Қайднома

Қидирув

Музаффар АБДУЛЛАЕВ: «СУПЕРЛИГАГА ҚАЙТИШИМИЗ ШАРТ»

Музаффар АБДУЛЛАЕВ: «СУПЕРЛИГАГА ҚАЙТИШИМИЗ ШАРТ»

  06.05.2019 08:42
  0
  431
Музаффар АБДУЛЛАЕВ: «СУПЕРЛИГАГА ҚАЙТИШИМИЗ ШАРТ»

Буюк ўтмиш ва шонли тарихга эга Фарғонанинг «Нефтчи» клуби жорий йилдан эътиборан Про-лига баҳсларида иштирок этмоқда. Ўтган мавсумдаги омадсизликлар, турли муаммолар жамоани шу даражага олиб келди. Бир вақтлари Юрий Саркисян даврида фақат медаллар учун курашган «Нефтчи» энди элитага қайтишга ҳаракат қилмоқда. Устига-устак, қуйи дивизиондаги кўрсаткичлар ҳам ижобий кўриниш олавермагач, бош мураббий Баҳром Ҳайдаров лавозимидан озод этилди. Фар­ғоналиклар айни пайт Абдусамад Дўрмонов қўл остида машғулот ўтказишмоқда. Гарчи янги мавсум олдидан кўплаб футболчилар бошқа жамоаларга йўл олган бўлишсада, мураббийлар айрим тажрибали ўйинчилар ҳисобига таркибни шакллантиришмоқда. Достон Абдураҳмонов, Игорь Таран, Музаффар Абдуллаев, Носир Отақўзиев шулар жумласидан. Яқинда биз «Суғдиёна»даги ўйинлари билан танилган, ҳозирда «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилаётган голкипер Музаффар Абдуллаев билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Музаффар, «Нефтчи» таркибида қуйи лигада иштирок этиш ўсишингизга халақит бермайдими? Ҳар ҳолда, Суперлига билан Про-лига ўртасида катта фарқ бор.

- Ўтган мавсум охирида жиддий жароҳат олдим. Икки ой мобайнида даволаниш билан банд бўлдим, февраль ойидан бошлаб индивидуал тарзда машғулотларга киришдим. Бу орада Суперлига жамоаларидан кўплаб таклифлар тушди. Олдимда бир нечта вариантлар турганди. Жароҳатдан сўнг спорт формамни тиклаб олиш учун мухлат керак бўлди. Аммо вақт шиддат билан ўтар, янги мавсум бошланишига оз фурсат қолганди. Айни шу паллада Фарғонадан таклиф тушди. «Нефтчи» элитага қайтишни кўзлаган, қолаверса, аввалги ҳолатимга қайтиш учун бу клубда тўп суриш жуда яхши имконият эди. Жамоа раҳбарлари Суперлигага қайтишни вазифа қилиб белгилашди, биз бунинг уддасидан чиқамиз, деган умиддаман.

- Абдусамад Дўрмонов бошчилигида машғулотларни давом эттиряпсизлар. Ушбу мутахассис қўл остида шуғулланиш жараёнида қандайдир янгиликлар кўзга ташландими?

- Барчаси режа асосида кетмоқда. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Абдусамад ака аввалги бош мураббийимизнинг ёрдамчиси бўлган, ўзбек футболи афсонаси ўз ишининг устаси ҳисобланади.

- Сўнгги йилларда дарвозабонларга эътибор кучаймоқда, янги номлар чиқмоқда. Буни терма жамоа мисолида ҳам яққол кўриш мумкин...

- Тўғри айтасиз. Мисол тариқасида январь ойида бўлиб ўтган Осиё кубогини олиш мумкин. Дарвоза чизиғида Игнатий Нестеровга Ўткир Юсупов, Санжар Қувватов, Жавоҳир Илёсов кабилар рақобат туғдиришди. Аввалги йилларда дарвозабонлар борасида танқислик кузатилгани ҳам бор гап. Ҳозир ёшлар ўсиб боришмоқда, киперларга бўлган эътибор кучайди. Юртимиздаги футбол мактаблари ва академиялари бу борада фаол ишлашмоқда.

- Ўзбек дарвозабонларининг хориж жамоаларига йўл олиши ниҳоятда кам учрайди. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

- Нима десам экан, Осиё мамлакатларида дарвозабонларга қараганда ҳужумчи ва ярим ҳимоячиларга талаб юқорироқ. Хусусан, бизда ҳам. Бу жараён асосан Европада оммалашган. Бошқача изоҳ беролмайман.

- «Кўҳна қитъа» клубларидаги қайси дарвозабонларнинг ўйинларини кузатиб борасиз?

- Менга «МЮ» посбони Давид де Хеанинг ўйини ёқади.

- «Манчестер Юнайтед»нинг муваффақиятсизликларида испаниялик кипернинг айби борми?

- Ўзим дарвозабон бўлганим учун, де Хеа манзилига йўлланаётган танқидларни оқламайман. Ҳамма хато қилади. Боз устига, Давид «МЮ»нинг аксарият учрашувларида жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Унинг қаҳрамонликлари кам гапирилади, мабодо, гол ўтказиб юборса ёки хатога йўл қўйса, дарров одамлар кўзига кўринади, клубдошлари жонига оро кирган вазиятлар бир зумда эсдан чиқади. Футбол - жамоавий ўйин, мағлубият ҳам, ғалаба ҳам бутун жамоаники. Муайян бир кишини айбдор қилиб кўрсатиш ноўрин.

- Сизнингча, «Нефтчи» ниманинг эвазига элита йўлланмасига эга чиқиши мумкин?

- Мухлислар ишончи ва катта меҳнат мақсадлар рўёбга чиқишида муҳим омил ҳисобланади. Жамоамиз асоси ёшлардан иборат, бу ҳам бизнинг фойдамизга ишлаши шубҳасиз. Чунки навқирон футболчиларда иштиёқ кучли, йўқотадиган нарсалари йўқ, ҳисоби. Қандай шароитда бўлишимиздан қатъий назар, Суперлигага қайтишимиз шарт.


А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz