Қайднома

Қидирув

Яқин вақт ичида қад ростлайдиган ҳашаматли стадионлар (фотогалерея)

Яқин вақт ичида қад ростлайдиган ҳашаматли стадионлар (фотогалерея)

  06.05.2019 09:37
  0
  1078
Яқин вақт ичида қад ростлайдиган ҳашаматли стадионлар (фотогалерея)

Замонавий футбол ривожлангани сари жамоалар ўзларининг уй стадионларини қайта реконструкция қилиш ёки янги арена барпо этишга ҳам астойдил бел боғлашмоқда. Бу борада Осиё мамлакатлари ҳам анча илғор.

Жумладан, Қатар, Япония ва Ҳиндистон яқин келажакда ҳашамат ва гўзаллик бобида манаман деган иншоотларни ортда қолдирадиган стадионларни қуриш ишларини аллақачон бошлаб юборишган.

Қуйида кейинги ўн йилликда очилиши кўзда тутилган ареналар ҳақида сўз юритамиз. Даставвал, албатта, Осиёдаги иншоотларга назар ташлаймиз.

«ЛУСАИЛ АЙКОНИК», ҚАТАР

Айнан шу стадионда 2022 йилги жақон чемпиони номи аниқланади. Қатар мундиалининг асосий объекти лойиқаси билан Британиянинг Foster+Partners қурилиш компанияси шуғулланди. Қурилиш ишлари ҳамон давом этмоқда, арена кейинги йили эксплуатацияга топширилиши кутилмоқда.

ЖЧ якунлангач, стадион сиғими 89 мингдан 20 минггача камайтирилади. Бинонинг маълум қисми дўконлар, кафелар, шунингдек, спорт ва соғломлаштириш марказлари ихтиёрига топширилади.

«ЯНГИ МИЛЛИЙ СТАДИОН», ЯПОНИЯ

Нархи 1 миллиард евродан ошадиган яна бир стадион Токиода ўтадиган Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилади. Спорт майдончаси қурилишида тез-тез муаммолар туғилмоқда. Режага кўра, стадиондан регби бўйича жақон чемпионатида фойдаланиш кўзда тутилганди, бироқ қурувчилар ишларни ўз вақтида якунлай олишмаяпти.

Шу боис арена ноябрда фойдаланишга топширилади. Олимпиада ўйинлари пайти стадион сиғими 80 минг кишига мўлжалланади, мусобақалар якунлангач, 68 минггача камайтирилади. Бу ерда футбол бўйича Япония термаси уй учрашувларини ўтказади.

«НЬЮ САРДАР ПАТЕЛ СТЭДИУМ», ҲИНДИСТОН

Крикет ўйнаш учун мўлжалланган мазкур стадион кейинги ўн йилликда фойдаланишга топшириладиган энг йирик спорт иншооти бўлади. Аҳмад-ободда қад ростлайдиган арена 110 минг ишқибозни ўз бағрига сиғдиради.

Бу ерда крикет бўйича Ҳиндистон термаси, шунингдек, «Гуйярат» жамоаси ўз ўйинларини ўтказади. «Нью Сардар Пател Стэдиум» йириклик бобида жақоннинг иккинчи аренаси бўлади. Биринчи ўринда Шимолий Кореядаги «Биринчи май» стадиони қайд этилган. 114 минг мухлис сиғадиган мазкур иншоот 2015 йили бузиб юборилган эски арена (49 минг ўринли) ўрнида қад ростлайди.

Қурилиш ишлари билан «Эмирейтс», «Уэмбли» ҳамда «Тоттенхэм»нинг янги стадиони бўйича ишлаган Populous компанияси шуғулланади. Очилиш маросими 2020 йилга мўлжалланган.

Ана энди, бошқа қитъалардаги янгича кўринишга эга бўладиган стадионлар қақида гаплашамиз.

«КАМП НОУ», БАРСЕЛОНА

Европанинг энг йирик стадиони сиғими 2022 йилга бориб янада ошиши кутилмоқда. Каталония клуби машқур уй аренасини қайта реконструкция қилиш учун 500 миллион евродан кўпроқ пул ажратмоқчи. Янгиланган «Камп Ноу»нинг нафақат ташқи кўриниши ўзгаради, балки у том қисмига ҳам эга бўлади.

Қурилиш ишлари якунлангач, арена сиғими 105 мингга етади. Бундан ташқари, «Барселона» иккинчи жамоа учун 6 минг томошабинга мўлжалланган майдонча қуриб, унга афсонавий Йохан Кройф номини бермоқчи.

Шунингдек, иншоот атрофида 12 минг кишилик спорт мажмуаси қурилади. У ерда «кўк-анорранглилар»нинг баскетбол, гандбол, футзал, хоккей ва волейбол жамоалари ўз ўйинларини ўтказишади.

«ГРАНД СТАД ДЕ КАСАБЛАНКА», МАРОКАШ

Касабланканинг икки клуби учрашувлари янги ажойиб стадионда ўтказилади, Марокаш миллий термаси ҳам шу ерда ўйнайди. «Ража» ва «Видад» клублари уй учрашувлари бўлиб ўтадиган, Африкадаги энг яхши футбол аренаси бўлиши кутилаётган «Гранд Стад де Касабланка» 2025 йилда фойдаланишга топширилиб, ўз бағрига 93 минг мухлисни сиғдиради.

Марокаш даставвал ЖЧ-2010 учун стадион қуришни режалаштирганди, аммо мундиал мезбонлиги ЖАРга насиб этди. Ушбу мамлакат футбол федерациясининг ЖЧ-2026ни ўтказиш бўйича уринишлари ҳам бесамар якунланди.

Энди марокашликлар 2030 йилги жақон чемпионати мезбонлиги учун Испания ва Португалия билан биргаликда «заявка» топширишмоқчи.

«САНТЬЯГО БЕРНАБЕУ», МАДРИД

«Реал» клуби ҳам азалий рақобатчисидан қолишмаслик мақсадида уй стадионини модернизация қилиш тараддудини кўрмоқда. Фарқли томони, мадридликлар сиғимни (81044 томошабин) ўзгаришсиз қолдиришмоқчи.

Тежаладиган 500 миллион евро иншоотнинг ташқи кўриниши, безаклар ҳамда тўлиқ очилиб-ёпиладиган томга сарфланади. Шунингдек, ишқибозларга ўйинларни 360 даража бурчак остида кўриш имконини тақдим этадиган катта монитор ўрнатиш масаласи ҳам муқокама қилинмоқда.

«ЛОС-АНЖЕЛЕС СТЭДИУМ», АҚШ

Мазкур стадион Лос-Анжелесда амалга ошириладиган 4 миллиард долларлик йирик қайта қуриш ишларининг бир қисмига айланади. 2020 йили фойдаланишга топшириладиган аренада Америка футболи бўйича иккита клуб - «Лос-Анжелес Рэмс» ҳамда «Лос-Анжелес Чаржерс» уй ўйинларини ўтказади.

2028 йилда эса ушбу стадионда Олимпиада ўйинлари очилиш ва ёпилиш маросимлари, футбол учрашувлари бўлиб ўтади. Америка футболи бўйича мусобақаларда стадион сиғими 70 240 бўлади, аммо Олимпиада ҳамда футбол бўйича жақон чемпионати сингари нуфузли турнирларда бу раҳам 100 240гача ошиши мумкин.

«ПУШКАШ АРЕНА», БУДАПЕШТ

Венгрия термаси учун қурилаётган, Европадаги энг мафтункор спорт иншоотларидан бири бўлиши кутилаётган аренани жорий йил охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Маълумотларга кўра, бу стадион УЕФА ва ФИФАдан «беш юлдузли» мақомини олади ва йирик турнирлар финалига мезбонлик қилиш имкониятига эга бўлади.

Хусусан, 2021 йилги Чемпионлар Лигаси финали айнан шу аренада ўтказилиши мумкин. Ўз бағрига 67 889 мухлисни сиғдирадиган мазкур стадион Евро-2020 вақтида гуруқ босқичидаги учта, нимчорак финалдаги битта ўйинга мезбонлик қилади.

«ФЕЙЕНООРД СИТИ», РОТТЕРДАМ

Голландия гранди 2006 йилдан буён янги стадион қуришни ўйлаб қўйганди, бироқ қозирга келиб режа бироз ўзгарди. Клуб дастлаб 85 минг кишига мўлжалланган янги стадион қурмоқчи эди, лекин кейинчалик қозир фойдаланаётган аренасини реконструкция қилиб, том қисмини қўшишни маъқул кўрди.

Аммо 2016 йили «Фейеноорд»-нинг режалари яна ўзгариб, Ньиве-Маас дарёси бўйидаги манзарали жойда янги спорт иншооти барпо этишни хоқлаб қолди. «Фейеноорд Сити» стадиони қурилиш ишлари шу йил бошланиб, 2022|2023 йиллар мавсуми стартига фойдаланишга топширилиши мумкин. Унинг сиғими 63 мингни ташкил этади.

«БРЭМЛИ-МУР ДОК СТЭДИУМ», ЛИВЕРПУЛЬ

«Эвертон» қуришни режалаштирган стадионнинг қандай кўриниш олиши мумкинлигини фақат ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларга қараб билса бўлади. Мазкур арена «Эвертон»га 500 миллион фунтга тушади, унинг қурилиш ишлари қачон бошланиши эса номаълум.

Иншоот 52 минг мухлисга мўлжалланади ва бу кўрсаткич 60 минггача оширилиши мумкин. Хабарларга кўра, стадион 2023 йили фойдаланишга топширилади.

«МИЛАН»НИНГ ЯНГИ СТАДИОНИ, МИЛАН

Машқур «Сан-Сиро» стадионининг бузилиши қақидаги маълумотлар ишқибозларни ранжитди. Сиғими 80 018 бўлган арена 1925 йили қурилган бўлиб, ўзининг ноёб дизайни эвазига довруқ қозонган.

Ўтган вақт мобайнида бу ерда жақон чемпионатининг 9та, Евро-1980нинг 3та ўйини, Европа Чемпионлар кубогининг тўртта финали ўтказилган. Боб Марли, Боб Дилан, Дэвид Боуи, The Rolling Stones ва Мадонна сингари дунё юлдузлари мазкур иншоотда концерт беришган.

Худди «Ювентус»да бўлгани каби, «Милан»нинг янги стадиони сиғими ҳам сезиларли камайтирилади, бироқ кўриниш яхшиланади ва тўлиқ модернизация амалга оширилади. Янги арена «Сан-Сиро»га нисбатан 20 минг кам ўриндиққа эга бўлади ва у 2023 йили фойдаланишга топширилади.

«СТАДИО ДЕЛЛА РОМА», РИМ

«Эвертон»нинг янги стадиони лойиқаси билан шуғулланган компания «Рома»нинг янги уй аренаси қурилиши бўйича ҳам ишлайди. Бироқ 52 минг кишига мўлжалланган иншоот қурилиши мураккаб қолатда амалга оширилмоқда: коррупция билан боғлиқ можаролар ишнинг бир маромда кетишига халал бермоқда.

Мазкур қурилиш билан бевосита шуғулланган камида 9 киши ҳамоққа олинган. Шу муносабат билан очилиш санасини ўзгартиришга тўғри келди. Дастлаб стадионни Тибр дарёси қирғоғига қуриш режалаштирилганди, аммо кейинчалик уни марказроққа жойлаштириш маъқул деб топилди.

Шу тариқа «Рома»ни қўшимча харажатлардан халос қилиш имконияти туғилди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz