нафақат Ўзбекистонда, балки ҳамма жойда бор.

- Паловни жуда яхши кўраман. Мен учун Тошкент жаннат бўлармиди?

- Ҳа, сизга бу ер ёққан бўларди. Сизни ҳайрон қолдиришим мумкин, паловни умуман ёқтирмайман ва деярли емайман. Гарчи Ўзбекистонда туғилган бўлсамда, палов ёқмайди. Шунга ўхшаш таом бор, шавла де­йилади. Ўшани ёқтираман. Тайёрлаш жараёни паловники билан бир хил. Шунчаки, сувни кўпроқ қўшилади. Турли тўйлар, маросимлар, юбилейларда ош ейман. Фақатгина мезбоннинг ҳурмати учун.

- «Пахтакор» Днепродзержинск осмонида ҳалокатга учраганидан сўнг Украина жамоалари Тошкентга икки нафар вакилларини жўнатишган. «Черноморец» «Пахтакор»га Владимир Нечаевни, «Карпати» эса Сергей Страшненкони берган. Страшненконинг айтишича, «Пахтакор» бутун жамоа бўлиб Фарғонага палов егани борган, бошқа ерлардан келган футболчилар қўл билан ош ея олишмаган экан. Уларга вилка ёки қошиқ беришмаганини, зиёфатдан сўнг Страшненко футболкасини кир ювиш машинасига ташлаганини айтган.

- Ошни классик вариантда қўлда ейиш керак. Аммо ҳозир буни кам учратасиз - фақат қошиқда ейилади. Агар сизни кўпчилик қатори Ўзбекистондаги тўйга таклиф қилишса, столда мингта қошиқ бўлади (кулади). Фақатгина олдинги даврларни соғинганлар қўлда ейишади. Ҳаммаси ўзгариб кетган.

- «Пахтакор» ҳалокатга учраганда 16 ёшда бўлгансиз. Ўша кунни қандай эслайсиз?

- Уйимизда бир йигит яшарди. Унинг онаси қаердадир «телефон»да ишларди. Ўша йигит «Пахтакор»нинг авиаҳалокатга учраганини айтган. Тўғриси, буни аҳмоқликка йўйганмиз. Фақатгина бир мунча вақт ўтганидан сўнг унинг алдамаганига ишонч ҳосил қилганмиз. Дафн маросимида одам жуда кўп бўлган. Бутун бир авлод бизни тарк этганди...

- Болалигингизда ҳарбий бўлишни истаган экансиз. Футбол олами бахтига сизни тиббий кўрикдан қайтаришган экан. Нима учун армияни танлагансиз?

- Ўзим ҳам билмайман... Илгари бир анъана бўларди: агар ҳарбий бўлсангиз, демак яхши маош оласиз. Боз устига, хорижга чиқишни истаганман. Ҳаттоки, чегарачи бўлмоқчиман, деб хат ҳам ёзганман. Хайриятки, бир аёл мендан камчилик топган. Агар у бўлмаганида, ҳозир генерал бўлармидим (кулади).

- Дастлабки профессионал клубингиз «Янгиер» бўлган. Бошиданоқ ҳужумчи сифатида тўп сурганмисиз?

- Мураббийлар мени асосан қанотда ўйнатишарди. Жамоани владикавказлик Муса Цаликов қабул қилиб олганидан сўнг таркибда ўйинчи етишмаслиги боис ҳимояда ҳам ўйнаганман. Бу ҳам мавсум давомида еттита гол уришимга тўсқинлик қилмаган. Умуман олганда, ҳамма чизиқда ўйнаб чиққанман. Охир-оқибат «Пахтакор»га ҳужумчи сифатида қабул қилишган.

- Шундай бўлишини Иштван Секеч истаганми?

- 1983 йил эди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида спартакиадага тайёргарлик кўраётгандим. «Пахтакор»га қарши назорат ўйинини ўтказиб, 2:5 ҳисобида имкониятни бой берганмиз. Жамоамизнинг икки голига ҳам мен муаллифлик қилганман. Шундан сўнг «Пахтакор»га чақиришган. Аслида эса, Тошкент жамоасига ўтишни унчалик истамаганман. Чунки иккинчи лига клубида 700 сўм миқдорида маош олардим.

- Бу ота-онангиз ишлаб топадиганидан анча кўп бўлса керак?

- Онам бир ярим ставка ишлаб тахминан 110 сўм оларди. Умуман, гап пулда ҳам эмасди. «Пахтакор» сафида олти нафар юқори савияли ҳужумчи бор эди: Якубик, Кабаев, Амриев... Уларни таркибдан чиқариб юборишни тасаввур қилиб кўринг.

- Аста-секинлик билан бунинг уддасидан чиққансиз.

- Аввалига ўринбосарлар сафида 6-7та гол урдим. Шундан сўнг мени асосий таркибга қўшиб олишди. Лекин вақт ўтиши билан Секеч жамоамни алмаштиришим кераклигини айтди. Ўйлаб кўришим учун бир кун вақт берди. Аҳмоқлигим тутиб, суҳбатга бормадим. Шундан сўнг Иштван Йожефович ҳаммасини ўзи ҳал қилди. «Агар ўйлаб кўрмаган бўлсанг, қарорни мен қабул қиламан. Сен қоласан», деди. Айнан шу туфайли «Пахтакор»да кўтарила бошладим.

- Шу йилнинг январь ойида Секеч вафот этди. Ушбу буюк мутахассис борасидаги хотираларингиз қандай?

- Уни тез-тез Тошкентга таклиф қилиб турардим. Келишига умид қилардим... Унинг идеал образи хаёлимдан кетмайди: соқоллари олинган, сочлари турмак қилинган, озода. Унинг интеллигент юмори ёқарди. Иккита ўйинда икки хил ўйнадим. Эртасига у билан учрашдим. Шунда Секеч «Биласанми, яхши футболчи қаторасига иккита ўйинда ёмон ўйнай олмайди», деди. Шу гапининг ўзи етарли бўлган.

- Бундан хулоса чиқарганмисиз?

- Кейинги ўйинда бор кучимни ишга солганман. Уни уялтириб қў­йишни истамаганман. Бу ҳурмат қилганимдан эди. Секеч ҳеч қачон бақирмасди, сўкинмасди. Шунчаки, оғир-босиқлик билан ҳаммасини жойига етказиб қўярди.

- Иштван Секечнинг машғулотлар жараёни ўзгача бўлганми? Львовда ишлаб юрганида, «Карпати»да шунчалик кўп яхши футболчилар бор эканки, фақатгина интизомни жойига қўйсак бўлгани», деганди.

- Бизда ҳам ўзига хос машғулотлар бўларди. Бир сафар ўзаро ўйин ўтказганмиз. Бизга қарши Андрей Якубик ўйнаши керак эди. Мураббий менга «Унга қарши ҳимояда ўйнайсан», деди. Ажабланиб, «Мен ҳимоячи эмасман-ку», дедим. Секеч эса «Қўрқинчли жойи йўқ. Шунда ҳақиқий ҳужумчи қандай ўйнашини кўрасан», деди. Ана шундан сўнг мендан катта бўлган Якубикдан кўп нарсаларни ўзлаштирганман.

(Мазкур интервьюнинг давоми билан газетамизнинг кейинги сонларида танишишингиз мумкин).



Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz