Қайднома

Қидирув

Аёллар футболи: натижалар турлича, турнир жадвалида эса ўзгариш йўқ

Аёллар футболи: натижалар турлича, турнир жадвалида эса ўзгариш йўқ

  22.05.2019 21:37
  0
  308
Аёллар футболи: натижалар турлича, турнир жадвалида эса ўзгариш йўқ

Аёллар футболи бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 6-тур ўйинларида турли натижалар қайд этилган бўлса-да, ҳар икки минтақадаги турнир жадвалида ўзгариш деярли кузатилмади. Биргина ўзгариш АГМК ва “Қизилқум” жамоаларининг ўрин алмашишида юз берди, холос.   Салкам ўн кундан бери сафарда юрган АГМК шу кунгача “Севинч”, “Сурхон” ва “Қизилқум” жамоалари майдонида тўп сурди. “Севинч”дан мағлубиятга учраган бўлса, қолган иккала рақибини мағлуб этиб, уч ўйиндан олти очко ишлаб олди. “Қизилқум”га қарши ўйин олмалиқликларнинг турнир жадвалига таъсир кўрсатиши олдиндан маълум эди. Шу мақсадда жамоа бош мураббийи Илҳом Ханжариев ўзига хос тактика ишлаб чиқди – шогирдларининг кучини, мавқеини билгани ҳолда уларнинг жисмоний тайёргарлигини ўйин охирига қадар тақсимлай олди. Яъни, футболчи қизлар ўз имкониятларини 90 дақиқага қадар етказишнинг уддасидан чиқишди. Натижа ҳам шундан келиб чиқиб ҳал этилди. Аслида майдон эгалари томонидан кетма-кет, давомий ҳужумлар амалга оширилди, АГМК эса асосий эътиборни қарши ҳужумга қаратди ва якунда кўзланган натижани қўлга киритди. Олмалиқликлар ҳамон сафарда – 7-турда “Бухоро” жамоасига қарши Бухорода майдонга тушади.   “Ғарбий” минтақада “Динамо” ва “Сурхон” жамоалари қарама-қаршилиги ҳам қизиқарли кечди. Етакчилар сафида ҳали шаклланиб улгурмаган ушбу жамоаларнинг майдондаги мавқеи деярли тенг эди. Шунинг учун ҳам ўйин жанговар руҳда ўтди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди – ҳеч ким ҳеч кимга гол урмади, уролмади.   “Севинч” ва “Сўғдиёна”нинг ғалаба қозонишига шубҳа қилганлар жуда ҳам камчиликни ташкил этарди. Гап ким кўпроқ гол уришида қолганди. Кутилмаганда “Севинч” “Шўртан”га қарши ўйинда мавсумдаги илк голни ўтказиб юборди. Эътиборли жиҳати, қаршиликлар дарвозасига гол урган ўйинчи “Севинч” футбол мактаби тарбияланувчиси, кўп йиллар шу жамоа сафида мамлакат чемпионатида тўпурарлар карвонини бошқарган, иккинчи йилдирки “Шўртан” шарафини ҳимоя қилаётган Зебо Жўраева эди.   “Шарқий” минтақада ҳам кутилмаган натижалар кўзга ташланди. “Бунёдкор”нинг “Нефтчи” устидан ғалаба қозониши олдиндан маълум эди. Қолган икки ўйинда дуранг қайд этилганлиги кўпчиликни ажаблантирди. Жумладан, “Андижанка” жамоасининг “Пахтакор”дан, “Навбаҳор”нинг эса “Локомотив”дан очко тортиб олишига кўпчилик ишонмаганди. Темирйўлчилар ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиши ҳам мумкин эди, бироқ қўшиб берилган тўрт дақиқанинг сўнггисида наманганликлар ҳисобни тенглаштира олди...  

6-турда қайд этилган натижалар:
  “Ғарбий” минтақа
“Қизилқум” – АГМК – 1:3  
Голлар: Нигина Ҳайдарова (21) – Мардона Алматова (35), Комила Зарипова (66), Ўғилой Холбоева (71).  
“Бухоро” – “Сўғдиёна” – 0:8  
Голлар: Ситора Тақабоева (24, 79), Камола Рисқиева (55), Диёрахон Ҳабибуллаева (28, 38, 53, 74), Сабина Аманова (81).  
“Шўртан” – “Севинч” – 1:5   Голлар: Зебо Жўраева (78) – Мафтуна Шойимова (6-пен.), Мафтуна Панжиева (8), Шахноза Қурбонова (22), Дилрабо Асадова (29), Малика Бурхонова (28).  
“Динамо” – “Сурхон” – 0:0  

“Шарқий” минтақа  
“Нефтчи” – “Бунёдкор” – 0:8   Голлар: Феруза Турдибоева (33), Людмила Карачик (29, 38, 89), Маҳлиё Сариқова (43), Саида Галимова (47), Нозимахон Эргашева (62), Насиба Турсунова (86).  
“Локомотив” – “Навбаҳор” – 2:2   Голлар: Мухлиса Мардиева (49), Дилдора Эргашева (77) – Нилуфар Дадажонова (78), Сарвиноз Комилжонова (90+4).  
“Пахтакор” – “Андижанка” – 0:0  

Шу тариқа, 6-турдан кейин “Ғарб” минтақасида “Севинч” жамоаси юз фоизлик натижа билан пешқадамлик қиляпти (18 очко), 2-ўринда бораётган “Сўғдиёна”да 15 очко бор. АГМК ва “Қизилқум” жамоалари 12тадан очко билан 3-4-ўринларни эгаллаб туришибди. “Шўртан” ва “Бухоро” 6тадан, “Динамо” ва “Сурхон” жамоалари эса биттадан очко тўплаган.   “Шарқ” минтақасида ҳамон “Бунёдкор” карвонбоши. Элвира Ғуломова шогирдлари энг яқин таъқибчиси “Металлург”дан 8 очкога олдинда бормоқда. Қолган жамоалар эса қуйидагича очкога эга: “Пахтакор” – 6, “Локомотив” – 5, “Нефтчи” – 4, “Андижанка” – 3 ҳамда “Навбаҳор” 2 очко жамғарган.   “Ғарб” минтақасида Диёра Хабибуллаева 12та, “Шарқ”да эса Людмила Карачик 14та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб боришмоқда.  


7-тур ўйинлари 23-24 май кунларига белгиланган.  

 

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz