Қайднома

Қидирув

У барибир кетади ёки яна Гризманн атрофидаги «савдо»лар хусусида

У барибир кетади ёки яна Гризманн атрофидаги «савдо»лар хусусида

  29.05.2019 01:41
  0
  485
У барибир кетади ёки яна Гризманн атрофидаги «савдо»лар хусусида

Франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн келгуси мавсум «Атлетико» шарафини ҳимоя қилмаслигини билдирди. Футболчи бу қарорни ўз олдига янги мақсадлар қўйгани билан изоҳлади. Пойтахт клуби мухлислари бунга жавобан жаҳон чемпионига «матрасчилар» либосини бошқа киймасликни таклиф этишди. ОАВнинг хабар беришича, Гризманн фаолиятини «Барселона»да давом эттиради. Каталонияликлар унинг учун 120 млн. евро беришга тайёрлар.

Яқинлашиб келаётган ёз фаслида Европадаги трансфер бозори зерикарли бўлмаслиги ҳозирданоқ тайин. Антуан Гризманнинг «Атлетико»ни тарк этиши ҳақидаги хабар эса бу фикрнинг яна бир исботидир. Французнинг бирор-бир топ-клубга ўтиши билан боғлиқ гап-сўзлар бир неча ойдан буён янграётган бўлсада, футболчи ва унинг клуби ушбу маълумотларни рад этиб келаётганди. Бироқ 14 май куни Гризманн расмий мурожаат билан чиқиб, клуб мухлисларини ранжитди, зеро, ҳужумчи бир неча ой муқаддам мадридликлар билан шартномани узайтирганди. Гўёки, у узоқ йиллар жамоа етакчиси бўлиб қоладигандек эди. «Мен билан ҳамиша илиқ муносабатда бўлган Диего Симеоне, раҳбарият ва клубнинг бошқа аъзолари билан гаплашгач, кетишга қарор қилдим, янги чақирувларга тайёрланиб, ўз олдимга янги мақсадлар қўйдим. Бундай қарорга келишим осон бўлмади, аммо шундай қилишим шартлигини сезиб турибман», - футболчининг сўзларидан иқтибос келтирди «Атлетико» матбуот хизмати.

Форвард шунингдек, клубда ажойиб даврни бошдан кечирганини таъкидлади. «Мазкур жамоада илк совринларимни қўлга киритдим ва буни ҳеч қачон унутмайман. Сўнгги беш йил ажойиб ўтди, роҳатландим. Майдонда бор кучимни сарф­ладим, бирга суратга тушишни хоҳлаган мухлисларни ҳеч қачон инкор этмадим, стадионга ташриф буюрганларга ёқимли дамлар улашишга интилдим. Барчангиз умрбод қалбимда қоласиз», - дея қўшимча қилди Гризманн.

Антуаннинг қарорини «Атлетико» мухлисларининг фаол қисми тўғри тушунмади. Хусусан, Frente Atletico гуруҳи французнинг мурожаатига қатъий жавоб қайтарди: «Умид қиламизки, «Атлетико» либосида бошқа бир дақиқа ҳам ўйнамайсан, - деб ёзишди фанатлар «Твиттер»даги саҳифада.

Гризманнинг расмий баёнотидан кейин Симеоне ҳам шогирди ҳақида фикр билдирди. «Антуан бизнинг сардоримиз, унинг келажаги ҳақидаги гап-сўзларга эътибор бермайман. Унинг яна икки йиллик шартномаси бор. Агар аниқ кетмоқчилигини билганимда, у ҳақда яхши гаплар айтмаган бўлардим», - деди мураббий Сalciomercato вакилларига берган интервьюсида.

Жаҳон чемпиони учун 120 млн. евро

Гризманнинг «Барселона»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар йил бошида пайдо бўлган, ОАВда бир-бирини инкор этадиган турли маълумотлар тарқалганди. Мисол учун, 26 мартда каталонияликлар французнинг трансферидан буткул воз кечишгани айтилди. Бир-икки кундан кейин эса спортга ихтисослашган нашр­ларда Антуан Каталонияга кўчиб ўтиш учун маошининг камайишига ҳам рози эканлиги билдирилди. Футболчининг ўзи эса шахсига тааллуқли гап-сўзлардан чарчаганини таъкидлади.

Ҳар икки клуб «қарта»ларни очишмади. «Барселона» президенти Хосеп Мария Бартомеу ушбу ҳужумчи билан музокара ўтказилмаётгани, аммо француз ажойиб футболчи эканлигини таъкидлади. Ўшанда у кейинчалик ҳам Примерада Гризманнинг ўйинидан баҳра олишни хоҳлашини айтганди. Ўз навбатида, «Атлетико» раҳбари Энрико Сересо футболчининг амалда шарт­номаси борлигини эслатди.

Ўтган йилнинг ёзида Антуаннинг «Атлетико»даги аввалги шартномаси якунланаётганда «Барселона» унга таклиф билан чиққанди. Сўнгги паллагача ҳужумчининг рози бўлган ёки бўлмаганлиги номаълумлигича қолди. Шунга қарамай, июнь ойи ўрталарида - Россиядаги жаҳон чемпионати стартидан сўнг - мадридликлар Антуан билан амалдаги шартномани 2023 йилгача узайтиришгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ўшанда Испания матбуоти Гризманнинг товон пули 200 млн. евродан 120 млн. еврогача туширилишига урғу берганди. Шу тариқа, исталган клуб мазкур сумма эвазига французнинг трансфер ҳуқуқини сотиб олиши мумкин эди.

Тунги соат учда рафиҚасини уйҒотди...

Ҳозирча Гризманнинг янги жамоа­си билан боғлиқ расмий маълумот йўқ, аммо испаниялик мухлислар ҳужумчи «Барселона» туфайли Мадридни тарк этишни хоҳлаганига шубҳа қилишмаяпти. Гарчи француз бир йил аввал каталонияликларга рад жавобини берган бўлсада, бундан унчалик хурсанд эмаслигини яширмаганди. «Барселона»га ўтишдан воз кечиш фаолиятимдаги энг мураккаб қарор бўлди. Ушбу масалани муҳокама қилиш учун рафиқамни тунги соат учда уйғотишимга тўғри келди», - деганди жаҳон чемпиони ўз интервьюсида.

Антуан «Атлетико»да беш йил тўп сурди, аммо шу вақт мобайнида атиги учта сов­ринга эга чиқди. Симеоне шогирдлари Испания чемпионлигини Гризманнсиз қўлга киритишган, 2013 ва 2016 йилларда Чемпионлар Лигаси финалига қадар етиб боришган бўлсада, ушбу турнирда зафар қучиш насиб этмаганди. Эҳтимол, «матрасчилар»нинг асосий еврокубокнинг жорий мавсумидаги омадсиз иштироки Антуанни Мадриддан кетишга ундагандир?! Мадридликлар 1|8 финалнинг дастлабки учрашувида «Ювентус»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишганига қарамай, жавоб баҳсида йирик ҳисобда ютқазиб, мусобақани тарк этишди.

Франциялик ҳужумчи мартда 28 ёшни қаршилади, демакки, юқори даражада тўп суриш учун вақти кўп эмас. Шундай экан, янги чақирувларни қабул қилишга тайёрлигини тўғри тушуниш мумкин. «Барселона»га эса ҳужумда янги «қон» зиён қилмайди, ахир Луис Суарес ва Лионель Мессининг ёши 30дан ошди, навқирон Усмон Дембеле ва Малком эса етарли даражада барқарор эмаслар. Гризманн эвазига Эрнесто Вальверде сайёрамиздаги энг кучли ҳужумкор учликни яратиб, Европанинг клублар ўртасидаги бош совринига эга бўлмоқчи. Боз устига, «Барселона» Неймарнинг ўрнини босадиган футболчини ҳали-ҳамон топганича йўқ. Айнан 28 ёшли француз ушбу ўринни муносиб тўлдириши эҳтимолдан холи эмас.

Гризманнинг каталонияликлар сафини тўлдиришига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаётган бўлсада, айрим матбуотчилар уни бошқа клубларга «бичишмоқда». Мисол учун, Антуанга «ПСЖ» ҳам қизиқмоқда. Парижликлар шу тариқа ёши ўтиб қолаётган Эдинсон Каванининг ўрнини тўлдиришмоқчи. Аммо бу трансфернинг амалга ошишига ишониш қийин, зеро «ПСЖ»да молиявий «фейр-плей» билан боғлиқ муаммо бор. Яъни, қимматбаҳо футболчини сотиб олиш учун кимнидир сотишларига тўғри келади.

Гризманни «Барса»да муаммо кутмоҚда

Гарчи «Барселона» футболчилари бир йил аввал француз билан бир сафда тўп суришни орзу қилган бўлсаларда, унинг оғзаки келишувни бузиб, Мадридда қолганидан ранжишди. Шу боис, «кўк-анорранглилар» етакчилари ушбу трансферга қарши чиқишни ҳам ўйлаб қўйишганди. «Барса»да Месси бошчилигидаги юлдузларнинг ҳаттоки, бош мураббий Эрнесто Вальвердени ҳам «қўлга олишгани»ни инобатга олсак, воқеалар шундай ривожланиши эҳтимоли йўқ эмас. Бу эса Антуаннинг жамоага киришиб кетишига тўсқинлик қилиши турган гап.

Тушунарлики, «Барселона» раҳбарияти Гризманнинг ҳужумда етакчи ўринни тутишига умид қилмоқда, чунки француз олдинги чизиқнинг исталган нуқтасида бирдек барқарор ўйнай олади. Мазкур ҳолатда барчаси бош мураббийга боғлиқ бўлади, у хоҳ Вальверде бўлсин, хоҳ бошқаси. Бош­қарув қайси мутахассис қўлига ўтишидан қатъий назар, «Барселона» 4-3-3 схемасидан воз кечмаса керак. Бундай тактикада энг олдинги чизиқдаги жойни Суарес банд этган, ўнгда эса Месси ёки жамоа учун 40 млн. еврога тушган Малком ўйнайди. Қўшимчасига, Усмон Дембеле ҳам ҳар икки қанотда ўзини эркин ҳис қилади.

«Барса»да Гризманнга жой йўҚ...ми?

Натижада, иккита вариант қолади - ё Гризманн чап қанотга ўтади ёки Месси ичкарироққа ўтиб, унинг позициясини Малком ёки Дембеледан бири эгаллайди. Аргентиналик ҳужумчининг ёши ва тажрибаси, унинг тезлигини бироз йўқотганидан келиб чиқсак, сўнгги вариантнинг амалга ошиши ҳақиқатга яқин, албатта, агар Леонинг ўзи бунга кўнса. Бошқа томондан, Суарес Мессининг ўрнини эгаллаб, шу тариқа марказдаги жойини Гризманнга бўшатиб бериши мумкин. Акс ҳолда, Антуан чап қанотдаги жой учун ҳамюрти билан курашишига тўғри келади, гарчи бу позиция унинг учун қадрдон бўлмаса ҳам. «Атлетико»да 2016 йилдан буён бу чизиқда ўйнамаганди.

4-3-3 тактик схемасида ҳужумчи ортидаги жой инобатга олинмаган. «Атлетико» (1995-1998, 1999 ва 2000 йиллар) ва «Барселона» (2003)нинг собиқ бош мураббийи Радомир Антич ўз кузатувларидан келиб чиқиб, ушбу масала юзасидан фикр билдирди: «Гризманн - плеймейкер, «Барселона» эса ярим ҳимоячиларсиз ўйнайди. Агар Антуан Каталония клубига трансфер қилинса, унинг захира ўриндиғида қолиб кетиши муқаррар, чунки у ерда унга жой йўқ».

«Атлетико»даги асосий ролни «Барселона»даги захира ўйинчиси мақомига алмаштириш тўғри бўладими? Жуда жиддий савол. Аммо Гризманн қарорини қабул қилиб бўлди - фаолиятининг сўнгги кунигача қишлоқда етакчи бўлишдан кўра, шаҳарда сўнгги ўринда туришни афзал билмоқда. Ортга йўл йўқ. Боз устига, Мадрид клуби фанатлари унинг манзилига нафратли сўзларни айтиб улгуришди: «Энди «Атлетико» либосида бошқа бир дақиқа ҳам ўйнамайсан, деган умиддамиз».


Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz