Қайднома

Қидирув

ЎЙИННИ АЁЛ БОШҚАРГАНДА...

ЎЙИННИ АЁЛ БОШҚАРГАНДА...

  05.05.2019 09:50
  0
  680
ЎЙИННИ АЁЛ БОШҚАРГАНДА...

35 ёшли Стефани Фраппар «Амьен» - «Страсбур» баҳсида бош ҳакам вазифасини ўтади. Франция олий дивизионида бундай воқеа биринчи марта кузатилмоқда, аввалроқ Нелли Вьенно ассистент вазифасини бажарганди. Айнан у Чемпионлар Лигаси ўйинида ишлаган дастлабки аёл ҳакам бўлганди. Фраппар ҳам Вьеннонинг изидан борди, фарқи - бош ҳакам бўлишни маъқул кўрди.

Стефанининг фаолияти ҳозирча у қадар ёрқин эмас, аммо шу давр ичида эсда қоларли натижаларга эришди. 2014 йили Фраппар Лига 2да биринчи рақамли аёл ҳакам бўлди. Умумий ҳисобда карьераси давомида эркаклар ва аёллар профессионал футболида 139та ўйинни бош­қарган. Фраппар Франция кубогида олтита, Лига кубогида битта учрашувда ишлаган.

Аёллар орасида Стефани энг малакали ҳакамлардан бири ҳисобланади. У ЖЧ-2015, Рио Олимпиадаси ҳамда ЕЧ-2017 баҳсларини бошқарган. Бундан ташқари, Стефани қадрдон юрти Францияда ўтадиган ЖЧ-2019 ҳакамлари рўйхатига ҳам киритилди. Айнан шу турнирга тайёргарлик доирасида Фраппарни Лига 1 ўйинига қўйишди. Франциядагилар бундай тажриба унинг фойдасига ишлашига ишонишмоқда.

Фраппар ҳақида жуда кўп илиқ фикрлар билдириш мумкин. Уни ҳурмат қилишади, қарорлар чиқаришда талабчан ва эҳтиёткор дейишади. Аммо негатив фикрлар ҳам учраб туради. Мураббийлардан бири Дэвид Ле Фраппер «Валаньсен»да фаолият юритган кезлари Стефанининг ишига салбий баҳо берганди: «Аёллар спорт соҳасида ишлашда қийналишади». «Валансьен» учун ўта муҳим ҳисобланган учрашувда Фраппар яққол қоидабузарликни назардан четда қолдириб, жарима зарбаси белгиламаганди.

Фраппар футбол баҳсларини шунчаки бошқарибгина қолмай, ҳакамликка бошқа аёлларни ҳам жалб этишга ҳаракат қилади. Бу борада у ўзини Франциядаги аёллар ҳакамлиги асосчиси сифатида кўради. Кўплаб ёшлар ҳозирнинг ўзида Стефанидан ўрнак олишмоқда. 24 ёшли Клеманс Гонсалвес шулар жумласидан.

Фраппарнинг ҳакамликдаги энг юксак чўққиси 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги ЖЧ-2018га тўғри келган. Мазкур турнир давомида ундан ёшлар ва катталар иштирокидаги футбол баҳсларини ўзаро таққослашини сўрашганди. Стефани шундай жавоб берганди: «Энг катта фарқ - тезлик. Аммо кўникмалар ва тактика бўйича 20 ёшлилар сезиларли ўсишга эришишган. Албатта, ўйин секин, аммо оддийроқ».

Фраппар ҳеч қачон эркаклар ўртасидаги ўйинларда ҳакамлик бўйича муаммо кўрмаганини таъкидлайди: «Эркаклар футболида жисмоний фаоллик ва тезлик юқори, лекин техник ва тактик нуқтаи назардан эркаклар ва аёллар футболи даражаси бир хил. Аёллар футболидаги маданият ёмон хулқ эмас, кўпроқ азарт билан боғлиқ бўлади».

Лига 2да фаолият юритаётган футболчилар ҳам Фраппарнинг яхши ишлаётганини айтишади. «У дипломатга ўхшайди, бемалол суҳбатлашамиз. Стефани майдонда ўзини биринчи даражага олиб чиқмайди, бор эътибори ўйинга қаратилади», - дейди ярим ҳимоячи Пьер Буби. У Фраппарни Лига 2даги энг яхши ҳакам деб билади, ушбу дивизионда Стефанининг самимийлиги ва қарорлар чиқаришдаги зукколиги юксак қадрланади.

2016 йили Фраппарга иш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенглик ҳақида савол беришганди. «Аёл киши эркакларга қараганда кўпроқ нарсани исботлаши жамиятнинг бир кўринишидир. Гарчи мазкур ҳолатда уларнинг кўникмалари бир хил даражада бўлсада», - деганди Стефани. Ўша интервьюсида Лига 1 ўйинларини бошқариш ниятида эканлигини ҳам таъкидлаганди. Орадан деярли уч йил ўтди ва орзуси рўёбга чиқди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz