Қайднома

Қидирув

ТАНИШИНГ – «ВАНДА МЕТРОПОЛИТАНО»

ТАНИШИНГ – «ВАНДА МЕТРОПОЛИТАНО»

  22.05.2019 05:00
  0
  529
ТАНИШИНГ – «ВАНДА МЕТРОПОЛИТАНО»

ЕЧЛнинг 2018|2019 йиллар мавсумидаги ҳал қилувчи баҳси Мадриддаги «Ванда Метрополитано» стадионида бўлиб ўтишидан яхши хабардорсиз. Ҳа, 1 июнь оқшомида Англиянинг икки номдор клуби - «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» айнан шу янги аренада навбатдаги «шалпангқулоқ» учун куч синашишади. Стадион соҳиби бўлмиш «Атлетико» бу тарихий воқеани нуфузли сов-риннинг даъвогари сифатида кутиб олиш ниятида эди. Аммо жамоа «Ювентус» тўсиғидан ўта олмади. Агар «матрасчилар» клуб футболининг бош совринини қўлга кирита олганларида, «Ванда Метрополитано»нинг халқаро саҳифаси тарихий зафар билан очилган бўларди. Лекин аренанинг мезбонликка лойиқ топилгани ҳам «Атлетико»нинг порлоқ келажак сари дадил одимлаётганига гувоҳлик беради.

 

Оддийлик ва Қулайлик уйҒунлиги

«Матрасчилар»нинг янги ареналари оддий, лекин шу билан бирга меъморчилик нуқтаи назаридан жуда саришта. Косанинг ички муҳити борасида гап бўлиши мумкин эмас: майдондаги беллашув барча нуқталардан яққол кўриниб туради. Ҳатто дарвоза ортидаги трибунада ҳам ўзингизни футбол байрамининг марказида тургандек ҳис этасиз. Ўриндиқлар қаторлари ўртасидаги масофа мухлисларга суперқулайликни таъминлаган. Тўғри, бурчаклари думалоқланган табло 67000 мухлис учун бироз кичикроқдек. Лекин ўйиндан чалғитадиган ҳеч қандай унсур йўқ.

Стадионнинг ташқи кўриниши ҳашаматли эмас, аммо геометрия қонун-қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бунёд этилган. Машҳур меъморлар дастхати сезилиб туради. Равон йўлка бўйлаб «Метрополитано»ни айланар экансиз, асосий трибунанинг томга тегай деб турган нуқтасига кўтарилганингизни сезмай қоласиз.

Иншоотнинг томи ҳам ўзига хос услубда яратилган: барча трибуналарни ўз қанотлари остига олган, лекин жуда енгил. Стадионга метро орқали осонликча етиб олиш мумкин: ер ости транспортининг 7-йўналишида жойлашган станция «Эстадио Метрополитано» деб аталади. Қизиғи шундаки, «Атлетико»нинг асосий юлдузи - Антуан Гризманн шу рақам остида майдонга тушади, янги аренадаги дастлабки гол муаллифи ҳам шу йигит.

Қизил-оқ рангли футболкаларни кийиб олган мухлислар орасида 7-рақам соҳиблари жуда кўп. Сўнгги пайтларда «Реал» ўз рақибларини қабул қиладиган «Сантьяго Бернабеу»га кириш анча осон бўлиб қолди. Лекин «матрасчилар»нинг янги аренасида клуб аъзоларининг кўмагисиз чиптага эга бўлиш ғоят мушкул. «Атлетико»да расман рўйхатдан ўтган 130000дан кўпроқ мухлиснинг 49000 нафари мавсумий абонементлар соҳибларидир.

«Вафот этсам, кафаним байроҚ бўлсин»

Метронинг чиқиш йўлагида мухлисларни «Атлетико»нинг улкан байроғи қарши олади. Унга назари тушган кишининг кўз ўнгида эса «матрасчилар»-нинг жанжалкаш афсонаси - 2004 йилда ёруғ дунёни тарк этган клуб соҳиби ва президенти Хесус Хиль сиймоси гавдаланади. Унинг даврида жамоа ўз тарихидаги энг ёрқин ўйинларини намойиш этиб, «олтин дубл»га эришганди. Ўлими арафасида Хиль шундай васият қилганди: «Вафот этсам, мени «Атлетико»нинг байроғига ўранг. Қабртошга эса қуйидаги сўзларни ёзинг: «Бу ерга ҳаммаси яхшироқ бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблайдиган аҳмоқ дафн этилган».

Матбуот анжуманларига тимсоҳ билан ташриф буюрадиган марҳум президент мураббийларни алмаштиришни ёқтирарди: «Мураббийни истеъфога чиқариш - мен учун бир шиша пиво ичишдек гап. Истасам, бир йилда 20 шиша, керак бўлса, 100 шиша ичаман».

Ҳозирда «Атлетико» акцияларининг асосий қисми (48,8 фоиз) дон Хесуснинг ўғли - Мигель Анхель Марин тасарруфида. Бойлиги 240 млн. еврога баҳоланган бизнесмен оилавий фермерлик бизнесини давом эттирмоқда.

«Матрасчилар»нинг амалдаги президенти - кинопродюсер Энрике Сересо акцияларнинг 17,9 фоизига эгалик қилмоқда. Қимматли қоғозларнинг қолган қисмини эса жамоа «Метрополитано»га кўчиб ўтганидан ке-йин исроиллик Идан Офер Хитойнинг «Ванда Групп» компаниясидан сотиб олди.

Акциядорлар ва ҳомийлар саъй-ҳаракати билан «Атлетико»нинг йиллик бюджети 400 млн. еврога етди. Унинг асосий қисми (293 млн.) футболчиларга иш ҳақи сифатида сарфланади. Бу миқдор «Реал» ва «Барселона»даги харажатлардан икки баравар кам. Қолаверса, «рохибланкос»даги иш юритиш тартиби ҳам бошқа жамоаларникидан фарқ қилади. Яъни, футболчи шартномасида унинг трансфер баҳоси ёзиб қўйилади. Масалан, анчадан бери «МЮ»нинг нишонида турган Ян Облакнинг баҳоси 120 млн. евро.

30 миллионлик ер майдони

«Метрополитано» аввалги стадион - «Ла Пейнета» (Тароқ) ўрнида қад ростлади. Бу арена 90-йиллар ўрталарида 2020 йилдаги Олимпиада ўйинларига мўлжаллаб бунёд этилганди. Бироқ Мадрид мезбонлик ҳуқуқи учун рақобатда Токиога имкониятни бой бериб қўйди. Четида енгил атлетикачилар йўлакчаси бўлган майдон эса харидоргир эмасди. «Атлетико» уни 30 млн.га сотиб олди.

«Метрополитано» сайри билимингизни оширади

Стадионнинг кириш-чиқиш йўлакчасида «Айиқ ва ертут дарахти» ҳайкали нусхасига дуч келасиз. Мухлислар унинг фонида суратга тушишни ёқтирадилар. Ҳайкалнинг асл нусхаси 1966 йилда Пуэрта-дель-Соль майдонига ўрнатилган, ундан ҳам аввалроқ Мадрид герби ва «рохибланкос» эмблемасидан жой олганди.

Ёқимтой, лекин шу билан биргаликда ваҳший бу жониворнинг Испания пойтахтига қандай дахли бор эканлиги ҳанузгача мавҳум бўлиб қолмоқда. Аҳоли ўртасида турли ривоятлар мавжуд. Айрим кишилар айиқ ва ертутни ҳайвонот ва наботот оламининг ўзаро уйғунлиги рамзи сифатида талқин қилишса, бошқалар Катта Айиқ юлдузлар туркумининг эркин акси, деб ҳисоблашади. Шаҳар ва клуб гербларида тасвирланган айиқ ва унинг атрофидаги 7та юлдузни шундай талқин этадилар.

Умуман, айиқ «Атлетико» мухлислари учун оғриқли мавзуга айланган. Чунки клуб гербда ўзгаришларни амалга оширди - жонивор одатдагидек муқаддас дарахтнинг ўнг томонидан эмас, сўл томонидан жой олди. Жамоанинг ёши улуғ мухлислари буни маънавий қадриятларнинг оёқости қилиниши сифатида қабул қилишди ва атрибутиканинг янги намуналарини харид қилишдан бош тортишди. Улар ҳанузгача эски футболкаларни кийган ҳолда, эскирган ёстиқ ва чойшаблардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар. Гарчи «Атлетико»нинг Nike билан келишуви 2026 йилгача мўлжалланган бўлсада, Европа бозорини забт этишга уринаётган Puma ўз хизматларини таклиф этмоқда. Ягона асосий шарт билан: Айиқни чапдан ўнгга олиш!

«Матрасчилар»нинг энг ёрҚин юлдузи

Йиртқич «маймоқ»нинг ўз ўрнига қайтиши Диего Симеоне даврида юз бериши ҳам мумкин. Гарчи аргентиналик мутахассиснинг амалдаги шартномаси 2022 йилгача мўлжалланган бўлсада, мадридликлар уни осонликча қўйиб юборишмайди.  Чунки у «Атлетико»нинг энг ёрқин юлдузи. «Ванда Метрополитано» трибуналарини банд этганлар ҳеч кимга, уругвайлик сардор Диего Годинга ҳам, Франциялик мерган Антуан Гризманнга ёки словениялик моҳир посбон Ян Облакка ҳам Чолога кўрсатиладиган фидойиликни, гулдурос қарсакларни тортиқ этмайдилар. Ҳатто бошига катакли қалпоқ, оёғига жигарранг этик кийиб олган 80 ёшли оқсоқол ҳам сухандоннинг «Ди-е-го, Си-ме-о-не!» деган хитобини эшитганида ҳассасига таянган ҳолда ўрнидан туриб, мураббийга таъзим қилади.

Жанубий америкалик мураббий «матрасчилар»ни 2011 йилдан бери бошқариб келмоқда. Шу давр ичида у 7та совринга сазовор бўлди. Жумладан, 2013|2014 йиллар мавсумида «Барселона» ва «Реал»дек грандларни ортда қолдириб, Ла Лигада ғолиб чиқди, икки марта ЕЛ кубогини қўлга киритди. Бундан ташқари, Симеоне шогирдлари икки марта ЕЧЛ финалида нуфузли соврин илинжида майдонга тушдилар. Бироқ «рохибланкос» «Реал» тўсиғидан ўтолмади.

Дон Диего ўзига хос жаҳон рекорди соҳиби: у дунёдаги энг кўп маош оладиган мураббий. Чоло ҳар ойда 3,3 млн. евро ишлайди! Мураббийликка қадар «Атлетико»да тўп сургани ва чемпион бўлганини қўшадиган бўлсак, «матрасчилар» орасида унга тенглаша оладиган юлдуз йўқ эканига амин бўламиз.

«Висенте Кальдерон» ва осмонўпар бинолар

«Мабодо бу сўзларим билан кимнидир хафа қилиб қўйсам, аввалдан узр сўрайман ва ўз фикримни рўй-рост баён этаман: икки стадиондан бирини танлашга мажбур этишса, мен «Висенте Кальдерон»ни танлайман. У ерда кечирган ҳаяжонли дамларни, масалан, ЕЧЛда «Реал»га қарши кечган охирги учрашувни унута олмайман. Яна қачондир шунақа эҳтиросли беллашув бўлишига ишонмайман. Ҳатто совринлар ҳам унинг ўрнини боса олмайди. Балки ҳамма гап «Метрополитано»даги меъморчилик ечими билан боғлиқдир? Нима бўлганда ҳам, янги арена трибуналаридаги товушларнинг футболчиларга етиб бориши «Кальдерон»дагидек эмас. Рақибларимиз ҳам ўзларини аввалгидек ҳис этишмаётганини тан олишди», - «Атлетико»нинг 24 ёшли ярим ҳимоячиси Сауль Ньигеснинг эътирофи жамоа учун 1966-2017 йиллар оралиғида бошпана бўлган маконни ёдга олишга ундади.

«Висенте Кальдерон» экскурсияси

Бу чиндан ҳам ўзига хослигини бой бермаган қизиқарли саёҳат. Ҳатто тарихий иншоотни бузиш жараёни бошлаб юборилган ҳозирги кунларда ҳам стадион баданни титратиб юборадиган ҳиссиётларни уйғотади. Мансанарес дарёси устига қурилган кўприкдан у аввалгидек кўринади. Лекин яқинроқ боргач, «Кальдерон» ўзининг сўнгги кунларини ўтказаётганига амин бўласиз: майдон девор билан ўраб қўйилган, синиқ ойнали деразалар бино фасадини барбод қилиб улгурган, девор ортидан «отбойка» болғаларининг тариллаган шовқини эшитилади.

Яна бир неча йиллардан кейин «Атлетико»нинг собиқ аренаси ўрнида улкан турар-жой бинолари қад кўтаради. «Рохибланкос» эса янги ошёндан юксак парвозни амалга оширишга уриниб кўради. «Ўйлашимча, вақт ўтиши билан «Метрополитано» ўзимизнинг қадрдон стадионимизга айланади. Технология жиҳатидан у жуда ажойиб арена. Фақат шу овози сал бошқача», - деди «Атлетико» устози суҳбат сўнгида.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz