Қайднома

Қидирув

Яна ҳакамлик мавзуси

Яна ҳакамлик мавзуси

  14.05.2019 09:29
  0
  639
Яна ҳакамлик мавзуси

«Пахтакор» - «Навбаҳор» баҳсида оғриқли масалалардан бири яна бир бора бўй кўрсатди - ҳакамлик ўйин сифати ва суръатига мувофиқ келмади. Натижада ЎФА Ҳакамлар департаменти дарҳол навбатдаги дисквалификацияларга мурожаат қилди. Шу қадар шошилинч тарзда қарор чиқарилдики, кўпчилик ҳайрон қолгани тайин. Ҳакамлар департаментининг шу қадар тезкорлиги ҳам реферилар ва умумий вазиятга таъсир қилмаётган экан, нимадир дейиш қийин...  Эътиборни тортадиган натижаларга келсак, «Навбаҳор» сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб, «Пахтакор»ни янада «қочиб» кетишига йўл қўйгани йўқ, «Локомотив» эса яна очко йўқотди...

 

1-КУН: ШАҲЗОД УБАЙДУЛЛАЕВ ВА ҲУМОЮН МУРТАЗОЕВГА ЭЪТИБОР 

«Сўғдиёна» - «Андижон» ўйинининг биринчи бўлими тўлиқ мезбонларга аталди. Ҳар ҳолда, жиззахликлар нисбатан оз имкониятдан максимал даражада самара чиқара олишди. Илк хавфли вазият 23-дақиқада юзага келди: Элёр Орипов ижросидаги жарима зарбасини Руслан Матниёзов бир амаллаб бартараф этди. 31-дақиқага келиб, таблодаги ҳисоб ўзгарди. Бу вазиятда ҳам «Андижон» дарвозабони яхшигина «сейв» намойиш этди, бироқ Улуғбек Бақоев шогирдлари такрорий уринишда уни ожиз қолдиришди, барибир. Хуллас, Сирож Мелиев тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига узатгач, у рақиб вакили Аброр Ҳусиновга тегиб, дарвозага йўл олаётган паллада Руслан Матниёзов ажойиб реакция кўрсатди, фақат шу атрофда ҳозиру нозир турган Шоҳруз Норхоновга халақит беролмади - 1:0. Танаффусга чиқиш арафасида эса, Даниэль Насриддинов жарима майдонига кириб бориб, голкиперни ҳам доғда қолдирди. Айтганча, Норхонов бу сафар энди ассистент ролини бажарди. Иккинчи бўлимда ўйин манзараси анча ўзгариб, устунлик Элдор Сакаев жамоаси томон ўтди. Айниқса, 21 ёшли Шаҳзод Убайдуллаев фаоллиги билан алоҳида ажралиб турди. Суперлигада дебют мавсумини ўтказаётган ва 2та гол уришга улгурган умидли ҳужумчи қатор уринишлардан сўнг 68-дақиқада ҳисобни қисқартирди. «Сўғдиёна»нинг биринчи голига ўхшаш ҳолат: Ойбек Қиличев жарима зарбасини амалга оширди, Ширинбой Абдуллаев тўпни қайтарди, у эса Шаҳбозга тушди ва 2:1. Бунга қадар мезбонлардан Шоҳруз Норхонов, меҳмонлардан эса Элдор Маматказинда яхши имконият туғилганди, аммо уларга аниқлик етишмади. Қолган дақиқаларда ҳам якуний зарба ўхшамади ва «Сўғдиёна» қаторасига 2та мағлубиятдан кейин қимматли ғалабани тантана қилди. «Андижон» эса 3та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз сериясини тўхтатди.

«Насаф» ва «Қизилқум» ўртасидаги ўйинда кескинлик ва муросасизлик кутилган даражада бўлгани йўқ. Ҳар икки жамоа футболчилари бошидан бирин-кетин ноаниқликка йўл қўйишди. Умуман, биринчи 45 дақиқаликда дарвозалар олдида айтарли хавфли вазият юзага келгани йўқ. Яхшики, қаршиликлар ҳам, навоийликлар ҳам иккинчи бўлимни нисбатан кўтаринки руҳда бошлаб, шундай давом эттиришди. Натижада мухлислар қисқа вақт ичида 2та гол кўришди. Аввалига Мурод Бобожонов ташаббусни ўз қўлига олиб, «Қизилқум»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Рўзиқул Бердиев шогирд­лари бу голга атиги 2 дақиқадан кейин жавоб қайтаришди. «Насаф»нинг ҳужумдаги янги умиди Ҳумоюн Муртазоев голли сериясини давом эттириб, тўпурарлар пойгасига бежиз қўшилмаганини исботлади - 1:1. Эътибор беринг, у охирги 4та ўйиндан буён рақиблар дарвозасига йўл топмоқда (5та гол). Учрашувнинг қолган чамаси ярим соатлик вақтида ҳар икки томон ҳарчанд уринмасин, ҳисоб ўзгаргани йўқ. 

 

2-КУН: ЎЙИН ВА ҲАКАМЛИК СИФАТИ ТУРЛИЧА...

Самарқандда АГМКни қабул қилган «Динамо» 3та ўйинга чўзилган ғалабасиз сериясига нуқта қўйди. Ўртадаги 3 очко тақдирини иккинчи бўлим бошида Шоҳруҳ Абдураҳмонов томонидан урилган ягона гол ҳал қилди. У Сардор Эминовнинг ажойиб узатмасидан сўнг олмалиқликлар кипери Низомиддин Зиёвуддиновга иш қолдирмади. Даврон Файзиев жамоасининг ушбу ғалабасида стадионга йиғилган 8 мингдан кўп мухлиснинг ҳам катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш ўринли. «Динамо» мухлислари ҳаво ҳарорати чамаси 35 даража иссиқ атрофида бўлишига қарамай, футболчиларни чиройли тарзда қўллаб-қувватлаб туришди. Умуман, жароҳат туфайли майдонга тушолмаган Акмал Холмуродов, Сирож Ҳамроев ва Отабек Нарзуллаев каби асосий футболчиларсиз ўйнаган «Динамо» тартибли футбол ҳисобига ғалабани тантана қилди. Тўғри, мезбонлар бутун вақт давомида назоратни ушлаб туришди, айниқса, дастлабки бўлимда. Инсоф юзасидан айтиш керак, Миржалол Қосимов шогирдлари ҳам қатор вазиятларга эга бўлишди, аммо улардан самара чиқаришга келганда... Ҳа, АГМКга нимадир етишмаяпти, ахир Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби 8та турда 5-марта мағлубиятни тан олди.

Турнинг марказий ўйини - «Пахтакор» ва «Навбаҳор» ўртасидаги навбатдаги қарама-қаршилик ҳам шиддат, муросасизлик бобида аввалгиларидан сира қолишгани йўқ. «Лочинлар»нинг аввалига 0:2 ҳисобида орқада бориб, якунда ўйинни қутқара олишгани - шиддат даражасидан нишона. Бевосита голларга тўхталсак, мезбонлар 20-дақиқада ҳисобни очишди: Фаррух Сайфиевнинг ўнг қанотдан оширган тўпини «Пахтакор» тўпурари Драган Черан боши билан Ўткир Юсупов дарвозасига йўллади. Иккинчи гол танаффусдан кейин, аниқроғи, 53-дақиқада кузатилди: Достон Ҳамдамов жарима майдончасига ёриб кираётган паллада кичик тўқнашув оқибатида йиқилиб тушди. Бош ҳакам Зокир Қодиров эса дарҳол меҳмонлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Шубҳали қарор, жуда шубҳали... Лекин бунинг Драган Черанга фарқи йўқ - у пенальтини аниқ бажариб, «дубл»ни нишонлади. Муҳими, Андрей Канчельскис шогирдлари шунда ҳам «синиб» қолишмади, аксинча, улар ҳужумкорликни кучайтиришди. Бу кўп ўтмай, самара берди: Аббос  Ғуломов ассистент ролида, Остон Ўрунов гол муаллифи. «Лочинлар» ўртадаги мувозанатни ўйиннинг якуний қисмида тиклашди. Шу куни фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган Остон ўнг қанотда 2 нафар рақибини чиройли тарзда алдаб ўтиб, тўпни жарима майдони ичида қулай вазият ҳосил қилган Абдужамол Исроиловга аниқ етказиб берди. У ўз навбатида боши билан зарба йўллаб, Санжар Қувватовни осонгина ожиз қолдирди - 2:2. Ўйин сифатига гап бўлиши мумкин эмас. Айниқса, иккинчи бўлимда тезкор футбол намойиш этилди. Аммо ҳакамлик шу суръатга мувофиқ тушмади. Пенальти белгиланган вазият, «офсайд» ҳолатини аниқлашдаги техник хато... Қисқаси, ЎФА Ҳакамлар қўмитаси учрашув тугани ҳамоно ҳакамликни кўриб чиқди ва Зокир Қурбонов ҳамда унинг ёрдамчиси Руслан Самандаровни маълум муддатга четлатди (бу ҳақда «Хабарингиз борми?» рукнида ўқинг).

 

3-КУН: «ДУБЛ»|ПЕНАЛЬТИСЕВАР ҒИЁСОВ

«Бунёдкор»нинг янги етакчиси гол урса, жуфт уради, акс ҳолда... Гап Суперлига-2019 ҳисобидан 3-марта «дубл»га эришган Хуршид Ғиёсов ҳақида кетмоқда. Вадим Абрамов жамоасида тобора муҳим ижрочига айланиб бораётган ярим ҳимоячининг бу сафарги қўшалоқ голи «Қўқон-1912» устидан ғалабани таъминлади. Аслида ТТЙМИ стадионида тенг кураш борди. Тўғри, мезбонлар бошида фаоллик кўрсатиб, 13-дақиқадаёқ пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Ушбу вазиятда Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ёш Жасур Жалолиддиновни қоидага хилоф тарзда тўхтатиб қолишди. Натижада Хуршид Ғиёсов чемпионатдаги 5-голини нишонлади. Ке­йинги дақиқаларда меҳмонлар бир неча марта ҳисобни тенглаштиришга яқин келишдию, уларга сўнгги паллада аниқлик етишмади. Иккинчи бўлим ҳам томонларнинг галма-гал ҳужумлари билан давом этди. Бу ҳаракатлар 65-дақиқада самара берди - Қувондиқ Рўзиев тўпни қанотдан ошириб бергач, Суҳроб Бердиев мувозанатни тиклади - 1:1. 75-дақиқада Суҳроб «дубль» муаллифига айланиши мумкин эди, фақат унинг кучли зарбасини Абдумавлон Абдужалилов катта қийинчилик билан бартараф этди. 85-дақиқа, яна пенальти, «нуқта»да яна Хуршид Ғиёсов ва яна бир «дубль». Эътиборли томони, Хуршид «Навбаҳор»га қарши кечган 3-тур ўйинда ҳам пенальтилар воситасида «дубл»га эришганди. Яна бир маълумот: Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер «Бунёдкор» - «Қўқон-1912» учрашувини бевосита стадионда кузатиб борди. Эҳтимолки, аргентиналик мутахассис Ғиёсовни ён дафтарчасига белгилаб қўйгандир...

«Сурхон» - «Бухоро» ўйинига ташриф буюрган 5 мингдан кўп мухлис биринчи бўлим ярмида гол кўрди ва барчасини шу ягона аниқ зарба ҳал қилди. Жарима нуқтасидан узатилган тўпни Ҳусниддин Ғофуров боши билан меҳмон жамоа дарвозасига жойлаб қўйди. Ўйин охирига қадар томонлар яна бир неча мартадан хавфли зарба ижро этишди, аммо бесамар. Айтиш жоиз, бу Андрей Микляев жамоаси учун 4та ғалабасиз ўйиндан кейинги ютуқ бўлди, Бахтиёр Ашурматов шогирдларида эса аксинча, зафарсиз одим 4та учрашувга етди.

Аввалги турда «Қўқон-1912»ни енголмаган амалдаги чемпион - «Локомотив» бу сафар Бекободда 1 очко олиш билан чекланди - нурсиз дуранг. Аслида ўйин ҳарорати юқори бўлди, ҳар икки клуб аъзолари кўп бора ҳисобни очишга яқин келишди. Дейлик, 17-дақиқада Ислом Исоқжоновнинг зарбасидан сўнг «темирйўлчилар»ни дарвоза устуни голдан қутқариб қолди. Бунга «Локо»дан Ислом Тўхтахўжаев худди шундай зарба билан жавоб берди. Иккинчи бўлимда «Металлург» вакили Баҳодир Пардаев рақиб дарвозасини нишонга ҳам олди. Фақат танаффусдан кейин бош ҳакам Азиз Асимов ўрнини эгаллаган Фаррух Янсупов «офсайд» туфайли голни ҳисобга олмади. Энди ҳакам алмашганига келсак, Асимов биринчи бўлим ярмида оддийдек кўринган ҳолатда «Локомотив» футболчиси Ҳусниддин Ғофуровга қизил карточка кўрсатди. Унинг шубҳали қарори табиийки, меҳмонларда кучли эътироз келтириб чиқарди. Қисқаси, Асимов босим таъсирида иккинчи бўлимга чиқмади, шекилли. Умуман олганда, Ҳакамлар департаменти унинг ишини ҳам жойида алоҳида таҳлил қилиб, бу борада баёнот берса яхши бўларди...

Давоми бор.

Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" нашрининг 14 май кунги сешанба сонида мутоала қилишингиз мумкин.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz