Қайднома

Қидирув

Шубҳа остида қолган супер иқтидор

Шубҳа остида қолган супер иқтидор

  12.05.2019 00:44
  0
  493
Шубҳа остида қолган супер иқтидор

Англияда профессионал футболчилар ассоциацияси таснифига кўра 2018|2019 йиллар мавсумининг энг яхши ўйинчиси номи эълон қилинди. Кутилганидек, туманли ўлканинг энг нуфузли соврини «Ливерпуль» марказий ҳимоячиси Виржил ван Дейкка насиб этди.

Иқтидорли футболчининг ёрқин фаолияти шу тариқа муносиб баҳосини олди. Ваҳоланки, Виржил ўз омадини ўзга сўқмоқлардан излашга жуда яқин турганди.

ЮГУРГАННИКИ ЭМАС, БУЮРГАННИКИ

Бундан 6 йил аввал «Краснодар» скаутлари ван Дейкнинг ўйинларини видеолавҳалар орқали ўргана бошлаганларида, ҳимоячи «Гронинген» таркибида тўп сураётганди. Маҳаллий грандлар ҳимоячидаги ўйинга бўлган иштиёқ талаб даражасида эмас, деган хулосага келишган, якунда футболчи 2,8 млн. фунт эвазига «Селтик»ка йўл олганди. Бу камтарона трансферни Галицкий ҳам бемалол амалга ошириши мумкин эди. Лекин тақдир навқирон ҳимоячига бошқа сўқмоқни тайёрлаб қўйганди.

«ВИЛЛЕМ II» ВАН ДЕЙКНИ ТЕКИНГА ҚЎЙИБ ЮБОРДИ

Виржилнинг дастлабки жамоасига унинг трансферидан манфаат кўриш насиб этмади. Ван Дейк «Аякс»га Френки де Йонгни етказиб берган «Виллем II» сафида тўп сурарди. Мутасаддилар ундаги иқтидорни инкор этмаган бўлишсада, асосий таркибда барқарор ўйнашига ишонишмади.

Оқибатда ҳимоячининг шартнома муддати ниҳоясига етди, «Гронинген» уни ўзига чорлаганида эса арменликлар қимирлаб қолишди. Аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Telegraph шарҳловчиси Сэм Уоллеснинг айтишича, ҳозир журналистларнинг ван Дейкка оид саволларига клубдагилар жавоб беришдан бош тортадилар.

«Виллем» бош мураббийи Фонс Гронендейк вазиятга қуйидагича изоҳ берди: «Клубга келган давримда (2009 йил, февраль) жамоа қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида эди. Виржилнинг ким эканлигини билмасдим, лекин 19 ёшлилар орасида иқтидорли ўйинчилар борлигини эшитгандим. Аммо жон сақлаш учун курашаётган жамоага ҳеч ким ғўр йигитларни таклиф этмайди. Кейинчалик мени унга имконият бермаганликда айблашди.

Ваҳоланки, у ҳатто «заявка»да ҳам йўқ эди, асосий таркиб билан бирор марта машғулотда ҳам қатнашмаганди. Жамоани элитада олиб қолиш учун курашаётган мураббий ёшларга эътибор қарата олмайди. Виржилнинг катта футболга мослаша олишига кўпчилик шубҳа билан қарарди. У хатоларга йўл қўяр, хавфли ҳудудда тўпни рақибига бериб қўярди.

Ҳозирги ўйини билан кўпчиликни, жумладан, скаутларни ҳам ҳайрон қолдирди. Нафақат Россия, балки Голландиядаги мутахассислар ҳам ғафлатда қолишди. Ўйлашимча, шундай ноёб иқтидор соҳибини қўлдан чиқариб юборганлари учун улар ўзларини кечира олмай юрган бўлишса керак».

«ГРОНИНГЕН» ВИРЖИЛНИ ҲУЖУМДА СИНАБ КЎРДИ

Хуллас, «Виллем» сафида бир марта ҳам майдонга тушмаган ван Дейк 2010 йилда «Гронинген»га ўтди. Айтишларича, мазкур таклифнинг муаллифи - афсонавий Роналд Куманнинг отаси Мартин Куман. Кейинчалик Виржил «Гронинген» афсонаси раҳбарлигида «Саутгемптон» ва Голландия терма жамоаси либосларида майдонга тушди.

«Скаутимиз Виржилни илк бор академиялар ўртасидаги учрашувда кузатганди. Биз таваккал қилишни маъқул кўрдик: 1500 евро атрофидаги камтарона ойлик маош, бошпана уни қониқтирди. Машина билан эса бир йилдан кейин таъминладик, бунгача Виржил машғулотларга велосипедда қатнади», - дейди «Гронинген» спорт директори Ханс Найленд.

Жамоадаги дебют учрашувида Виржил «дубл»га эришди. Омадли старт ЕЛ йўлланмаси учун кечган «плей-офф» беллашувида «Гронинген»ни халқаро аренага олиб чиқиши мумкин эди. 2010|2011 йиллар мавсумидаги ўша «дуэль» жамоанинг «Ден Хааг» майдонидаги йирик (1:5) мағлубияти билан бошланганди.

Жавоб учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилаётган паллада мураббий ван Дейкни олдинги чизиққа ўтказди. Буни қарангки, Виржил ишончни оқлади - аввал ўйиндан, кейин жарима зарбаси эвазига рақиб дарвозасини ишғол этди. Кейинчалик ўйин «Гронинген»нинг яққол устунлигида ўтди ва 5:1 ҳисобида ниҳоясига етди. Афсуски, пенальтилар сериясида омад «Ден Хааг» томонида бўлди.

Виржил ван Дейк ўша пайт Душан Тадич тўп сураётган жамоанинг асосий таркибидан жой олиш учун бир йил уринган бўлсада, кейинги парвози ўта шиддатли бўлди. Адаптация даврини таянч ярим ҳимоячиси Кес Квакман шундай хотирлайди: «Даставвал, биз уни «Вой-бў, қандай ажойиб ўйинчи!» дея ҳайрат билан кутиб олдик. Бир неча ҳафтадан сўнг «Майли, сафимизда юрса юра қолсин», дедик. 6 ойдан кейин эса «Гронинген»да унга нон йўқ», деган қарорга келдик».

«Аякс» ва ПСВ бу пайтда Виржилни синчковлик билан ўрганишаётганди. Якунда амстердамликлар ван дер Хорнга, Эйндховен клуби эса Брумга ишонч билдиришди. Ўша даврда Виржилнинг «Гронинген»даги дастлабки устози, Голландия термасининг собиқ ўйинчиси Питер Хюистра ҳозир «Пахтакор»да Шота Арвеладзенинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритмоқда. Унинг айтишича, «Аякс», ПСВ ёки «Фейеноорд»да тўп сурмаган футболчиларга скаутлар ишончсизлик назари билан қарашар экан: «Нима учун у «Виллем» академиясида? Қандайдир камчилиги бўлса керак-да».

«Краснодар» тарихи «Аякс» ва ПСВникидан фарқ қилмайди. Голланд грандлари ҳозир «Суонси»да ўйнаётган Майк ван дер Хорн ва «Шальке» сафидан жой олган Жеффри Брумни ван Дейкдан устун қўйишган бўлса, россияликлар 5 млн. еврога Андреас Гранквистни харид қилишди. Виржилнинг Голландиядаги обрўсига 21 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасидаги ўртоқлик учрашуви (Италия, 0:3) салбий таъсир кўрсатди.

2012 йилнинг августида ўтказилган ўша беллашувда Инсинье, Иммобиле ва Флоренцининг аниқ зарбаларига ван Дейк ва унинг жамоадошлари дош бера олмаган эдилар. «Бунақа учрашувларни кузатиш учун турли мамлакатлардан мутахассислар келишади. Италиялик тезкор ҳужумчилар жамоамизни шунчаки янчиб ташлашди. Бунга фақат Виржил айбдор бўлмасада, 0:3 ҳисобидаги мағлубият нуфузга путур етказиши аниқ», - деди ҳимоячининг иккинчи мавсумдаги устози Роберт Маскант.

СКАУТЛАР ВАН ДЕЙКНИНГ РУҲИЯТИДАН ШУБҲАЛАНИШГАН

Йерун Каптейнснинг айтишича, Виржилнинг топ-ҳимоячи мақомига кўтарилишига голландиялик мутахассислар ишонишмаган. Уларнинг фикрича, ван Дейк бутун эътиборини ўйинга сафарбар эта олмас экан:

«У жуда бақувват ва иқтидорли футболчи бўла туриб, баъзан негадир бўшашиб қолади. Гўё ўйинга бор куч-қуввати ва эътиборини бермаётгандек. Маҳорат ва савиясига гап йўқ. Аммо ўйинга бўлган иштиёқи-чи? Унинг бутун фаолияти давомида бизни мана шу мавзу қийнаб келмоқда»

Питер Хюистранинг таъкидлашича, дарҳақиқат, аввалига у билан ишлаш жуда қийин кечган. Бироқ захира жамоа мураббийи Дик Люккинен Виржилга ижобий таъсир ўтказа олди. Натижада машғулотларни 60-70 фоиз фаоллик билан ўтказишга одатланган футболчи бу иллатидан фориғ бўлди.

ЎЛИМ ОСТОНАСИДАН ҚАЙТДИ

2012 йилнинг мартида Виржил аппендицит, перитонит ва буйрак инфекцияси билан хасталанганлиги аниқланди. «Гронинген» шифокорларининг эътиборсизлиги оқибатида хасталик шу даражага етдики, нав­қирон йигитча васият ёзишга мажбур бўлди.

«Ҳаётим хавф остида қолганди: ойим ва мен Яратганга ибодат қилиб, кейин воқеалар ривожининг ёмон вариантларини муҳокама қилдик. Қандайдир қоғозларга имзо чекишимга тўғри келди. У васият мақомидаги ҳужжат эди. Агар мен вафот этсам, маблағимнинг бир қисми онамга қоларди. Албатта, бу ҳақда гапиришни ҳеч ким истамасди. Лекин биз шундай қилишимиз лозим эди.

Ўша лаҳзаларда тузалишдан кўра ўлимим яқинроқ турганди», - дейди ван Дейк. Оғир хасталикдан кейин оёққа турган Виржил ўз турмуш тарзи хусусида жиддий мулоҳаза юритиб, тегишли ўзгаришларни амалга оширди.

«Жамоадагиларнинг аксариятига ван Дейк ошиқча вазнга эгадек туюлганди. У жуда ёш бўлгани учун ўзига таом тайёрлашни билмасди. Эҳтимол, уйидан узоқда юрган йигитча «жанк-фуд» истеъмол қилиб юргандир? Хасталик сабаби ҳам шу бўлиши мумкин.

Жарроҳлик амалиётидан кейин Виржил саломатлигини тиклаб олди, нимагадир эришиш учун профессионал бўлиши шартлигини тушуниб етди. Онаси унинг ёнига кўчиб ўтгач, ҳаммаси изга тушиб кетди», - дейди Квакман.

Эндиликда ҳимоячининг концентрацияси хусусида фақат Рональд Куманда эътироз бўлиши мумкин. Миллатлар Лигаси доирасидаги Голландия - Франция учрашувида (1:2) айнан ван Дейк томонидан йўл қўйилган хатолик Жирунинг голига олиб келганди. «Виржиль кутилмаганда сустлашиб қолади.

Бу иллатга барҳам бериш керак. Баъзан майдонда шундай вазиятлар юзага келадики, ҳимоячидан рақиб ҳужумчисини 3 футдан узоққа қўйиб юбормаслик талаб этилади. Ван Дейк эса ўз кучига шунчалик ишонадики, ҳужумчига етарли эътибор қаратмайди.

Тўғри, кўпинча у ғолиб чиқади. Лекин аҳён-аҳёнда бўлсада, унинг хатоси голга олиб келади», - деганди Куман шогирдларининг мағлубияти билан якунланган учрашувдан кейин.

ВАН ДЕЙК ЎРНИГА ГРАНКВИСТ

Виржиль «Гронинген» савиясидан ўзиб кетгач, клуб мутасаддилари иқтидорли ҳимоячи ортидан харидорлар тизилиб туришига умид қилишганди. Дарҳақиқат, «Аякс» ва ПСВдан ташқари, «Милан», Брайтон», «Селтик» ва яна бир қатор жамоалар ван Дейкка қизиқиш билдиришди.

Якунда шотланд клубидан бошқа барча рақобатчилар умидларини узишди. 2013 йилда томонлар Амстердамнинг «Хилтон» меҳмонхонасида учрашиб, трансфер борасида узил-кесил келишувга эришишди. «Гронинген» 5 млн. фунтга умид қилганди. Бироқ 2,8 млн.га розилик билдирди.

Юқорида зикр этилганидек, «Краснодар» жамоаси ҳам Виржилга бефарқ эмасди. Клуб спорт директори Максим Бузникин АПЛнинг жорий мавсумдаги энг яхши ўйинчисига қуйидагича изоҳ берганди: «Бу борада сиз биринчи бўлиб мурожаат қилдингиз. Таъкидлаш жоизки, бу жуда машаққатли жараён. Уни ҳар куни 6 соатлаб экран қаршисида ўтирган ҳолда юзлаб футболчиларни назоратдан ўтказиш ва агентлар билан мулоқот қилишга тенглаб бўлмайди.

Ҳозир ТВ-дастурлар етарли, исталган пайтда дунёнинг исталган нуқтасидаги ўйинни томоша қилиш, видеолавҳалар ва статистик маълумотларни бемалол олиш мумкин. Ван Дейк ўзининг жисмоний кўрсаткичлари билан эътиборимизни тортганди. Менимча, бу 2012|2013 йиллар мавсумида бўлганди.

Хайриятки, уни харид қилмадик. Акс ҳолда, бу йигитнинг фаолиятига зиён етказган бўлардик. Аввало, агентлар ва бошқа воситалар ёрдамида ван Дейкни харид қилиш мумкин ёки йўқлигини аниқладик. Маълум бўлишича, Виржилнинг баҳоси 3 млн. атрофида экан. Жамоамиздагилар ҳозирда ван Дейк ҳақида ҳатто ўйлашмаяпти ҳам. Яъни, биз унга қизиқиш билдирган бўлсакда, харид қилмадик.

У эса қисқа вақт ичида юлдуз даражасига кўтарилди. Аслида биз ундан воз кечмаганмиз, аммо Виржил бизнинг асосий номзодимиз эмасди, шорт-варақада ҳам қайд этилмаганди. Хуллас, якунда Гранквистни маъқул кўрдик. Ван Дейкдан воз кечишимизга сабаб бўладиган бирорта жиҳат ҳам йўқ. Фаолиятим давомида юздан ортиқ бунақа воқеаларга дуч келганман.

«Мана, биз уни эътиборга олгандик, аммо...» қабилида фикр билдириш мумкин эмас. Ҳеч бўлмаганда Европанинг ярми уни аниқлаб улгурганди. Европалик футболчилар учун Россия учинчи дунё мамлакати. «Селтик» эса топ-чемпионатларга сакраш учун энг қулай трамплин. Ўша пайтда «Краснодар» эндигина еврокубоклар ҳудудидан жой олиш тадоригини кўра бошлаганди. Ўйлайманки, ван Дейкни қўлга киритиш имконияти бизда жуда оз эди.

Агар янглишмаётган бўлсам, Виржилни биринчи бўлиб Евгений Николаевич (Максимнинг отаси, «Краснодар» селекция хизмати ходими) кўрганди. Лекин ўшанда биз харидни амалга оширишга тайёр эдик, дея олмайман. Менимча, унинг номзоди жиддий тарзда кўриб чиқилган ҳам эмас. Трансфернинг амалга ошмагани яхши бўлди. Йигитча «Ливерпул»да тўп сурмоқда, етакчилардан бирига айланди».


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz