Қайднома

Қидирув

Игор Шквирин: «Днепр»даги шарт-шароитлар «супер» эди...»

Игор Шквирин: «Днепр»даги шарт-шароитлар «супер» эди...»

  15.05.2019 11:23
  0
  162
Игор Шквирин: «Днепр»даги шарт-шароитлар «супер» эди...»

Газетамизнинг аввалги сонларида Игорь Шквириннинг Football.ua сайтига берган интервьюси дастлабки қисмлари чоп этилганди. Бу сафар ана шу суҳбатнинг учинчи - якуний қисми билан танишишингиз мумкин.

- Тишенконинг жароҳати бормиди?

- Тиззасидаги муаммолар туфайли гидрокортизон уколини қилишарди. Бундан сўнг бир неча кун дам олиш керак эди. У эса укол олган куннинг эртасигаёқ майдонга тушаверарди. Натижада тиззаси ишдан чиқди ва ўйнай олмай қолди. Вадикнинг яна бир яхши хислати - ҳар доим ҳақиқатни гапирарди.

- Тишенко сизга нима деган?

- «Ўзбек, бундай футбол ўйнаб бўлмайди», деганди. У футболдаги ўз позициясидан келиб чиқиб гапирган. «Днепр»да характер бор эди. Антоша Шох подкат қиляптими, бошқалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади... Ҳа, қанча ўйинларнинг сўнгги дақиқаларида вазиятни ўнглаб олганмиз. У пайтларда компенсация вақти бўлмасди. Шу боис ҳам 88-90-дақиқаларда гол уришимизга тўғри келарди.

- СКА «Карпати»ни Владимир Булгаков бошқарган. У ҳақдаги хотираларингиз қандай?

- У оригинал ва яхши мураббий. Менга «ШквиГин» деб мурожаат қиларди. Булгаков туфайли ҳарбий хизматим ярим йил олдин якунланган. Мураббий янгиларни ҳарбий комиссариат вакили Валерий Беликовга тақдим қилган. Ўша пайтда чақирув якунланиб бўлганди. Бизни баҳорда олишларига тўғри келарди. Раҳбар полковникни чақириб, «Уларни армияга чақириш учун сенга қанча вақт керак?» деб сўраган. У ҳам «Қанча десангиз шунча-да», деб жавоб берган. «Эртага 12гача улгурасанми?» деб сўраган. Шунчаки, қасамёд қилганмиз. Тиббий текширувдан ўтиб бўлгандик. Натижада бизни 1985 йилнинг 31 декабрь куни рўйхатга олишган.

- Львовдан қайтганингизда Тошкентда сизни муаммолар кутиб турганмиди?

- Львовдаги квартирамни топширгандим. Чунки Тошкентдан уй олишим керак эди. Львовдагиси хизмат уйи эмасди. Бироқ Тошкентга қайтишни истадим. Боз устига, «Днепр» ҳам чақириб турганди. Шунга қарамай уйга қайтдим. Лекин Тошкентдаги хонадоним ҳали тайёр бўлмаган экан. Мени алдашганини тушуниб етдим. Шунинг учун ҳам Днепропетровскка йўл олдим. Шундан сўнг мени бир йилга дисквалификация қилишди.

- Ўзбек матбуоти ҳамма айбни сизга ағдарганми?

- Нималарни ёзишмади дейсиз... Ҳаттоки, энг йирик нашрлардан бўлган «Правда Востока» ҳам ёзди. Орадан вақт ўтиб, ортга қайтганимдан кейин эса ўша журналистлар интервью олишди. «Нимага ундай деб ёздинглар?» деб сўрасам, «Мен ёзмаганман» дейишди ҳаммалари.

- Бир пайтлари сиз «Днепр» собиқ иттифоқдаги биринчи профессионал клуб дегандингиз. Ўшанда нимани назарда тутгансиз?

- Ҳаттоки, «Спартак»нинг Тарасовкадаги базаси ҳам Днепропетровскдаги каби сифатли эмасди. Бир нечта майдон, кўл, чиройли табиат. Қолаверса, молиявий ҳолат ҳам яхши бўлган. Ўша пайтлар учун ажойиб шароит эди.

- Кейинги мураббий борасида омадингиз келган - «Днепр»ни Евгений Кучеревский қабул қилиб олган.

- Бир сафар ўзимизни ёмон тутиб, режимни бузгандик. Евгений Мефодьевич мени ўз олдига чақириб, «Нимага улар билан биргасан? Улар сени атайин қўшиб олишяпти. Агар улардек ўйнасанг ҳам айнан ўшаларни майдонга тушираман. Нимагалигини биласанми? Чунки улар бу жамоага нимадир беришган. Сен эса худди бир нарса бергандек тутяпсан, ўзингни», деганди. Кучеревский тортишиб ўтирмасди. Шунчаки, вазиятни тушунтириб, юзингизга гапирарди.

- «Пахтакор»га қайтишингиз украиналик мураббий Виктор Носов туфайли юз берганди.

- 1989 йил эди. Биз бирга кам ишлаганмиз. Айрим раҳбарлар унинг Тошкентдан кетишига замин яратишган.

- Иккинчи мавсумда 37 учрашувда 37та гол ургансиз. «Пахтакор»нинг ўшандаги устози Фёдор Новиков «Агар Шквирин ўз ишига астойдил берилганида, 70та гол урган бўларди», деганди.

- Менда вазиятлар жуда кўп бўлган. 70та урмаган бўлардим. Лекин жамоа футболчиларга ва мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш қилган. Владикавказнинг «Спартак» клубини икки марта мағлуб этган ягона жамоа бўлганмиз. Кейинчалик бу жамоа Россия чемпионлигини ҳам қўлга киритди. Бизга уларнинг қандай йўл билан ўйнашганини айтишганди. Шунчаки, биз бунга рози бўлмаганмиз.

- 35 ёшли Хорен Оганесян сизнинг асосий ёрдамчингиз бўлган. Айтишларича, чемпионат бошланишидан олдин у 11-12 кг. вазн ташлаган экан.

- Худди болаликдан бирга ўйнагандек таассурот уй­ғотганмиз. Ҳақиқий профессионал. Хорен Еревандагилар уни эрта сафдан чиқаришганини исботламоқчи бўлган. Албатта, бунинг уддасидан чиққан. Унинг тўп узатишлари эртакнамо эди. Сиз томон бир қараб қўяди-да, тўпни оёғингизга қўндиради. Бизни 2-3 кунга базага қамаб қўйишарди. Нима қилардик? Қарта ўйнардик. Ўша жараёнда футбол ҳақида гаплашардик. Ҳозирги футболчилар бир-бири билан гаплашмайди. Биз ҳаттоки турли комбинацияларни муҳокама қилардик. Гол уриш осон эди. Майдон марказида Қосимов ва Пятницкий каби ажойиб футболчилар бор эди.

- «Пахтакор»да Виталий Денисовнинг отаси Геннадий Денисов билан бирга ўйнагансиз. Виталий ҳам «Днепр»да ўзига ҳос из қолдирган. Катта Денисов ўғлини машғулотларга олиб борармиди?

- Виталикни 3 ёшидан буён биламан. Шўх бола эди. Ҳамиша йиқилиб тушган, урилиб кетган, ниманидир синдирган... Бир сафар ярим кун йўқолиб қолган. Кейин билсак, трамвайда сайр қилгани чиқиб кетган экан. Ҳамма қидирган. Кечки пайт эса ўзи қайтиб келган. Бу йигит кўз олдимда улғайган.

- 90-йиллар бошида Исроилга йўл олгансиз. Сизни таклиф қилган мураббий эса жамоани тарк этган. Уйга қайтиш истаги бўлмаганми?

- Чемпионат бошланишига бир ҳафта қолганида шундай бўлган. «Хапоэл»да бирданига ишим юришиб кетмаган. Айниқса, янги мураббий менга «Сен футболчи эмассан», деганидан сўнг. У мени бурчакка югуришга мажбур қиларди. Мен эса «У ерда хавфли эмасман. Менинг жойим жарима майдонида», деб тушунтирардим. У кетгунга қадар атиги учта гол урганман. Шундан кейингини ўзимни яхши ҳис қила бошлаганман. Янги мураббийимиз Моше Синай «Бунгача бўлган барчасини унут», деб кўнглимни кўтарган.

- Тель-Авивдаги жамоадошингиз Ҳасанби Биджиевнинг айтишича, «Хапоэл»дагилар ҳамиша айбдорларни қидиришган экан. Гарчи машғулотларга эрта борган бўлсаларинг ҳам, барибир, кеч қолганлик учун жарима тўлаган экансизлар.

- Ҳа, минг доллардан. Биз машғулотдан 20 дақиқа олдин борардик, ҳаммадан кеч бормасдик. Шунга қарамай жарима тўлардик. Улар ҳамиша айбдорларни қидиришарди ва кимнидир жазолашарди. Мўлжалда доим биз бўлганмиз.

- Исроилдан ташқари «Локерен» ва «Сент-Этьен» вариантлари ҳам бўлган. Нимага ушбу трансферлар юз бермаган?

- Бельгияда учта назорат учрашувида учта гол урганман. Ўзимни ҳеч қачон техник футболчи деб ҳисобламаганман. Аммо мураббий мени ажаблантириб: «Сен жамоамиз учун ўта техник футболчисан. Менга бетон деворни бузиб ўтадиган таран футболчи керак», деган. Роса ҳайрон бўлганман. Шунингдек, Аврам Грант бошқараётган Тел-Авивнинг «Маккаби»сига ҳам ўтишим мумкин эди. Бироқ ушбу жамоада легионерлар лимити тўлиб қолганди.

- Иврит тилини ўзлаштирганмисиз?

- Аввалига «ўнгга», «чапга», «олдинга», «орқага» каби сўзларни ёдлаганман. Лекин инглиз тилида гаплашардим. Ивритни ўрганишга ҳаракат ҳам қилмаганман. Боз устига, дўконларда кимдир барибир рус тилида мурожаат этарди. Аҳолининг аксарият қисми Исроилда 30 йилдан буён яшаётган бўлсада рус тилида гаплашарди. Лекин янги жамоага келганимда мураббий йиғилиш қилиб, «Фақат ивритда гаплашамиз. Ҳеч қандай инглиз тили йўқ», деган.

- Малайзияда собиқ иттифоқдан борган футболчилар жуда кам бўлган. Сиз дастлабкилардансиз. Бу умуман бошқа футбол оламими?

- Ҳа, фарқ жуда катта. Биринчи ўринда шароитлар. Жумладан, иқлим ҳам. Нам бўлгани учун ўйинлар соат 21:00да бошланарди. Агар 17:00да ўйнасак, жазирама Тошкентдагидан ҳам баттар бўларди. Баъзида ҳафтасига иккитадан ўйин ўткзардик. Бу жуда қийин. Кўп нарса мураббийга боғлиқ. Мен масалан, маҳаллий мутахассис қўл остида ўйнаганман.

- Сизни «Паханг»га бежизга чақирмаган бўлишса керак?

- 1994 йили Ўзбекистон термаси Осиё ўйинларида ғалаба қозонганидан сўнг мени Малайзия шаҳзодасининг шахсан ўзи чақирган. Унинг отаси ўшанда мамлакат футбол федерациясини бошқарарди. Малайзиялик шаҳзода ҳақида гапрадиган бўлсам, у Шаҳзода Чарльз билан поло ўйнарди. Кўриниб турибдики, обрўли инсон бўлган. Мени Малайзияда ҳайрон қолдирган нарса, маошларнинг ўз вақтида тўланиши бўлган. Исроилдан кейин, қачон кечиктиришаркин деб кутардим. Аммо бундай бўлмаган.

- Ўзбекистон терма жамоасида муваффақиятли фаолият олиб боргансиз. Жумладан, 1994 йилги Осиё ўйинларининг энг яхши футболчиси бўлгансиз. Шунингдек, биографиянгизда 1998 йилги Осиё ўйинларидаги ажойиб учрашув бор. Термангиз Мўғулистонни 15:0 ҳисобида мағлуб этган. Бу қандай бўлган?

- Қувайтни тўплар нисбати бўйича ортда қолдириш учун 11тадан кўп гол уришимиз керак эди. Чунки қувайтликлар билан биринчи турда 3:3 ҳисобида дуранг ўйнагандик. Мўғулларга 15та гол урганимиздан кейин мураббий ўриндиғидан «Мўғул дўстларимизни камситманглар», деб бақиришган. Аслида эса бунданда кўпроқ гол уришимиз мумкин эди.

- Хорижда кўп йиллар ўйнагансиз ва ҳамиша легионер мақомида бўлгансиз. Исроилда деярли 10 йил фаолият юритган украиналик Валерий Королянчукнинг айтишича, машғулотлар пайтида жамоадошлари билан муштлашиб тураркан. Сизда ҳам шундай вазиятлар бўлганми?

- Бу Исроил учун одатий ҳол. Менда Малайзияда ҳам шундай вазият юз берган. Жамоада бир-биримиз билан унчалик яқин эмасдик. Натижада можаро келиб чиққан. Маҳаллий футболчилардан бирининг томоғидан бўғиб, «Сени ўлдираман», дегандим. У эса бундай қила олмаслигим ва ёт мамлакатда эканлигимни айтган. Мен эса менга барибир эканлигини таъкидлаганман. Айнан шу вазият жамоага ижобий таъсир ўтказган. Кейинчалик муаммолар юзага келмаган ва кучимни футбол майдонида кўрсатишга ҳаракат қилганман.

- Шунингдек, Ҳиндистонда ҳам фаолият олиб боргансиз.

- Буни ўз кўзларим билан кўрганман. Бир йигит нимага бегона юртга кетаётганим билан қизиққан. Мен эса чақирувлардан чўчимаслигимни айтганман. Бир куни Калькуттадаги кафеларнинг бирида нонушта қилаётгандим. Маҳаллий аҳоли эса кўчанинг нариги томонида ювинаверарди. Боришим билан қандайдир вакциналар қилишган. Шунга бўлса керак, касаллик юқтиришдан чўчимаганман.

- Фаолиятингизни 38 ёшингизда якунлагансиз. Ўшанда ҳам гол уришни канда қилмагансиз. Қачон тўхтатишни ўйлагансиз?

- Бир неча бор қайтганман ва гол уришда давом этаверганман. Ҳозирги футболчилар 40та ўйинда 20та гол урса хурсанд бўлади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz