Қайднома

Қидирув

ТИРИШҚОҚ «ТЕЛБА ЗИНА» ТАРИХИ

ТИРИШҚОҚ «ТЕЛБА ЗИНА» ТАРИХИ

  06.05.2019 13:06
  0
  461
 ТИРИШҚОҚ «ТЕЛБА ЗИНА» ТАРИХИ

«Шахтёр» ўсмирлари етакчиси - Александр Зинченко ўз вақтида УЕФА ўсмирлар лигаси турнирида финалгача етиб борган, тез орада асосий жамоа сафида ёрқин ўйинлар кўрсатишига жамоадошлари ва мухлисларни ишонтириб улгурганди. Лекин тақдир унга ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ажиб йўлни раво кўрди.

Хориждан омад излаб...

Иқтидорли ярим ҳимоячи «кончилар»нинг янги шартнома хусусидаги таклифини рад этиб, Россиянинг камтарин «Уфа» клубига йўл олди. Шу боис жамоатчилик ўртасида Зинченкони «Шахтёр»даги жиддий рақобат чўчитиб юборди, деган тахмин тарқалиб кетди. Чунки Мирча Луческунинг бу позицияга хорижлик шогирдларини қўйиши анъана тусини олганди. Аммо Зина (жамоадошлари ва мухлислари ўртасидаги номи) атиги 1,5 йилдан кейин жаҳоннинг энг сара грандларидан бири - «Манчестер Сити» сафида пайдо бўлди.

Манкунианлар украиналик легионер ташрифини кутишмаганди. Чунки жамоанинг олдинги чизиқларида юксак савия соҳиблари етарли эди. Шу боис Саша ПСВга ижарага юборилди. «Сургун»даги малака ошириш ҳам наф бермади - Зинченконинг савияси «Сити» талабини қондира оладиган даражада эмасди. Оқибатда ўйин амалиётининг етарли эмаслиги туфайли ўтган мавсумда Александрнинг чемпионлик олтин медалларини олиши хавф остида қолганди.

Тасодиф қўл келди

Сўл қанот ҳимоячиси Бенжамен Менди жароҳат туфайли сафдан чиққач, Гвардиола унинг ўрнига таянч ярим ҳимоячиси Фабиан Делф ва ярим ҳимоячи Зинченколарни майдонга тушира бошлади. Жамоа услубидаги бу янгиликни мухлислар катта қийинчилик билан қабул қилишди. Лекин Зинченко учун айни муддао бўлди. Юзага келган имкониятга елимдек ёпишиб олган ҳолда у ўзи учун бегона бўлган тақдир сов­ғаси сир-асрорларини ўрганишга киришди. Тўғри, янгича шарт-шароитларга мослашиб олгунига қадар Сашанинг ўйин савияси пасайиб кетди, бир қатор вазиятларда у яккакурашларда рақибларига имкониятни бой берди. Шунга қарамасдан, Зинченко тиришқоқлик билан тер тўкишни давом эттирди.

Ёзги таътил даврида украиналик футболчи хизматига «Вулверхэмптон» ва «Бетис» клублари эҳтиёж билдиришди. Испанияликлар латерал позициясини ваъда қилишган пайтда «Сити» унга ўйин амалиёти ажрата олмаслигини маълум қилганди. Бироқ футболчи Манчестерни тарк этмасликка қарор қилди. Қизиқ, эҳтиёж сезилган вақтда у гранддан қочиб кетганди, керак эмассан, дейишганида кетишни истамади.

 

Қишки парвоз

Хосеп Гвардиола чиндан ҳам украиналик легионерга умуман ишонч билдирмай қўйганди. Бироқ Зинченконинг бахтига, сўл қанотда тез-тез ямоқчи вазифасини адо этадиган Ляпорт ҳам Менди ва Делф сафига қўшилди. Александр эса февралга қадар АПЛ доирасида атиги уч марта майдонга тушди, 6 марта захира таркибига киритилди. Тўғри, мураббий унга Лига кубогининг барча учрашувлари ва ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида ғолиблик масаласи ижобий ҳал этилганидан кейин тажриба тўплаш имконини берганди. Февралдаги вазият Гвардиолани яна Зинченкодан фойдаланишга мажбур этди.

Буни қарангки, февралда Зина ўзининг етук ўйинлари билан барчани лол қолдирди. Мухлислар уни ойнинг энг яхши футболчиси мақомига муносиб эканлигини эътироф этишди. АПЛ томонидан ғолиб деб топилган Агуэро ҳам бир четда қолиб кетди.

Хўш, ойнинг охирида нима бўлганидан хабарингиз борми? Менди сафга қайтди. Шундан бери неча марта майдонга тушганини-чи? Бор-йўғи 3 марта - АПЛ, кубок ва ЕЧЛ учрашувларида. Шунда ҳам енгил шикастланган Зина ўрнига. Жароҳатдан қисқа вақт ичида фориғ бўлган Зинченко «Тоттенхэм» ва «МЮ»га қарши муҳим баҳсларда майдонга тушди.

Апрель охирида қандай натижаларга гувоҳ бўлдик? Ўзининг меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги эвазига Англиянинг энг кучли жамоаси асосий таркибидан мустаҳкам жой олган украиналик футболчини кўрдик. Ваҳоланки, уни жамоадан кетишни истамагани учун кўпчилик «Телба Зина» дея роса калака қилишганди...

Хўжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz