Қайднома

Қидирув

Евротур: НУФУЗДА ҲАМ, МАРРАДА ҲАМ БИРИНЧИ!

Евротур: НУФУЗДА ҲАМ, МАРРАДА ҲАМ БИРИНЧИ!

  17.05.2019 06:44
  0
  326
Евротур: НУФУЗДА ҲАМ, МАРРАДА ҲАМ БИРИНЧИ!

Ҳа, миллий чемпионатлар орасидаги энг қизиқарлиси бўлган АПЛ марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Ла Лига ва Бундеслига баҳслари шу ҳафтада ниҳоясига етса, Италия ҳамда Франция вакиллари яна икки марта майдонга тушадилар.

Англия. Олтинга тенг бир очко

12 май оқшомининг бир хил вақтига белгиланган 10 учрашувдан кейин Англия чемпионати якунига етди. Дарҳақиқат, бор-йўғи бир очколик фарқнинг бир неча ой сақланиб қолишини таъминлай олган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» қарама-қаршилиги бутун дунё мухлислари эътиборида турганди. Очиғи, етакчи ҳам, таъқибчи ҳам ҳал қилувчи босқични аъло даражада босиб ўтишди. Бироқ тож битта бўлгани боис, таъқибчи йўл беришга мажбур бўлди.

Сўнгги турда «Сити» Брайтонда майдонга тушган бўлса, «Ливерпуль» «Энфилд»да «Вулверхэмптон»ни қабул қилди.

Табиийки, мухлислар бу икки учрашувни ҳушёрлик билан кузатишди. Юрген Клопп жамоаси 17-дақиқада ҳисобни очганида «Энфилд»даги манзарани таърифлашга тил ожиз эди. 10 дақиқадан кейин яна «портлаш» рўй берди, гарчи ҳисоб ўзгармаган бўлса ҳам. Чунки «Брайтон» «Сити» дарвозасини ишғол этганди. Аммо «Ливерпуль» тарафдорларининг қувончи узоққа чўзилмади - Агуэро ўзининг аниқ зарбаси билан Мюррейнинг голига жавоб қайтарди, яна 10 дақиқадан кейин эса Ляпорт «шаҳарликлар»ни олдинга олиб чиқди.

Танаффусдан кейин Садио Мане «бўрилар»ни яна бир марта ранжитди, Маҳрез ва Гюндоган эса Брайтондаги зафарни йирик кўринишга олиб келишди. Натижада чемпионлик унвони қаторасига иккинчи марта Гвардиола жамоасига насиб этди.

Бронза медаллари «Челси» ёки «Тоттенхэм»га тегиши аввалги турда маълум бўлганди. Таажжубки, сўнгги турда бу жамоалар дуранг билан чекланишди - «кўклар» «Лестер» дарвозасига йўл топа олишмади, «шпорлар» Лондонда «Эвертон»дан устун кела олмадилар - 2:2.

Бёрнлида ишончли (3:1) ғалабага эришган «Арсенал» 5-поғонадан жой олди. Ҳал қилувчи босқичда омадсизликка дуч келган «МЮ» «Олд Траффорд»да аламзада «Кардифф»дан сўнгги «тарсаки»ни (0:2) қабул қилиб олди.

Шу тариқа якунига етган мавсумда голлар сони бўйича АПЛ рекорди ўрнатилди - 1072та гол.

Испания. «Реал» яна маҒлуб

Ла Лиганинг ҳисобот турида «Реал» навбатдаги мағлубиятини тан олди. Бу сафар Зидан шогирдлари «Реал Сосьедад»га имкониятни бой беришди - 1:3. Ҳатто сафга қайтган Карим Бензема ҳам вазиятга ижобий ўзгариш кирита олмади. Ваҳоланки, франциялик ҳужумчининг самарали узатмаси эвазига Браим Диас 6-дақиқада «Қироллик клуби»ни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Бироқ мезбонлар тез орада мувозанатни тиклашди. Бўлим якунланиши арафасида Хесус Вальехо Куртуа дарвозасига кириб кетаётган тўпни қўли билан қайтаришга мажбур бўлди. Оқибатда ҳакам уни тўғридан-тўғри қизил карточка, жамоасини эса пенальти билан жазолади. Тибо «нуқта»дан йўлланган тўпни ушлаб олди, лекин мезбонлар танаффусдан кейин озчилик бўлиб қолган «Реал» дарвозасига 2та гол уришди. Таажжубки, пенальтини бартараф этган бельгиялик моҳир дарвозабон кейин ишончли ўйин кўрсата олмади.

ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик асоратидан аста-секин фориғ бўлган «Барселона» «Камп-Ноу»да кучли квартетга интилаётган «Хетафе»ни 2:0 ҳисобида маҳв этди. «Валенсия» эса бундан унумли фойдаланиб, ўз майдонида «Алавес»дан 3 очкони тортиб олган (3:1) ҳолда 4-ўринга кўтарилиб олди. Хуллас, охирги турга бўлган қизиқишни етакчи тўртликдан жой олиш учун кечадиган ўйинлар таъминлаб беради. 18 май оқшомида «Валенсия» «Вальядолид» билан сафарда куч синашади, «Хетафе» эса ўз майдонида «Вильярреал»ни қабул қилади.

Германия. Ҳаммаси сўнгги турга Қолди

Бундеслига ғолиби ҳам охирги турда аниқланадиган бўлди. Дортмунднинг «Боруссия»си ўз майдонида ўртамиёна «Фортуна»ни катта қийинчилик билан бўлсада маҳв этиб (3:2), пешқадамга яқинлашиб олган ва «Бавария»нинг Лейпцигдаги ўйинини сабрсизлик билан кутаётганди. Дортмундликлар бахтига, «РБ Лейпциг» етакчининг муддатидан аввал шоҳсупага кўтарилишига имкон бермади - 0:0. Шу тариқа янги чемпион номи сўнгги турда аниқланадиган бўлди. Унда «Боруссия Д» Менхенгладбахда номдош рақибидан қимматли 3 очкони тортиб олишга уриниб кўради. Амалдаги чемпион эса аламзада «Айнтрахт»ни қабул қилади.

Дарвоқе, франкфуртликлар жамоаси ўз майдонида камтарин «Майнц»га имкониятни бой бериб (0:2), турнир жадвалидаги мавқеини тушириб юборди. Лондондаги аламли мағлубият («Челси» - 1:1, пен.: 3:4) уни ЕЛ финалидан маҳрум этгани етмагандек, энди жамоага еврокубоклар ҳудудидан чиқиб кетиш хавф солмоқда. 6-поғонани сақлаб қолиш учун «Айнтрахт» «Альянц Арена»да «Бавария»га бас келиши талаб этилади. Акс ҳолда, «Вольфсбург» унинг ўрнига кўтарилиб олиши мумкин. Бироқ чемпионлик тақдири ҳам қил устида турганлигини унутмаслигимиз керак, мюнхенликларга ҳам ҳеч бўлмаганда бир очко жуда зарур.

Италия. ЮҚорида ҳам, Қуйида ҳам вазият кескин

«А» сериянинг 36-туридан кейин совринли 3-ўрин ва еврокубоклар ҳудуди учун кураш қизғин тус олди. Шунингдек, Генуяда «Сампдория»дан 3 очкони тортиб олган «Эмполи»да элитадаги ўрнини сақлаб қолиш умиди пайдо бўлди.

Аввалги турда Римдан зафар («Лацио» - 3:1) билан қайтган «Аталанта» бу сафар ўз уйида «Женоа» устидан ишончли ғалабага эришди ва 4-ўринга мустаҳкам ўрнашиб олди. Қизиғи, чемпиондан ташқари барча номдор жамоалар ғалаба қозонишди. Жумладан, «Рома» ўз майдонида «Ювентус»ни таслим этди - 2:0. «Лацио» Кальяри сафаридан 3 очко (2:1) билан қайтди, «Интер» ўз майдонида («Кьево» - 2:0), «Милан» эса сафарда («Фиорентина» - 1:0) зафар қучишди. Шунингдек, Феррарада «Наполи» СПАЛдан 2:1 ҳисобида устун келди. Натижада турнир жадвалидаги вазият ўта кескин кўриниш олди. Етакчи квартетдаги «Интер» ва «Аталанта»ни «Рома» ҳамда «Милан» изма-из таъқиб қилишмоқда. Тақдир тақозосига кўра, кейинги турда 3-ўрин соҳибини «Наполи», 4-поғона эгасини эса шахсан чемпион синовдан ўтказади. Аутсайдерлар гуруҳини тарк этишга уринаётган «Эмполи» эса эндигина евроҳудудга кириб келган «Торино»ни қабул қилади. Хуллас, охирги икки тур баҳслари зериктириб қўймаслигига кафолат берамиз.

Франция. «Монако» танг ҳолатда

36-тур арафасида «ПСЖ» ҳужумчиси Неймарга нисбатан навбатдаги дисквалификация эълон қилинди. Франция кубоги финалидан кейин мухлисга зарба бергани учун бразилиялик легионер 3та учрашувни ўтказиб юбориши керак эди. Бироқ бу жазо кубок мусобақаларида қўлланилади. Шу боис, Неймар ҳисобот турида майдонга тушди ва «Анже»га қарши баҳснинг асосий қаҳрамони бўлди. Аввалига ҳакамлар Эдинсон Кавани томонидан урилган голни «офсайд» ҳолатида деб инобатга олишмаганди. Кейинги ҳужум эса Неймарнинг дарвоза томон бош билан йўллаган аниқ зарбаси билан тугади. Танаффусдан кейин у бурчак зарбаси эвазига Анхель ди Марияни тўп билан таъминлади. Натижада ҳисоб йириклашди.

Пойтахт жамоаси дарвозабони Жанлуижи Буффон 3 ойлик фаолиятидаги дастлабки «қуруқ« ўйинини нишонлаш тадоригини кўра бошлаган паллада Маркиньоснинг қўполлиги туфайли унинг дарвозасига пенальти белгиланди. «Анже» вакили Флавьен Тэт эса зарба йўллашда хатога йўл қўймади - 2:1.

Леонарду Жардим қайтганидан кейин мавқеини тиклаб олган «Монако» эса 7 турдан бери ғалаба қозона олмасдан келмоқда. Бу сафар князлик клуби Нимдан кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубият билан қайтди. Турнир жадвалидаги вазиятдан хулоса чиқарадиган бўлсак, «Монако» охирги икки беллашувни муваффақиятли ўтказиши шарт. Акс ҳолда...

Ўз майдонида «Монпелье»га имкониятни бой берган (0:1) «Сент-Этьен» «Лион»га яқинлашиш имкониятини қўлдан чиқарди. Боз устига, «Лион» «Марсель» майдонида йирик (3:0) ғалабага эришиб, ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди.

2-ўринда келаётган «Лилль» «Бордо» дарвозасига йўллаган ягона аниқ зарбаси эвазига навбатдаги 3 очкони қўлга киритди. Охирги 2 тур ўйинларида етакчи тўртликда жиддий ўзгаришлар кузатилмаса керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz