Қайднома

Қидирув

Рональд де БУР: «АЯКС» МУТЛАҚО ЎЗГАРИБ КЕТИШИ МУМКИНЛИГИДАН ХАВОТИРДАМАН»

Рональд де БУР: «АЯКС» МУТЛАҚО ЎЗГАРИБ КЕТИШИ МУМКИНЛИГИДАН ХАВОТИРДАМАН»

  06.05.2019 19:24
  0
  246
Рональд де БУР: «АЯКС» МУТЛАҚО ЎЗГАРИБ КЕТИШИ МУМКИНЛИГИДАН ХАВОТИРДАМАН»

«Аякс»нинг собиқ ўйинчиси Рональд де Бур айни пайт клубнинг ёшлар (U-19) жамоасини бошқармоқда. У жонажон клубига бир йил олдин қайтганди. Кўпчиликнинг фикрича, Роналднинг «Аякс»га кўп фойдаси тегиши мумкин экан. Яқинда The Telegraph нашри де Бур билан суҳбат уюштирди.

- Келажаги порлоқ дея эътироф этилган ёш футболчи қай тарзда «Аякс»нинг асосий ўйинчисига айланади?

- Мен учун «Аякс» аъзолари - техник тайёрланган, ўйинни ўқий оладиган футболчилардир. Улар кучли менталитетга эга бўлишлари, хато қилишдан чўчимасликлари керак. Мана шу жиҳатлар оддий йигитни «Аякс» футболчисига айлантиради. «Аякс» ўз тарбияланувчилари ривожланиши учун кўп меҳнат қилади. Европадаги бошқа клублардан кўра академиясига кўпроқ эътибор қаратади. Бу бизнес-моделдан кўра юқорироқ. Яъни, «Аякс» танлаган йўлдир. Хорижликлар учун «Аякс» буюк тарихга эга жамоа бўлиши мумкин. Лекин бу клуб янги тижорат дунёсига мослашиб олиш учун кўп ҳаракат қилди. Жамоа нафақат тарихи ҳақида ўйлади, балки йилига 100-150 миллион еврони қорни оғримай сарф­лайдиган клублар билан рақобатлашишга ҳаракат қилмоқда. Аслида, ЕЧЛдаги муваффақиятимиз кутилмаган эмас. Ваҳоланки, «Реал» ва «Ювентус»га қарши ўйинлардан олдин бизга ҳеч ким ишонмаганди. Агар таққослайдиган бўлсак, «Аякс»нинг йиллик маош фонди 50 миллион еврога тенг. Бу ўтган йили Чемпионшипда ўйнаган «Астон Вилла», «Кардифф», «Мидлсбро» ва «Вулверхэмптон» каби клубларникидан кам. Ҳаттоки, «Селтик» ҳам тахминан 8 миллион евро кўпроқ сарфлайди. Шотландия клубини имконият борасида бизга тенглаштириш мумкин. Худди биз каби «Селтик» ҳам ўта йирик шартномаларга эга эмас. Шу боис ҳам «Аякс» эътиборини кўпроқ ёш футболчиларни ривожлантиришга қаратган. Чунки биз шундай қилишга мажбурмиз.

- «Аякс» кейинчалик Европанинг гранд клубларида ўйнаб кетадиган юқори савияли футболчиларни ниманинг ҳисобига тарбиялайди?

- Бунинг аниқ бир сабаби йўқ. Лекин бошқа томондан биз болаларга ўзгача кўз билан қараймиз. Энг муҳими, ёшларимизга ишонамиз. Уларга ҳамиша биринчи жамоада ўзларини кўрсатишлари учун имкон берамиз. Бу ҳам жуда муҳим. Агар бирор футболчига имкон бермасангиз, унинг қанчалик яхши бўлишини билмайсиз. Голландияда биз Европанинг катта клублари билан молиявий тарафдан тенг кела олмаслигимизни барча яхши билади. Ўртадаги фарқ жуда катта. «Аякс»нинг маош фонди АПЛнинг кичик бир клубиникидан ҳам кичкина. Баъзида 10-15 миллион евро эвазига бирор футболчини сотиб олишимиз мумкин. Аммо асосан эътиборимизни ўз тарбияланувчиларимизга қаратамиз. Кўпинча «разведка» ишларини олиб борганимизда, академиямизда шундай яхши футболчи борлигига ишончимиз комил бўлади. Натижада унга имкон берамиз ва у хорижликдан кўра ўз потенциалини яхшироқ намойиш этади. Бу - «Аякс»нинг йўли. Агар футболчингизни ўзингиз тарбиялай олсангиз, бошқасини сотиб олишдан нима наф? Ҳозир бозордаги нархлар кўтарилиб кетди. Яқин келажакда «Аякс»нинг юлдуз футболчилар учун катта маблағ сарфлаганини кўрмасангиз керак. Тўғри, номдор футболчини таклиф қилсак ҳам, 20-25 миллион евродан кўп сарфламаймиз. Муаммо шундаки, биз харид қилган юлдузлар иккита ёки битта мавсумни яхши ўтказишади. Кейин кетиб қолишади. Катта клублар бизни доимо кузатиб туришади. Натижада футболчилар ва уларнинг агентлари билан ишлашга киришадилар. Лекин бизнинг моделимиз олдингидек қолади. Агар бирор футболчи жамоани тарк этса, академияга юзланамиз. Ўша чизиқда ўйнайдиган энг яхши футболчини танлаб, асосий жамоага таклиф этамиз. Ўз ёшларимизга ишонамиз. Академиямиз учун кўп энергия ва албатта, кўп пул сарфлаймиз.

- Ёзда жамоани энг яхши футболчилар тарк этишади. «Аякс» бунга тайёрми?

- «Аякс»да ўзига хос футболчилар кўп. Лекин энг муҳими, бу ҳақиқий жамоа. Уларда ўз кучларига бўлган ишонч юқори. Эътибор берсангиз, «Реал»га қарши кечган дастлабки учрашувда «Аякс» мағлубиятга учраган бўлсада, ёмон ўйнамади. Европанинг амалдаги чемпионига қарши муносиб тўп суриш учун жасорат керак. Бу жамоа ёзда мутлақо ўзгариб кетишидан хавотирдаман. Бу бир неча йил олдин ЕЧЛ ярим финалига чиққан «Монако»га ўхшаб қолади. Улар ҳам катта пул ишлашган ва етакчи футболчиларидан айрилишган. Аммо натижалар пасайиб кетган. Де Лигт каби футболчиларни кузатсангиз, нима учун Европа грандлари унга қизиқаётганини тушунасиз. Шубҳасиз, бу йил уни Амстердамда ушлаб қолиб бўлмайди. Матейс шунчалик иқтидорлики, ҳар қандай жамоа ва тизимда ўйнашга қодир. Аммо у жамоамиздаги ягона шундай футболчи эмас.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz