Қайднома

Қидирув

Лео «Ливерпуль» «тарсаки»сини унутолмаяпти

Лео «Ливерпуль» «тарсаки»сини унутолмаяпти

  29.05.2019 11:58
  0
  533
Лео «Ливерпуль» «тарсаки»сини унутолмаяпти

Испания кубоги финалига бағишланган матбуот анжуманида «Барселона» номидан Лионель Мессининг қатнашгани футбол жамоатчилиги учун йирик воқелик бўлди. Зеро, аргентиналик юлдуз 2015 йилнинг 6 май кунидан буён бундай тадбирларда иштирок этмаганди. Бу гал голеадор ҳужумчи анжуманга бош мураббий Эрнесто Вальверде ва ҳимоячи Жерар Пике ҳамроҳлигида кирган бўлсада, журналистлар саволларни асосан унга йўналтиришди.

Месси иштирокидаги бундан олдинги

матбуот анжумани

 

«Ливерпуль» зарбаси

- Ливерпулдаги мағлубият биз учун ўта кучли зарба бўлди. Уни барча жамоадошларим қатори мен ҳам яққол ҳис этдим. Хусусан, кейинги ўйинларда тўп суриш жуда қийин кечди. «Энфилд Роуд»даги баҳс видеоёзувини кўрмадим, тоқатим йўқ. Аммо ҳиссиётларимга суянсам, бир йил олдин «Рома»га қарши кечган ўйинга ўхшаб кетди. Зеро, Ливерпулда ҳам тезкор гол қўйиб юбордик. Тан оламан, шундан кейин бизда Рим омадсизлиги такрорланиши мумкинлиги юзасидан хавотир уйғонди. Умуман, бутун вақт давомида «Ливерпул»га ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмадик. Лекин бу мағлубият ва ЖЧ финалидаги омадсизлик ўртасида катта фарқ бор. Тушунарлики, 3та гол устунлигига эга бўла туриб, якунда енгилиш ўта аламли ва ёқимсиз ҳолат. Ҳа, ички чемпионат ёки кубок турнирида ғолиб чиқишнинг аҳамияти катта. Ҳам клуб, ҳам ўзимиз учун. Бироқ халқаро майдондаги мағлубият тинчлик бермайди, барибир. Ҳа, «Ливерпуль» биз учун ўта самарали якунланиши кутилган мавсумни дабдала қилди. Шахсан мен «Энфилд» «тарсаки»сидан ҳанузгача ўзимга келолмаяпман.

Лео дарҳақиқат, ЧЛ ярим финали жавоб учрашувидаги шармандаликни сира унутолмаяпти. Ҳар ҳолда, у бошқа саволларга жавоб бериш чоғи ҳам бир неча бор «Ливерпуль» мавзусига қайтди.

Вальвердега ишониш керак

- Жамоамиз бош мураббийи шаънига йўлланаётган танқидларга мутлақо бепарво қарайман. Уларга қулоқ тутишдан маъно йўқ. Зеро, Вальверде жамоада улкан ишларни амалга оширди. Демоқчиманки, Ливерпулдаги мағлубият учун мураббийни айблаш ноўрин. Кимнидир айблаш керакми? Вальверде эмас, биз - футболчиларни айбланглар. Шахсан мен Вальверденинг жамоада қолиши тарафдориман. Ҳар ҳолда, ўтган мавсум «дубл»га эришдик, бу йил ҳам чакки ўйнамадик.

6-«Олтин бутса»

- Индивидуал совринлар хусусида ортиқча бош қотиришни ёқтирмайман. Боз устига, Ливерпуль воқеаси таъсиридан ҳали фориғ бўлганимча йўқ. Ҳозир энг муҳими - мавсумни муносиб тугатиш. Бунинг учун Испания кубогини қўлга киритишимиз керак (Леонинг бу нияти ҳам амалга ошмади - «Барселона» финалда «Валенсия»га 1:2 ҳисобида ютқазиб, биллур совринни қўлдан чиқарди).

«Барса»дан кетиш

масаласи

- Бу борадаги миш-мишлар «Энфилд»даги мағлубиятдан кейин янада кўпайди, шекилли. Барчасига барҳам беришим учун имконият туғилди: менда «Барса» шарафини ҳимоя қилиш иштиёқи ҳамон жуда баланд. Терма жамоа хусусида ҳам гапим шу. Ҳа, айрим муаммолар бор эди, лекин мамлакатим миллий жамоаси билан ҳам нимадир ютиш ниятидаман. ЧЛдан нисбатан эрта чиқиб кетганимиз ўз йўлига, олдинда турган ишлар ва турнирлар ҳақида бош қотиришимиз керак.

ЧЛ кубогини

«Камп Ноу»га Қайтариш...

- Якунланган мавсум старти арафасида стадионда баралла гапирганим ёдимда. Ўшанда ЧЛ кубоги қайтариш эмас, қайтариш йўлида уриниб кўришга ваъда бергандим. Энди барча жамоадошларим номидан жавоб учрашувида сусткашликка йўл қўйганимиз учун мухлислардан узр сўрашим керак.

Ким Гризманнга Қарши?

- Испания матбуотида «Барселона» етакчилари аввалги мавсум «Атлетико»дан кетишни истамаган франциялик Антуан Гризманни ўз жамоаларида кўришни истамаётганликлари ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бунга нима дейишим мумкин? Жамоага кимларни чорлаш, дебютантлар масаласини ҳал қилиш менинг вазифам эмас. Бош-қа гап йўқ.

 

Ҳа, Лионель Месси 2015 йилнинг 5 май куни матбуот анжуманида қатнашгани бўйича учрашувлар арафасидаги одатий анжуманларда бошқа кўриниш берган эмасди. Ўшанда унинг иштирокига мураббий билан боғлиқ муҳим воқеа сабаб бўлганди - «Барса» ўзининг собиқ устози Хосеп Гвардиола бошқарувидаги «Бавария»га қарши илк марта майдонга тушганди. Хуллас, аргентиналик юлдуз ЧЛ ярим финали дастлабки беллашуви олдидан Гвардиола ҳақида жуда илиқ гаплар айтганди: «Пеп билан ҳамкорлик даврида ундан жуда кўп нарсалар ўргандим. Ҳозир ўша ўрганганларим қўл келмоқда. Очиғи, у Барселонадан кетгач, аҳён-аҳёнда кўришяпмиз, холос. Шунда ҳам вазият тақозосига кўра. Дейлик, бир бора «Олтин тўп» совринини топшириш маросимида учрашдик. Умуман, ҳамиша ўзаро самимий муносабатдамиз. Ҳозир Пепни худди жамоадошим ўрнида кўраман. Менимча, «Камп Ноу» трибуналари Гвардиолани илиқ қарши олади. Чунки у клубга катта манфаат келтирган, ғалабаларга йўл очган мураббийдир. Хуллас, «Камп Ноу» - унинг уйи. Тўғри, ўйин бошланиши билан ошна-оғайнигарчилик батамом унутилади. Чунки вазифамиз тайин - зафар қучиш». Матбуот анжуманининг эртасига Лео «Бавария» дарвозасига 2та гол уришдан ташқари, Неймарнинг аниқ зарбасига ассистентлик қилди. Ўйин эса «Барса»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Жавоб баҳсида каталонияликлар яна 2та гол уришди, аммо 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди.

-----------------------------------------------------------------------------

Ўз иштирокидаги охирги 2та матбуот анжумани оралиғида Лионель Месси қайд этган натижалар

1. «Барселона» ўйинларида 197та гол ва 77та самарали узатма муаллифига айланди;

2. Ла-лигада 3 марта энг яхши тўпурар бўлди;

3. 13та соврин ютди, 5-марта «Олтин тўп» лауреатига айланди;

4. «Барселона» ЧЛда 1 марта ғолиб чиқди, «Реал» эса 3 марта.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz