Қайднома

Қидирув

Қисқача эътироф - топибсан: Гюндоган

Қисқача эътироф - топибсан: Гюндоган

  11.05.2019 08:31
  0
  756
Қисқача эътироф - топибсан: Гюндоган

7 май. Бутун футбол дунёси «Ливерпуль» - «Барселона» ўйинини кутмоқда. Ҳар ким ўзича рақибларнинг имкониятини чамалаш билан банд. Илкай Гюндоган роса қизиган баҳс-мунозаралар «қозон»ига мой қуйиб юборди.

У аввалдан «Ливерпул»га 4:0 ҳисобида ютуқни тақдим этди. Қойил қолиш керак. Юрген Клоппдаги мураккаб вазият билан ҳар қайси профессионал футболчи ҳам бунақа тахмин айтавермайди. Юрагингга балли, Гюндоган!

Шахсан мен бундай тахмин қилолмайман. Аммо мазкур мақолани якунлаш учун ўйин натижасини кутишга мажбурман. Ўйингача ҳам анча вақт бор. Ҳали ифтор бўлгани йўқ. Шунинг учун фурсатни ғанимат билиб кўнглимдан ўтадиган айрим мулоҳазаларни ёзишга тушдим.

1. Кўпчиликнинг хаёли тунда «Энфилд»да бўладиган қизиқарли ўйинда. Мен эса «Ростов» сотувга чиқарган «Элдорка»лар ҳақида ўйлаяпман. Ўзимдан-ўзим фахрланиб кетяпман. Футболимиз тарбияланувчиси Дон дарёси бўйида донг таратмоқда. Валерий Карпин гарчи ошириб-тошириб мақтамаган бўлса-да, мағлубиятдан қутқаргани учун Элдор Шомуродовдан миннатдор, барибир.

Қувонмай бўладими Элдорнинг бундай ютуғидан?! Ўйини яна ҳам очилиб кетиши учун бу истеъдодли футболчига мураббийларнинг катта ишончи етишмаяпти, назаримда. У ҳар доим ҳам ўзидаги тезликдан фойдаланиш имконига эга бўлмаяпти. Элдорнинг истеъдоди, табиати учун эркин позиция зарур. Афсуски, Эктор Купер ҳам, Валерий Карпин ҳам ҳозирча унга ўзи истаган эркинликни бермади.

Албатта, мен ўзбилармонликни эмас, балки ўйинга ижобий таъсир ўтказувчи эркинликни назарда тутяпман. Зеро, шундай эркинлик сабаб «Манчестер Сити» «Лестер» устидан ғалаба қозонди. Агар Венсан Компани жамоадошларининг сўзига кириб, тўпни қанотга узатганида нима бўларди?! Қанча шу каби узатмалардан фойдаланмаган Серхио Агуэро гол урармиди?! Кафолат йўқ эди бунга. Майдонда бир лаҳза эркин бўлишни истаган Венсан атрофдаги шовқин-суронни унутди ва узоқ масофадан Каспер Шмейхель дарвозасини «ўққа тутди».

Ишончим комилки, Гвардиола унга бу каби зарба йўллашни топширмаган. Буни Компанининг ўзи хоҳлади. Эътиборлиси, кўзда тутилмаган «ўзбилармонлик» учун жамоадошлари Компанига жиддий эътироз билдиришмади. Гол ура олмаган тақдирда ҳам Венсан «Сити»да шундай мавқега эга футболчи. Элдор Шомуродов «Ростов»да ҳам, миллий терма жамоада ҳам шундай эркинликка эҳтиёж сезмоқда.

2. «Пахтакор» «Персеполис»ни ўта қийин кечган учрашувда енгишга куч топди. Турнир жадвалидаги таранглик юмшади. Кетма-кет икки учрашувда «шерлар» билан роҳатланиб курашган «Ал-Садд» ҳам бу борада Шота Арвеладзе шогирдларини қўллаб-қувватлади. Суперлига доирасидаги ўйинлар туфайли турли ноўрин дашномлар остида руҳан эзилаётган «Пахтакор» учун бу ғалаба сув ва ҳаводек зарур ҳисобланарди.

Мабодо мағлубиятга учраса, жамоани ноҳақ айблаётган мухлислар «Ана айтгандим-ку...» де­йишлари аниқ эди. Олтинга сазовор яна бир жиҳат шуки, Шота Арвеладзе жароҳат олган Жавоҳир Сиддиқов ўрнига ҳеч иккиланмасдан Собит Синдоровни майдонга туширди. Ғалаба голини эса кимсан мухлислар ишончини йўқотган Игорь Сергеев урди. Захира ўриндиғида тажрибали футболчилар бўлса-да, мураббий бошқача йўлдан борди ва мақсадига етди.

Энди «Пахтакор» футболчилари ОЧЛдаги мавқеи учун астойдил курашади, деган умиддамиз. Янги тарих яратиш учун жамоа зиммасига шундай миссия юклатилади. Ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ҳавоси тозаланиши учун ҳам «шерлар»дан шундай шараф талаб этилади...

Бўлди, мақоламнинг давомини энди тунда ёзаман. «Локо»нинг ўйинидан хабардор бўлиб, бор эътиборимни «Энфилд»га қаратаман. Газетачиликнинг иши - шу. 8 май куни эрталаб янги сон босмахонага топширилади.

3. Қадрли мухлислар! Мақоланинг давомини чўзиб ўтирмайман. Чунки саҳарлик қилишга ҳам улгуришим лозим. Шу боис қисқа қилиб айтаман: «Генийсан, Гюндоган!» У қандай қилиб буюк «камбэк» содир бўлишига ишонди?! Ярадор жамоасини Юрген Клопп қандай қилиб шундай улуғвор жангга ҳозирлади?! Бу саволларнинг оқилона жавоби футболимиз учун жуда муҳим.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz