Қайднома

Қидирув

Казуёши Миура: «Ҳали кетиш ниятим йўқ»

Казуёши Миура: «Ҳали кетиш ниятим йўқ»

  16.05.2019 12:43
  0
  298
Казуёши Миура: «Ҳали кетиш ниятим йўқ»

Жорий йил январида у Япония иккинчи дивизиони иштирокчиси - «Йокогама» клуби билан шартномаси муддатини узайтирди, 26 февралда 52 (!) ёшга тўлди, 23 мартда эса «Жифу» клубига қарши баҳсда майдонга тушиб, бир бўлим давомида тиним билмади. Дарвоқе, ўша учрашувда унинг жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди... Яқинда франциялик ҳамкасбларимиз дунёнинг энг кекса футболчиси Казуёши Миура билан интервью ташкил этишди.

 

- Казу, сиз билан суҳбатлашганда, ўз-ўзидан бир савол хаёлга келади: бутсаларингизни қачон михга илмоқчисиз?

- Билмайман... Ўйлашимча, футбол ўйнаш хоҳиши мени ҳеч қачон тарк этмаса керак. Қачонки тўлиқ машғулот ўтказишга кучим етмаса - шундагина кетиш керак бўлади. Ҳамма сўрайди: нега бу йил фаолиятимни якунламадим? Қизиқишаётгани табиий. Лекин ўзимга-ўзим бундай савол бермайман.

- Бироқ ўтган мавсум атиги 10га яқин ўйин ўтказдингиз, холос. 52 ёшда захира ўриндиғида ўтиришдан хафа эмасмисиз?

- Ранжидим, зеро мавсумолди йиғинларни кўнгилдагидек ўтказгандим, жиддий жароҳатларга йўлиқмагандим. Тушунмадим, майдонга туширишлари учун яна нима қилиш керак? Аммо қарорни мураббий чиқаради. Биз - футболчилар унинг айтганларига кўнишимиз шарт. Фахриймисан ёки 18 ёшли йигитчами, ўйнамаслик бир хилда алам қилади.

- Лекин сиз мураббийдан сўраш ҳуқуқига эгасиз, ёш бола эмассиз...

- Йўқ, ҳеч қачон бундай савол бермайман. Ҳаммадан ёшим катта, мени кузатишади, ўрнак олишади - шундай экан, ўзимни назорат қилишим керак. Кўпинча шу каби захирада қолиб кетадиган бўлсам, ўйиндан кейин якка ҳолда машғулот ўтказаман - шу тариқа стрессни енгаман.

- Аксарият футболчилар машғулотлардан зерикишгани учун ҳам фаолиятларини якунлашади. Сиз-чи?

- Бу борада ўзгачаман (кулади). Тушунаман, вақтим ўтди, ёшликни қайтариб бўлмайди, жисмоний ҳолатим ҳаминқадар. Лекин шунга қарамай формамни йўқотмасликка, мунтазам шуғулланишга интиламан... Организм аввалги ҳолатда бўлмасада, қалбим ёш.

- 52 ёшда-я?

- Футбол - жамоавий ўйин, тезлик аввалгидек юқори бўлмаса ҳам ёрдамингиз тегиши мумкин. Ҳужумчилар жуфтлигида бирининг ёши 51, иккинчисиники 17 бўлса, икки нафар 25 ёшли футболчидан кўпроқ самара келтириши мумкин.

- 50дан ўтган профессионалда қандай қийинчиликлар учрайди?

- Муаммо бисёр. Мисол учун, бу ёшдагилар соғлиғини назорат қилиши, тўғри овқатланиши керак. Аммо мен кўп таом ейман, ахир машғулотлар пайти вазн йўқотасиз, тезроқ тикланиш зарур. Акс ҳолда, оёқлар сизга бўйсунмайди. Ва албатта, йиллар ўтгани сари рақиб билан тўқнашувлар янада оғриқли кечади.

- Японияда кўпчиликнинг кумирига айланишингизга фаолиятингизни Бразилияда бошлаганингиз сабаб бўлган. Ажойиб! Бу қандай рўй берган?

- Ҳамиша Бразилия, Пеле ҳақида ўйлаганман, бразилияликларга хос тарзда алдаб ўтишга интилганман. Отам Япония ФФ делегацияси таркибида 1970 йили Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатига борган, ҳаммасини Super 8 камерасига ёзиб олганди. Болалигимда бу каби ҳаваскор фильмларни кўп кўрганман: Бразилия термаси, Пеле... Тоғам футбол мураббийи бўлган, алдаб ўтиш, жонглёрни ундан ўрганганман, Пеле ҳақида гапириб берарди. Барчасини ўз кўзим билан кўришни орзу қилардим.

- Ва 15 ёшингизда орзуингиз рўёбга чиқди...

- Мени Сан-Паулодаги «Атлетико Жувентус» клуби интернатига қабул қилишди, у ерда келгинди болалар яшашарди. Аввалига соқовдек юрдим, чунки тил билмасдим. Янгича ҳаётга кўникиш қийин кечган. Маҳаллий тенгдошларим учун бадавлат японларнинг ўғли, футболни ўрганиш учун келган сайёҳ эдим. Ҳеч ким ўйнашни хоҳлаётганим, таркибга киришга даъвогар эканим ҳақида ўйламасди.

- Мураббийлар-чи, улар сиз ҳақингизда қандай фикрда бўлишган?

- Ҳеч нима дейишмасди, лекин мени жиддий қабул қилишмаётгани яққол сезиларди. Майдонга туширишмасди, шу холос! Ҳаттоки, маш-ғулотлар пайтида икки жамоага бўлинганимизда ҳам ўйнатишмасди. Жуда хафа бўлардим. Бироқ сукут сақлардим, ичимдагини ташқарига чиқармасдим. Бу японларга хос одат. 16 ёшга тўлгандим, жамоадаги энг навқирони эдим...

- Аммо таслим бўлмадингиз...

- Техникам ёмон эмас, ўзимга бўлган ишонч етишмасди. Кейинчалик япониялик муҳожирлар жамоасида ўйнай бошладим. У турли муассасалар, фирмалар ўртасидаги чемпионатда қатнашарди. Заводлар, муниципал ташкилотлар жамоаларига қарши тўп сурардик... Рақиблар таркибидаги футболчилар мендан анча катта эди, бироқ айнан шу ҳолат менинг фойдамга ишлаган - чиниққанман. Ҳожатхоналар эшиклари қулфсиз, душлар иссиқ сувсиз эди, машғулотлар 40 даража иссиқда ўтказиларди, автобусда қаергадир борардик - деярли бир сутка давомида тинмасдик. Шу тариқа ҳақиқий жангчига айландим.

- Пеле билан илк учрашувингиз ёдингиздами?

- Албатта, ўша пайтлари унинг қадрдон клуби «Сантос»да ўйнардим. Пеленинг рақами остида тўп суриш бахт эди! Бир куни ёшлар жамоаси билан шуғулланаётганимизда, Пеле кийиниш хонасига кирган. Клубга қандайдир фотосуратларни олгани келган экан. Мени кўриб, ёнимга келиб сўради: «Камамотони (Япония термаси тарихидаги энг яхши тўпурар) танийсанми? Ажойиб ҳужумчи». Унинг япон футболи ҳақида илиқ фикр билдирганидан қувондим... Бу кунни ҳеч қачон унутмайман.

- Сиз Европада ҳам тўп сургансиз - 1994-1995 йилларда «Женоа» сафида ўйнагансиз. Италия ҳам сиз орзу қилган мамлакатмиди?

- Бразилияда ҳар ҳафта «А» серия ўйинлари трансляция қилинарди ва ҳамма бразилиялик юлдузлар Италияга йўл олишарди. Зико, Сократ, Фалькао, Карека, Алемао, Дунга... Шу боис мен ҳам ўша томонга ошиққанман. Лекин «Милан»га қарши кечган биринчи ўйинимда жароҳат олганман. Франко Барези билан тўқнашувдан кейин бурним синган. Икки ой даволанганман. Шунга қарамай, 34та ўйиндан 21тасида майдонга тушганман.

- Франция футболи ҳам сизга маъқул бўлганми?

- Жан-Пьер Папен ёрқин таасурот қолдирган. Унинг рақиб жарима майдончасида ўзини тутиши, тўпурарлик техникасига тан берганман. Бу борада Папенга етадигани бўлмаган! У мени Марселда ўтган юбилейига таклиф этган (1999 йил 30 май). Папеннинг дўстлари жамоасида Зидан, Кантона билан ўйнаганман, мураббий Эме Жаке эди. Албатта, бундай одамлар ёнида бўлишдан фахр туйганман.

- 1994 йили Япония термаси жаҳон чемпионатига чиқолмади, 1998 йилги мундиалда эса сизни «заявка»га киритишмади. Бирор марта ЖЧда қатнашмаганингиз алам қиладими?

- 1994 йилги муваффақиятсизлик ҳақиқий фожиа сифатида қабул қилинган. 1998 йилги мундиалда эса мураббий Такеши Окада шундай қарорга келган. Ваҳоланки, саралаш баҳсларида ҳаммадан кўп гол ургандим. Окададан хафа эмасман, лекин ўшанда алам қилганди. «Мундиалда ўйнамасам, қанақасига профессионал футболчи бўла оламан?» деб ўйлагандим. Ҳатто бир муддат футболдан кетиш ҳақида ўйлаганман. Умуман, ҳаммаси аста-секин унутилди, бошқа бундай хаёллар қийнамади.

- Ўшанда сизни ким қўллаб-қувватлаган?

- Филипп Труссье билан учрашганман. 1990 йил охирида Токио клуби («Верди Кавасаки») билан шартномам якунлангач, уни узайтиришмади, Труссье эса эндигина Япония термасини қабул қилиб олган, кўп ўтмай мени чақирганди. У янги, ёш жамоа тузишга бел боғлаганди, бунинг учун икки-уч нафар фахрий футболчиларга эҳтиёж сезаётганини айтди - ёшлар улардан ибрат олишлари кўзда тутилганди. Инглизчани яхши билмасдим, у ҳам, лекин бир-биримизни тушунганмиз. Труссьенинг айтганларини эшитиб мароқландим. Эҳтимол, айнан унинг гапларидан кейин Хорватияга бориб, у ерда ҳаммасини қайтадан бошлашга интилгандирман...

- 1998 йилги кўнгил яраси битдими?

- Йўқ. Албатта, ҳаёт давом этади, балки бундай воқеалар фойдамга ишлар. Аммо ростини айтсам, ўша ҳолатни ҳамон унутолмайман. Япония термасининг ЖЧдаги ўйинларини кўрсам, жумладан, жамоамизнинг ўтган йили Россияда қандай тўп суришганини кўриб, кўзимга ёш келди.

- Пелени ҳисобга олмасак, яна кимни буюк дейиш мумкин? Ким сизга кўпроқ ёқади - Кройфми ёки Марадона?

- Нимадир дейиш мушкул... Катта эҳтимол билан Марадонани танлайман, унинг ҳаётга нисбатан муносабати ёқади: нимани ўйласа, шуни гапиради. Кройф эса - хушбичим, кўркам, бошқа тоифа. Ваҳоланки, у ҳам қайсидир маънода Марадона сингари инқилобларга мойил.

- Мишель Платини ҳақида нима дейсиз?

- Биласизми, у мафия вакилларига ўхшайди. Ишонмайсизми? Қиёфасида гангстерларга хос нимадир бор. У Францияда ҳамон машҳурми?

- Францияда Платини ва Зидан - барча даврларнинг энг ҳурматга сазовор кишилари ҳисобланишади. Зиданни ЖЧ-2006 финалидаги қилиғидан кейин ҳам яхши кўришади.

- Бу тушунарли, ахир улар ажойиб футболчилар бўлишган. Айниқса, Зидан ҳақиқий артист эди, худди Марадона сингари. Аммо жаҳоннинг техникаси энг юқори бўлган футболчиси фаолиятини шу тариқа якунлаши - буни идрок этиш мушкул!

- Килиан Мбаппе борасидаги фикрларингиз қандай? Жаҳон чемпионатидан кейин уни Пеле билан солиштирганлар ҳам учради.

- Ажойиб йигитча, уни олдинда улкан ишлар кутмоқда. Бироқ Пеле... Бугунги кунда уникидек ёрқин фаолиятни такрорлаш деярли имконсиз. Уч марта ЖЧда ғолиб чиққан, яна кимдир буни уддалай олармикан?

- Неймар...

- Ундан кўнглим совиди, кўп ҳоларда футболни бир четга суриб, йиқилиш, жарима зарбаси ишлашга уринди.

- Яна сизга қайтамиз. Бир кун келиб, барибир, фаолиятингизни тугатишингизга тўғри келади...

- Эҳтимол, буни оммавий тарзда эълон қилмасман. Қачонки, машғулотлар ва йиғинлар пайти кетиш фурсати келганини тушунсам, ортиқча шовқин-суронларсиз кетаман. Мухлислар тўла стадионда хайрлашув сўзларини айтишни тасаввур қилолмайман. Гарчанд, нимадир де-йиш керак бўлса ҳам...

- Бутсаларингизни михга илгач нима билан шуғулланмоқчисиз?

- Бу ҳақда ўйламаяпман. Тушунаман, яна беш йил тўп суриш жуда қийин бўлади, балки икки ёки уч йил ўйнарман... Кейин нима қиламан... Бирор-бир клубда мураббий, президент, бош директор, ТВда консультантлик... Буларнинг бари менга қизиқ эмас. Оддий «jogador» (португалчада - ўйинчи) бўлмоқчиман. Французчада «jogador» нима бўлади?

- «Joueur»...

- Ҳа! «Joueur» бўлмоқчиман. Бош-қа соҳа ҳақида умуман ўйламаяпман. Имкони бўлса, сўнгги нафасимгача тўп сурмоқчиман. Ўлганимдан кейин газеталарда «Собиқ футболчи Казу Миура вафот этди» деб ёзишларини хоҳламайман. «Футболчи Казу Миура вафот этди» дейилса, яхшироқ эшитилади.

 Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz