Қайднома

Қидирув

Яна алам дарёси тошди ёки яна "Пахтакор" ҳақида...

Яна алам дарёси тошди ёки яна "Пахтакор" ҳақида...

  24.05.2019 09:13
  0
  747
Яна алам дарёси тошди ёки яна

О, Абдулраҳмон Ғариб! «Ал-Аҳли» мураббийи қандайин гол туйғуси билан сени захирадан майдонга туширди?! Эҳ, Ғариб, «Пахтакор» мухлислари кўнглини ғариб айладинг-ку?! Бу каби ғарибу-ғураболик қачонгача давом этади?! Вадим Абрамовнинг мураббийлик соҳасидаги ишларига қойил қолиб, Осиё кубоги-2011ни ёритиш мақсадида Дохага борганим ва охир-оқибат аламлар ичра юртга қайтганим ҳамон ёдимда. Алам шундаки, бир неча ҳамкасблар билан бирга Вадим Абрамовдан Австралия термасига қарши мутлақо «ёпиқ», яъни ҳимоявий ўйин услубини танлашини сўрагандик. Вадим Карленович эса «хавотирланманглар!» - деганди мийиғида кулиб. Ва... машъум 0:6 ҳисоби! Ўйин чоғи кўнглимдан алам дарёси ҳаддан зиёд тошиб кетганди...

 

Йўқ, қорлар ёғиб, излар босилди. Миржалол Қосимов шогирдларини қўллаб-қувватлаш учун олис Австралияга йўл олдим. Футболчиларимиз Саудия Арабистони термасини ишонч билан енгишгач, кўнглимдан фахр дарёси тўлқинланиб, Миржалол Қосимовни Юсуфбек ҳожи тилидан олқишладим: «Бизнинг шундай мураббийимиз бор экан-у, билмай юрган эканмизда!»

Ваҳоланки, мен футболимиз мухлисларини алам дарёси тошқини кутаётганини билмасдим...

Кейин эса ЖЧ-2018 йўлидаги сарсонлик барчамизни ҳолдан тойдирди. Эктор Купер мавҳумоти билан якунланган Осиё кубоги-2019 ҳам мухлислар кўнглидаги соғинч дарёсини безовталантирди, холос.

Мухлислар қалбини ғалати эзган руҳ булғаб, маҳзунлик куйи атрофимизда таралаётган бир паллада «Пахтакор» ОЧЛ баҳсларини шерларча шижоат билан бошлаб, кўнгилларни чароғон айлади. Шота Арвеладзе шакллантирган ёш ва ғайратга тўла янги таркибнинг аввалги мавсумлардан кескин фарқланувчи ўзгача ўйин услуби, очиғи, ҳаммани шодлантирди.

«Шерлар»нинг шукуҳли ўйинларини кўриб кўзимиз қувнади. «Гуруҳдан чиқади шу шаштидан қайтмаса!» дедим таҳририятда комил ишонч билан.

Эҳ, Фаррух Сайфиев! Тўпни бир ҳовучгина мухлислар томонга тепмайсанми, улар уни шартта ёриб ташламайдими!» Шунда анави Ғариб зарба йўллайдиган вазият юзага келмасмиди... Бошқаларни билмадим, аммо мен аламдан иҳраб юбордим.

Игорь Сергеевнинг голини тақдир туҳфаси санаб, «плей-офф» йўлланмасига ўзимни олдиндан ишонтириб қўйган эканман. Хом сут эмган бандамиз-да.

Қандайдир икки дақиқага бардош бермадинг-а, «Пахтакор»! Мен сенга нима дегандим? Ижтимоий тармоқлардаги ғийбатлар пардасини йиртиб, улоқтириш учун ҳам «Ал-Аҳли»ни енгишинг керак, демаганмидим? Нечун бир дам ўзимни уйғотдим? Ахир бир дам ўзимни йўқотдим. Ахир донолар «Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема!» деб бежиз айтишмаган-ку! Ҳамма гап ўша бир дамни - гол урилган фурсатни ҳам бемисл концентрация оғушида ўказа билишда-ку?! Наҳотки, Шерзод Аъзамов ёки Фаррух Сайфиев буни тўлиқ англамайди?! Санжар Қувватовнинг Хави зарбалари қаршисидаги довдирашларини тушунишга урингандик. «Не қилса ҳам, у - Хави! Ҳаяжонланиши табиий!» - дегандик дарвозабонни авайлаб. У эса Абдулраҳмон Ғарибнинг зарбасини кўздан қочирди. Футболчиларга осон тутмайман, лекин улар вақтни «ўлдириш» масаласида Гейнрих тажрибасига кўп бор гувоҳ бўлишган-ку?! Бу иш Марат Бикмаев имконларидан ташқаридами? У вақтни Гейнрих услубида «ўлдиролмайдими»? Астойдил хоҳласа, уддалайди! Ҳа, уддалайди! Бироқ «хоҳламади» деб ҳам баралла айтолмайман. Буни батафсил ёзиш қийин, лекин Марат Бикмаевнинг ўйинидан ҳам кўнглим тўлмагани рост. Сардор Собирхўжаевга нисбатан ҳам шундай мулоҳаза билдиришдан тортинмайман. «Ал-Аҳли» билан наинки дуранг ўйнаса, балки мағлубиятга учратса ҳам бўларди. Фақат араб футболчиларини чарчатиб, ўйин маромидан чалғитиб тўп сурилса кифоя эди. Шунда оғиздаги ошни рақибга олдириб ўтирмасдик. 21 май куни субҳи софилда минглаб мухлислар аламлар ичра неча бор Истиғфор айтиб саҳарлик қилишга тутинишди. Айримлар эса Таровеҳ намозидан сўнг уйқудан воз кечиб, ўйинни томоша қилишганига ачинишди. Мен ачинмадим. Аммо аламдан юрагим ўртанди. «Нима учун бу қадар ўртаняпсан?» дея ўзимга ўзим савол бердим. Саволимга жавоб излаб, ўйлаб қарасам, «Пахтакор» сафарда ҳам яхши ўйнабди, аслида. Қолаверса, Шота Арвеладзе ажойиб жамоаси билан яна халқаро миқёсда ўзини кўрсатолмади. Ҳаммамиз «Учинчиси - пучинчиси!» дедик сабрнинг ҳам чегараси борлигини назарда тутиб. Недир руҳий янгиланиш ёхуд қандайдир мотивацияга муҳтож бугунги «Пахтакор»! Суперлига ғолиблигининг ўзи унинг мухлисларини қониқтирмайди, асло. Улар ҳам бошқалар каби «Қадди баланд-е» қўшиғини куйлашни исташади.

Юқоридаги мулоҳазалар Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиғини завқ билан куйлаган «Локомотив» мухлислари ва Андрей Фёдоров шогирдларига ҳам тааллуқли, албатта.

Хўжа АБДУЛАҲАД, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz