Қайднома

Қидирув

Чўзилаётган кўниш даври ёки хоккей футбол таъсирига берилди

Чўзилаётган кўниш даври ёки хоккей футбол таъсирига берилди

  29.05.2019 09:45
  0
  522
Чўзилаётган кўниш даври ёки хоккей футбол таъсирига берилди

«Спорт» телеканали томонидан хоккей намойиш этилавериши охир-оқибат, ўз таъсирини кўрсатди. Якшанба оқшомидаги қизиқишлар тўқнашувида хоккей устун чиқди. Суперлига доирасидаги 3та ўйинни нари суриб, Россия - Чехия учрашувини томоша қилдик. Собиқ социалистик давлатлар - СССР ва ЧССР ўртасидаги кескин қарама-қаршиликларни эсладик. Аммо АҚШ ва Канада терма жамоаларига қарши учрашувлар олдида бу кескинлик ип эшолмасди. Жаҳон чемпионатлари ярим финаллари СССР ва АҚШ, ЧССР ва Канада жамоалари ўртасида аёвсиз жангга айланарди. Таъбир жоиз бўлса, сиёсат спорт ишларига аралашарди бундай паллаларда. Очиқ-ошкора эмас, албатта, зимдан кураш кетарди ҳамма вақт...

Словакияда бўлиб ўтган хоккей бўйича жаҳон чемпионатида ўша эски анъаналар яна кўзга ташланди. 3-ўрин учун кечган курашдаги драматизм - фикримиз исботи. Ғолибни «овертайм»да ҳам аниқлаб бўлмади ва гўёки Россия термаси учун мўлжалланган буллитлар сериясини кўрдик.

Муҳтарам мухлис! Бирдан хоккей мавзусини муҳокамага тортаётганимиз учун узр. Сезаётган бўлсангиз, хоккей футбол таъсирига берилди. Тўла бўлмаса-да, шунга яқин ҳолатлар кузатилмоқда, ҳарқалай. Ярим финалда Россия термаси атиги бир шайба эвазига финлардан енгилди. 0:1 - хоккей учун жуда кичик ҳисоб. 2:2 ҳам онда-сонда учрайди. Аслида-ку, гап кичик ва футбол табиатига хос ҳисобларда ҳам эмас. Ҳамма гап финча сенсацияда. Кучли ва чемпионлик учун яққол фаворит Россия термасига нима бўлди ўзи? Қаранг, югурганники эмас, буюрганники экан-да! Ҳаттоки, кучсизгина Германия термасидан ҳам енгилган финн­лар ярим финалда донгдор рус хоккейчиларини бир амаллаб мағлубиятга учратишди. Қойил! Улар гўё фантастик ҳодисадек туюладиган ишни амалда уддалашди. Мураббийга офарин! У юзага келган имкониятдан унумли фойдаланишни билар экан. Ярим финал арафасида Россия термаси осмонда учиб юрганди. Бироқ финалга чиқиш учун ерга тушиш керак эди. Аён бўлдики, бунинг учун русларда куч тугаган, руҳият ҳолдан тойган экан. Ушбу ҳолатнинг бош айбдори - чорак финал учрашуви. АҚШ термасини енгиш шарт бўлган, ўша эски тарихни ёдга солувчи аёвсиз жанг. Вазиятни ҳис қилган фин хоккейчилари ярим финалда бор куч ва имкониятларини ишга солишди. Шу, холос! Қандайдир мўъжиза юз бермади бу жараёнда. «Аякс» ва «Тоттенхэм»нинг ЕЧЛдаги ишини финлар хоккейда такрорлашди.

Спортнинг барча турида содир бўлиб туради бу каби ҳодисалар. Вақти-вақти билан қандайдир омиллар таъсирида «гегемон»лар «шох»и қайрилади. Қайсидир жамоа воқеликдан фойдаланишга улгуради. Шунинг учун ҳам «Лестер» вақтида АПЛ чемпиони бўлиб, бутун футбол дунёсини ажаблантирди. «Боруссия» Д. эса аксинча, «Бавария»дан Бундеслига ғолиблигини тортиб ололмади яқинда. Тайёр имкониятни қўлдан чиқарган дортмундликлар энди трансферлар сиёсатига катта эътибор қаратишмоқда.

Хуллас, биз хоккей воқелиги мисолида принцип йўлида ғолиблик бой берилиши мумкинлигини, гуруҳ бос­қичидаги мағлубият финал эшигини ёпмаслигини яна бир бор кузатдик. Суперлига эса кўз ўнгимизда яна ҳам ажабтовур манзаралар чизмоқда. Мухлислар 10-турдан олдин АГМКнинг «Пахтакор»га қандай қаршилик кўрсатиши масаласида баҳс-мунозара юритишди. Тажрибали мухлислардан бирининг мулоҳазаси диққатимизни торт­ди: «Ҳеч қандай қаршилик бўлмайди. АГМК ҳам «Металлург» йўлидан боради!» - деди у шартта. «Миржалол Қосимовнинг мавқеи нима бўлади?» - деган саволга у истеҳзо билан кулиб жавоб берди: «Ўз майдонида Улуғбек Бақоев ва «Сўғдиёна»дан енгилиб, бундан уялмаган мураббийни «Пахтакор»дан мағлубиятга учраш хавфи ўйлантирармиди?! Йўқ, ўйлантирмайди. Чунки Миржалол Қосимовнинг ўзигагина алоқадор эмас, шекилли, АГМКдаги муаммо. Мутасаддилар балки мағлубиятларни муаммо ўрнида ҳисоблашмаётгандир. Миржалол Қосимовнинг муаммоси - шу ҳолатга кўникаётганида!»

Ҳа, парда ортида нималар содир бўлаётгани номаълум. Биз реал воқеликдан келиб чиқиб, мулоҳаза юритиш билан чекланамиз. АГМК бор кучини «Қўқон-1912» дарвозасига урилган 7та голда сарфлаб юборгандек, гўё. Мағлубиятларга кўникиш даври бироз чўзилиб кетди, назаримизда.

Мағлубиятлар сериясига кўнмаган «Сўғдиёна»даги ўзгариш эса ўзини оқламоқда. Бугун Жиззах жамоаси «Насаф» ва «Навбаҳор»дан олдинда. АГМК эса Андрей Микляев жамоасидан 11 очко ортда. Бу - катта фарқ. Айтиш мумкинки, Миржалол Қосимовнинг мураббийлик мавқеи учун шармандали ҳол.

Фикримизча, ўзбек футболи Европа стандартлари асосида ўқитиладиган академияларни, ўзгача фикрлайдиган ва муҳит таъсирига берилмайдиган мураббийларни соғинмоқда. Агар еврофутбол академияларида таҳсил олганда, дейлик, Остон Ўрунов бу каби баланд-паст ўйинидан хижолат тортарди. Бошқача айтганда, бир маромда тўп сурарди. «Нав­баҳор» ҳам эҳтимол, ўз майдонида қимматли 4 очкодан ажралмасди. Ҳозир эса мухлислар ва мутахассислар унинг келажагига иккиланиш туйғуси билан боқишмоқда. Остоннинг «Пахтакор» майдонида намойиш этган ўйини қани? Аббос Ғуломов оёқларида нима сабабдан олов чақнамаяпти? Уларда «юлдузлик касали» бошландими? Нима, бу йигитлар матбуотда аванс тариқасида айтилаётган мақтовларни нотўғри тушунишяптими? Агар шундай бўлса, демак, Андрей Канчельскис улардаги руҳий жараёнларни мураббий сифатида бошқаролмаяпти. Балки унинг ўзидаги руҳий бошқарув қобилияти мураббийлик мартабасига тўла мос келмас? Зеро, россиялик мутахассис жамоасининг кетма-кет дуранглари сабабини, аввало, ўзидан изламаяпти. Тўғри, унинг ҳакамлар ва футболчилар билан боғлиқ тан­қидий мулоҳазалари, умуман олганда, ўринли. Лекин «Андижон» билан дурангни буткул шундай сабаблар зиммасига юклаш адолатсизликдир. У ҳолда, «Андижон» дарвозабони кўрсатган ажойиб ўйиндан кўз юмган бўламиз, Александр Касьяннинг ноаниқ зарбаларини хаспўшлаймиз.

Афсуски, бундай ёндашувни футбол асло ёқтирмайди...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz