«Ақлли, чаққон ва тезкор. У тўп билан ғаройиб ҳаракатларни амалга оширди», - деди Трент Александер-Арнолд ҳақида унинг биринчи мураббийларидан бири Иан Бранскилл. Бундай гаплар қанот ҳимоячиси манзилига йўлланганини ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Бу масалада Жейми Каррагер ҳам ҳазил аралаш фикр билдирганди: «Ҳеч ким улғайиб, Гарри Невилл сингари қанот ҳимоячиси бўлишни хоҳламайди». Трент ўз ўйини билан бу ҳазилнинг аҳамиятини йўқотди.
Майдонда у оддий қанот ҳимоячиларга хос бўлмаган тарзда ақлли ўйин кўрсатади, унинг жарима зарбалари тепиш техникаси Дэвид Бекхэмникига қиёсланади. АПЛ 28-тури доирасидаги «Уотфорд»га қарши баҳс 5:0 ҳисобида «Ливерпуль» фойдасига ҳал бўлди, барча голлар қанот ҳимоячиларининг пасидан сўнг амалга оширилди. Трент самарали узатмалар бўйича «хет-трик» қайд этиб, ўйиндан кейин тўпни ўзи билан олиб кетди. Кам учрайдиган ҳолат, айниқса, 20 ёшли йигитча учун. «Авваллари бир футболчи ассист бўйича «хет-трик» муаллифига айланган учрашувларни кўрганман, деб ўйламайман. Бу ўзгача ҳолат», - деди Юрген Клопп фахр билан.
Александер-Арнолд турли ҳолатларда узатмалар йўллаш бўйича ҳам анча ўсишга эришмоқда. «Қанот ҳимоячилари учун плеймейкерлик кўникмалари муҳимлик касб этмоқда, - дейди ESPNнинг тактик масалалар бўйича мутахассиси Майкл Кокс. - Одатда, экспертлар «замонавий қанот ҳимоячиси» ҳужумчиларни қўллаб-қувватлашни билиши керак, деб ўйлашади, аслида эса бу позицияда тўп сурувчиларнинг иш кўлами анча кенгайган. Майдоннинг жамоаси жойлашган қисмидан туриб ақлли узатмалар йўллаш ҳам жуда муҳим. Деярли барча замонавий жамоалар зич прессинг эвазига майдон марказини ёпишади, шу тариқа марказий ҳимоячи ва марказий ярим ҳимоячиларга тўп назоратини беришмайди. Бундай ҳолларда айнан қанот ҳимоячиларида бўшлиқлар пайдо бўлади».
Кокснинг фикрича, Александер-Арнолд бу услубдан ажойиб тарзда фойдаланадиганлар сирасидан. Клопп ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади, Трентнинг ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилиш асносида, шундай деди: «Мен ҳам фаолиятимнинг катта қисмини қанот ҳимоячиси сифатида ўтказганман. Менинг функцияларим ҳозирги пайтдагисидан кескин фарқланарди. Албатта, ҳамон яхши ҳимояланиш муҳим, бироқ ҳужумдаги вазифалар ўзгарган. Эндиликда аксарият жамоалар ҳимояланиш пайтида қанотларни бўш қолдиришмоқда. Агар ҳимоячи етарли даражада жасорат топиб, рақиб жарима майдончасида шерикларини топиш учун керакли техник салоҳиятга эга бўлса, жамоасига катта фойда келтиради».
Майдон ташқарисида ҳам Трент сер-қирра: хайрия, оила ва шахмат ўйинлари. Яқинда у шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни беллашув чорлади. Ҳа, қаҳрамонимиз 17та юришдан кейин ютқазди, аммо Магнус у каби жарима зарбаларини қойилмақом тарзда ижро этолмаслиги аниқ.
***************************
Трент «Энфилд»дан унча узоқ бўлмаган ҳудудда, Стивен Жеррард «Ливерпул»да дебют қилишидан бир ой аввал туғилган. Шаҳарда 6-7 ёшли болакайлар учун ҳақиқий кураш кечмоқда. «Ливерпул»нинг бутун дунёдаги 300 миллионга яқин ишқибозлари ушбу якшанба куни бўладиган дербини томоша қилишади... ва «Эвертон»нинг бир неча мухлислари ҳам», - деганди Юрген Клопп сўнгги Мерсисайд дербиси арафасида. Германиялик мутахассис бутун дунёдагиларни гапирганда ҳақ эди - икки клубдан бирини танлаш керак бўлса, кўпчилик «қизиллар»ни маъқул кўради. Лекин шаҳар ичида вазият мутлақо ўзгача - «Ливерпуль» ва «Эвертон» ишқибозлари сонидаги фарқ катта эмас, «ирискалар» академияси тарбияланувчилари эса мунтазам равишда «қизил» тенгдошларидан устун келишади.
Якуний қарорга келишида «Энфилд»даги ўйин сабаб бўлганди. Ўшанда онаси Дайан билан Чемпионлар Лигаси чорак финали доирасидаги «Ювентус»га қарши кечган ўйинни кўргани борганди. Хююпя ва Луис Гарсиянинг голлари «Ливерпул»га ғалаба келтирганди. «Энфилд»даги муҳит, ҳиссиётлар ўзгача эди», - дея эслайди Трент. Кейинчалик қаҳрамонимиз «қизиллар» клубининг бир қисмига айлангач, майдон четида тўп узатиб, асосий таркиб футболчилари билан майдонга тушган.
Трент дастлаб ҳужумда, кейинчалик ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳамда қанот ҳимоячиси сифатида тўп сурган, аммо «Ливерпуль» академиясида асосий вақти майдон марказида ўтган: «Аниқ бир позициям бўлмаган. Мураббий қаерга қўйса, ўша ерда ўйнайверганман. Тезкорлигим сабаб қанотларга, ҳаттоки, ҳужумга ҳам қўйишар, баъзида ярим ҳимояда ҳам ҳаракат қилардим. 14-15 ёшимда ўзимга ишончим ортгач, ярим ҳимояга ўтиб, 17 ёшимгача шу позицияда тўп сурганман».
Стивен Жеррард «Ливерпул»нинг U-18 жамоасида ишлаганида, Трентни майдон марказига қўйган. Александер-Арнолд U-16 ва U-21 жамоаларида етакчи ва сардор бўлган. Жеррард 16 ёшли шогирдининг ўйинидан шу қадар таъсирланганки, автобиографиясида у ҳақда фикр қолдирган: «Трент топ футболчи бўлиш учун ажойиб имкониятга эга». Ушбу сўзлардан кейин Александер-Арнолдни ҳамма таниди, онаси эса фарзандининг машҳурликка эришганига дастлаб ишонмаганди. Ушбу гап-сўзлардан уч йил ўтиб, Трент Чемпионлар Лигаси финалида ўйнади, Англия термаси сафида жаҳон чемпионатига борди, Under Armour билан реклама шартномаси имзолади.
***************************
Мудофаа чизиғида ўйнаш бўйича кичик тажриба АПЛдаги дастлабки ўйинларда ўз сўзини айтди. «Трентга эътибор беринглар! Унинг салоҳиятини кўринг! У ҳимоядаги ўйинини яхшилаши лозим, асосий мақсади ҳам шу. Ҳа, у ҳозир болакай, бироқ ҳақиқий эркакдек ҳимояланишни ўрганса, Премьер-лига ўйинларини мунтазам равишда бошлан-ғич таркибда бошлайди», - деганди Клопп. Бугунги кунда Трент АПЛдаги энг яхши мудофаа чизиғининг ажралмас қисмига айланган.
***
Қачонлардир Трент асосий жамоада ўнг қанот ҳимоячиси позициясини эгаллашига ишонмаганди. Бу ҳақда у FourFourTwo журналига берган интервьюсида гапирганди. Александер-Арнолднинг айтишича, «қизиллар» асосий таркибига ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида кириш осонроқдек туюлган. Унга қадар Натаниэль Клайн асосий таркибга муқим жойлашганди, унга рақобатчи топиш мақсадида Фабиньони сотиб олиш вариантини ҳам кўриб чиқишганди. Ҳаммаси 2017|2018 йиллар мавсумида ўзгариб кетди ва Трент ўнг қанот ҳимоячиси сифатида бир йилни ажойиб тарзда ўтказди. Унга Лейн-дерснинг машғулотлари ва Клайнни жароҳати асқотди. Фабиньони эса кейинчалик Эмре Жаннинг ўрнига харид қилишди.
Ўша мавсум Трент учун ғоятда омадли бошланди - Чемпионлар Лигаси квалификацион раундида «Хоффенхайм» дарвозасини иш-ғол қилди. «Манчестер Сити»га қарши кечган чорак финал учрашувларида эса Александер-Арнолд «плей-офф»нинг ушбу босқичида майдонга тушган энг ёш англиялик футболчи бўлди. Унинг Лерой Сане билан ўтказган дуэллари кўпчиликнинг ёдида. Гвардиола Трент қўриқлаётган қанот «Ливерпул»нинг заиф нуқтаси деб ҳисоблаб, асосий кучни ўша томонга ташлаганди. Аммо бу режа иш бермади, «қизиллар» 3:0 ҳисобида зафар қучишди.
***************************
Шон-шуҳратдан ҳаволаниб кетмаслигига оила аъзолари сабабчи. «МЮ»га қарши баҳсни илк дақиқалардан бошлашимни эшитган онам йиғлаб юборганди», - дейди Трент АПЛдаги дебютини эслаб. Александер-Арнолд ота-онаси билан яшамоқда, ҳар галги интервьюсида оиласини тилга олади: онаси ҳар бир жиҳатларни кузатиб, бўшашишига йўл қўймайди, акаси эса агент ролини бажаради. «Бутун фаолиятимни «Ливерпул»да ўтказишни хоҳлайман», - дейди Трент.
***
Ливерпулда туғилиб, «қизиллар» шарафини ҳимоя қилиш - улкан масъулият. Трент буни жуда яхши англайди. Ўз навбатида, шаҳардаги хайрия тадбирларида қатнашади. Ўтган мавсум Александер-Арнолд болаларда учрайдиган оғир хасталикдан азият чекаётган 9 ёшли Луисни анъанавий фахрий даврага таклиф этди. «Луисни ҳар доим ҳам бахтиёр кўравермаймиз, аммо ҳозир у жуда мамнун», - деганди болакайнинг онаси. Трент оила аъзолари билан биргаликда «Бошқалар вақти» акциясида фаол қатнашади, болалар шифохоналари, мактабларга ташриф буюриб, егуликлар тарқатади.
Муҳими, Трент шунчаки чек ёзиб бериш ёки тадбирларда кўриниш билан чекланмайди, у ҳақиқатан оддий кўнгиллининг ишини бажаради, бунинг учун бўш вақтини сарфлайди. Мазкур хайрли ишлар клуб мунтазам равишда ўтказадиган хайрия акцияларидан (уларда ҳам қатнашади) алоҳида тарзда ташкилланади.
Трент худди Каррагер ва Жеррард сингари мактабларга катта эътибор қаратади: «Шу замин фарзанди бўлганим учун кўп жиҳатларда масъулиятни ҳис қиламан. Кимларгадир ўрнак бўлиш қандай таъсир ўтказишини биламан. Кимнингдир ҳаётини ўзгартириш - ҳафта давомида қилишим мумкин бўлган энг яхши ишдир. Нафақат маҳоратли футболчи, балки яхши инсон ҳам бўлиш керак», - дейди Александер-Арнолд.
Трент чиндан ҳам яхши йигит. Интервьюларининг бирида у футболдаги энг яхши илҳом манбаи - қадрдонларининг юзидаги табассум эканини таъкидлаганди. Афтидан, тез орада Ливерпулда улғайгач, қанот ҳимоячиси бўлишни хоҳлайдиган болакайлар сони кескин ортадиган кўринади.
Жаъфархон БОБОХОНОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20