Узоқ йиллар давомида Голландия Европа футболини ноёб иқтидор соҳиблари билан таъминловчи асосий чашма бўлиб келди. Бироқ сўнгги пайтларда сермаҳсул булоқ ўз қутбини қўшни Бельгияга кўчирди. Ҳозирда бу мамлакат термаси ФИФА рейтингида етакчилик қилмоқда, Жюпиле-лиганинг ҳар бир учрашуви янги Азарларни кашф этиш иштиёқидаги хорижий скаутлар назорати остида ўтмоқда.
Муваффақият даври тарихи
«Шунчаки, Бельгияда ҳозир олтин авлод вояга етди» - терма жамоа намойиш этаётган юксак парвозни мутахассислар шу тарзда изоҳламоқдалар. Аммо бельгияликлар бу фикрни инкор этмоқдалар. Уларнинг наздида муваффақият - пухта ўйланган узоқ йиллик режа асосидаги ишлар самараси. 90-йиллар охирида муаммонинг ўта жиддий эканлигини мутасаддилар тушуниб етишди ва қатъий қарорга келишди: ҳозирдан бошлаб футболга бўлган муносабатни кескин ўзгартирамиз ёки қолоқлик мақомига кўникамиз.
2000 йилда улкан режани амалга ошириш йўлидаги дастлабки салмоқли қадамни қўйилди: Евродан олинган даромад эвазига Тюбиз шаҳрида футбол маркази барпо этилди, мураббийлар учун бепул ўқув курслари ташкил этилди. 1998-2002 йилларда ҳукумат ҳамкорлигида 14-18 ёшли болалар учун 8та қўшимча футбол мактаблари очилди. Кевин де Брюйне, Дрис Мертенс, Тибо Куртуа, Мусса Дембеле, Аксель Витцель ва бошқа иқтидор соҳиблари айнан шу масканлар тарбиланувчиларидир.
Улкан ислоҳотларнинг бош ташаббускори бўлмиш Мишель Саблон асосий эътиборни ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратди. Учинчи минг йилликдан бошлаб бельгияликлар 3-4-3 тактик схемаси асосида шуғуллана бошладилар. Бельгия футболининг кенг кўламдаги эволюцияси шу тариқа старт олди.
«Туғилиш вақти» эффекти
13 ёшли Лукакунинг митти бельгияликлар ёнида тушган фотосуратлари унинг ёши борасида шубҳа уйғотади. Бироқ бу ёш футболчиларни тайёрлаш жараёнидаги муаммоларнинг юзаки кўриниши, холос. Болалар футболида тарбияланувчиларнинг туғилган вақтига қараб танлаб олиш муҳим аҳамият касб этади. Қисқача айтганда, мазкур назарияда йил бошида, аниқроғи, биринчи кварталда дунёга келган болалар кейинроқ туғилган тенгдошларига нисбатан иқтидорлироқ бўлар эканлар.
«Ол-а, шу ҳам гап бўлди-ю. Балки энди футболчиларни буржи бўйича саралашга ўтармиз?» - агар сизнинг хаёлингиздан ҳам шундай фикр ўтган бўлса, уни қувиб юборинг ва хулоса чиқаришга ошиқманг. Назария айниқса, болалар футболи доирасида муайян маънога эга. Унга кўра, январь ойида туғилган тарбияланувчи кейинроқ, масалан, ноябрдагидан бир йиллик устунликка эга. Болаларнинг 12-16 ёшли даврида бир неча ойлик тафовут кўп нарсаларни ҳал қилади. Тажрибадан маълум бўлишича, йилнинг иккинчи ярмида дунёга келган болаларнинг кўпчилиги катта спортдан четда қолишар экан. Бунга ана шу туғилиш вақти сабабчи.
Келинг, энди Бельгияга қайтайлик. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, ёшлар терма жамоаси аъзоларининг 40 фоизи йилнинг дастлабки 3 ойи давомида туғилган. Аммо 2008 йилда мутасаддилар туғилиш вақти эффекти етарли самара бермаётганини тушуниб етишди: атиги 11 млн. аҳолига эга бўлган мамлакатда танлаш имконияти чегараланганлиги ўз-ўзидан тушунарли. Айнан шу йилдан бошлаб Бельгияда гуруҳларни бўлажак тарбияланувчининг туғилган вақтига қараб шакллантириш бошланди. Яъни, таваллуд ойи туфайли имтиёзлардан четда қолган ёшлар орасидан иқтидорлилари саралаб олинди. Лойиҳа иш берди: Тибо Куртуа ва Янник Феррейра Карраско каби маҳорат соҳиблари ана шу гуруҳлар вакиллари эдилар.
Ҳозир Бельгиянинг аксарият клублари туғилиш вақти эффектидан воз кечишмоқда, навбатдаги Куртуа ёки Карраскодан жудо бўлишни ким ҳам истарди, дейсиз?
Purple Talents ва «Андерлехт» академияси
Бугунги Бельгия терма жамоаси таркибининг 35 фоизи «Андерлехт» тарбияланувчилари. Мисол учун, ЖЧ-2018да 23 футболчидан 8 нафари шу маскан битирувчилари. Ҳамма гап тайёргарлик услубида. Академия томонидан жорий этилган махсус дастурга биноан, тарбияланувчилар ўз техник маҳоратларини оширишлари учун алоҳида бир соат шуғулланадилар. Ака-ука Лукакулар айнан шу тизимда таҳсил олишган. Кейинчалик лойиҳанинг муваффақиятига ишонч ҳосил қилган ва ўз амалиётига татбиқ этган «Генк» мактаби футбол оламига Кевин де Брюйне ва Тибо Куртуаларни тарбиялаб берди.
Хўш, «Андерлехт» академиясининг фарқли жиҳати нимада? Бу ердагилар биринчи навбатда таҳсил жараёнига эътибор беришади. «Андерлехт» ёш иқтидорларнинг маҳорати билан биргаликда уларга сабоқ берадиган мураббийлар малакасини ҳам жиддий назорат остига олган. Академия раҳбари Жан Киндерманснинг айтишича, мактаб дастурини ўзлаштира олмаётган тарбияланувчилар машғулотлардан четлатиладилар. Директор ўз клубига қуйидагича изоҳ берди: «Андерлехт» - бамисоли бир кўча. Биз унинг юзимиз. Мультикультурализм биз учун энг асосий устунлик.
«Андерлехт» академиясида тактик схема муҳим ўрин тутади. «Биз 3-4-3 услубидан фойдаланамиз. 15 ёшгача бўлган гуруҳларда у 4-3-3 кўринишини олади. Умуман, тактик услубимизнинг мослашувчанлик қобилияти талаб даражасида. Жамоанинг кучли ва заиф жиҳатлари, рақибнинг савияси, йилнинг фасли ва ўйиннинг муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгаришларни амалга ошириш осон. Кичикроқ ёшдагилар 3-4-3 схемасини қўлласаларда, мунтазам равишда позицияларини ўзгартириб турадилар», - дея таъкидлади Киндерманс.
Хорижликлар Бельгия клублари харидини ёқтирадилар
Жюпиле лигаси хорижий сармоялар ҳисобига йил сайин ривожланиб бормоқда. Яқинда «Монако» Бельгиянинг 2-дивизионидаги «Серкль Брюгге» клубини харид қилди. Умуман олганда, ҳозир 10га яқин профессионал жамоалар хорижий сармоядорлар тасарруфида фаолият юритишмоқда. Кўрсаткич йил сайин кўтарилиб бормоқда.
Улкан сармоялар оламидаги харидоргирликнинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Биринчи навбатда, Бельгия клубларининг нисбатан арзон баҳолари ўзига тортади. Айрим жамоалар қарзга ботиб қолишгани боис, уларни арзимас маблағ эвазига харид қилиш мумкин.
Иккинчидан, у ердаги солиққа тортиш тизими мижозлар учун ўта манфаатли. Масалан, Бельгия қонунчилигига кўра, ўз тасарруфидаги жамоани сотиб юборган сармоядор олган даромадидан солиқ тўламайди.
Учинчидан, ЕИга аъзо бўлмаган мамлакатлар вакиллари трансферида Жюпиле лигаси ҳар бир легионер футболчи учун 80000 евро олади, Голландияда эса бу кўрсаткич 300000 еврога етади. Ички чемпионатни ривожлантиришга қаратилган имтиёзлар академиялардаги шароитни яхшилаш, имкониятларини кенгайтириш ва кўпроқ иқтидорли ёшларни жалб этиш имконини бермоқда.
А.Аҳмедов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20