Қайднома

Қидирув

Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛЧИЛИКНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ» (2-қисм)

Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛЧИЛИКНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ» (2-қисм)

  08.05.2019 12:54
  0
  146
Игорь ШКВИРИН: «ФУТБОЛЧИЛИКНИ ТАНЛАМАГАНИМДА, ҲОЗИР ҲАРБИЙ БЎЛАРДИМ» (2-қисм)

Газетамизнинг олдинги сонида Игорь Шквириннинг Football.ua сайтига берган интервьюси биринчи қисмини чоп этгандик. Бу сафар ана шу суҳбатнинг иккинчи қисмини ўқишингиз мумкин.

- Мухлислар сизни ўзига хос соч турмаги орқали дарров таниб олишарди.  Ўзи қачондан сочингизга алоҳида эътибор бера бошлагансиз?

- Очиғини айтсам, бу кўринишдаги соч турмаги мактабда ўқиб юрган пайтларимдан бери бор. Аммо айнан қайси синфда шундай турмак қилганимни эслай олмайман. Олдинлари 8-синфгача барча ўқувчилар сочини бир хил калталатишарди. Шундан кейингина соч ўстиришни бошлардик. Ҳозир ҳам сочларим узун, бироқ олдингидек майин эмас.

- Сергей Овчинников ўзининг автобиографиясида мураббий - Олег Долматов унга сочини калталатиш лозимлигини айтгани ҳақида ёзган. Чунки бир гал сизнинг зарбангизни қайтаришда унга соч-лари ҳалақит берган экан.

- Бу воқеа қачон юз берганини эслай олмайман. Чунки Сергейга кўп гол урганман (кулади). Билганим шуки, Овчинниковдан кўпроқ ноодатий зарбаларни ким йўллайди, деб сўрашса, менинг ҳам фамилиямни айтган.

- Маълумки, «Пахтакор»даги деб-ютингиз «Днепр»га қарши учрашувга тўғри келган. Бу учрашув эса трибуналардан «Пахтакор» мураббийи Геннадий Жиздик томон турли буюмларни улоқтирилгани билан ёдда қолганди.

- Айтишларича, ўшанда ҳатто стаканлар ҳам «учган» экан... Умуман олганда, «Днепр» ўша йили чемпион бўлган. Ўйинни ҳам жуда яхши эслайман: рақибга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганмиз. Учрашув якунланишига 15 дақиқа қолганида майдонга тушганман, ҳатто гол ҳам ургандим. Аммо ҳакамлар вазиятни «офсайд» сифатида баҳолашган. Ўйиндан сўнг тўқнашув юз берган. Натижада Жиздик жароҳат олган. Кейинчалик «Днепр» футболчисига айланганимдан сўнг ўша баҳс ҳақидаги турли афсоналарни эшитганман. Эмишки, ҳаммасини  Геннадий Афанасьевич бошлаган... Хуллас, шу куни илк бор оломон машинани ағдариб ташлаганини кўрганман.

- Чиндан ҳам Озарбайжон ва Грузия мухлислари анча эҳтиросли бўлишган, тўғрими?

- Албатта. Буни айниқса, «Днепр» ўйинчиси сифатида яққол ҳис қилганман. Ўшанда Тбилисига собиқ иттифоқ кубогининг чорак финалини ўтказиш учун боргандик. Улар қандайдир сиёсий воқеанинг юбилейини нишонлаётган эканлар. Мен захира ўриндиғида эдим. Майдонга оломон югуриб чиққани, футболчиларга турли буюмлар ирғитишгани шундоқ эсимда. Биласизми, ўйиннинг бошланишини кийиниш хонасида 40 дақиқа кутганмиз. «Динамо» (Тбилиси) бош мураббийи Давид Кипиани одамларни тинчлантирган. Охир-оқибат майдонга тушганмиз ва ўйинни охирига етказиб қўйганмиз. Учрашув якунлангандан кейин ҳам одамлар майдонга югуриб чиқишган.

- «Карпати» футболчилари Ереванда кийиниш хонасида бир неча соат қолиб кетишгани, «Буковина» футболчиларининг Наманганда маҳаллий мухлислардан беркиниб ўтиришганини эшитганмиз. Тбилисидаги ҳолат қандай бўлганди?

- Биз ҳам икки ярим соат кийиниш хонасида ўтирганмиз. Хона деразаларига ғиштлар, тошлар учиб келарди. Ҳаммаси тинчиганидан сўнг бизни қўриқчилар ҳамроҳлигида меҳмонхонага олиб боришган. Шахсий буюмларимизни олганимиздан сўнг аэропортга кузатиб қўйишган. Ашвол шунчалик жиддий бўлганки, конвой учиш йўлагигача кузатиб қўйган. Ўзбекистонда ҳам мухлислар эҳтиросли. Аммо улар ҳеч кимга бунчалик таҳдид қилишмайди.

- 1984 йили Иштван Секеч Львовдан «Пахтакор»га Игорь Семенко ва Степан Юрчишинни таклиф қилган. Орадан бир неча йил ўтгач, сиз Юрчишин ва Анатолий Шепелнинг биринчи лигадаги тўпурарлик натижаларини йўққа чиқаришга ҳаракат қилгансиз.

- Степан - «тилла бола». Нима учун у Тошкентда кўп қолиб кетмади? Чунки унга соғлиғига боғлиқ муаммолар ва жазирама халақит қилди. Бир сўз билан айтганда, Юрчишин - ажойиб футболчи. Рекордлар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ҳақда билмагандим. 37та гол урганимдан кейин натижам учинчи ўринда эканлигини айтишган. Агар буни олдинроқ билганимда Юрчишин ва Шепелга қарши жиддий кураш олиб борган бўлардим.

- Биздаги маълумотларга кўра, «Пахтакор»даги жамоадошингиз Миржалол Қосимов ўз вақтида ҳарбий ҳизматни четлаб ўтмоқчи бўлган. Бироқ ҳарбийларнинг «Афғонистонга жўнатамиз...» қабилидаги таҳдидларига дуч келган экан. Сиз билан бундай ҳолат кузатилмаганми?

- Менда сал бошқачароқ бўлган: Тошкентдан 200 км. узоқдаги Жиззах шаҳрида «Звезда» деган жамоа бор эди. Кейинчалик номи «Бўстон»га айлантирилган. Ана ўша жамоада ўйнаб, ҳарбий хизматни ўташ мумкин эди. Вазият шундай бўлиб қолганки, Тошкентдан кетишга мажбур бўлганман. Лекин Жиззахга бормаганман. Чунки Секеч «Карпати»га йўл олишимни таъминлаганди.

- Львов ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз қандай бўлган?

- У ерга Тошкент-Донецк-Львов йўналиши бўйича уч кунда етиб борганман. Қуюқ туман туфайли Ростовга қўнишимизга тўғри келган. Ниҳоят манзилга борганимда мени «Львов» меҳмонхонасига жойлаштиришган. Дастлабки энг ёрқин таассуротим - телевизор бўлган. Адашмасам, у пайтлари бизда тўрттагина телеканал бўларди. Львовда эса кўпроқ экан. Ҳатто Польша телеканалларини ҳам томоша қилиш мумкин эди. Яна бир хотирамда қолгани - колбаса.

- Ёқиб қолганми?

- Биринчи куни дўконга бориб 300 грамм колбаса, сут ва нон сотиб олганман. Телевизор кўриб ўтириб, ҳаммаси еб қўйибман. Кейинги куни ярим кило колбаса харид қилдим. Учинчи куни эса кўрсаткич 700 граммга етди. Адашмасам, бу «Краковская» номли колбаса эди. Роса мазали эди, қурғур...

- Львовга боғлиқ ёқимсиз хотиралар қандай?

- У ерга етиб боришим билан мени дисквалификация қилишди ва дастлабки бешта турни ўтказиб юбордим. Бу - Тошкентдаги фаолиятим орқали давом этаётган дисквалификация эди. Бир мавсум олдин сўнгги учта турни ўтказиб юборгандим. Кейин эса жароҳат панд берди.

- Кўринишингиздан ювош одамга ўхшайсиз. Нима учун сизни 8та ўйинга дисквалификация қилишган?

- Қизил карточка олганман, қўшимчасига саккизта ўйинга четлатишган. Ҳаммаси оддий бўлган. Захирадан майдонга тушганман ва ҳеч қанча ўтмай тўғридан-тўғри қизил карточка олганман. Ўшанда ленинградлик ҳакам ўйинни яхши бошқармаган, аслида. Унга иккитагина сўз айтганман холос. Аммо шу сўзларим учун у мени майдондан четлатган. Тўғриси, агар «Пахтакор»да қолганимда бундай узоқ дисквалификацияга йўлиқмасдим. Гап шундаки, марказий интизом қўмитаси «иш»имни кўриб чиқишни маҳаллий амалдорларга жўнатишган. Улар эса «мавсум охиригача» деган жумлани ўйлаб топишган. Бу атиги 3та ўйинни ташкил қиларди. Лекин Львовга борганимдан кейин эса ҳаммаси ўзгариб кетди. Ҳаттоки, мени 10та ўйинга дисквалификация қилмоқчи ҳам бўлишган.

Исроилда ҳам шунга ўхшаш холат бўлганди. Жароҳатимни даволатиб майдонга қайтгандим. Оёғимга тепаверишди. Натижада ўзимни тутиб тура олмадим ва қизил карточка олдим. Ўзбекистонда эса бир ҳакам футболчилик давримда ҳам, мураббийлигимда ҳам қизил карточка берган.

- Интервьюларингизнинг бирида Львовда сизни қийнаган оғриқ ҳақида гапиргандингиз.

- О, буни эслаш ҳам оғриқли... Ўша учрашув танаффусида кийиниш хонасига кирганимда ҳатто курсига ўтира олмадим. Чунки бунинг иложи йўқ эди. Оғриқ шу даражада кучли эдики, ўзим истамасам ҳам кўзимдан ёш оққан. Лекин бу энг катта муаммо эмасди. Шундай кунлар бўлдики, ҳарбий раҳбарлар мени фожиа юз берган Чернобил яқинидаги ҳарбий қисмга жўнатмоқчи ҳам бўлишган.

- Бундан сизни нима қутқариб қолган?

- Омадим келиб қолган. «СКА Карпати» ёзги йиғинга борган ва биз бир қатор ўйинларни яхши ўтказганмиз. Бунинг устига мен бир-иккита гол урдим. Шундан сўнг ҳаммаси жойига тушиб кетди.

- Айтишларича, сизга мураббий Андрей Каримов ёрдам берган экан?

- Ҳа, шундай бўлган. Андрей Усманович мени Чернобилга жўнатмоқчи бўлган раҳбарнинг олдига борган. Бунинг учун мен форма ҳам кийганман. Одатда раҳбарлар олдига боришда шундай қилинарди. Каримов уларни бу ғоя яхши эмаслигига ишонтира олган. Боз устига, ўша куни ўйинимиз бор эди. Адашмасам, «Котайк»ка қарши баҳс олиб борганмиз. Ўшанда Каримов «агар мағлуб бўлсак ҳарбий қисмга кетасан» деган. Бахтимга жамоамиз дурангга эришган.

- Тиғ устида юрган экансиз-да?

- Э, бунақа воқеалар кўп бўлган. Ҳаммасидан даҳшатли, аниқроғи, кулгулиси «Пахтакор» таркибида кузатилган. Биз Волгоград ва Воронежга сафар қилгандик. Секеч менга: «Агар ҳимоячи ҳужумга қўшиладиган бўлса, сен уни кўздан қочирма» деб уқтирди. Хуллас, «Ротор» ҳимоячиси билан ўз жарима майдончамиз яқинига келиб қолдим. У қанотдан тўпни узатди. Тўп эса менга тегиб, дарвозадан жой олди - автогол.

- Буни қаранг...

- Ҳа, шундай. Мен ички қўрқув билан голни кимга расмийлаштиришларини кутардим. Диктор эса хайриятки, рақибнинг номини эълон қилди. «Ух, омадим келди» деб қўйдим ичимда. Кейин Воронежда «Факел»га қарши ўйнадик. Бу сафар мен ҳужум қилаётгандим. Зарбамдан сўнг ҳимоячи ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Бу голни эса менинг номимга ёзишди. Бу ҳозир қизиқ туюлади. У пайтда эса ундай эмасди.

- Львовда Вадим Тишенко билан дўстлашиб кетгансиз. Ваҳоланки, у энг «ёпиқ инсон»лар сирасидан бўлган.

- Биласизми, Вадик - Львовда танишган биринчи инсоним. Кейинчалик у билан «Днепр»да учрашдик. Қисқаси, Львовга бориб, СКА меҳмонхонасига жойлашганман. Эрталаб жамоадошларимдан биринчи бўлиб Тишенко келган ва «Тур ўрнингдан, кетдик машғулотга» деганди. Вадим ҳақиқатдан ҳам кўпчилик учун ёпиқ инсон эди. «Днепр»да у ғарбий украиналик Иван Вишневский билан ҳам дўстлашиб кетганди.

- Тишенконинг жамоадошлари унинг характери ҳақида кўп гапиришган...

- Бир воқеани айтиб бераман: Вадим тиббиёт марказида ётганида у ерга бир журналист келиб, врач Зоя Мироновадан Тишенконинг ҳолатини сўраган. Ўшанда шифокор «Агар у шунчаки юриб кетса, демак мўжиза бўлади» деган. Журналист шу ёзув билан Тишенконинг олдаги келган ва уни палатада унутиб қолдирган. Йигитлар мусиқа эшитмоқчи бўлиб, кутилмаганда қоғозларни  топиб олишган... Ҳақиқий аҳволни билгандан кейин ҳам ўзини тўғри тутиш учун одамда қандай характер бўлиши кераклигини тушуняпсизми?! Лекин уни профессионал сифатида жуда ҳурмат қилардим. У ҳатто дам олиш кунлари ҳам келиб, мени югуришга ундаб қоларди. Вадим учун бу муаммо эмасди. Шу боис у футболни эрта якунлаган бўлса, ажабмас...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz