Қайднома

Қидирув

Таранглик табассуми ёки яна армон, изтироб ва шодлик ҳақида...

Таранглик табассуми ёки яна армон, изтироб ва шодлик ҳақида...

  16.05.2019 07:16
  0
  642
Таранглик табассуми ёки яна армон, изтироб ва шодлик ҳақида...

Футбол оламида томонларни бир-бирига боғловчи ришта-иплар ўтган ҳафта шу қадар таранг тортилдики, асти қўяверасиз. Футбол шундай таранглик - «интрига» билан гўзал-да ўзи. Тарангликдан футбол юзида табассум. Ҳа, кимдир хафа, бошқа биров хурсанд. Майли, футбол учун ҳар икки томон баравар, тенг. Тарангликнинг юзага келиши - ўйин учун устувор тамойил. Воҳид Муродовнинг армони, Зокир Қодиров изтироби ва Остон Ўрунов шодлигида ҳам шу тамойил имзоси муҳрланган...

Воҳид Муродов. Газетамизнинг шу йил 7 май куни чиққан сонида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мулоҳазалар ёзишимиз керак эди. Аммо Намангандаги футбол байрами сабаб, бу ният ортга сурилди. Эзгуликнинг кечи йўқ. Айниқса, ўтганларни ёдлаш масаласида. Ҳар доим хотира мавзуси кун тартибига чиққанида футболчилар, мураббийлар ёки шарҳловчиларни эслаймиз. Ҳолбуки, футбол ҳамиша мухлислар билан тирик. Шу боис бу сафар футбол мухлислари руҳини шод этишни лозим топдик.

Албатта, бу фикрга ўз-ўзидан келмадик. Гап шундаки, ўтган жума куни сайхунободлик мухлисимиз Аҳмаджон бир муаммо юзасидан таҳририятга қўнғироқ қилди. Маълум бўлишича, Сайхунободга «ИнтерФутбол» жуда кеч етиб бораётган экан. «Мен обуна бўлсам, кўнглим тўқ туради, деб хом ўйлабман. Почта хизмати издан чиқибди!» - деди Аҳмаджон ака бироз маҳзун овозда. Мазкур муаммо бугуннинг оғриқли мавзуларидан бири эканлигини, ҳали ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, у кишига таскин бердик, лекин маҳзунлик сабабини сўрашга истиҳола қилдик. Эртаси куни Ғуломжон ака Ҳамидов айтиб қолди: Аҳмаджон аканинг суюкли жияни, фидойи футбол мухлиси Воҳиджон Муродов 42 ёшида вафот этибди. Воҳиджон оғир бетоб бўлишига қарамай, миллий жамоамиз келажаги хусусида кўп бош қотирган экан. «Вакилларимизнинг ЖЧга чиққан кунларини кўрармикинман!» - дея кўп бора бош чайқаганини айтишди. У сўнгги бор «Навбаҳор»нинг бу мавсум «Пахтакор»га қандай қаршилик кўрсатиши билан қизиқибди. Армонли, аммо ўзини оқлаган қизиқиш. Воҳиджон Муродов, умуман, бу фоний дунёни тарк этган барча футбол мухлисларини Ўзи раҳматига олсин.

Зокир Қодиров. Аввалдан таъкидлаймиз, бизнинг назаримизда Зокир Қодиров нистабан адолатли ҳакамлардан биридир. «Сурхон» - «Пахтакор» учрашувини ҳар ҳолда, одилона бошқарди ва айрим мухлисларнинг «қора» тахминларини пучга чиқарди. Унинг 3та ўйинда «офсайд»да қолиш сабаблари аниқ-тиниқ изоҳланмади. Бир қараганда, кўпроқ ва қўполроқ хатоларга йўл қўйиб, мухлисларда норозилик уйғотган ҳакамларга ҳеч бир чора кўрилмагани ва таёқ келиб-келиб, Зокир Қодиров бошида сингани ажабланарли. Тўғри, «Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашувида зиддиятлар меъёридан ортиқ юз берди, мухлислар ҳам роса ҳуштак чалишди, майдонга буюмлар улоқтиришди. Бироқ ўйинни Равшан Эрматов бошқарганида воқеалар жараёни бошқачароқ кечармиди? Бунга ишониш қийин. Равшан Эрматов ҳам ўша вазиятда пенальти белгиларди. Зеро, футболчиларнинг жойлашуви ва Достон Ҳамдамовнинг йиқилишидан бошқача хулоса чиқариш мушкул. Бу эса «Навбаҳор» мухлисларига ёқмаслиги кундек равшан. Демоқчимизки, гап ўйинни Зокир Қодиров ёки Равшан Эрматов бош­қарганида эмас, балки унинг ўта принципиал аҳамият касб этганида. Қайси ҳакам ишлашидан қатъий назар, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйинлар энди ҳеч қачон рисоладагидек ўтмайди. Негаки, «лочинлар» ва «шерлар» иштирокидаги учрашувлар аллақачон ўзбекча «Эль-класико»сига айланиб улгурди. Бу ўринда «Дўстлик ғалаба қозонди» қабилидаги гап-сўзлар бефойда. Йўқ, фикримизча, футболчиларда бундай кайфият яққол сезилмайди. Ҳаммасини мухлислар бошқаришмоқда. Уларнинг далдаси эмас, аксинча, талабига кўра, «Навбаҳор» иккинчи бўлимда уйғонди. Уйғонмаса ҳеч бир мухлис жамоани кечирмасди. Кучли босим остидаги учрашувни эсон-омон якунлагани учун аслида Зокир Қодировга раҳмат айтиш керак. Ҳар­қалай, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» ўйинини бошқаришга унча-мунча ҳакам ихтиёрий равишда рози бўлавермайди. Шу маънода Зокир Қодировнинг журъати, вазиятни ҳис қилишига қойил. Бошқа ҳакам бўлганида, балки 86-дақиқада ҳам пенальти белгилаб юборармиди? Ана унда нима бўларди?!

Остон Ўрунов. «Навбаҳор» асосий таркибидаги барча футболчиларни ўзларига яраша эътироф этган ҳолда, 3 нафар йигит - Остон Ўрунов, Абдужамол Исроилов, Аббос Ғуломовни алоҳида тилга олишни истардик. Чунки айнан шу футболчиларда ўзларини намойиш этиш иштиёқи бошқаларга нисбатан кучлироқ эканлиги кўзга ташланмоқда. Иштиёқ сабабини миллий терма жамоада ўйнаш орзуси билан боғлаш мумкин. Легионерларни ҳисобга олмаганда, бошқа тажрибали футболчиларда бундай хоҳиш алангаланмайди, бизнингча. Улар учун кўпроқ клуб манфаати долзарб саналади. Ёш футболчилар учун «Навбаҳор» каби ажо­йиб мухлислар муҳити ҳукмрон жамоада тўп суриш - имкон, восита, тақдир мукофоти. Қувонарлиси, Остон Ўрунов мана шу омиллар қадрига етиб, улардан унумли фойдаланишга интилмоқда. Унинг ҳаракатларидан завқ­ланган шарҳловчи «Қочиб кетдим Драгандан, қочиб кетдим Жалолдан...» - дея лутф қилгани бежиз эмас, албатта. Зеро, у тап тортмай алдашга киришаётган ва доғда қолдирган футболчилар терма жамоамиз аъзоларидир. Фаррух Сайфиевнинг асабийлашгани ва Обид Жўрабоев билан баҳслашганича бор. Уни ҳам тушунса бўлади. Ахир укаси тенги йигитча тўпни оёқлари орасидан бир эмас, икки марта олиб ўтиб кетса, асабийлашмаслик мумкинми?! Қўполлик билан тўхтатай деса, яна бўлмайди: жаримага сабабчи футболчини яхши кўришмайди одатда. Қолаверса, Остон кўзлари ёниб ўйнамоқда. Олов табиатли ёш иқтидорларни наинки мухлислар, балки футболчилар ҳам асрашади. Футболимиз келажаги йўлида Остон Ўрунов, Жасур Жалолиддинов каби ниҳолларни авайламоқ жоиз. Бизни қувонтирган жиҳат шуки, Остон рақиб жарима майдони ичида жуда далил ўйнайди ва кутилмаган ҳаракатларни амалга оширади. Гўё ўзини дриблинг­ни хуш кўрувчи ҳужумчидек тутади. «Пахтакор» дарвозасига урилган 2-гол чоғи рақибнинг икки футболчиси унга қаршилик кўрсатолмади, ҳимоячилар эса узатмани бартараф этишга улгуришмади. Дейлик, Игорь Сергеев ёки Марат Бикмаевда шундай абжирлик кузатилмади. Аёнки, ҳаммаси Андрей Канчелькис ишончининг натижаси. Истеъдодлар шу зайл кашф этилади ва аста-секин сайқалланади.

Хулоса. АПЛда чемпионлик пойгаси якунига етди. Суперлигада эса бу кураш ҳозирдан қизғин тус олмоқда. «Пахтакор»нинг дурангидан сўнг «Локомотив»да етакчига яқинлашиш учун яхши имконият туғилди. Бироқ «Металлург» бунга рози бўладими? Ушбу савол кўпчиликни қизиқтираётганди. Мана шундай вазиятда Азиз Асимов «темирйўлчи» Ҳусниддин Ғофуровни майдондан четлатди. Шубҳа-гумонлар авжга минган бир пайтда унинг ўзи ўрнини захира ҳакамига бўшатди. Недир сир-синоат бор-да шу Суперлига ҳакамларида...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz