Қайднома

Қидирув

Бонг - «Пахтакор» кочяпти…"Сурхон" эса "бронза" ўрнида...

Бонг - «Пахтакор» кочяпти…"Сурхон" эса "бронза" ўрнида...

  21.05.2019 03:20
  0
  449
Бонг - «Пахтакор» кочяпти…

Ҳа, миллий чемпионатимиз элит дивизиони биринчи давраси ярмидан кўпроғи ортда қолган бир паллада пешқадам - «Пахтакор» ва амалдаги чемпион - «Локомотив» очколари ўртасидаги фарқ янада ошди. Эндиликда «шерлар» «темирйўлчилар»дан нақ 5 очко олдиндалар. Чунончи, «Локо» бу сафар қаторасига 3-марта дуранг натижа билан чекланди, аслида «темирйўлчилар» «Бунёдкор»га қарши баҳсда очкосиз қолишлари ҳам ҳеч гап эмасди, фақат шубҳали «офсайд» уларни мағлубиятдан қутқариб қолди. Лекин Вадим Абрамов жамоасининг очко йўқотишидан «Навбаҳор» унумли фойдаланолмади, аксинча «Сурхон» 6-поғонадан бирданига 3-ўринга сакради.

 

1-2-КУНЛАР: «ОФСАЙД» БОРМИДИ?

9-турга Фарғонада старт берилди: «Андижон» - «Пахтакор». Таркиб жиҳатидан анча кучли саналган «шерлар» бутун вақт давомида ташаббусга эришдилар ва буни ҳисобда ҳам акс эттиришди. Тўғри, Шота Арвеладзе шогирдлари биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларигача Виталий Мирний дарвозасига йўл тополмадилар. Фақат 45+2-дақиқада мезбонлар жарима майдонида Драган Черанга нисбатан қўполлик ишлатишгач, ҳакам пенальти белгилади ва ундан жабрланувнинг ўзи унумли фойдаланди. Иккинчи бўлимда эса захирадан майдонга тушган Марат Бикмаев қандайдир 4 дақиқа оралиғида «дубль» расмийлаштириб, барчасига нуқта қўйди - 3:0. Бунга қадар 4та турда гол уролмаган Марат аввалига Игорь Сергеев зарбасидан сўнг Виталий Мирний томонидан қайтарилган тўпни дарвозанинг юқори бурчагига йўллаган бўлса, кейин Жалолиддин Машарипов узатмасидан самара чиқарди. Дарвоқе, ҳисобни очган Драган Чераннинг голли серияси 4та ўйинга етгани, «Пахтакор» ҳамон мағлубиятсиз одимлаётгани, аксинча, «Андижон»нинг ғалабасиз одими 4та турга чўзилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

«Локомотив» яна очко йўқотди, бу сафар «Тошкент дербиси»да. Андрей Фёдоров «Бунёдкор»га қарши кечган баҳсдан сўнг жамоаси ғалаба лойиқ ҳаракатланмаганини ошкора тан олди. Дарҳақиқат, нисбатан «хира» тус олган ўйинда Вадим Абрамов жамоаси кўпроқ вазият яратди ва ғалабага яқинроқ ҳам эди. Учрашувнинг кульминацион нуқтаси - 90+4-дақиқага тўғри келди: Захирадан Миржаҳон Мираҳмадов ўрнига майдонга тушган Владислав Нуриев «Локо» дарвозасини нишонга олди, аммо қанот ҳаками «офсайд»ни билдирувчи байроғини кўтарди ва «Бунёдкор» тайёр ғалабадан маҳрум бўлди. Ваҳоланки, такрорий лавҳаларда ҳам ўйиндан ташқари ҳолат борлиги тасдиқланмади. Тўғри, ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти ушбу ҳолат юзасидан махсус баёнот бериб, Аҳрол Рисқуллаев бригадаси тўғри иш тутганини маълум қилди (баёнот мазмуни билан «Хабарингиз борми?» рукни остида танишишингиз мумкин), аммо... Ҳа, Ислом Қобилов «офсайд»га тушгани ҳолда, дарвозабон Жавоҳир Илёсовга халақит бергани ва бу янги қоидаларга асосан ўйиндан ташқари ҳолат ҳисобланиши айтилди. Бироқ такрорий лавҳалар ҳам бу борада аниқ хулоса бермагани кишига тинч­лик бермаяпти...

3-4-КУНЛАР: АГМК ТОБОРА «ШЎНҒИМОҚДА»

3-кунга белгиланган «Насаф» - «Қўқон-1912» ўйини маълум даражада кутилган натижани тақдим этди. «Аждарлар» 6-дақиқадаёқ ҳисобни очишлари мумкин эди, фақат уларга Ойбек Рустамовнинг ҳимоядаги хатосидан фойдаланишда совуққонлик етишмади. Кейинги вазиятда Боян Кнежевич «Қўқон-1912»ни голдан сақлаб қолди. Сербиялик дарвозабон 15-дақиқада энди Ҳумоюн Муртазоевнинг бирга-бирга вазиятдан аниқ зарба йўллашига халақит қилди. Биринчи бўлим охирида эса меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишлари ҳеч гап эмасди: Шаҳбоз Эркинов бурчак зарбасидан кейин тўпни боши билан тўғри йўналтирди, бироқ дарвоза устуни... Табиийки, қаршиликлар иккинчи бўлимда фаолликни кескин оширишди ва 55-57-дақиқалар оралиғида Нўъмон Ҳасанов жамоаси дарвозасини икки бора ишғол этишди. Эътиборли томони, ҳар икки голга Ҳумоюн Муртазоев муаллифлик қилди. Диққат қилинг, «Насаф»­нинг янги тўпурари охирги 5та ўйиндан буён майдондан голсиз чиқмаяпти. Рўзиқул Бердиев жамоаси шу ўйинларда жами 9та гол урган бўлса, 7таси Ҳумоюн номига ёзилди. Қойил-ей, «Насаф» ҳужумчиси бу кетишда тўпурарлар пойгасида Драган Черан ва бошқаларга жиддий рақобат кўрсатади ҳали...

«Қизилқум» - «Сурхон» ўйини эса кутилмаган ҳисобда тугади - 1:3. Термизликларга биринчи бўлимдаёқ 2та жавобсиз гол уриб олишгани қўл келганди. Ҳисоб 18-дақиқада пенальти воситасида очилди - «дуэл»да Дарко Станоевич устун. Бўлимнинг охирги қисмида эса Абдулазиз Юсупов «Сурхон»нинг ҳисобдаги устунлигини оширди - 0:2. Андрей Микляев шогирдлари шунда ҳам тўхташмади. Тўғри, орада «Қизилқум» ҳисобни қисқартиришга роса уринди ва бир қатор вазиятларга эга бўлди, аммо барчаси бесамар. 64-дақиқа - Абдул­азиз Юсупов жаримадан узатилган тўпни боши билан дарвозанинг узоқ бурчагига йўллаб, «дубль» расмийлаштирди. Термизликлар шундан кейингина бироз хотиржамликка беришдими ёки мезбонлар важоҳати ошдими, ҳар ҳолда, Алишер Саноев «Қизилқум»га ожиз тасалли вазифасини ўтаган гол муаллифига айланди -1:3.

Миржалол Қосимов ва АГМКнинг ишлари сира ўнгланмаяпти. Олмалиқликлар бу сафар ўз майдонларида «Сўғдиёна»га бас келолмадилар - 0:2. Эҳтимолки, Шаҳбоз Жўрабековнинг чиройли тезкор голи ҳам мезбонларни мувозанатдан чиқариб юборгандир. Ҳар ҳолда, АГМК вакили Дилшод Жўраев ҳаттоки, пенальтидан ҳам фойдаланолмади. Бу вазиятда дарвозабон Милан Митрович зарбани бартараф этди. Санъат Шихов уринишидан кейин эса тўп «Сўғдиёна» дарвозаси устунига тегиб майдондан чиқиб кетди. Табиийки, Миржалол Қосимов вазиятни тўғрилаш учун борки, имкониятларни ишга солди, бироқ таркибдаги ўзгаришлар ҳам наф бермади. Аксинча, Улуғбек Бақоев жамоаси сўнгги дақиқаларда Низомиддин Зиёвуддинов дарвозасини яна бир бора ишғол қилди. Гол муаллифи - Кахи Махарадзе.

«Навбаҳор» - «Металлург» ўйинидан олдин «Саратондан соябон бўл» хайрия акцияси доирасида онкологик бемор - 8 ёшли Саидкамол Олимжонов расмийлар ва жамоа вакиллари билан сўрашиб чиқди, футболчилар билан суратга тушди. Хуллас, учрашувни Саидкамол рамзий зарба билан бошлаб берди. Майдондаги воқеаларга келсак, ҳар икки томон ҳимояда анча тартибли ҳаракатлангани натижасида биринчи бўлимда айтарли хавфли вазият юзага келмади. Танаффусдан кейин эса ҳужумкорликка зўр берилди, айниқса, Андрей Канчельскис шогирдлари Александр Лобановни тез-тез безовта қила бошлашди. Дейлик, 55-дақиқада Александр Касьяннинг зарбасидан сўнг «Металлург»ни дарвоза устуни голдан қутқарди. Умуман, «лочинлар» сўнгги лаҳзаларгача ғалабадан умидвор ҳолда олдинга талпинишди, аммо уларнинг ҳаракатлари самара келтирмади. Якуний ҳисоб - 0:0. Хуллас, «Навбаҳор» турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиш имкониятини кўкка совурди.

«Бухоро» - «Динамо» баҳсида ҳам кучли томон аниқланмади - яна 0:0. Ваҳоланки, мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам бир неча марта ҳисобни очишга яқин келдилар. Аммо Миркомил Лоқаев, Иван Нагаев, Саламат Қутибоев, Қадамбой Нурметов, Ихтиёр Тошпўлатов, Амиржон Сафаров каби футболчиларнинг уринишлари зое кетди. Дарвозабонлар - Хуршид Хўжаев ва Ботирали Эргашевнинг бир қатор вазиятларда жонбозлик кўрсатишганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу тариқа «Бухоро» 2та омадсиз ўйиндан кейин ниҳоят, очко олган бўлса, «Динамо» мағлубиятсиз одимини давом эттирди - 3та дуранг ва 1та ғалаба.  

“НАВБАҲОР” – “МЕТАЛЛУРГ” 0:0

“БУХОРО” – “ДИНАМО” 0:0

АГМК – “СЎҒДИЁНА” 0:2

“ЛОКОМОТИВ” – “БУНЁДКОР” 0:0

“АНДИЖОН” – “ПАХТАКОР” 0:3

“ НАСАФ”-“ҚЎҚОН-1912” —2:0

“ҚИЗИЛҚУМ” — “СУРХОН”-1:3

 

9-тур баҳсларидан сўнг мусобақа жадвалидаги ҳолат:


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz