Қайднома

Қидирув

Инглизча финални ким кутганди?

Инглизча финални ким кутганди?

  15.05.2019 13:20
  0
  175
Инглизча финални ким кутганди?

Футболнинг сир-синоати яна бўй кўрсатди - илк ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Барселона» ва Англияда чиройли футбол намойиш этиб, буни ҳисобда ҳам акс эттирган «Аякс» қолиб, АПЛнинг икки вакили мўъжизавий тарзда Мадрид финали йўлланмасини қўлга киритса-я... Ҳа, ЧЛ тарихида иккинчи марта инглизча финал кўрадиган бўлдик. Айтинг, буни ким тахмин қилган ёки кутганди?

«Аякс» - «Тоттенхэм»

***  «Тоттенхэм» - ЧК|ЧЛ тарихида финалга чиққан 40-клуб. Яна бир томони ЧЛнинг охирги 11 мавсумидан буён янги финалчи кўзга ташланмаётганди. Хуллас, 2008 йили «Челси» финалчилар қаторига қўшилганидан кейин элит рўйхат ўзгармаётганди.

***  «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Лукас Моура 90}6-дақиқада ғалаба голини урди ва алоҳида натижага эришди. Бразилиялик 26 ёшли футболчи - ЧЛ тарихида ярим финал доирасидаги баҳсда «хет-трик» қайд этган атиги 5-ўйинчидир. Бунга қадар турнирнинг 1|2 финалининг битта ўйинида 3та гол уриш Алессандро Дель Пьеро, Ивица Олич, Роберт Левандовски ва Криштиану Роналдуга насиб этганди.

***  «Тоттенхэм» охирги 20 йил бадалига ЧЛ ярим финал баҳсини 0:2 ҳисобида бой бера туриб, якунда ғалаба қозонган илк жамоа бўлди. Бундай ҳолат охирги марта 1999 йили кузатилганди. Ўшанда «МЮ» клуби «Ювентус»га қарши учрашувда 0:2 ҳисобини 3:2га айлантириш уддасидан чиққанди. Эслатма, Англия жамоаси ўша мавсум финалда «Бавария»ни фантастик тарзда енгиб (2:1), бош соврин соҳибига айланган эди.

***  «Тоттенхэм» Англиянинг  ЧЛ финалига чиққан 5-клубидир. Хуллас, «шпорлар» бу борада АПЛни рекордчи чемпионатга айлантиришди. Бунга қадар турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль» ва «МЮ» жамоалари АПЛ шарафини ҳимоя қилганди. Гап замонавий турнир тарихи ҳақида кетмоқда, яъни Европа Чемпионлар кубоги мусобақаси ЧЛга айлантирилганидан кейинги даврда ҳеч қайси мамлакатдан финалга 5та жамоа чиққан эмасди. Англия лигаси бу борада 4та финалчи клубга эга Испания Примеросидан ўзиб кетди.

***  «Ливерпуль» - «Тоттенхэм» 2008 йилдан кейинги давр учун илк инглизча финал ҳисобланади. Умуман, турнирнинг янги тарихида финал атиги бир марта «Англия дербиси» кўринишини олганди. Яъни ЧЛ-2007|2008нинг Москва шаҳридаги «Лужники» стадионида ташкиллаштирилган ҳал қилувчи баҳсида «МЮ» ва «Челси» ўзаро ҳисоб-китоб қилганди (1:1, пенальтилар бўйича - 6:5). Дарвоқе, УЕФА кубоги-1971|1972да ҳам инглизча финал кузатилган ва унда айнан «Тоттенхэм» жамоаси «Вулверхэмптон»дан устун келганди - 2:1, 1:1.

***  «Тоттенхэм» ўз тарихида илк бора ЧЛ финалида ўйнайди. Дарвоқе, Лондон клуби бунга қадар 3 марта еврокубок соҳибига айланган эди. Ҳозирда «тақачилар» музейида УЕФА кубоги (1972 ва 1984 йиллар) ҳамда Кубок эгалари кубоги (1963 йил) бор.

***  Лукас Моура «Аякс» дарвозасини 204 сония ичида икки бора нишонга олди. «Тоттенхэм» қаҳрамони 55-59-дақиқаларда Андре Онанани ўз дарвозасидан 2 марта тўп олиб чиқишга мажбур этди. Лукас жорий турнирнинг гуруҳ босқичида 2тагина гол урганди.

***  «Аякс» сардори Маттейс де Лигт 19 ёшу 269 кунлигида ЧЛ ярим финалида гол муаллифига айланди. Хуллас, у турнир тарихидаги 1|2 финал баҳсларида гол урган энг ёш  футболчилар рўйхатида 4-ўринга жойлашди. Рўйхатнинг кучли учлигида Нордин Вотер («Аякс», 1996 йил), Обафеми Мартинс («Интер», 2003 йил) ва Килиан Мбаппе («Монако», 2017 йил) бор.

***  «Аякс» ўз тарихида илк марта ЧЛ ўйинида биринчи бўлиб гол ургани ҳолда якунда мағлубиятни тан олди. Амстердамликлар бунгача 49та ўйинда ҳисобни очган бўлсалар, уларнинг 41таси ғалаба қозонган ва 8тасида дуранг натижа қайд этишганди.

***  «Аякс» учрашувнинг илк дақиқаларида ЧЛдаги юбилей - 150-голини нишонлаб, Голландиянинг бу маррага етган биринчи жамоаси бўлди.

***  Дэйли Блинд ЧЛда «Аякс» сафида 26-ўйинини ўтказиб, бу борада отаси - Даннига тенглашиб олди. 29 ёшли голланд 2008-2014 ва 2018-2019 йиллар оралиғида шундай натижага эришди. Катта Блинд эса 1986-1999 йиллар оралиғида айнан «Аякс» шарафини ҳимоя қилганди. Айтганча, у 1995 йили Амстердам клуби сафида ЧЛ бош соврини соҳибига айланган эди.

 

«Ливерпуль» - «Барселона»

 

***  «Барселона» ўз тарихида еврокубоклар доирасидаги ўйинларда 6-марта 4та гол қўйиб юборди. Каталонияликлар охирги марта ЧЛ-2016|2017 1|8 финали илк учрашувида шундай қисматга дуч келишганди («ПСЖ»га қарши баҳс - 0:4). Тўғри, «Барселона» шунга қарамай, жавоб учрашувида барчасини ўз-ўрнига қўйиб (6:1), кейинги раундга чиққанди.

***  «Ливерпуль» ЧК|ЧЛ тарихида ярим финалнинг илк ўйинида йирик ҳисобда енгилишига қарамай, якунда ҳал қилувчи учрашувга йўл олган 3-клубдир. 1971 йили «Панатинаикос» («Црвена Звезда» - 1:4, 3:0) ва 1986 йили «Барселона» («Гётеборг» - 0:3, 3:0, пен. - 5:4) шундай натижага эришганди.

***  «Ливерпул»нинг бельгиялик ҳужумчиси Дивок Ориги еврокубокларда илк марта «дубл»га эришди.

***  «Барселоан» дарвозасини қисқа вақт ичида икки бора нишонга олган Жоржиньо Вейналдум 2012 йилнинг августида ПСВ сафида ЕЛ саралаш босқичидан ўрин олган «Зета»га қарши ўйин (9:0)да «хет-трик» қайд этганди.

***  «Ливерпуль» ўз тарихида 3-марта ЧК|ЧЛ финалига кетма-кет равишда йўл олди. Мерсисайдликлар ўтган мавсум ҳал қилувчи ўйинда «Реал»га бас келолмагандилар - 1:3. Англия клуби 1977 йили ЧК финалида «Боруссия» (Менхенгладбах)ни 3:1 ҳисобида енгиб, кейинги мавсум «Брюгге»ни ягона гол эвазига таслим этганди (1:0). Мавсум-1983|1984нинг ҳал қилувчи баҳсида ҳам «Ливерпуль» қўли баланд келган («Рома» - 1:1, пен. - 4:2), бироқ «қизиллар» кейинги йили омадсизликка учрашган («Ювентус» - 0:1).

***  «Барселона» ЧЛнинг охирги 3 мавсумида «плей-офф» раундлари доирасидаги сафар ўйинларда атиги 2та гол урди. Қолаверса, жамоа бу оралиқда 7та ўйиндан 1тасини ўз фойдасига ҳал қилди, холос (2та дуранг ва 4та мағлубият). Боз устига, «Барселона» бу ўйинларда нақ 15та гол қўйиб юборди.

***  «Ливерпуль» дарвозабони Алиссон қаторасига 2-мавсум ЧЛ «плей-офф» раундида «Барселона»га қарши ўйнаб, унинг кейинги босқичга чиқишига йўл қўймади. Бразилиялик кипер мавсум-2017|2018да «Рома» сафида  1|4 финалнинг илк ўйинида 4та гол қўйиб борган, аммо жавоб баҳсида дарвозасини дахлсиз сақлаганди - 1:4, 3:0.  

***  2013 йилдан буён ЧЛ финали илк марта Криштиану Роналду ва Лионель Мессисиз ўтади. Бу оралиқда аргентиналик футболчи ҳал қилувчи баҳсда 1 марта, португалиялик юлдуз эса 4 марта иштирок этди. Хуллас, иккисидан холи охирги финал 6 йил олдин кузатилганди («Боруссия» Д. - «Бавария» - 1:2). Диққатга сазовор томони, ўшанда Дортмунд жамоасини Юрген Клопп бошқарганди.

***  2013 йилдан буён финал илк марта Испания клубисиз ўтадиган бўлди. Эътиборлиси, Ла-лига вакиллари бу муддат ичида қаторасига 5 марта бош сов-рин соҳибига айланишди. 2014, 2016, 2017 ва 2018 йилларда «Реал» зафар қучган бўлса, мавсум-2014|2015 якунида «Барселона» тахтга кўтарилди. Охирги йилларда «Атлетико» ҳам икки марта финал юзини кўрганини айтиш ўринли.

***  «Ливерпуль» Юрген Клопп бошқарувида қаторасига 3-марта еврокубоклар финалига чиқди. Бошқача айтганда, Мерсисайд жамоаси германиялик мутахассис даврида еврокубокларнинг 2та ўйиндан иборат босқичларида бирор марта енгилгани йўқ. Клопп дебют мавсумида Ливерпул»ни ЕЛ финали сари етаклаган, аммо «Севилья» олдида ожиз қолганди. «Қизиллар» кейинги мавсум ЧЛ бош соврини учун курашда «Реал»га ютқазишди.

***  «Барселона» қаторасига иккинчи марта ЧЛ «плей-офф» раунди доирасидаги илк ўйинда 3та гол фарқи билан ғалаба қозонган ҳолда курашдан чиқиб кетди. Каталонияликлар ўтган мавсум 1|4 финалда худди шундай омадсизликка учрашганди («Рома» - 4:1, 0:3).

***  «Ливерпуль» ҳимоячиси Трент Александер-Арнолд «Барселона»га қарши жавоб ўйинида 2та голга ассистентлик қилди. Шу билан унинг жорий мавсумдаги самарали узатмалари сони 14тага етди (барча турнирларда). Англиялик футболчи бу борада «Ливерпуль» етакчисидир.

A.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz