Қайднома

Қидирув

Легионерлардан дараклар: Шукуров - БАА чемпиони ва Алибоевдан чиройли гол...

Легионерлардан дараклар: Шукуров - БАА чемпиони ва Алибоевдан чиройли гол...

  21.05.2019 05:31
  0
  412
Легионерлардан дараклар: Шукуров - БАА чемпиони ва Алибоевдан чиройли гол...

Олтин медаль муборак, Отабек. БАА олий дивизиони 25-турида чемпионлик масаласига нуқта қўйилди. Аниқроқ айтсак, ўз майдонида «Ал-Ваҳда»ни 3:2 ҳисобида енгган «Шаржа» ўз очколари сонини 56тага етказиб, муддатидан олдин олтин медални нақд қилди. Бу Шаржа жамоаси тарихидаги 6-чемпионлик унвонидир. Финишга 1та тур қолган паллада 2-ўриндаги «Шабаб Ал-Аҳли» ҳисобида 53 очко бор ва у якунда «Шаржа»га тенглашиб олиши ҳам мумкин. Аммо «Шаржа» ўзаро ўйинларда устунликка эга.

Алоҳида қайд этиш жоизки, «Шаржа» таркибида ҳамюртимиз Отабек Шукуров ҳам чемпионлик мақомига эришди. Тўғри, у айни пайт оғир жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни билан маш­ғул. Умуман, Шукуров чемпионлик мавсумида 17та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урди.

Самарали ҳужумда иштирок. Хитой Суперлигаси. 10-тур. «Хэнан Цзянье» - «Шанхай СИПГ» - 0:1. Шанхай клубига ғалаба келтирган ягона гол бразилиялик Элкесон номига ёзилди. Диққатга сазовор томони, ушбу самарали ҳужумни ҳамюртимиз Одил Аҳмедов қанотдан аниқ узатма билан бошлаб берганди. Умуман, миллий жамоамиз сардори мазкур баҳсда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. «Шанхай СИПГ» 10-турдан кейин 25 очко билан турнир жадвали 2-поғонасини эгаллаб турибди. Эътиборлиси, шанхайликлар навбатдаги турда пешқадам «Пекин Гуоан» (30 очко)ни қабул қилишади.

Шомуродов финалдан четда... Россия кубоги ярим финали илк ўйинда «Локомотив» майдонида 2:2 ҳисобини қайд этган «Рос­тов» ўз майдонидаги жавоб баҳсида имкониятни бой бериб (0:2) ҳал қилувчи учрашувдан четда қолди. Жамоа сафидаги Элдор Шомуродов мазкур муваффақиятсиз баҳснинг 62-дақиқасида майдонга тушди, аммо вазиятни ўзгартиришга ёрдам беролмади. Рос­товликлар Премьер-лига 29-турида эса янги чемпион - «Зенит»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Валерий Карпин бу сафар ҳамюртимизга бошланғич таркибда жой бериб, адашгани йўқ. Зеро, ягона голга олиб келган пенальти айнан Элдорнинг фаоллиги натижасида белгиланди. Аниқроқ айтсак, терма жамоамиз ҳужумчиси 66-дақиқада чап қанотда тезлик олиб, «Зенит» жарима майдони ичига ёриб кирди ва бир ҳаракатда Мамманани ортда қолдирди. Шу онда рақиб ҳамюртимизни очиқчасига оёғидан чалиб йиқитди. Шубҳасиз 11 метрли жарима зарбаси ва чемпион шу аснода мағлуб... Вадим Афониннинг клуби - «Оренбург» эса сафарда «Уфа»ни 2:0 ҳисобида енгди. Ҳамюртимиз ушбу учрашувнинг сўнгги дақиқасида захирадан тушди - вақт ютиш учун амалга оширилган ўзгартириш. «Крилья Советов» - «Спартак» ўйини (1:2)да Виталий Денисов мезбонларнинг бошланғич таркибидан жой олди, аммо 82-дақиқада жароҳатланиб, майдондан чиқиб кетди.

Охирги турда ҳам мағлубият. Сардор Рашидов клуби - «Насьо­нал» Португалия Примероси охирги турида «Белененсеш» майдонига сафар уюштириб, 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳозирда юртимизда бўлиб турган терма жамоамиз ярим ҳимоячиси кейинги мавсумни қаерда бошлаши номаълум, чунончи, ­«Насьонал» чемпионат якунига кўра, қуйи дивизионга тушиб кетди.

Алибоевдан чиройли гол. «Сеул» Жанубий Корея элит лигаси 12-турида «Сангжу Сангму» меҳмони бўлиб, ортга ишончли ғалаба билан қайтди - 3:1. Пойтахт жамоаси ярим ҳимоячиси Икром Алибоев мазкур ўйиннинг 42-дақиқасида рақиб жамоа дарвозасини чиройли зарба билан нишонга олиб, ғалабага катта ҳисса қўшди. Ҳамюртимиз якунда, яъни 90+3-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Сеул» айни пайт турнир жадвали 3-қаторида. Жанубий Корея қуйи лигасидаги вакилларимизга келсак, Шоҳруҳ Гадоев ва Санжар Турсунов «Тэжон»нинг 12-тур доирасида «Чоннам»га қарши кечган омадсиз ўйини (1:2)да тегишлича 75 ҳамда 81-дақиқада майдонга тушишди. «Гвангжу» (Рустам Ашурматов жамоаси) тур ўйинини кеча «Сеул Е-Лэнд»га қарши ўтказди. Жавлон Иброҳимов эса  «Сувон Сити»нинг «Ансан Гранерс» билан бўлган сафар ўйинида қатнашгани йўқ. Унда ҳамюртимиз жамоаси 3:2 кўринишида устун келди.

Турсуновда «сариқ». Япония қуйи дивизиони 14-тури Достон Турсунов ва унинг клубига омадсиз келди - «Ренофа Ямагучи» - «Токио Верди» - 2:3. Қолаверса, майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланган ҳамюртимиз 83-дақиқада сариқ карточка олди. «Токусима» - «Ямагата» ўйини (1:1)да меҳмон жамоа таркибидаги Заҳибилло Ўринбоев кўриниш бергани йўқ. Япония юқори лигасидаги ягона легионеримиз Фозил Мусаев ҳам 12-тур баҳсини четдан кузатди. Унда «Жубило Ивата» ўз майдонида «Вегальта Сендай»­ни 2:0 ҳисобида енгди.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz