Қайднома

Қидирув

«Ливерпуль» улуши «Сити»никидан кўп ёхуд АПЛнинг улкан мукофот жамғармасига назар

«Ливерпуль» улуши «Сити»никидан кўп ёхуд АПЛнинг улкан мукофот жамғармасига назар

  25.05.2019 01:55
  0
  229
«Ливерпуль» улуши «Сити»никидан кўп ёхуд АПЛнинг улкан мукофот жамғармасига назар

Алоҳида ҳисоб-китоблардан маълум бўлишича, «МЮ» АПЛ-2018|2019да олган ҳар бир очкоси учун деярли 100 минг фунт сарфлаган бўлиб чиқяпти. Англия элит лигаси финишга етгани ҳамоно Daily Mail наш-ри клубларга тегадиган мукофот пули масаласига «ёпишди» ва бу борада алоҳида жадваллар тузиб чиқди. Бунда жами суммани чиқариш учун 3та даромад манбаи ҳисобга олинган:

1. АПЛ раҳбарияти томонидан барча иштирокчи жамоаларга тақсимланадиган тенг улуш - 79,4 млн. фунтдан

2. Ҳар бир клубга якуний жадвалда эгаллаган ўрнига қараб ажратиладиган бонус

3. Ҳар бир клуб иштирокидаги ўйинлар ТВ-ҳуқуқи сотуви устидан бериладиган маблағ

Алоҳида эътиборга олиш керак, Daily Mail ҳисоб-китоби расмий эмас, чунончи, жадваллар тахминий кўрсаткичларга асосан тузилган. Расмий ва якуний ҳисоб-китоб эса кузда эълон қилинади. Лекин ҳозирги жадвалларга қараб ҳам Англия Премьер-лигасининг телевизион бозори қандай ишлаётгани ҳақида маълум тушунча ҳосил қилиш мумкин. Қўшимчасига, уларда мукофот жамғармасининг тақсимот механизми ҳам мужассам.

 

Мисол учун,ТВ-ҳуқуқлар сотуви улуши клублар ўртасида қандай бўлинади? Ҳаммаси анча жўн. Асосий шартга мувофиқ, 20та иштирокчи жамоага аввало, тенг миқдорда маблағ ажратилади - 12,3 млн. фунт стерлингдан. Кейинги босқичда мавсум давомида муайян клубнинг нечта ўйини ТВ орқали кўрсатилганига эътибор қаратилади. Бунда 10тадан кўпроқ ўйини трансляция қилинган жамоалар қўшимча улуш олади. Қисқаси, ушбу меъёрдан ортиқ ҳар бир учрашув клубга қўшимча 1,2 млн. фунт келтиради. Оддийроқ ифода этсак,  ТВга чиққан 10та ўйиндан кейинги ҳар бир баҳснинг баҳоси - 1,2 «лимон». Диққатга сазовор томони, якунланган мавсум атиги 4та клуб бошланғич сумма, яъни 12,3 млн. фунт билан чекланди. Булар - «Борнмут», «Саутгемптон», «Хаддерсфилд» ва «Уотфорд». Бу борада «Ливерпуль» мутлақ етакчи. Қаранг, ЧЛ финалчисининг АПЛ доирасидаги нақ 29та учрашуви тўғридан-тўғри трансляция қилинди. Шу тариқа Юрген Клопп жамоасининг ТВ-ҳуқуқдан оладиган улуши 33,5 млн. фунтга етди. Таққослаш учун айтсак, чемпион - «Манчестер Сити» иштирокидаги 26та ўйин жонли тарзда эфирга узатилди ва бу ҳаттоки, 2-яхши кўрсаткич ҳам эмас. Чунончи, «МЮ» гарчи катта омадсизликка юз тутган бўлсада, унинг ўйинларига талаб катта - 27таси ТВ орқали намойиш этилди. «Сити» айни шу фарқ туфайли мукофот пулининг жами миқдори бўйича «Ливерпул»дан ортда қолди: «шаҳарликлар» улуши - 148,1 млн. фунт, «қизиллар» хирмони - 149,5 млн. фунт. Дарвоқе, «Манчестер Сити» ўтган мавсум ҳам мукофот жамғармаси ҳажми бўйича АПЛнинг энг илғор жамоаси бўлолмаганди. Чунончи, Хосеп Гвардиола дружинасига ўшанда ҳам мавсум-2017Ғ2018 давомида ТВда намойиш этилган ўйинлари сони нисбатан камлиги панд берганди. Аниқроқ айтсак, Манчестер клуби бу борада ҳамшаҳри - «МЮ»дан ортда қолганди.

Daily Mail таҳлилчилари шакллантирган яна бир жадвалда қизиқарли жиҳатлари кўпроқ. Улар бунда ҳар бир жамоанинг тахминий маош жамғармаси миқдорини мавсум давомида олган очкоси билан солиштириб кўришган. Яъни бир очко қанчага тушганини кўриб чиқишган. Ҳаммаси оддий формула натижаси: футболчилар маошига сарфланадиган ўртача сумма жами очколар сонига бўлинган. Тўғри, бунисида охирги тур натижалари ҳисобга олинмаган, аммо сўнгги ўйинлар жамоаларнинг жадвалдаги ўрнига таъсир қилмаганини ҳам айтиш жоиз. Энди диққат: «Вулверхэмптон»нинг ҳар бир очкоси 30836 фунт стерлингга тушди ва бу лигадаги энг яхши кўрсаткичдир. «Ливерпуль» натижасига келсак, охирги турда қўлга киритилган 3 очкони қўшиб ҳисоблаганда ҳам, сумма 50133 фунтни ташкил этади. «Манчестер Сити»да эса 1та очко учун ўртача 61153 фунттўғри келмоқда. Кучли олтиликка кирган жамоаларга қарасак, энг камхаржи - «Тоттенхэм». «Шпорлар» ушбу жадвалнинг 8-поғонасида боришмоқда - 49518 фунт. АПЛ якуний турнир жадвалидаги жойини назарда тутиб айтсак, «Хаддерсфилд» ўз футболчиларига меъёридан анча кўп маош берган. Ҳарқалай, чемпионатни 20-поғонада тугатган клубнинг ҳар бир очкоси 82533 фунтга тушди. «МЮ»нинг бу борадаги кўрсаткичи эса мутлақ муваффақиятсизлик - 1 очконинг баҳоси 99010 фунт. Қаранг, «Ливерпул»никига нисбатан деярли 2 баравар қиммат. «Манчестер Сити»нинг 1 очкоси эса «Юнайтед»никидан 1,5 баравар арзон. Аслида «МЮ» раҳбарияти бундан 3 йилча олдин маош тўловини қисқартириш ҳақида бош қотира бошлаганди, бироқ катта ҳақ олувчи футболчиларни трансферга қўйиш эвазига эмас. Шунингдек, клубда маошдан бир қисмини кесиб ташлашни ҳам режалаштиришмаган. Қисқаси, «МЮ» мутасаддилари таркибдаги юлдузларга гол ва самарали узатма учун белгиланган бонусни қайта кўриб чиқмоқчи эдилар. Мисол тариқасида айтсак, чилилик Алексис Санчес ҳар бир голи учун 75 минг, ассистентлик учун эса 25 минг фунт оларди. Поль Погбага ваъда қилинган мукофот миқдори бироз камроқ: гол учун - 50 минг фунт, самарали узатма учун - 20 минг фунт. Кўпчилик эсласа керак, ўтган йилнинг августида Санчес ва Погба ўртасида жанжал юзага келганди. Айтишларича, бунинг сабаби айнан шартномадаги шу бандга бориб тақалади. Ўшанда ҳакам «Лестер» дарвозаси томон пенальти белгилагач, «МЮ» футболчилари ким тепиши масаласида баҳслашиб кетишганди. Пенальти ҳар иккиси учун моддий томондан ўта муҳим эканлиги кейинроқ маълум бўлди. Умуман, Англия ОАВ хулосасига кўра, ҳозирги тизим «Юнайтед» кийиниш хонаси ва ички муҳитига ўта салбий таъсир ўтказмоқда. Клубнинг Погба ва Санчесдан зада бўлгани боиси ҳам шу...

 

АПЛ: клубларнинг маош тўлови

ва очколари муТаносиблиги

 

Т|р.   Клублар                  Маош тўлови       Очко     1 очко «баҳо»си

 

1       «Вулверхэмптон»    1 757 600 фунт     57         30836 фунт      

2       «Кардифф Сити»        957 471 фунт     31         30886 фунт      

3       «Уотфорд»              1 775 172 фунт     50         35503 фунт

4       «Ньюкасл»               1 650 133 фунт     42         39289 фунт

5       «Бернли»                 1 603 197 фунт     40         40080 фунт

6       «Борнмут»               1 989 520 фунт     45         44212 фунт

7       «Брайтон»               1 695 040 фунт     36         47084 фунт      

8       «Тоттенхэм»            3 515 778 фунт     70         50225 фунт

9       «Ливерпуль»            4 862 963 фунт     94         51734 фунт

10     «Лестер»                 2 710 710 фунт     51         53151 фунт

11     «Кристал Пэлас»     2 757 000 фунт     46         59935 фунт

12     «Эвертон»               3 252 690 фунт     53         61372 фунт      

13     «Манчестер Сити»   5 993 000 фунт     95         63084 фунт

14     «Вест Хэм»              3 189 333 фунт     49         65088 фунт

15     «Фулхэм»                1 727 440 фунт     26         66440 фунт      

16     «Саутгемптон»         2 669 333 фунт     38         70246 фунт

17     «Челси»                   5 020 004 фунт     71         70704 фунт

18     «Арсенал»               4 853 130 фунт     67         72435 фунт

19     «Хаддерсфилд»      1 238 000 фунт     15         82533 фунт

20     «МЮ»                      6 534 654 фунт     66         99010 фунт

 

Изоҳ:  маош тўлови графасида барча футболчилар ҳисобидан ўртача миқдор кўрсатилган; охирги тур натижалари ҳисобга киритилмаган.

 

 

АПЛ-2018|2019: МУКОФОТ ЖАМҒАРМАСИ ТАҚСИМОТИ

 

№   Клублар                 Ўйин   ТВ-ҳуқуқ              Натижа учун         Иштирок учун    Жами

 

1     «Манчестер Сити»  26        30,1 млн. фунт     38,6 млн. фунт      79,4 млн. фунт    148,1 млн. фунт

2     «Ливерпуль»           29        33,5 млн. фунт     36,7 млн. фунт      79,4 млн. фунт    149,5 млн. фунт

3     «Челси»                  25        29 млн. фунт        34,8 млн. фунт      79,4 млн. фунт    143,1 млн. фунт

4     «Тоттенхэм»           26        30,1 млн. фунт     32,8 млн. фунт      79,4 млн. фунт    142,3 млн. фунт

5     «Арсенал»              25        29 млн. фунт        30,9 млн. фунт      79,4 млн. фунт    139,3 млн. фунт

6     «МЮ»                     27        31,2 млн. фунт     28,9 млн. фунт      79,4 млн. фунт    139,5 млн. фунт

7     «Вулверхэмптон»   15        17,9 млн. фунт     27 млн. фунт         79,4 млн. фунт    124,3 млн. фунт

8     «Эвертон»              18        21,2 млн. фунт     25,1 млн. фунт      79,4 млн. фунт    125,7 млн. фунт

9     «Лестер»                15        17,9 млн. фунт     23,1 млн. фунт      79,4 млн. фунт    120,4 млн. фунт

10    «Уотфорд»             10        12,3 млн. фунт     21,2 млн. фунт      79,4 млн. фунт    112,9 млн. фунт

11    «Вест Хэм»             16        19 млн. фунт        19,3 млн. фунт      79,4 млн. фунт    117,6 млн. фунт

12    «Кристал Пэлас»    12        14,6 млн. фунт     17,3 млн. фунт      79,4 млн. фунт    111,3 млн. фунт

13    «Борнмут»              8         12,3 млн. фунт     15,4 млн. фунт      79,4 млн. фунт    107,1 млн. фунт

14    «Ньюкасл»              19        22,3 млн. фунт     13,5 млн. фунт      79,4 млн. фунт    115,2 млн. фунт

15    «Бернли»                11        13,5 млн. фунт     11,5 млн. фунт      79,4 млн. фунт    104,3 млн. фунт

16    «Саутгемптон»        8         12,3 млн. фунт     9,6 млн. фунт        79,4 млн. фунт    101,3 млн. фунт

17    «Брайтон»              13        15,7 млн. фунт     7,6 млн. фунт        79,4 млн. фунт    102,7 млн. фунт

18    «Кардифф Сити»    12        14,6 млн. фунт     5,7 млн. фунт        79,4 млн. фунт    99,6 млн. фунт

19    «Фулхэм»               13        15,7 млн. фунт     3,8 млн. фунт        79,4 млн. фунт    98,8 млн. фунт

20    «Хаддерсфилд»     8         12,3 млн. фунт     1,9 млн. фунт        79,4 млн. фунт    93,6 млн. фунт

Изоҳ: ўйин графасида ТВда тўғридан-тўғри намойиш этилганлари сони кўрсатилган.


А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz