Қайднома

Қидирув

Люка ДИНЬ: «РАҚИБГА АТАЙИН ЖАРОҲАТ ЕТКАЗАДИГАН ОДАТИМ ЙЎҚ»

Люка ДИНЬ: «РАҚИБГА АТАЙИН ЖАРОҲАТ ЕТКАЗАДИГАН ОДАТИМ ЙЎҚ»

  24.05.2019 11:42
  0
  538
Люка ДИНЬ: «РАҚИБГА АТАЙИН ЖАРОҲАТ ЕТКАЗАДИГАН ОДАТИМ ЙЎҚ»

Люка Динь 25 ёшни қаршилади. Мана икки йилдирки, Англияда «Эвертон» шарафини ҳимоя қилмоқда. Яқинда у France Football нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Аввалига Франция, кейин Италия, Испания, мана энди Англия. Саёҳат қилавериш жонга тегмадими?

- Йўғ-э, ҳаммаси жойида. Англия - бу супер! Ажойиб мамлакат, ажойиб чемпионат. Ҳар бир турни қандайдир номдор жамоага қарши ўтказасиз. Бошқа бундай лига йўқ. Тезлик, яккакурашлар... Балки Испания чемпионати техникага асослангандир. Лекин бошқа ҳар бир соҳада Англия биринчилиги олдинда.

- Ҳақиқатан ҳам тезми?

- Ҳар бир учрашувда 10 миль югурамиз. Доимий равишда яккакурашларда қатнашамиз. Ҳаракатларда вақт­ни ўтказиш деган нарса йўқ. Лекин бу нафақат мухлисларга, балки футболчиларга ҳам ёқади. Масалан, мен бундай футболдан роҳатланаман.

- Футболчиларнинг суяклари тўқнашиши ростми?

- Ҳа. Айниқса, ҳаводаги курашларда бошларимиз кўп тўқнаш келади. Боз устига, бу ерда ҳаводан тўп узатишлар жуда кўп. Яқинда «Ньюкасл»га қарши баҳс олиб борганимизда қаттиқ зарба едим. Рақиб ҳужумчиси Курт Зума иккимизнинг ўртамизга сакради. Мен тўпга бош билан зарба бердим, у эса тирсаги билан менга зарба берди. Танаффусда шифокоримиз ҳаммасини ўрнига келтириб қўйди.

- Шундай футболга тайёрмидингиз?

- Албатта. Ахир Англияда ҳужумчилар охиригача курашиши, ҳеч қачон оёғини тортиб олмаслиги ҳаммага аён-ку. Улар 100 эмас, балки 200 фоиз иштиёқ билан ўйнашади.

- Қўрқинчли бўлмадими?

- Йўқ. Агар қўрқсангиз, икки карра оғрийди. Аммо битта вазиятни унутмайман. Ўшанда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйнаётгандик. Эшли Янг орқамдан зарба берди. Агар сакраб олмаганимда, товон суягимни синдириб олишим ҳеч гап эмасди. Тўпни қайтармоқчи бўлсам, у довулдек келиб зарба берди. Ҳакамлар эса эътибор ҳам беришмади.

- Наҳотки, Англияда ҳакамлар шунчалик либерал бўлишса?

- Айнан шундай. Бу ернинг футболчи шунақа. Лекин менга ёқади. Ўйин тўхтатилмайди, барчаси динамик тарзда бўлади. Агар мослашиб олсангиз, ҳеч қандай муаммоларга йўлиқмайсиз. Ахир ҳамма бир хил шароитда ўйнайди-ку.

- Демак, Англияда ҳимоячилар қайта ўрганишлари керак экан-да?

- Ҳа. Стандарт вазиятларда бош­қача ўйнашни ўзлаштириш керак. Қўпол тўқнашувлар одатий хол бўлиб қолган. Лекин ҳакамлар ўйинни ҳадеб тўхтатаверишмайди. Шундай экан, зарбани қабул қилишни ёки вақтида сакраб олишни ўрганиш талаб этилади. Икки метрли «шкафлар»га қарши туришни ўрганиш лозим.

- Гавдангиз катта эмас. Ўзингиз айтгандек, зарбани қайтариш учун тренажёр залига тинимсиз борсангиз керак?

- Унчалик эмас, ҳафтада бир кун холос. Тўғри, жиддий машқ қиламиз. Лекин ҳар куни эмас. Агар нимадир камчиликлар бўлса, ҳар куни бориш мумкин. У ерда жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббийлар ёрдам беришади. Ҳеч ким сизни мажбурламайди.

- Оёққа зарба беришни ҳам ўргатишадими?

- Йўқ, албатта.

- Англияда анча жиддийлашгансиз. Ўзингизга ҳам шундай туюляптими?

- Йўқ. Балки бироз қўполлашгандирман, лекин унчалик эмас. Оёқда бақувват турадиган бўлдим. Шу, холос. Бировга атайин зиён етказадиган одатим йўқ. Бу менинг характеримга мос эмас. Умуман олганда, бу спорт тушунчасига ҳам тўғри келмайди.

- Англиядаги биринчи ўйинингизни эслайсизми?

- Албатта, эслайман. Пайшанба куни кубок ўйинида майдонга тушдик. Шанба куни эса чемпионат ўйини бор эди. 75-дақиқага келиб, нафас ололмай қолдим. Финиш! Бундай ўйинларга тайёр эмасдим. Лекин бир ҳафтадан сўнг ҳаммаси жойига келди. Ўшанда ўрнимга бошқа футболчи туширишларини сўраганман. Фақат бир оёқда югургандек бўлганман.

- Бу сузишни билмаганни ҳовузга ташлашдек гап экан-да...

- Ундай эмас. Чунки машғулотларда шундай темпга тайёргарлик кўрилади. Бу ерда машғулотлар асосан ўйинга яқин вақтда олиб борилади. Ҳар бир машқлар олдиндан ўйланган. Айниқса, захира ўриндиғида ўтирганларга фойдали.

- Англиядаги стадионларда муҳит қандай?

- О! Шунчаки супер! Ҳамиша стадионлар тўлади. Рақиб «Ньюкасл» бўладими ёки «Манчестер Юнайтед», фарқи йўқ. Фанатлар ўйин бошидан охиригача қўшиқ куйлашади. Ажо­йиб. Ўйин куни футболчилар, мухлислар, умуман, шаҳар аҳолиси руҳан бирга бўлади. Англия футбол мамлакати дейишарди. Шунга ўзим гувоҳ бўлдим.

- Қайси стадион сизга ёқда?

- Ўзимизники. «Гудисон Парк». Ҳақиқий инглизча стадион, анъанавий усулда қурилган. Мухлислар деярли ён чизиқ ёнида ўтиришади. Яъни, футболчилардан бир метр нарида. Ажойиб ҳиссиёт. Бунақаси ҳеч қаерда йўқ.

- Бир метр нарида ўзингизнинг мухлисларингиз бўлгани яхши. Агар рақиб жамоа бўлса-чи?

- Шунақа шовқинки, ҳеч нимани эшитмайсиз. Ҳаттоки, футболчилар бир-биримизни эшитмаймиз. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ашаддий рақибимиз «Ливерпул»га қарши «Энфилд»да ўйнаётгандик. Ҳар сафар тўпга тегинганимда трибунадан менга нисбатан ҳайқириқлар бўлди. Лекин бу одатий ҳол. Ҳар нима қилганда ҳам, англиялик мухлислар рақиб жамоа футболчиларини ҳурмат қилишади.

- «Эвертон»га келганингизда мухлислар сизда «Ливерпул»нинг шиори бўлган «I`LL NEVER WALK ALONE» деб ёзилган татуриовкани кўришганди. Муносабат қандай бўлган?

- Мухлисларимизга нима учун шундай татуировка қилганимни тушунтириб бердим. Шундан сўнг барчаси жойига тушди. Ҳаммаси шундай бўлганди: 1 сентябрь куни мактабга биринчи бор борганимда, ота-онам менга медальон совға қилишган, унда шундай ёув бор эди. Шу боис ҳам татуировкам шунақа. Унинг футболга мутлақо алоқаси йўқ. Отам ва онамга ҳурмат юзасидан шундай қилганман. «Ливерпуль» мухлислари эса мени худди ўз жамоаларининг фанатидек кўрсатишган. Улар бир нарсани билишмайди. Мени икки марта «Ливерпул»га таклиф қилишган ва ҳар сафар рад жавобини берганман.

- Қачон шундай бўлган?

- Биринчиси 2013 йили «Лилл»дан «ПСЖ»га ўтаётганимда. Кейин 2016 йили «Рома»дан «Барселона»га ўтаётганимда. «Эвертон» мухлислари учун бу воқеа худди ярага малҳамдек гап.

- Сизни Англияда нима кўпроқ ажаблантирди?

- Ўйинлар темпи ва интенсивлиги. Ҳеч қандай паузалар йўқ. Аммо айнан шу жиҳат менга маъқул келади. Кийиниш хонасидаги дам олиш ҳам ёқади. Кимдир мусиқа тинглайди, баъзида бошқа ўйинлар шарҳини кўрамиз. «Челси»га қарши баҳс олдидан бир томонда мусиқа, бошқа тарафда телевизор ишлаб турганди. Бу эса жимликни ёқтирадиганларга ҳам халақит бермайди. Мураббийлар бунга умуман аралашишмайди. Ажойиб.

- Иссиқ Рим ва Барселонадан кейин Англия иқлими таъсир қилмаяптими?

- Об-ҳаво бироз хавотирга солганди. Чунки тўрт йилимни қуёшли ўлкаларда ўтказгандим. Қандайдир қийинчиликлар юзага келади, деб ўйлагандим. Лекин муаммо бўлмади. Тўғри, бу қиш анча совуқ келди. Шу боис ҳам машғулотларни шарф ва термокийимда ўтказишга тўғри келди. Ливерпуль ва Манчестер иккита ажойиб шаҳар. Мен Манчестерга яқин жойда яшайман. Кварталимизда французлар жуда кўп. Морган (Шнейдерлен), Антони (Мартиаль), Поль (Погба), Курт (Зума), Идрисс (Гейе)лар билан кўп вақтимни бирга ўтказаман. Шунчаки сайр қиламиз, ресторанга борамиз, оилаларимиз билан қандайдир маросимларни ўтказамиз. Бу ернинг халқи ажойиб, меҳмондўст. Мисол учун, адашиб қолсангиз, албатта, тўғри йўлни кўрсатиб қў­йишади. Менда ҳам бир марта шундай ҳолат бўлганди.

- Демак, инглизлар французларни ёқтиришарканда?

- Ҳа. Инглизлар анча очиқкўнгил. Улар ҳаммани яхши кўришади.

- Рождество байрамида бутун дунё дам олди. Сизлар эса майдонда югурдинглар. Бундан ҳам роҳатландингизми?

- Қийин. Лекин бунда нимадир бор. Муҳит бошқа чемпионатларникидан кескин фарқ қилади. Трибуналарда болалар жуда кўп, ўйинларга оилалар билан боришади. Менинг яқинларим ҳам трибуналарда ўтиришди. Бундай кунни унутиб бўлмайди.

- Ҳар ҳолда, Янги йилни уйда, дастурхон олдида кутиб олиш яхшироқдир? Ёки иссиқ ўлкалардами?

- Йўқ. Оилам мен билан бирга қолди ва ҳеч қаерга кетмади. Олдин ҳаммамиз стадионга борамиз. Мен ўйнайман, кейин кечки овқат учун бирор жойга борамиз. Икки кундан кейин яна шундай вазият. 1 январь кунги ўйин жуда оғир бўлди. Бу ҳафтадаги тўртинчи учрашув эди. Одамлар янги йилни кутишаётган бир пайтда, бизга байрамни дабдабали қилиб юбормаслигимизни айтишди. Шу боис ҳам 31 декабрь куни соат 21:30даёқ ухладим. Олдин мен билан умуман бунақаси бўлмаганди.

- Қайси жамоага қарши ўйнаш қийин?

- «Манчестер Сити»га қарши. «Барса» типидаги жамоа.

- Қайси футболчи кўпроқ ҳайрон қолдирди?

- Эден Азар. Уни яхши биламан. Жаҳондаги энг яхши ўйинчилардан бири. Ҳамиша ҳар нарсани керакли пайтда тўғри бажаради. Бежизга кўп гол урмайди. У голли пас беришга ошиқмайди. Муҳими, голли вазият яратади. Бу инсон футбол билан тирик.

- «Эвертон»да гол уришни бошлаб юбордингиз...

- Ҳа, стандартлардан. «Барселона»да мени тўпга яқинлаштиришмасди.

- «Барселона»дек ажойиб жамоа­ни тарк этганингиздан афсусланмаганмисиз?

- Албатта, афсусланарли. Бир қарорга келишим жуда қийин бўлган. Орзумдаги жамоада жаҳоннинг энг яхши футболчилари билан бирга ўйнардим. У ерда ҳаммаси бошқача эди. Мавсум давомида 25та ўйинда майдонга тушаётгандим. Ҳар ҳолда, кетишимга ҳожат йўқ эди. Аммо «Эвертон» устози Марко Силва билан дилдан суҳбатлашганимдан сўнг фикрим ўзгарди. У менга асосий таркибдан жой беришини айтди. Шунингдек, Англия чемпионатида ўйнаш ниятим ҳам амалга ошаётганди. Натижада шу қарорга келдим. Кейинчалик Жорди Альба ва жамоанинг бошқа ўйинчиларидан СМСлар келиб турди. «Барса»даги франциялик футболчилар, хусусан, Эрик Абидаль билан доимо алоқадаман. Клуб ҳаттоки, чемпионлик соатини ҳам жўнатди. Ҳақиқатан ҳам буюк клуб.

- «Эвертон»га терма жамоага қайтиш учун ҳам ўтдингизми?

- Гап бунда эмас. Шунчаки, Марко Силва билан учрашдим, қандай тушунтирсам экан... Хуллас, келишиб олдик. Боз устига, «Эвертон» ҳам агентим билан доимий мулоқотда бўлган. Силва билан футболдаги тушунчаларимиз бир хил экан. У ҳам «барселонача» фикрлайди.

- Лекин сизни Россияда бўлиб ўтган ЖЧга таклиф қилишмади... Бу саҳифани ёпмадингизми?

- Албатта. Ўтган иш бўлиб ўтди. Бу ҳаёт. Бунинг учун асабимга зиён етказишим шарт эмас. Футболчининг фаолияти қисқа бўлади. Шу давр ичида ҳар нарсага асабийлашиш ярамайди.

- Ҳеч кимдан хафа эмасмисиз?

- Йўқ.

- Германия чемпионатига қачон ўтасиз?

- (Кулади.) Йўқ-йўқ! Бу ҳақда ўйламаяпман. АПЛ бугун мен учун керак лига. Бу ерда роҳатланяпман. Ҳеч қаерга кетиш ниятим йўқ.

 А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz