Қайднома

Қидирув

Баҳор-ёз коллекцияси ёки «қўрқинчли» формалар ҳақида...

Баҳор-ёз коллекцияси ёки «қўрқинчли» формалар ҳақида...

  30.05.2019 10:01
  0
  504
Баҳор-ёз коллекцияси ёки «қўрқинчли» формалар ҳақида...

АЙРИМ КАТТА КЛУБЛАРНИНГ ЯНГИ ФОРМАСИ ШУНЧАКИ, «ҚЎРҚИНЧЛИ». Хусусан, «Ювентус»ники, яна «Барселона»нинг захира либоси... Ҳа, бу буюк жамоалар мухлислари учун хушхабар эмас, албатта. Уларни гўёки, алдашга уринишаётгандек... Ўзи футбол марказларида арзон футболкаларга ёпишиб олиш тажрибаси биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Футбол учун оддий ҳолат: дейлик, Флорентино Перес «Реал»га мухлислик қиладиган ва ўзига таниш журналистга телефон орқали айтади: «Хуан, эшитишимча, бир клуб Неймарга қизиқаётган экан. Тушундинг-а...» У эса дарҳол хабар тарқатади: «Реал»га яқин манба маълумотига кўра, бразилиялик футболчи клуб эътиборида турибди». Бордию, трансфер амалга ошмаса, Перес барчасини осон ва оддий изоҳлайди: «Йўқ, биз ҳеч қачон Неймар хизматига қизиқмаганмиз». Хўш, унда гап-сўз тарқатишдан маъно нима? Биринчи мақсад - мухлислар муносабатини ўрганиш. Иккинчиси - рақиблар кўнглига ғулғула солиш. Учинчиси - реклама («Реал»нинг Неймар учун курашишга қодир даража бой эканлигини билдириш). Футбол маркетологлари ҳам худди шунга ўхшаш услублардан фойдаланишмоқда. Мисол учун, улар аввалига муайян машҳур клуб формаси дизайнини кўрсатишади, кейин эса макет ҳаммани ҳайратга солгани ҳақида баёнот беришади. Ваҳоланки, либос дизайни гоҳида мутлақо салбий баҳо олади. Бироқ ҳеч ким бундай муносабатни билмайди. Мана, ҳозир ҳам қўрқинчли кўринишга эга формалар кўзга ташланмоқда.  

«Ювентус»нинг асосий формаси (мавсум-2019|2020 учун) - қолдиқ. Қаранг, форманинг битта енги оқ, иккинчиси қора тусда, ўртада эса пуштиранг чизиқ. Бу итальянлар учун худдики паста ва лазанья (макаронли таом) аралашувидан маза чиқмаслигини айтишдек гап. Бироқ «Ювентус»га ўз брендларини кўз-кўз қилаётгани учун пул тўлаётган дизайнерлар бошқа ўлкалардан... Футболка тайёрлашга ихтисослашган 2та бош ҳамкор бир-бирини сохта йўлдан бориб, ўтган асрнинг 70-90-йилларида урф бўлган дизайнлардан фойдаланаётганликда  айбламоқда. Охирги либос макети эса ҳаммасидан ошиб тушди. Қисқаси, «Ювентус»нинг янги формаси хушқомат Криштиану Роналду эгнида ҳам чирой очгани йўқ. Уни қомати оддий киши кийса, шунчаки, масхарабоз костюмига ўхшаб қолиши ҳеч гап эмас. Боз устига, либосда клубнинг алоҳида хусусиятлари акс эттирилган эмас, дейлик, ингичка чизиқлар умуман «чиқмаган». На, замонавий, на бежирим ва на оммабоп... Ваҳоланки, футболканинг баҳоси арзон эмас - 125,95 евро. Дарвоқе, форма дизайнида аввалига скудеттога жой ажратилмаган экан. Лекин якунда компания логотипи остига бир амаллаб жойлаштиришди. Энди «Ювентус» футболкасида компания элементи клуб рамзидан юқорида... Умуман, формага боғлиқ майда-чуйда камчиликлар жуда кўп. Дейлик, кўкрак қисмига тушадиган анъанавий 3та чизиқ енг билан кесишмаган. Беихтиёр формани турли футболкалар парчаларидан тикишгандек таассурот уйғониши тайин. Дизайнерлар ушбу нуқсни билинтирмаслик учунми, тақдимот маросимида яримсоя тасвиридан фойдаланишди. Лекин майдонда бу камчиликни яшириш имконсиз-ку. 

«Барселона» вакиллари халқ ғазабидан қўрқишади. Яна «лўлилар барони» услуби - квадратчали форма. Шунчаки, халқ реакциясини текшириб кўришди, ахир испаниялик мухлислар унча инжиқ эмаслар. Улар ҳаттоки, бир сафар горизонтал чизиқли формалар тўпламини ҳам сотиб олишган. Хуллас, кўринишидан, «Барселона» янги мавсумда чиндан ҳам, Хорватия терма жамоасига хос футболкадан фойдаланади, шекилли. Фақат унинг туси бошқача: кўк-анорранг. Бунда маънони англаш қийин эмас - клуб учун ноодатий нақш билан мухлислар эътиборини қозониш. Ҳар ҳолда, футболкалар коллекционерларида «блаугранас»нинг бундай формаси йўқ. Демакки, бу тижорат ишлари учун ташланган қадам. Диққат қилинг, футбол бизнесга шу қадар қоришиб кетдики, ҳаттоки, 120 йиллик анъаналар ҳам четга суриб қўйилмоқда. «Барса»нинг асосий формасини қўя турайлик, сафар ўйинлари учун мўлжалланган иккинчи тўплам ҳайратни янада оширади. Айтишларича, футболкада клубнинг рамзий рангларидан фойдаланишга уринишган, бироқ бундан тушунарсиз нарса чиқди. Шунинг баробарида ҳомий логотипи қора тусда. Қоронғулик устига қўшимча қоронғулик - бу дангаса дизайнерларнинг яна бир «муваффақият»лари.  

«МЮ» футболкасига ўринли эътироз. Инглизлар итальянлардан фарқли равишда, анча нозиктаъблар. Бу аристократия асорати. Бироқ инглиз клублари билан ишлаётган дизайнерлар баъзан мамлакатдаги умумий қарашларни эътиборга олишмаяпти, чоғи. Мисол учун, «МЮ»нинг сафар ўйинларига мўлжалланган формасини олайлик. Илон пўсти нусхасими? Илонники! Мухлислар дарҳол ноёб «гўзал»лик юзасидан ҳазиллаша бошлашди: «Бу форма кийиниш хонасидаги илонлар шарафига тайёрланган бўлса керак». Ҳар ҳолда, «МЮ»нинг ҳозирги таркибида муаммо кўтараётган футболчилар жуда кўп. Агар жиддий гапирсак, форма дизайни дарҳақиқат, даҳшатнинг ўзгинаси. Яна ранг сира чиқмаган...

«Селтик» анъаналарига зарба. Дизайнерлар футбол клублари устидан шунчаки, кулишмоқда, гўё. Хусусан, «Селтик» футболкаси дизайни устида ишлаганлар футбол реаллигидан жуда-жуда йироқлашиб кетишди. Бундай либос йилнинг энг даҳшатли ашёси бўлишга даъвогарлик қилиши мумкин. Мисол учун, Глазгода янги футболканинг енг қисмида машҳур яшил «халқа» бузилганидан ҳайронлар. Бу «Селтик» анъаналарига берилган кучли зарба сифатида баҳоланмоқда.

«Ливерпуль»: ибтидоий даврдан эслатма. Ҳа, экспертлар «Ливерпул»нинг янги мавсум учун танлаган тўпламини қолоқликдан нишона сифатида тилга олишмоқда. «Реал» эса кўринишидан мавсум-2011|2012га қайтади - тиллоранг элементлар билан уйғунлаштирилган оқ футболка. Лекин олдингисига ҳомийнинг қора логотипи бошқача кўрк бағишлаганди, энди... Бундан ташқари, «Мадрид»га  захира либоси ўрнида «Арсенал»никига ўхшаш «хира» дизайн таклиф этишди. «Челси»га ҳам...

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz