«Реал» тарихида ёрқин из қолдирган мураббийлардан бири Висенте Дель Боске клубга ҳали-ҳамон алоҳида эътибор билан ёндашади. Шунинг учун бўлса керак, Marca газетаси мухбирлари «Қироллик клуби»га дахлдор қандайдир воқелик юзасидан айнан қария мутахассис билан суҳбатлашишни хуш кўришади. Мана, «Жаноб картошка» лақабига муносиб кўрилган Дель Боске бу сафар ҳам асосан «Қироллик клуби»даги мураккаб вазиятга оид фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. У шунинг баробарида 9 йилдан буён фаолият кўрсатаётган шахсий футбол лагери ишларига ҳам тўхталди.
Футбол лагери
- Бу йил Мальорка, Мадрид, Эстепон ва Саламанка шаҳарларида футбол лагери ташкил этамиз. Уларда дунёнинг 5та қитъасидан келадиган 6-15 ёшли 1000 нафардан зиёд болакай дам олиш баробарида футбол билан шуғулланади. Бу лойиҳа тўғри эканлигига аллақачон 100 фоиз ишонч ҳосил қилганман. Хуллас, лагерни йил сайин такомиллаштириш асносида болаларни билим олиш ва спорт билан шуғулланишга қизиқтиряпмиз, уларда футболга нисбатан муҳаббат шакллантиришга уриняпмиз. Бу борада лойиҳамизни қўллаб-қувватлаётган «Банко Сантандер» ва «Адидас»га алоҳида миннатдорчилик билдиришим керак. Мақсадимиз битта - фарзандларимиз саводли бўлишсин. Очиқ тан олишим керак, баъзан болаларга нисбатан ўта қаттиққўлман. Биламан, лагеримизга келган аксарият болалар профессионал даражага чиқолмайдилар. Аммо футбол шундай ажойиб спорт турики, унинг ёрдамида болаларни чин инсон сифатида тарбиялаш мумкин.
Қирол кубоги финали
- Ҳал қилувчи баҳсда тенг кураш кечиши аниқ. Бошқача ифода этсам, финалда фаворит йўқ. Ҳар ҳолда, ҳеч қайси томон ғалаба қозонишига 100 фоиз ишонч билан қаролмайди. Умуман, Қирол кубоги финалида ҳамиша шундай бўлган. Дарвоқе, ўз вақтида айнан кубок финалини ўзгача қадрлардим - бу менга энг маъқул ўйинлардан бири. Дейлик, Кастельонда ташкиллаштирилган финални жуда яхши эслайман. У мураббийлик фаолиятимдаги энг муҳим беллашувга айланган эди. Хуллас, навбатдаги финалда ҳам юксак савияли футбол кўришдан умидворман» (мураббийнинг жамоалар имконияти хусусидаги фикри тўғри бўлиб чиқди - кўпчиликка фаворитдек кўринган «Барселона» совринни «Валенсия»га бой берди).
Ла-лига якуни
- Ғолиблик қайси жамоага насиб этган бўлса, ўша энг кучлисидир. «Барселона» савияли ўйинлари ва ғалабалари билан барчасини исботлади. Лекин мавсум бироз ғайритабиий тус олганини ҳам таъкидлаш керак, барибир. Чунки «Мадрид» курашдан жуда барвақт чиқиб кетди... Ла-лигани қиздириб, кўпчиликни лол қолдирган жамоалар ҳам бор - «Хетафе», «Валенсия» ва «Эйбар». Шу 3та клуб алоҳида эътирофга муносиб.
Зиданга маслаҳат
- Зайниддиннинг мендан маслаҳат сўрамаслигини яхши биламан, чунки у бунга муҳтож эмас. Шундай бўлсада, ўз фикримни айтаман: «Мадрид» шу туришида ҳам рисоладагидек таркибга эга. Тўғри, маълум ўзгаришлар юз бериши табиий ҳол. Умуман олганда, Зизу ихтиёрида ажойиб жамоа бор. Ўйлайманки, «Реал»дан кетадиган ўйинчилар ҳам бошқа ҳар қандай жамоада бемалол ўзларини кўрсата оладилар. Энг ёмони шуки, мавсум давомида «Реал» билан 3 нафар бош мураббий ишлади. Бундай беқарорлик ҳукм сурган вақтда барчасини ўз жойига қайтариш мумкин эмас. Ўз тажрибамдан биламан - салбий динамикани ижобий томонга буриш жуда мушкул.
Намунали футболчилар
- Бундай йигитлар кўп, лекин кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатишим ножоиз. Бундай футболчилар ёш касбдошларига намуна эканликларини жуда яхши ҳис этадилар.
Рауль салоҳияти
- Рауль мураббийлик фаолиятини бошлаш учун энг тўғри йўлни танлади. Янги мураббий аввало, айнан етарли даражада сабоқ олиши ва ўзини шакллантириб бориши керак. Рауль худди шундай қилмоқда. Ўзи бу ишнинг қандайдир аниқ андозаси йўқ. Муҳими, Рауль янги соҳага кучли иштиёқ ва ғайрат билан киришди. У доимо ўжарлиги ва тиришқоқлиги билан ажралиб турган, мураббийликда ҳам кўзлаган мақсадига эришмасдан қўймайди, менимча.
«Мадрид»нинг оҒир даври
- Албатта, мен ишлаган даврда ҳам шундай оғир босқичлар кузатилган. Зеро, клуб зафарлар серияси қайд этаётганида ҳам, хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Қолаверса, «Мадрид» мутасаддилари бош мураббий доимо юқорироқда туришини исташади, талабчанлик юксак даражада. Ҳаттоки, муваффақият тўлиқ таъминланган мавсумлар якунида ҳам таркибни кучайтириш мавзуси кўтарилади.
Мбаппе ва Неймар
- Шахсан мен ҳар иккисини бирдек ёқтираман. Чунки Мбаппе ҳам, Неймар ҳам ҳайратланарли даражада тўп суради. Умуман, трансферлар бозорида бундай савияга эга футболчилар саноқли.
VAR
- VAR - сифатли ускуна. Ҳа, техник восита аралашувида қабул қилинган қарорларга кўниш унча осон эмас. Менимча, VAR ҳали янада такомиллаштирилади. Қисқаси, мен ушбу тизимни тўлиқ ёқлайман.
Аёллар футболи
- Узоқ йиллик меҳнат ва изланишлар натижасида аёллар терма жамоасида баъзи ижобий ўзгаришларга эришдик. Эҳтимол, ҳали айрим жамоаларга тенглашолмасмиз, лекин дуч келган рақибга муносиб рақобат тақдим этишга қодирмиз.
У.Умаров тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20