Қайднома

Қидирув

АКОБИР ТЎРАЕВ: «КАТТА ЖАМОАЛАРДА ЎЙНАШДАН УМИД УЗГАНИМ ЙЎҚ»

АКОБИР ТЎРАЕВ: «КАТТА ЖАМОАЛАРДА ЎЙНАШДАН УМИД УЗГАНИМ ЙЎҚ»

  10.05.2019 03:48
  0
  737
АКОБИР ТЎРАЕВ: «КАТТА ЖАМОАЛАРДА ЎЙНАШДАН УМИД УЗГАНИМ ЙЎҚ»

Бу футболчи 2012 йили Эронда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган, яқин келажакда миллий термамиз учун ажойиб ҳужумчи етишиб чиқаётгандек туюлганди, кўпчиликка. Бироқ ке-йинчалик унинг фаолиятида пасайиш сезилди, гол у ёқда турсин, ҳаттоки, ўйин амалиёти ҳам камайиб кетди. Бугунги кунда «Бухоро» шарафини ҳимоя қилаётган Акобир Тўраев клубида ҳам кам кўриниш бермоқда. Coca Cola Суперлига 6-тури доирасидаги «Бунёдкор»га қарши кечган баҳс (2:2)дан сўнг ушбу футболчини суҳбатга чорлаб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

- Акобир, сизни 2012 йили Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионати орқали кашф этдик. Эсимизда, ўша мусобақада жуда яхши ўйин намойиш этган эдингиз... Аммо катта футболдаги фаолиятингиз биз ўйлагандек чиқмади.

- Тўғри айтасиз, ўша чемпионатда қарийб барчамиз юқори савияли футбол кўрсатиб, якунда ғалабани тантана қилганмиз. Ўзим ҳақимда тўхталадиган бўлсам, характерим сабаб ўз жамоамда ўрнимни топишим қийин бўлди. Боз устига, ҳозирга қадар «Бухоро»ни кўплаб мураббийлар бошқарди, ҳар бирининг ўзига яраша принциплари, тактик услублари бўлади. Табиийки, ўз ёндашувига мос келадиган бошқа футболчиларни таркибга жалб этади. Мен эса доим хулқ-атворим туфайли четда қолиб кетдим.

- Тенгдошларингизнинг аксарияти «Бунёдкор» ва «Пахтакор» академиялари тарбияланувчилари ҳисобланишади. Айтинг-чи, сизда ҳам пойтахт клубларида тўп суриш имкони бўлганми?

- Ҳаммаси ўз қўлимда эди. 2012 йилги Осиё чемпионатидан кейин «Пахтакор»га ўтиш ғояси пайдо бўлган, бироқ маълум сабабларга кўра бу иш амалга ошмай қолганди. Шунга қарамай, 2016 йил бошида мураббий Нўъмон Ҳасанов мени «Пахтакор»га таклиф қилди, бир давра ёмон ҳаракат қилмадим. Имконият берганликлари учун уларга раҳмат айтаман. Ўйин амалиёти кам бўлгани боис иккинчи даврада ортга қайтдим. Ўша вақтда «Бухоро»да Тачмурат Агамуратов фаолият юритарди, Жамшид Саидов унинг ёрдамчиси эди. Айрим баҳсларда ҳатто асосий таркибда майдонга тушдим. Ҳали катта жамоаларда ўйнашдан умидимни узганим йўқ. Худо хоҳласа, топ-клубларда муваффақиятли тўп сураман.

- Дилшод Нуралиев термамиз учун чемпионлик билан якунланган Осиё чемпионати финал баҳсидан олдин нима деганди?

- Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, улардан кучли эканлигимизни такидлаганди. Майдонда ҳам бир бош устунлигимизни ҳис қилиб ўйнаш кераклигини айтганди. Финалда мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ эди, чунки аввалги қитъа биринчилигида қатнашган жамоа финалда КХДРга имкониятни бой берганди. Шунинг учун ҳам икки ҳисса куч билан ўйнашимизга тўғри келганди. Сарвар Каримовнинг пенальтилар сериясидаги қаҳрамонлиги ҳали кўп эсланади.

- «Бунёдкор» билан ўйинда менсимаслик ҳолати кузатилмадими? Ҳар ҳолда, улар таркиб жиҳатидан жуда ёш...

- Қандай қилиб уларни менсимаслик мумкин? Мураббийлар штабидан тортиб, футболчиларгача учрашувга жиддий тарзда ёндашдик. «Бунёдкор»да асло таркиб билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди. Чунки уларда академия фаол ишламоқда. Кетма-кет яхши футболчиларни етиштириб беришга қодир. Хорижда ўйнаётган легионерларимизга назар солайлик: Отабек Шукуров, Рустам Ашурматов, Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов - буларнинг бари клуб академиясининг маҳсулидир.

- «Бунёдкор»нинг асосий устун тарафларини санаб бера оласизми?

- Биринчи навбатда, тўп билан яхши муомала қила олишади, тактик тарафлама мукаммал шаклланган. Қолаверса, истеъдодли футболчиларнинг кўп эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, биринчи гол Хуршид Ғиёсовнинг маҳорати сабабли юзага келди.

- Умуман, мазкур учрашувда дарвозаларнинг бир-биридан чиройли тарзда ишғол қилинганини кўрдик. Сизнингча, бундай голлар қандай омиллар ҳисобига туғилади?

- Марко ван Бастеннинг ажойиб гапи бор: «Чиройли голлар таваккалчилик эвазига пайдо бўлади». Шунингдек машғулотлар жараёнида турли нуқталардан зарбалар бериш бўйича ишланади. Тажриба ҳам муҳим, аммо буни исталган футболчи бажара олишини жорий мавсумда кўрдик.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz