Қайднома

Қидирув

РОНАЛДУ: «Энг яхши эканлигингни тўхтовсиз исботлаш зарурати ғазаблантиради ва...»

РОНАЛДУ: «Энг яхши эканлигингни тўхтовсиз исботлаш зарурати ғазаблантиради ва...»

  13.05.2019 01:54
  0
  930
РОНАЛДУ: «Энг яхши эканлигингни тўхтовсиз исботлаш зарурати ғазаблантиради ва...»

Португалиялик юлдуз яқинда янги бизнесга қўл урди. У Insparya Group билан ҳамкорликда Мадридда соч кўчириб ўтказиш клиникасини очди. Ушбу компанияда Португалиянинг ўзида 10та шундай клиникаси бор. Marca нашрининг маълумотига кўра, Испания пойтахтидаги клиникада даволаниш 4-7 минг еврога тушади. Роналдунинг айтишича, у бу бизнесга Испания иқтисодиёти ва мамлакат аҳолисига ёрдам бериш илинжида қўшилди: «Мақсадим битта - испанларга баъзи муаммолардан фориғ бўлишда кўмак бериш. Улар ўзларининг ташқи қиёфаларидан сира уялмасликлари керак. Шахсан мен ушбу лойиҳамиз муваффақитли чиқиши ва Испания иқтисодиётига наф келтиришига ишонаман». Криш янги лойиҳа тақдимоти доирасида El Pais нашрига тегишли ICON журналининг махсус фотосессияда қатнашишдан ташқари, алоҳида интервью ҳам берди.

Бизнес

- Ўйлашимча, бизнес танлаш клуб клуб танлашдан осонроқ. Зеро, клуб масаласида кўплаб майда-чуйда жиҳатларга дуч келасиз ва бу борада олдиндан кўп бош қотиришингиз талаб этилади. Бизнес эса моҳиятан ҳаракатдаги жараён ҳисобланади. Асосийси, бунда ҳаммасини 100 фоиз назорат остига олиш имконияти бор. Тўғри, лойиҳаларга сармоя киритишда ҳам, янги клуб топишда ҳам бир гуруҳ кишиларга ишонч билдираман: оилам ва яқинларимга. Ҳа, фарзандларим маслаҳат берадиган ёшда эмаслар. Ҳаттоки, кичик Криштиану ҳам ўз фикрини айтсада, ҳали жуда ёш, барибир. Демоқчиманки, нафақат фаолиятим, балки бизнесимни йўлга қўйишда яқиндан кўмакловчи алоҳида жамоам бор. Кимдир мени футболдан кўра, бизнес ҳақида кўпроқ ўйлаётганликда айблаши мумкин. Лекин ҳақиқат шуки, бугун бизнес масалаларини ҳал қилсам, эртага спорт залида бўламан ва бор эътиборимни машғулотлар, бўлажак ўйинга қаратаман. Хуллас, футболдан ташқаридаги ишларга сира чалғимайман, негаки, шахсий жамоам таркибида тажрибали одамлар жамланишган. Биласиз, барча фуболчилар ҳам клиника, меҳмонхоналар тармоғи ва спорт залларига эгалиги билан мақтанолмайди. Муваффақият табиийки, осмондан тушмайди, бунинг учун астойдил ишлаш керак.

Янги лойиҳа

- Соч тўкилиши - реал муаммо. Орамизда шу туфайли ўзларини нохуш сезадиган одамлар кўп. Ҳа, айримлар ажабланишди: «Тўхта, сенда бу борада ҳаммаси жойида-ку!» Тўғри, лекин бир куни ўзим ҳам шу муаммо билан тўқнаш келишим мумкин. Генетик томондан қарасак, оиламизда ҳеч ким тақирбош эмас, бироқ ҳаётда ҳаммаси доимий равишда ўзгариб туради. Руҳий зўриқишлар, номувофиқ овқатланиш... Умуман, бу масалада олдинга қадам ташлаш вақти аллақачон келди.

Футбол босими

- Яширмайман, ҳар йили жуда яхши ҳолатда эканлигимни исботлашга тўғри келаётгани гоҳида жиғимга тегади, чарчатади. Бу қийин. Ахир нималарга қодирлигингни фақат ўзинг эмас, бутун жамоатчиликка кўрсатишинг керак. Шу жумладан, яқинларингга ҳам. Оилам, онам, ўғлимнинг талаби сира ўзгармайди: «Криш, сен эртага ғалаба қозонишинг шарт». Бир томондан қарасак, бундай муносабат ўлароқ, янада қатъиятли бўласан. Натижада машғулотларда бор кучингни сарфлайсан, мукаммалликка интиласан. Аммо шундай вақт ҳам келадики, беихтиёр қўл силтайсан: «Бўлди, мени тинч қўйинглар...». Болалигимданоқ ҳамиша босимни яққол ҳис қилганман. Кейин «Мадрид» сафига тарихдаги энг қимматбаҳо футболчи сифатида қўшилдим. Манчестерда 23 ёшимда «Олтин тўп»ни ютганимдаёқ ҳамма ўйлай бошлади: «Қаранг, бу йигит энг кучли бўлиши керак». Охирги 10-12 йилдан буён айни шу босим менга ҳамроҳ.

Футболга ёндашув

- Шахсан мен футболга алоҳида миссия сифатида қарайман. Мажбуриятим тайин - майдонга тушиш, ғалаба қозониш, натижа бериш. Вақтида баъзан майдонга битта хаёл билан тушардим: «Шунчаки, тўпни менга беринглар, қолганини кўринглар!» Ростини айтаман, энди бундай эмас. Ахир меъёридан ортиқча босим ҳар қандай кишини толиқтиради. Одамлар ҳар йили бир гапни такрорлашади: «Тамом, у тугади. Ёши 33..., 34..., 35... Барчаси ўтмишда қолди». Шунда дарҳол одамлар адашаётганларини исботлагинг келади.

Робот маҚоми

- Ҳамма ҳам робот эканлигимга ишонмаса керак. Лекин мени ҳеч қандай муаммоси йўқ одамдек кўришлари айни ҳақиқат. Гўёки, мен ғам нималигини билмайман, қайғуришдан ҳам йироқман. Очиқроқ айтганда, ҳамма фақат муваффақиятларим ва пулим ҳақида ўйлайди, муаммоларим қизиқ эмас. Бунда кўпчилик битта тахминий тушунчага ёпишиб олади: «Миллионларга эга киши қанақасига ғам ва хафагарчиликни ҳис этади?» Бироқ улар сен уддалаётган ишларни нега бажаролмасликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Яна сен қандай кунларни бошингдан ўтказганингни билиш ёки тушунишни ҳам исташмайди. Чунки уларга ҳаммаси осондек туюлади. Мен эса барчасини теран тушунаман. Дейлик, пенальтидан фойдаланолмасам ёки ҳал қилувчи ўйинда яхши ҳаракатланолмасам, ҳар қандай лаҳзада мени отиб ташлашга тайёр турувчи кишилар топилишини ҳам биламан. Бу - футболчи ҳаётининг бир қисми. Демак, ҳамиша шундай муносабатга тайёр туришим керак. Ахир кўп йиллардан буён айнан шу муҳит ичидаман. Қўшимчасига бутун оилам учун қалқон бўлишни истайман. Демак, муаммоларимни йўл-йўлакай ўзим ҳал қилиб боришим керак. Бунинг оғир томони шуки, жаҳонга машҳур киши бўлсанг, оммадан ҳеч нарсани яширолмайсан. Криштиану кимгадир ёқади, бошқа биров уни ёқтирмайди. Қанча юқориласанг, сени пастга тортадиганлар сафи шунчалик кенгаяди. Доимо айтадиган гапим шу - профессионал танқидга эътибор қаратмайман. Футбол менинг ишим ҳисобланади, шунинг баробарида шахсий ҳаётим ҳам бор: қаллиғим, фарзандларим, онам, ака-укаларим, дўстларим... Уйга бориб, қайсидир воқеа юзасидан шунчаки, йиғлаб ўтиришим мумкин эмас. Муаммо туғилдими - ўзим ҳал қиламан. Бу ҳаётда фақат ўлимга чора йўқ.

Мадрид, Испания солиҚ тизими

- Испания пойтахтида 9 йил яшадим, фарзандларим шу шаҳарда дунёга келишди. Буларни унутиш мумкинми? Мадрид менга жуда кўп нарса берди, шунинг учун янги бизнесни айни шу жойда йўлга қўйишни хоҳладим. Асосийси, Мадридда ҳамон менга ажойиб муносабатда бўлишади. Қисқаси, шаҳардаги кишиларга озгина иш жойи яратишни хоҳладим. Ҳа, бу ерда солиқ қонунчилигига боғлиқ катта муаммоларга учраганман. Лекин буниси бошқа масала. Ахир жамоат кишисиман, ҳаётим ҳамиша - очиб қўйилган китоб. Асосийси, Мадрид бўйлаб, бошимни баланд кўтариб юришга ҳақлиман. Чунки шаҳарда мени жуда яхши кўришларини биламан. Шуниси жуда муҳим. Кўчада  «Криш, уйингга қайт» қабилидаги луқмаларни эшитиш нақадар ёқимли.

Футболдаги дўстлик

- «Реал» ва «Ювентус» кийиниш хонасидаги ҳолат бир-бирига ўхшаш: йигитлар асосан футбол ҳақида гапиришади. Ҳа, албатта, айрим футболчилар билан ўртамизда жуда яхши муносабатлар шаклланган. Бироқ дўстлик ҳақида гапириш ортиқча. Бу моделдан ўз ҳамкасблари орасида дўсти бор-йўқлигини сўраш билан баробар... У саволингизга «Ҳа», дея жавоб беради, аслида эса ҳаттоки, уйида қайсидир модель билан учрашиши ёки бирга тушлик қилишига ҳам ишониш қийин. Менда ҳам шундай.

Футболдан кейин

- Мураббийликка қўл уришим эҳтимоли борлигини инкор этмайман. Бироқ Барселона пляжларига дам олиш учун бормаслигим аниқ. Бу мени кўришдан қувонадиган шаҳар эмас. Ҳар ҳолда, Каталония пляжларида бир-икки марта бўлганман ва у ерда Криштиануни унча ёқтирмасликларини яққол ҳис қилганман. Тўғри, бу табиий ҳол - ҳаммаси футболдаги рақобат туфайли. Демак, даҳшатли томони йўқ.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz