Давлатимиз раҳбари томонидан китоб мутолааси ва ёшлар китобхонлигига алоҳида эътибор қаратилаётган илҳомбахш кунларда Владимир Сафаров ва Сергей Данилов қаламига мансуб «Легенда узбекского футбола» номли асар тақдимоти ўтказилди. Рус тилида атиги 1000 нусхада чоп этилган бу китоб ўзбек футболининг сўнмас қуёши Биродар Абдураимов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Ҳар қанча қизиқмайлик ва ҳаракат қилмайлик, ҳозирча китобни қўлга киритолмадик. Лекин қизиқишларимиз тафтини босиш учун доимий ҳамкоримиз Ғуломжон Ҳамидовдан асар ҳақидаги мулоҳазаларини сўрадик. «Бир кечада қўлимдан қўймай ўқиб чиқдим, - дея сўз бошлади Ғуломжон ака. - Мутолаа чоғи беихтиёр ўтган асрнинг 60-70-йилларига қайтдим, Биродар Абдураимовнинг фусункор ўйинларига маҳлиё бўлган ёшлик даврим ёдимга тушди. Унинг ҳужумчи сифатидаги фаолияти - футболимиз тарихининг энг ёруғ ва ёрқин палласидир!» Демак, бу китоб наинки Биродар Абдураимов, балки футболимиз тарихига бағишланган ўзига хос солномадир...
Китобдан ўрин олган ибратли воқеалар ҳақида сўраганимизда, суҳбатдошимиз икки мисолни тилга олди. Унинг айтишича, Биродар Абдураимов «Спартак» таркибига қабул қилингач, клуб футболчига Москванинг марказидан шахсий уй-жой ажратади. Барча футболчиларга ҳам раво кўрилмайдиган бундай эътибордан Биродар Абдураимовнинг боши кўкка етади ва мавсумга Болгарияда тайёргарлик кўрган «Спартак»нинг ўртоқлик учрашувларидаги барча голларига муаллифлик қилиб, жамоа бошлиғи Николай Старостин ҳамда бош мураббий Никота Симонян ишончини қозонади. Афсуски, кейинчалик соғлиғига иқлимнинг салбий таъсири туфайли Тошкентга қайтади. Қайтиш олдидан шахсий уй калитини жамоа бошлиғига топширади. Николай Старостин эса кейинчалик «Мен бу каби мардлик ва тантиликни умрим бино бўлиб кўрмаганман!» - дейди ҳайратини яширолмай.
Нима деб ўйлайсиз, бу воқеа нафақат ёш футболчилар, балки соҳага алоқаси йўқ бошқа ёшларга ҳам ибрат, намуна эмасми?! Айнан шундай инсоний фазилатлар етишмаётгани учун ҳам келишилган ўйинлар, нохолис ҳакамлик билан боғлиқ машмашалар мухлисларни футболдан бездирмаяптими?
Китобнинг яна бир саҳифасида шахсан Шароф Рашидов топшириғига кўра, Ўзбекистон Олий совети Презиудуми раиси Ёдгор Насриддиновнинг Биродар Абдураимовни ЦСКАдан «Пахтакор»га қайтариш масаласи билан Москвага боргани ва у ерда собиқ иттифоқ мудофаа вазири аралашуви билангина бунга эришилгани батафсил ёритилади. Асосийси, бу қайтишда Биродар Абдураимовнинг «Пахтакор»га муҳаббати, Ватан учун тўп суриш иштиёқи муҳим ўрин тутади. Истеъдодга муносабат ва ундан Ватан манфаатлари йўлида фойдаланишнинг ажойиб намунасидир бу воқелик.
Бизда ёшлар маънавиятини машҳур саркардалар, ижодкорларнинг ҳаётини тарғиб қилиш орқали шакллантиришга кўп эътибор қаратилади. Ҳолбуки, Биродар Абдураимов каби таниқли спортчилар тақдири ҳам бу борада соф намунадир. Бунинг учун эса «Леганда узбекского футбола» китоби она тилимизга ўгирилиши ва етарли нусхада чоп этилиши даркор. Қолаверса, бундай китоб ёшларбоп тилда, содда ва қизиқарли тасвирлар орқали ёзилгани маъқул. Шахсий кутубхонамиздаги Пеленинг «Футбол менинг ҳаётим» номли ихчамгина китоби қўлма-қўл ўқилиши мазкур мулоҳазаларимизни тасдиқлайди. Ачинарлиси, футболимиз муҳитида оммавий ўқиладиган бундай асарлар жуда кам. Тўғри, бу ҳол бизда ШАХС даражасига кўтарилган ўйинчилар тақчиллиги билан изоҳланади. Аксарият футбол юлдузларининг шахсий ҳаёти ва маънавиятидан ўрнак бўлишга арзийдиган воқеаларни топиш мушкул. Аммо бундай нохуш ҳолатлар ёзувчилар ва журналистларнинг мавзуга эътиборсиз ёндашишларини сира оқламайди... Дейлик, Биродар Абдураимов ҳақида бадиий биографик асар яратиш мумкин. Ҳар ҳолда, футболни теран тушунадиган, шу мавзуда роман ёзишга қодир ва бунга маънан ҳақдор ёзувчиларимиз ҳам бор. Орзумиздаги роман ҳозир ёзилмаса, қачон ёзилади? Бугун мавриди келган, лекин нечундир ортга сурилаётган хайрли иш футболимиздаги маънавий муаммоларни бартараф этиш, ёшлар учун йўлчи юлдуз вазифасини бажарарди. Унутмайликки, ўз вақтида бажарилмаган иш кейинчалик адоқсиз афсус-надоматларга уланади.
Ҳа, шундай! «Манчестер Сити» бечора «Уотфорд»ни 6:0 ҳисобида енгиб, инглизча «требл» қайд этилган чоғ Хосеп Гвардиолани кузатдик. Қарангки, у тарихий воқеадан қувонолмади. Аниқки, каталониялик мутахассис ЧЛ чорак финали учрашувларини унутолмаяпти. Ҳаттоки, 3та соврин ҳам кўнглига сиғмаётган Пеп ЧЛ финалига ҳозирланаётган «Тоттенхэм»га ҳавас билан боқаётган бўлса, не ажаб! Зайниддин Зидан, Эрнесто Вальверде, Массимилиано Аллегрида ҳам шунга ўхшаш кайфият ҳукмрон. Қанчалар қийин бўлмасин, улар шафқатсиз ҳақиқат олдида бош эгишмоқда иложсиз. Миржалол Қосимов-чи? Ҳозир у ҳам паришон, АГМКнинг нурсиз ўйинини изоҳлолмай ҳайрон. «Металлург» устидан ғалаба қозонишга ўзини ҳам, мухлисларни ҳам ишонтириб қўйган Андрей Канчельскис ҳам хижолатда. Остон Ўрунов эса катта футболнинг ҳар доим кулавермайдиган синови билан юзма-юз. Бу вақтда «Сурхон» ва «Сўғдиёна» сурур билан олға босмоқда...
Муҳтарам мухлис! Футбол оламидаги воқеалар ривожи кўрсатиб турибдики, тажриба - маҳорат вақти келганда юксак маънавият, иштиёқ ва ишонч қошида таслим! Шунга айтадилар-да, футбол китобини ўқиш осон эмас. Ўқиган билан уни ҳамма тушунавермайди.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20