Қайднома

Қидирув

УНИВЕРСАЛЛИК ТИМСОЛИ ёки яна Кесуке Хонда ҳақида

УНИВЕРСАЛЛИК ТИМСОЛИ ёки яна Кесуке Хонда ҳақида

  06.05.2019 10:52
  0
  634
УНИВЕРСАЛЛИК ТИМСОЛИ ёки яна Кесуке Хонда ҳақида

Япония терма жамоасининг собиқ сардори, маҳоратли футболчи Кейсуке Хондани юртимиз футбол ишқибозлари яхши танишади. Чунончи, унинг жарима зарбаларини қойиллатиб амалга оширганига барчамиз кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Хонда айни пайт нималар билан машғул экани эса фақат футболчининг ашаддий мухлисларигагина маълум. Ваҳоланки, Хонда ҳозир футболчи бўлиш билан бир қаторда, Камбоджа терма жамоаси бош мураббийи ва кибер­спорт йўналишининг ривожига улкан ҳисса қўшаётган тадбиркор ҳам саналади.

Хонда - шунчаки азамат!

Бизнингча, ЦСКАнинг собиқ ярим ҳимоячиси Кейсуке Хонда — сайёрамиздаги энг универсал ўйинчи. Чунончи, у 2018 йилнинг августидан бери Австралиянинг «Мельбурн Виктори» клубида тўп суряпти (дарвоқе, натижаси ҳам чакки эмас - 19 ўйинда 8 гол), шу вақтнинг ўзида Камбоджа терма жамоасига устозлик қиляпти, яқиндан бошлаб эса Голливуднинг машҳур актёрларидан бири Уилл Смит билан бирга келажаги порлоқ дея баҳоланаётган стартап фаолиятини йўлга қўйди.

Футболчи ва мураббий

Умуман олганда, Хонда футболдаги фаолиятини 2018 йилги мундиалдан кейин якунлашни мақсад қилганди. Аммо «Мельбурн»дан тушган манфаатли таклиф унинг режаларини ўзгартириб юборди. Қолаверса, 2020 йили Токиода ёзги Олимпиада бўлиб ўтади ва Хонда бу мусобақада қатнашиш истагида. Олимпиада - албатта, ким учундир кулгули туюлиши мумкин, аммо унутмаслик керакки, Япония пойтахтида ўтган аввалги турнирда Хонданинг бобоси иштирок этган. Демак, мақсад - принципиал даражада.

Ана шу ойнинг ўзида, аниқроғи, 12 августда Камбоджа футбол федерацияси президенти оламшумул янгиликни эълон қилди: Кейсуке — мамлакат терма жамоаси бош мураббийи! Мазкур хабар тарқалганидан бери Хонда шогирдлари 8та ўйин ўтказиб, уларнинг 6тасида мағлуб бўлишди, Шарқий Тимор билан дуранг ўйнаб, Жанубий-Шарқий Осиё чемпионатида Лаос термасини енгишди - 3:1. Бироқ ФИФА рейтингида атиги 173-ўринни эгаллаб турган жамоадан катта ютуқларни кутишнинг ўзи тўғри бўлмайди.

Шуниси аниқки, Кейсукени Камбоджада жуда яхши кўришади, Хонданинг ўзи ҳам Камбоджани ёқтиради. Дейлик, у Япония терма жамоаси сафида илк бор бу давлатга келганида, маҳаллий шароитни ёқтириб қолиб, пойтахтда хусусий футбол мактаби очди. Хуллас, Хонда ҳозирча шогирдларини масофадан - видеоалоқалар орқали бошқаряпти. Шунга қарамай, ойда бир марта Камбоджага бориб келяпти. Бир томоннинг узоқлиги 7 минг км. эканини ҳисобга олсак, бу осон иш эмас. Масалан, Кейсуке ноябрь ойида Мьянмага қарши ўйинга деярли ҳакам ҳуштаги чалиниши арафасидагина етиб келди. Чунки бир кун олдин «Мельбурн» ички чемпионатда ўта муҳим баҳс ўтказганди.

Тадбиркор

2018 йилнинг ёзида Хонда Голливуд киноюлдузи Уилл Смит билан ҳамкорликда Dreamers Fund фонди ташкил қилгани ҳақида хабар берди. Футбол юлдузи билан киноқаҳрамонни ҳаётда нима бирлаштириб турар экан, деб ортиқча бош қотирманг: ҳар иккала таниқли шахс битта молиявий маслаҳатчи инсон хизматидан фойдаланишади. Қисқаси, Кейсуке бу орқали инсонларнинг турмуш тарзини янада яхши томонга ўзгартиришни ният қилган. Ҳозиргача эса мазкур фонд Жанубий Кореянинг киберспортга ихтисослашган Gen.G ташкилотига 46 млн. доллар миқдорида инвестиция киритди. Айтганча, бу жамоага Dreamers Fund фондидан ташқари, Стэнфорд университети, Кремний водийсидаги фондлар ва МБА иштирокчиси - «Лос-Анжелес Клипперс» клуби акционери Деннис Вонглар ҳам эътибор ҳамда ёрдам бериб келишмоқда.

Яна нима?

Дарвоқе, япониялик футболчи ҳақидаги яна бир муҳим хабар: Хонданинг ўз шахсий клуби ҳам бор. Гап шундаки, у 2015 йили Австриянинг «Хорн» номли клубига икки миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритади ва клубни ўзлаштириб олади. Айни пайт жамоа раҳбарлиги Кейсукенинг акаси Йоджи Хонда тасарруфида бўлиб, футболчиларга Германия терма жамоаси ва «Бавария» клубининг собиқ ҳужумчиси Карс­тен Янкер устозлик қилмоқда. Ўтган мавсум клуб минтақавий мусобақа ғолиби бўлиб, биринчи лига йўлланмасини қўлга киритди. Аммо ҳозирда «Хорн»нинг ишлари кўнгилдагидек эмас: клуб 16 жамоа иштирок этадиган турнир жадвалида 15-ўрнини эгаллаб турибди.

Яқинда Хондани Россиянинг ЦСКА клуби президенти Евгений Гинер ҳам ёдга олди. Маълумки, Гинер япониялик футболчи клубдан кетгани учун ундан анчагина хафа. Шу боис, клубнинг Hyundai фирмаси билан келишувини расмийлаштириш чоғида амалдор энди Кейсуке ҳам Москвага қайтиши мумкинлигини таъкидлади. «Бу ажойиб иш бўларди», — деди Гинер.

Бироқ афтидан, Кейсукенинг ЦСКАсиз ҳаёти ҳам жуда ажойибга ўхшайди...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz