Қайднома

Қидирув

Ферги сақичи – санъатнинг бир қисми ёки яна Сеэр Алекс ҳақида...

Ферги сақичи – санъатнинг бир қисми ёки яна Сеэр Алекс ҳақида...

  28.05.2019 15:46
  0
  453
Ферги сақичи – санъатнинг бир қисми ёки яна Сеэр Алекс ҳақида...

Бугунга келиб шуни аниқ айтиш мумкинки, сэр Алекс Фергюсон шахсини оддийгина резина сақичсиз тасаввур қилиш қийин. Инглиз футболи тарихидаги энг буюк мураббийлардан бири саналган Фергюсон ўйин пайтида сақич чайнашга шунчалик ўрганган эдики, у мураббийлик билан хайрлашганига 6 йилдан ошсада, унинг бу одатини ҳеч ким унутмаган. Энг қизиғи, унинг «МЮ»даги сўнгги, «Вест Бромвич»га қарши сафарда кечган ва голларга бой бўлган учрашуви (5:5)дан кейин қайсидир бир ишбилармон мухлис Алекс Фергюсон томонидан чайнаб ташланган сақични олиб кетади. Кейинроқ эса ана шу сақични eBay тармоғи орқали сотувга қўяди.

 

Буни қарангки, шу йилнинг март ойига келиб, худди ўша чайнаб, туфлаб ташланган сақичнинг нархи аукционда 450 минг еврога кўтарилиб кетди. Савдодан тушган пул эса хайрия ишларига йўналтирилди.

Ўзи аслида-ку, Ғарб учун бундай савдолар янгилик эмас. Дейлик, таниқли хонанда  Бритни Спирснинг худди шундай сақичи учун 2004 йили кимдир нақ 14 минг долларнинг баҳридан ўтган. Шунингдек, бокс қироли - Муҳаммад Алига тегишли қўл­қоплар ҳам ўз вақтида рекорд сумма - 400 минг «кўки»га сотилган.

Лекин Фергюсоннинг сақичи - алоҳида ҳолат бўлиб, шотландияликнинг фаолиятида узоқ давом этган бу одати унинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган. Қизиғи шундаки, «босс»нинг бу қилиғини кейинчалик унинг ёрдамчиси ҳамда шогирди Карлуш Кейруш ўзлаштириб олди. У пайтлари Фергюсон сақични қанчалик тез ёки секин чайнашига қараб туриб, бемалол унинг кайфиятини аниқлаб олиш мумкин эди.

Ўтган қишда «МЮ» оғир аҳволда қолиб, Моуриньо ўрнига Оле Гуннар Сульшер келганида ва кетма-кет муваффақиятларга эришаётганида, жамоанинг содиқ мухлислари бир нарсага эътибор қаратишди: Сульшер ҳам қайсидир бир ўйинда худди устози каби сақич чайнаган ҳолда кўриниш берди. Ишқибозлар эса шу заҳоти ижтимоий тармоқларни қуйидаги ёзувлар билан тўлдириб юборишди: «Менимча, биз бу ҳолатни кўриб, бир одам ҳақида ўйлаганимиз тасодиф эмас».

Аввал туфлаш, кейин саҚич

1986 йили «Манчестер Юнайтед» бошқарувига келгунига қадар Алекс Фергюсон умуман сақич чайнамаган. Бироқ унда бошқа бир ёқимсиз одат бор эди: ҳадеганда майдонга тупураверарди. Ниҳоят, жамоада кимгадир бу одат ёқмай, клуб президенти Мэтт Басбига бош мураббий устидан шикоят қилади. Раҳбарият эса ҳомийларга юзланади: хўш, нима қилсак «сих ҳам, кабоб ҳам куймайди?» Шунда ҳомийлар масалага янгича ечим топишади ва мураббийга ўйин вақтида сақич чайнаб кўришни тавсия қилишади. Шу тариқа Фергюсоннинг бақувват жағлари ютуқли лаҳзаларда ҳам, мағлубиятли кунларда ҳам асло тинмайди.

Фақат шуниси эътиборлики, САФ фақат бир турдаги сақичларни чайнарди - ялпиз мазасига эга Wrigley сақичларини. Wrigley эса дунёда биринчи бўлиб маҳсулотлари ўрамида штрих-кодларни тасвирлай бошлаган (1974 йил) компания ҳисобланади. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозим, штаб-квартираси Чикагода жойлашган бу компания 1891 йили ташкил топган бўлиб, чайналадиган резинадан ташқари, турли қандлар ва конфетлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айтиш мумкинки, агар Фергюсон сақични чайнаб бўлиб, майдонга туфламаганида, ундан ажойиб реклама сифатида фойдаланиш мумкин бўларди. Аммо афсуски, баъзида Фергюсон қизишиб кетиб, ҳакамларга қичқириб кетар, аксарият шундай ҳолларда эса унинг оғзидан сақич отилиб чиқиб кетиб қоларди. Бу эса табиийки, кўпчиликка ёқмасди. Жумладан, «Ливерпул»нинг собиқ аъзоси, футбол таҳлилчиси Алан Хансеннинг фикрига кўра, одам сал камтарроқ бўлгани маъқул: «Баъзи бир одамлар сақич чайнаса, жуда даҳшатли бўлиб кетишади. Масалан, менинг ишимда бундай қилиш мумкин эмас. Сақични сал камтарроқ кўринишда чайнаса ҳам бўлади-ку, ахир...».

Олимларнинг айтишича, сақич - Ферги муваффақиятининг калити экан. Лекин жиддий айтганда ҳам, мутахассис сақич билан нисбатан тезроқ фикрлаган. Фергюсоннинг одатини оддийгина қилиб изоҳласак, у сақични камроқ асабийлашиш ва бор диққатни ўйинга қаратиш мақсадида чайнайди. Икки олим - тиббиётга ихтисослашган Корке коллежи доктори Эндрю Аллен ва Кардифф университети профессори Эндрю Смитлар бу борада махсус тадқиқот олиб боришди. Олинган натижаларга кўра, олимлар сақич чайнайдиган одамларда диққат, ҳушёрлик ва реакциянинг ошиши, юрак уришининг ку­ча­йиши ва ичаклар фаолиятининг яхшиланиши каби турли ижобий ўзгаришларни аниқлашган. Қисқаси, Аллен ва Смит агар инсон иш фаолияти давомида сақич чайнаб юрса, кўплаб ортиқча муаммоларни унутиб, бор эътиборини асосий масалага қаратади, деган умумий хулосага келишди.

«Эҳтимол, футбол мураббийлари сақич чайнашни ҳеч бир илмий асосларсиз, беихтиёр бошлаб юборишгандир, аммо улар тўғри йўлдан кетишмоқда», - дейди Смит. Ирландия­лик олимларнинг фикрини Япониядаги радиотехника фанлари институти илмий ходимлари ҳам тасдиқлашмоқда. Японларнинг таъкидлашича, сақич - Фергюсон ютуқларида сезиларли ҳиссага эга. Чунончи, сақич туфайли мутахассис ўйинлар вақтида тезроқ ўйлашга ўрганган эмиш. «Бизнинг тадқиқотлар шуни кўрсатдики, сақич чайнаш кишида ҳушёрлик ва тез фикрлаш қобилиятларини кучайтиради», - дейишди японлар Brain and Cognition журналида эълон қилинган мақолада. Уларнинг айтишича, сақич чайнаш давомида мияга қон қуйилиши яхшиланади ва миянинг саккиз қисмида жараёнлар тезлашади. Ким билади дейсиз, эҳтимол шундайдир?!

СаҚич - илҳом манбаи

Фергюсоннинг сақичи баъзи бир инсонларни илҳомлантириб, уларни янги ғояларга ундагани ҳам бор гап. Мана, уларнинг учта асосийлари:

1. Фергининг сақичи Теҳрондаги «Шаҳризод» театрида қўйилган The Recyclables («Қайта ишланганлар» - инглиз.) комедиясида бош қаҳрамон ролини ўйнади. Саҳна кўринишида чайналган сақичдан ташқари, занглаган мих, синган игна ва сигарета қолдиғи сингари қаҳрамонлар иштирок этишади. Комедиянинг ғояси шундайки, бош қаҳрамон ўзини айнан ўша, ярим миллионга баҳоланган машҳур сақич сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Лекин кейинроқ маълум бўладики, аслида қаҳрамоннинг ҳамма сўзлари ёлғон бўлиб, у банан таъмли оддийгина, истеъмол муддати яроқсиз маҳсулот бўлиб чиқади. Пьесани 2018 йил декабридан 2019 йил январигача муваффақиятли тарзда намойиш қилишди. Комедия режиссёри Ризо Ҳайдари шундай дейди: «Менга кундалик ҳаётимизда керак бўладиган нарса-буюмлар роса ёқади. Ўзим ёритиш дизайнерлиги соҳасида ҳам фаолият юритганим сабабли лампочкаларга худди тирик одамлардек муносабатда бўламан. Қисқаси, лампалар - менинг дўстларим. Комедияда ҳам атрофимиздаги буюмларнинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатиб бермоқчи бўлдим. Зеро, буюмлар ҳам орзу қилишади, ўйлашади ва худди одамлар каби тез-тез ўзгариб туришади».

2. Биласизми-йўқми, Eplwire.com номли сайт жаҳон футболи юлдузлари борасида турли миш-мишлар ва олди-қочдиларни эълон қилиш билан шуғулланади. Жумладан, бу ерда Луис Суареснинг АҚШ президенти Кеннедининг қотиллигига алоқаси, Жоуи Бартоннинг Гитлер арвоҳи билан суҳбатлашгани ҳақида хабарлар бор. Фергининг сақичи ва ҳайкал ҳақидаги каттагина ҳикоя ҳам айнан шу ерда.

Хуллас, унда айтилишича, гўё кореялик талаба Ви Алекс Пи (Фергюсон шарафига уйдагилари унга шундай исм беришган)нинг хаёлига бир ажойиб фикр келади. Унга кўра, шотландиялик мутахассисга «Олд Траффорд» яқинида ҳайкал ўрнатилиши ва бу ҳайкал бошдан-оёқ... сақичдан иборат бўлиши лозим. Айтишларича, талабада бу ғоя Манчестердаги санъат мактабида таҳсил олаётган пайт туғилган эмиш. «Мен ўйинни стадионда кўриб ўтирганимда, сэр Алекс чайнаган ҳамма сақичлар қаерларда йўқ бўлиб кетди экан-а, деб ўйлардим. Бу фикр миямда худди Wrigley пластинкаси каби айланаверди», - деганмиш Пининг ўзи.

Хуллас, Ви Алекс бу ғоя ортидан клуб раҳбарлари ва САФнинг шахсан ўзига ҳам учрайди. Ҳар икки томон розилик бергач, кореялик йигит ҳайкал ясашга киришганмиш. Бунинг учун эса йигитчага 14 тонна чайналадиган резина керак экан. Албатта, бу ишни амалга ошириш жуда мушкул ва шунинг учун Пи ижтимоий тармоқлар орқали одамлардан ёрдам сўрайди. Айтишларича, йигитчага таниқли гитарачи The Stone Roses Гари Маунфилд ва телебошловчи Имонн Холмслар эътибор қаратишганмиш. Қолган сақичлар эса бевосита стадионинг ўзида тўпланди. Акция иштирокчилари ўзларига янги ном топишди - Manchewster United (инглизчада chew - «сақич»). «Энди бизга кўпроқ қизил ёки гилосранг Hubba Bubba сақичлари керак. Чунки улардан сэр Алекснинг бурнини ясаймиз», - дейди Пи.

3. Британиянинг сатирик нашрларидан бири ҳисобланган News Biscuit газетаси ҳазили: «Фергюсоннинг сақич чайнашидан ҳосил бўлган қувватни фойдали ишга йўналтириш лозим. Дейлик, бу қувват Линкольншир графлигини бемалол электр энергияси билан таъминлаган бўларди».

Доктор Шейла Фогерти эса юқоридаги ҳазилни (ёки чинданми) давом эттирмоқчи бўлди: «Ўйлашимизча, агар Алекс Фергюсоннинг жағ суякларидан тўғри фойдалана олсак, дунё энергетикасига боғлиқ кўплаб муаммолар ҳал этиларди».

Билмадик, бу ҳазиллар ўринлими-йўқми, аммо шуниси аниқ: сэр сақични чайнаган, чайнаяпти ва бундан ке-йин ҳам чайнайверади...


Хўжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz