Қайднома

Қидирув

Лэмпард - Терри финали

Лэмпард - Терри финали

  25.05.2019 04:13
  0
  538
Лэмпард - Терри финали

Англия Премьер-лигаси йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритувчи Чемпионшип «плей-офф» ўйинлари финалчилари маълум бўлди. Якуний учрашувда АПЛга чиқиш учун «Дерби Каунти» ва «Астон Вилла» клублари ўзаро баҳс олиб боради. «Дерби» «плей-офф» босқичи ярим финали жавоб учрашувида «Лидс»ни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Биринчи ўйинда эса Марсело Бьелса бошқарувидаги Лидс клуби 1:0 ҳисобида устун келганди. Хуллас, икки учрашув натижасига кўра, «Дерби» финалчига айланди.

Қайд этиш лозим, Марсело Бьелса жамоаси янги йилни Чемпионшип етакчиси сифатида қарши олганди. Қисқаси, «Лидс» охирги 10 йил ичида 25 декабрь куни турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олган ва якунда АПЛ йўлланмасидан қуруқ қолган илк клуб бўлди. Бундай ҳолат охирги марта 2007|2008 йиллар мавсумида кузатилганди: Рождествони пешқадам сифатида қарши олган «Уотфорд» якунда чемпионатни 6-ўринда якунлаган ва «плей-офф» босқичи ярим финалида йирик ҳисобда енгилганди. Бундан ташқари, Бьелса шакллантирган «Лидс» охирги 9 йил бадалига «плей-офф»нинг сафар ўйинида ғалаба қозониб, жавоб баҳси натижасига кўра, финалга чиқолмаган илк жамоа бўлди.

Энди ҳал қилувчи ўйинда «Дерби»га «Астон Вилла» рақиблик қилади. Бирмингемликлар ярим финалда «Вест Бромвич» тўсиғидан ўтишди (2:1, 0:1 ва пенальтилар бўйича - 4:3). Эътиборлиси, финалга чиққан ҳар икки клуб мураббийлар штабида «Челси»нинг яқин ўтмишдаги юлдузлари фаолият юритишмоқда: Фрэнк Лэмпард «Дерби»ни мустақил равишда бошқараётган бўлса, унинг узоқ йиллик клубдоши Жон Терри «Астон Вилла»да ёрдамчи мураббий саналади. Маълумот учун айтиш керак, Чемпионшипда 1 ва 2-ўринларни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри Премьер-лигага йўл олади, 3-6-поғоналарга жойлашган 4та клуб эса 3-йўлланма учун «плей-офф» турнирида қатнашади. Айтганча, финал баҳси 27 май кунига белгиланган. Демакки, яқин орада Лэмпард ва Терри Лондондаги муҳташам «Уэмбли» стадионида ўзаро тўқнаш келишади ёхуд «Дерби Каунти» - «Астон Вилла» жанги кузатилади.

Айтиш жоиз, «Астон Вилла» Англия юқори дивизионида 28 йил узлуксиз иштирок этганидан кейин мавсум-2015|2016 якунида АПЛ билан хайрлашганди. «Дерби Каунти» эса юқори дивизионда охирги марта чемпионат-2007|2008да кўриниш берган. «Дерби» жамоаси ўша мавсум атиги 1та ўйинда ғалаба эришган ва 11 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг охирги поғонасини банд этганди.

АПЛ-2018|2019 омадсизлари аллақачон маълум бўлди - «Кардифф Сити», «Фулхэм» ва «Хаддерсфилд». Демак, юқори дивизионда улар ўрнини «Норвич Сити», «Шеффилд Юнайтед» ҳамда «Дерби Каунти» ёки «Астон Вилла» эгаллайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz