Халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи икки жамоамизнинг ОЧЛни гуруҳ босқичидаёқ тугатгани ўтган хафтанинг бош мавзусига айланди. Бир тур олдин «темирйўлчилар»нинг ушбу турнирни тарк этишлари муддатидан аввал ойдинлашгач, «Пахтакор»га умид боғлашдан бошқа илож қолмади. Бироқ «шерлар» ҳам масъулиятли вазифани уддалай олмадилар.
Жиддада ўтказилган «Ал-Аҳли»га қарши ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқларда доимгидек танқидий руҳдаги муҳокамалар, фикрлар кўпайди. Ёдингизда бўлса, миллий жамоамизнинг Осиё кубоги-2019даги иштрокидан кейин бош мураббий Эктор Куперни оқлаб, «Ҳаёт давом этади» номли мақолани эътиборингизга ҳавола этгандик. Унда аргентиналик мутахассисга яна бироз вақт кераклиги, келганига кўп бўлмаганига урғу бергандик. Тайёргарлик қисқа муддатда ўтганлиги боис, мураббий ва футболчилардан натижа кутмай, мусобақани хотиржам кузатдим. Шота Арвеладзеда эса Купердан фарқли равишда барча нарса етарли бўлди, грузиялик мутахассиснинг Ўзбекистонга келганига июль ойида роппа-роса икки йил бўлади. У мана шу муддат ичида қандай ишларни олиб борди, нималар қилди, ҳамма кўрди.
Осиё Чемпионлар Лигасининг жорий мавсуми Арвеладзенинг шу икки йилда қилган меҳнати, жамоасининг қандай потенциалга эга эканлигини кўрсатиб бериши керак эди. Шундай бўлди ҳам. Халқимизда «Ҳар ким эканнин ўрар», деган ажойиб ҳикмат бор. Шота Арвеладзе икки йил бурун эккан кўчатининг ҳосилини энди кўрмоқда. Лекин минг афсуски, бу кўчат биз ўйлагандек муваффақиятли мева бермади. Айб боғбондами ёки униб-етилаётган дарахтда?
Қачонки, мураббий ўзи уруғ қадаб, ундан ниҳол чиқарсагина, маълум бир натижага эришиши мумкин. Яъни, футбол тили билан айтганда, клублар академиясига катта эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. «Шерлар» ОЧЛда 8 очко тўплаб, гуруҳда қолиб кетишди, аммо эътибор беринг-чи, ғалаба ёки дуранг қайд этилган баҳсларда голларни кимлар урди? Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев, Марат Бикмаев, Ҳожиакбар Алижонов - бари клуб академиясидан чиққан йигитлар. «Пахтакор»га сўнгги турда захира ўриндиғининг торлиги панд берди, лекин шу куни Жаҳонгир Аҳмадов, Собит Синдоров, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиевлар майдонга тушишни интиқ кутишди.
Нима, «Пахтакор» академиясида Остон Ўрунов, Жасур Жалолиддинов каби иқтидорлар кам деб ўйлайсизми? Етарли. Фақат ёшларга қўрқмасдан ишонч билдириш даркор. Тўғри, айни вақтда жамоанинг таркиби кучли ва тажрибали футболчилардан иборат.
Бизда навқирон ўйинчиларга имконият беришдан чўчимайдиган мутахассислар бисёр: Игорь Шквирин, Вадим Абрамов, Рўзиқул Бердиев... Шквирин жумладан, Олег Зотеев, Зоҳир Пиримов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Диёр Туропов кабиларни кашф қилди. Абрамов эса Икром Алибоевга имконият бериб, унинг иқтидорини юзага чиқарди. Шундан сўнг «Локо»да бирор-бир янги номни учратмадик, биргина Азиз Омоновни ҳисобга олмаганда, албатта. Сарвар Каримов, Қувондиқ Рўзиевга асосий таркибда жой топилмади. Фаррух Иброҳимов, Бобур Тиллабоев, Сергей Прохоровлар ҳам ёшлар жамоасидан нарига ўта олишмади. Бу борада «аждарлар» устози Рўзиқул Бердиевдан ўрнак олса арзийди. Унинг қўл остида тарбия топиб, бугун юқори савияда тўп сураётган футболчилар жуда кўп.
Хўш, энди савол: Шота Юстинович ўзи ишлаётган жамоада кимни кашф қилди? «Пахтакор»ни икки марта ОЧЛ ярим финали сари етаклаган Тачмурод Агамуродов ҳам ўз вақтида тажрибали футболчилар хизматидан фойдаланган. Шунинг баробарида футболимизга умидли ёшларни етиштириб берган. Нестеров ёш бўлишига қарамасдан Бутенкодан рақобатда устун келганди, фаолиятини ҳужумчи сифатида бошлаган Темур Кападзе Агамуродов жамоасида ярим ҳимоячига айланди.
Арвеладзе ўнг қанотда ажойиб ўйин намойиш этаётган Ҳожиакбар Алижоновнинг ўсишида бош ролни бажарди, деган фикрга қўшилмайман. Унинг ҳозирги ҳолатга келишида Жасур Абдураимовнинг хизмати катта. Айни вақтда ёшлар жамоасида тўп сураётган бир қатор истеъдодли ёшларга имкон берадиган пайт келди.
Эҳтимол, мураббий ҳал қилувчи баҳсларда таваккалга қўл уришни хоҳламагандир. Энди эса йўқотиладиган нарса йўқ, Суперлига карвони ҳали узоқ, шундай экан, назардан четда қолаётган иқтидор соҳибларига ишонч билдирилса, ҳам клуб, ҳам терма жамоаларимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Айни пайт аввалги хатолар айбдорларини қидиришдан фойда йўқ, ундан кўра, яхшиси, келажагимиз пойдеворини ҳозирдан қуришга киришган маъқул.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20