Қайднома

Қидирув

Мағлубият алами ёмон…

Мағлубият алами ёмон…

  13.05.2019 05:01
  0
  565
Мағлубият алами ёмон…

НЕЙМАР: «МЕНИНГ ЎРНИМДА ҲЕЧ КИМ БЕФАРҚ ТУРОЛМАСДИ». «ПСЖ» юлдузи Неймар Франция кубоги финалидан кейин яна можаро марказига тушди. Бразилиялик юлдуз бу сафар мухлисга ташланди. Аввало, эслатиш жоиз, парижликлар биллур соврин учун баҳсда камтарин «Ренн»ни мағуб этолмадилар. Аниқроғи, Томас Тухель шогирдлари ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида омадсизликка учрашди. Неймарнинг хурмача қилиғига келсак, жароҳатдан эндигина қутулган футболчи тақдирлаш маросими арафасида ёш мухлис телефонини тортиб олишга уринди, кейин унинг юзига зарба берди. Хабарларда таъкидланишича, жабрдийда фанат Томас Тухель жамоасини ҳақоратлаган экан, аммо унинг ўзи буни қатъиян инкор этди. Неймар эса ўз айбини қисман тан олиш баробарида қўшиб қўйди: «Менинг ўрнимда ҳар қандай футболчи худди шундай қиларди...».

Аслида ҳал қилувчи ўйин «ПСЖ» учун жуда яхши бошланди ва парижликлар 21-дақиқадаёқ ҳисобни 2:0 кўринишига келтиришди. Бироқ Лига 1да иши унча юришмаган «Ренн» шунда ҳам таслим бўлгани йўқ ва якунда мувозанатни тиклаб, пенальтилар серияси воситасида зафар қучди. Учрашув якунлангач, Томас Тухель шогирдлари трибуна орқали тақдирлаш маросими марказига кўтарилишди. Яъни аламзада футболчиларнинг фанатлар қуршовидан ўтишларига тўғри келди. Табиийки, айрим мухлислар парижлик юлдузларга тасалли беришди. Бошқа фанатлар эса бу ҳолатни суратга олишга тушишди. «Ренн» тарафкашларидан бири эса бироз эҳтиросга берилди, чоғи. У ёнидан ўтиб кетаётган Жанлуижи Буффон, Левен Курзава ва Марко Верраттига луқма ташлади, аммо айнан нима дегани номаълум. Жамоадошлари ортидан хоҳламайгина қадам босиб келган Неймар эса ёш мухлис ёнида тўхтадию, унинг қўл телефонини тортиб олишга уринди. Шунда ярим ҳимоячи Мусса Диаби ўртага тушиб, Неймарни тинлантирмоқчи бўлди. Аммо бефойда - у бразилияликни тўхтатиб қололмади ва фанат юзига тарсаки тушди. Кўп ўтмай, нантлик 28 ёшли ўша фанатнинг Instagram тармоғидаги саҳифасида можаро видеоёзуви пайдо бўлди. У кадр остига кинояли изоҳ қолдиришни ҳам унутгани йўқ: «Менинг юзимга урган Неймар...».

ОАВда ёзилишича, ёш йигит «ПСЖ» футболчиларини бирма-бир ҳақоратлашдан тийилмаган. Хусусан, видеоёзувлардан бири орқали тахмин қилинишича, у Буффонни «ифлос масхарабоз», Верраттини эса «ирқчи» иборалари билан сийлаган ва Неймарга аччиқ маслаҳат берган: «Майдонга тушишдан олдин ўйнашни яхшилаб ўрганиб ол...». Тўғри, Неймардан зарба қабул қилган фанат бу тахминий айбловларни бутунлай инкор этди. У парижлик футболчиларга гап отганини тан олди, аммо бировни камситиш ёки ҳақоратлашни хаёлига ҳам келтирмаганини алоҳида таъкидлади.

Эдуард (фанатнинг исми) кейинроқ Франциянинг етакчи спорт наш-ри - L~Eqipue журналистлари илтимосларига кўра, айнан қандай луқмалардан фойдаланганини эслади: «Неймарга шунчаки, жуда суст ўйнаганини айтдим. Верратти ва Буффон ёнимга яқинлашишганида ҳам оддий гапирдим - «Ҳеч ким эмассизлар! Тезроқ ўтинглар. Олға, «Ренн»!» Эдуард шунинг баробарида юз берган ноқулайликдан роса ранжиганию, полицияга бразилиялик юлдуз устидан шикоят ёзишни режалаштирганини яширгани йўқ: «ПСЖ» клуби хавфсизлик хизмати вакиллари олдимга келиб, барчасини ўрнида ҳал қилишга ваъда беришди. Ўша вақт мени титроқ босганди, лабим ёрилган, бурнимдан қон оқаётганди. Аслида ўйиндан кейиноқ машинада Нантга қайтишим керак эди, бироқ Парижда қолишимга тўғри келди».

Маълум бўлишича, Эдуард «Ренн» футболчиларидан бири (исм-шарифи ошкор қилинмади)нинг яқин дўсти экан. Ҳар ҳолда, у Франция кубоги финалидан олдин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида футболчи дўстининг таклифига биноан, ўйинни воқеа жойида томоша қилиши ҳақида ёзган. Бу орада Неймарнинг қадрдонларидан бири - Алекс Бернардо Instagramда уни қўллаб-қуватлади. Яъни бразилиялик юлдуз жамоа етакчиси сифатида шерикларини ҳақоратлаган кишига шундай муносабатда бўлиш ҳуқуқига эга эмиш... Лекин ҳужумчининг ўзи нотўғри иш тутганини тан олди. «Ҳа, ўз хатти-ҳаракатимни оқлолмайман. Бундай қилмаслигим керак эди. Бироқ менинг ўрнимда ҳеч ким фанатнинг сўзларига бефарқ қараб туролмасди», — деб ёзди ҳужумчи Бернардо қолдирган изоҳ остига.

«ПСЖ»да Эдуарднинг қилмишини қасддан уюштирилган провокацион ҳаракат сифатида баҳолашмоқда. Клуб вакилларининг айтишларича, раҳбарият юз берган нохуш ҳодиса учун футболчини жазоламайди, аксинча, уни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. «Жамоамиз футболчилари ўз медалларини олиш учун юқорига кўтарилганларида ўша мухлис ҳаммани бирма-бир ҳақоратлади. Боз устига, у барчасини атайин суратга олди. Демакки, шов-шув кўтаришни кўзлаган», — дейилади Париж клуби вакили баёнотида.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz