Қайднома

Қидирув

Митти қишлоқнинг ёрқин юлдузи

Митти қишлоқнинг ёрқин юлдузи

  26.05.2019 02:20
  0
  829
Митти қишлоқнинг ёрқин юлдузи

Хорижлик касбдошларимизнинг қуйидаги ҳикояси «Ливерпуль» ҳужум чизиғининг кескир қиличларидан бири - Садио Манега бағишланган. «Қизиллар» муваффақиятига сезиларли ҳисса қўшаётган бу футболчи яшил майдондаги ижобий фазилатларидан ташқари, кундалик ҳаётда ҳам инсоний хислатлари билан ажралиб туради. Қизиғи, ўзи Мерсисайд клуби шарафини ҳимоя қилишига қарамасдан, «Барселона»га бефарқ эмас.

Ватани - Бамбали

Садио Мане Сенегал жанубидаги Бамбали қишлоғида дунёга келди. 2000га яқин киши истиқомат қиладиган бу мўъжаз гўшада бўлажак футболчининг отаси маҳаллий масжиднинг имоми бўлгани боис, ўғлини Ислом руҳида тарбиялади. Фарзанди 11га чиққанида у оламдан ўтди. Бироқ Садио отасининг панд-насиҳатларини эътиборсиз қолдирмади: ҳар куни беш маҳал намоз ўқийди, имкони бўлганида масжидга қатнайди, спиртли ичимликлардан узоқда юради ва сулоласи удумларига амал қилади. Мане қадрдон қишлоғидаги мактаб ва масжидни таъмирлаб берди, бундан кейин ҳам энг яқин қариндошлари ва садоқатли мухлислари истиқомат қилаётган табаррук замин ободлиги йўлидаги хайрли ишларини давом эттиради. ЕЧЛнинг ўтган йилдаги финали арафасида Садио 300 дона «Ливерпуль» футболкаларини Бамбалидаги ҳамқишлоқларига совға қилганди. Ҳужумчи ёзги таътилни ўз қишлоғида ўтказади.

Футболчи бўлиш учун уйини тарк этди

Бамбали ҳаёти анчайин мураккаб бўлиб, Садионинг болалик ва ўсмирлик йиллари шолипоя ва ёнғоқзорларда ўтди. Ишдан бўш пайтларини эса Мане тўп ортидан қувиш билан ўтказди. Ўйинга у шунчалик берилиб кетардики, уйга келганида чўмилиб олишга ҳам мадори қолмасди: келардию, ўзини ўринга таппа ташларди.

Табиийки, ота-онаси ўғлидаги кучли қизиқишдан мамнун эмасди. Охир-оқибат, ўз орзусини рўёбга чиқариш мақсадида Садио Дакарга қочиб кетди. Аммо бир ҳафтадан кейин уни тутиб олишди ва қишлоққа қайтаришди. Шу воқеадан кейин Маненинг интилишига ҳурмат билан ёндаша бошладилар: «Аввал мактабни тамомла, кейин футбол билан шуғулланаверасан». Шу тариқа Садио Дакар академиясига йўл олди, кейин Франция, «Ред Булл», «Саутгемптон» ва «Ливерпул»даги меҳнатлари эвазига футбол жамоатчилиги эътиборини қозонди.

«Бу ер Франция, у Европада, ойижон!»

Сенегал пойтахтидаги «Женерасьон Фут» академиясида таҳсил олиши учун Манега бутун қишлоқ пул йиққанди, улкан шаҳарда ёлғиз ўзи қолганида эса футбол унинг ёруғ дунёдаги якка-ю ягона бисотига айланди. Уйга бориб-келиш учун кўп вақт ва маблағ талаб этилар, тез-тез сим қоқиб туришга ҳам имконият етарли эмасди. Лекин битта сўзлашувни Мане ҳеч қачон унутмайди: 17 ёшли академия тарбияланувчиси Франциянинг «Метц» клубидаги кўрикка таклиф этилган, аммо қувончли хабарни ота-онасига етказишнинг иложи бўлмаганди. Натижада ҳужумчи Францияда клуб телефонидан уйига қўнғироқ қилди:

- Салом, ойижон! Мен Франциядаман!

- ?...

- Франция, Франция деяпман, у Европада жойлашган. Биласизми?

- Яна қанақа Франция?! Мени лақиллатма, сен Дакардасан.

- Йўқ, ойи, мен чиндан ҳам Франциядаман...

Москванинг «Спартак»ига келиши мумкин эди

Кўпчилик «Спартак»да селекция ишлари йўқ дейди - бўлмаган гап: «Ливерпуль» ҳужум чизиғининг икки юлдузи «қизил-оқ» либослилар сафидан жой олиши мумкин эди. Албатта, бунақа воқеалар жуда кўп, таниқли юлдузларни қўлга кирита олмагани билан ҳар қандай жамоа мақтана олади. Жумладан, ўз вақтида Садио «Спартак»дан ажойиб таклиф олганлигини тасдиқлаганди. 2014 йилда ёш ҳужумчи «РБ Зальцбург» сафида тўп сураётган, россияликлар эса олдинги чизиқни кучайтириш учун Мане ва Промесларни мўлжалга олишганди. Голландия вакили билан келишиш осон бўлди, Садио эса АПЛдан таклиф олгач, Россия вариантидан воз кечганди. ЕЧЛнинг аввалги мавсумида сенегаллик ҳужумчи «Энфилд»да «Спартак» дарвозасини икки бор ишғол этган, баҳс эса «Ливерпул»нинг 7:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етганди.

Клоппнинг эркатойи

Суҳбатларнинг бирида Юрген Клопп Садио Маненинг ўйинларини 2012 йилдан бери кузатиб келганлигини маълум қилганди. Сенегаллик ҳужумчи Лондон Олимпиадасидаги иштироки орқали германиялик мутахассис эътиборини тортган ва уни Дортмунднинг «Боруссия»сига таклиф этганди. Мураббий ва шогирд ўртасида ўзига хос муносабат шаклланган: зафарли онларда самимий мақтовларини Садиодан аямайди, лекин танбеҳга лойиқ тўп сурган кезларида заррача бўлсада аяб ўтирмайди. Одатда, Клопп Маненинг майдондаги танлаган позициясига эътироз билдиради, бошқа жиҳатлари мураббийни тўла қониқтиради. Юргенннинг фикрича, бу «митти машина» ўзининг юлдузлик мақомини тўлиқ ҳис эта оладиган бўлса, янада самаралироқ ўйнайди.

Масжиддаги инсонийлик ибрати

«Ливерпул»нинг сентябрь ойида «Лестер» устидан эришган ғалабасидан кейин голлардан бирининг соҳиби масжид ходимига кўмаклашаётгани ҳақида видеолавҳа пайдо бўлди. Кейинчалик Садио бунга қуйидагича изоҳ берди: «Мен мусулмонман ва ҳар куни беш маҳал намоз ўқийман. Имкони бўлганида ибодатимни масжидда адо этаман. Бир куни у ерда ганалик дўстимни учратиб қолдим ва намоздан кейин чойга таклиф этдим. Ўртоғим масжиднинг таҳоратхонасини тартибга келтириши лозим эканлигини айтиб, узр сўради. Мен унга кўмаклашиб юбордим. Бор гап шу. Бу ишимизни бир нотаниш киши телефонда суратга олаётганини кўриб қолдим ва лавҳани Интернетга жойламасликни илтимос қилдим. У шундай қилмасликка онт ичди, аммо лавҳа бир кундан кейин ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Аслида бунинг бирор-бир ножўя жиҳати йўқ, мен у кишидан хафа эмасман. Лекин масжидда биз амалга оширган ишимизни жамоатчиликка намойиш этиш шарт эмасди, деб ҳисоблайман. Ўзгаларга ёрдам бериш - ҳар бир мўминнинг бурчи».

Садио Мане - «Барселона» мухлиси?

ЕЧЛ ярим финалининг «Камп-Ноу»-даги дастлабки учрашуви арафасида касбдошларимиз Садио Мане билан суҳбатлашишди. Мулоқот мазмунидан маълум бўлишича, ҳужумчи Каталония грандига бефарқ эмас экан. Биринчидан, Мане болалик пайтидан «Барса»нинг ўйинларини кузата бошлаган ва «Камп-Ноу»ни ҳайратланарли арена деб ҳисоблайди. Иккинчидан, ўз «кумир»и - Роналдиньони ёдга олди: «Унинг ўйинларини завқ-шавқ билан томоша қилардим. Ҳозир ҳам уни ҳурмат қиламан. Роналдиньодаги табассум менда бўлганида борми...» Учинчидан, Филиппе Коутиньо «Ливерпул»дан «Барселона»га йўл олганида унга ҳавас билан қараганини ҳам тан олганди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz