Қайднома

Қидирув

Антуан, ҳаёт қандай?

Антуан, ҳаёт қандай?

  31.05.2019 03:50
  0
  537
Антуан, ҳаёт қандай?

Мадрид «Атлетико»сига сидқидилдан хизмат қилган франциялик ҳужумчи охир-оқибат, «матрасчилар» билан хайрлашмоқда. Франция миллий жамоаси етакчиларидан бири Мадриддаги ажойиб қадриятлар ва эҳтироси баланд мухлислардан ташқари, яна ажойиб шахсий вилласидан ҳам воз кечмоқда. Ҳа, Антуан Гризманнинг «Атлетико»дан кетиш ҳақидаги қарори жамоа фанатларига ёқмагани аниқ. Аммо футбол баъзан шундай кескин ва қатъий қадам ташлашни талаб қилади. Мана, Антуан энди Испания пойтахтида жойлашган шинам турар жойини ташлаб кетишга мажбур... Хўш, ЖЧ-2018 ғолибининг уйи қандай эди, унинг оиласи ҳақида нималарни билиш керак?

 

Уй

Гризманнлар оиласи катта ҳам, кичик ҳам эмас - 4 киши. Оддий айтганда, Антуан турмуш ўртоғи Эрика Чоперена билан икки нафар фарзандини улғайтирмоқда. Айтиш жоиз, бунда футболчига нисбатан осон. Ҳар ҳолда, қизи Мия ва ўғли Амаро тарбияси билан асосан мутахассислик бўйича болалар руҳшуноси саналган ҳамхонаси шуғулланади. Шу жойда битта қизиқарли факт: Мия ҳам, Амаро ҳам бир сана - 8 апрелда туғилган. Қизалоқ 2016 йили дунёга келган бўлса, Гризманнлар оиласи кенжатойи яқин орада 2 ойлик бўлади. Ҳа-я, оиланинг яна бир муҳим аъзоси бор - Франция бульдоги Хуки.

Гризманнлар охирги бир неча йил давомида Мадриддаги энг обрўли районлар қаторига кирувчи Ла Финкеда яшашди. Улар Мадрид провинцияси таркибига кирувчи Посуэло-де-Аларкон шаҳарчасидаги олд кошоналардан бирига эгалик қилишди. Умуман, «Атлетико» ва «Реал» клубларининг кўплаб футболчилари истиқомат учун айни шу ҳудудни танлашади. Фақат футболчилар эмас, мураббийлар ҳам. Мисол учун, француз ҳужумчиси «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне билан яқин қўшни эди. Демакки, Антуан аргентиналик устози билан кечки сайрларда ҳам кўп тўқнаш келган, эҳтимолки, дейлик, тактика бўйича ундан қўшимча сабоқ олгандир... Шунинг баробарида «Атлетико» вакилларининг Ла Финке бўйлаб сайр давомида Испания чемпионатидаги принципиал рақибларини учратишлари хавфи жуда катта. Ҳар ҳолда, «Реал Мадрид» футболчилари - Серхио Рамос, Гарет Бэйл, Рафаэль Варан ва Карим Бензема шу атрофдан қўним топишган. Криштиану Роналду ҳам Туринга кўчиб кетишидан Ла Финкеда яшаган. Зеро, ҳудудда хавфсизлик масалалари мутлақо ҳал қилинган. Бунинг учун хусусий соқчилик компанияси масъул. Қисқаси, компания ишчилари куну тун кўчаларда навбатчилик қилиб, аҳоли осуда ҳаёт кечиришига ҳисса қўшишади. Ҳудудга кириш-чиқиш жойларида 3 чизиқли тўсиқ бор, дарвозалар олдида соқчилар туришади, қолаверса, барчаси видеокамералар воситасида қаттиқ назорат қилинади. Шундай экан, ўғриларга имкон йўқ, ҳисоби. Бошқа турдаги жиноятлар эҳтимоли ҳам жуда паст.

Испания ОАВ маълумотларига асосан айтсак, Гризманнга тегишли вилла баҳоси чамаси 6 млн. еврога тенг. Уй Ла Финкедаги аҳоли турар-жойлари учун анъанавий саналган ўзига хос меъморий ечими билан алоҳида ажралиб туради - текис том, катта ойналар, улкан  боғ, очиқ сув ҳавзаси ёки бассейн. Антуан эса бунга қўшимча тарзда алоҳида буюртма асосида кичик футбол ва баскетбол майдонлари қурдирган. Ўтган йили март ойида ҳам Гризманн «Барселона» сафига қўшилишга яқин келганди. Ўшанда унинг турмуш ўртоғи Эрика Каталония пойтахтига бориб, кўчмас мулк агентлиги воситасида янги вилла топиш ҳаракатини бошлади. Бироқ хонимнинг Мадридга тушкун ҳолатда қайтишига тўғри келди. Бинобарин, агентлик томонидан таклиф этилган бирор кошона унга ёқмади. Чунки Чоперена ҳар томонлама тараққиётга эришган, инфратузилмасида камчилиги йўқ районда яшашни хоҳлаганди. Хуллас, Гризманн аёли танловда барчасини Ла Финкедаги қулайликлар ва хавфсизлик билан таққослаб кўргани тайин. Эҳтимолки, Антуаннинг якунда Мадридда қолганида, оила учун Каталонияда мақбул турар-жой топилмагани таъсири ҳам бордир. Ҳар ҳолда, эсласангиз, Гризманн «Атлетико»да қолиш қарорини «Барселона» вакили Жерар Пикега тегишли компания томонидан суратга олинган махсус фильмда эълон қилган ва кадрларда футболчининг шахсий уйи ҳам кўрсатилганди.

Автомобиллар

Гризманн ҳам кўплаб машҳур футболчилар каби бир неча қимматбаҳо автомобилларга эгаки, бундай ажо-йиб автосалонни оддий оилалар бир четда турсин, нисбатан бойроқ ва моддий томондан тўлиқ таъминланганлари ҳам фақат орзу қилиши мумкин. Франциялик ҳужумчи автопаркида 3та «тойчоқ» алоҳида ўрин тутади. Улардан энг қимматбаҳоси  - Mclaren 675LT (чамаси 350 минг евро). Антуан эксклюзив суперкарга буюртма беришда оқ рангни танлаган. «Атлетико» тарихида ёрқин из қолдирган голеадор шунингдек, қора тусли Rolls Royce Wraith (баҳоси - 300 минг евро) ва Maserati GT (баҳоси - 160 минг евро)ни ҳам бошқача қадрлайди. Дарвоқе, Гризманнинг ўзи «Инста-грам»даги саҳифасида темир «тойчоқ»ларини кўз-кўз этишни унча хушламайди. Аксинча, қимматбаҳо автомобиллар суратлари ўрнига футбол, оила ва турли қизиқишлари мавзусидаги фотоларни кўп жойлаштиради. Балки руҳшунос ҳамхонаси унга бойлигини реклама қилиш асносида одамлар ғашини келтириш ўрнига ижтимоий тармоқларда самимийлик эвазига халқ билан яқинлашишни маслаҳат бергандир. Ҳар ҳолда, Антуан имидж масаласида оқилона йўл тутади. Тўғри, «Атлетико» фанатлари ҳозир футболчидан аламзадалар. Улар Антуаннинг майдон ва унинг ташқарисида амалга оширган барча ишларини тезда унутиб, дарҳол аччиқ танқид қопларини очишди... Ҳа, «матрасчилар» тарафдорларига шундай ҳужумчини йўқотиш сира ёқмаяпти.

Хобби

Гризманн бўш вақтини ҳам асосан футболга бағишлашга одатланган. Фақат ҳақиқий эмас, виртуал ўйинга. Оддий айтганда, француз ҳужумчиси Football Manager ва PES иловалари шайдоси. Антуан гоҳида «Твиттер» ва «Инстаграм» тармоқларига айни шу мавзуга дахлдор суратлар қўяди. Мисол учун, у Football Manager ўйинида Лондоннинг «Арсенал» клубини танлаган бўлиб, «канонирлар»нинг амалдаги футболчиларидан биргина ҳужумчи Александр Лаказеттни таркибда қолдирган. Шунинг баробарида «Арсенал»ни Жордан Пикфорд, Маттейс де Лигт, Френки де Йонг, Жоау Фелиш ва Ирвинг Лозано каби ёш иқтидорлар ҳисобига кучайтирган. PES 2019 иловасига келсак, бунисида Гризманн шакллантирган жамоа сафида ўзи ҳам бор, ярим ҳимояга эса қадрдон дўсти Поль Погбага қўйган. Умуман, Антуан бу хаёлий жамоада Ян Облак, Эктор Бельерин, Рафаэль Варан, Серхио Рамос, Алекс Сандро, Дэвид Бекхэм, Роналдиньо, Лионель Месси ва ҳаттоки, Диего Марадона билан бирга «ўйнайди»! Мураббий ролида - Йоахим Лёв.

Гризманнинг яна бир хоббиси - баскетбол. Француз футболчиси гоҳида реал футбол ўйинидан кўра, МБА доирасидаги учрашув трансляциясини маъқул кўришини яширмайди. «Нега энди майдонга тушиб ўйнашдан МБА баҳсини томоша қилишни устун кўришим мумкин? Менимча, барчаси аввало, муҳитга боғлиқ. Тан олайлик, МБАнинг ҳар бир ўйини катта шоуна айланиб кетади. Айниқса, ўйиндан олдин ва кейин бўладиган томоша жуда мароқли. Менга шунингдек, баскетболчиларни таништириш усули ҳам ёқади. Қисқаси, айнан баскетбол томошаси баҳона маълум муддат футболни унутишим, бемалол ҳордиқ чиаришим мумкин», - деганди Антуан бир сафар.

Франциялик футболчи таътил вақти кўпинча узоқ Америка диёрига йўл олади - албатта, МБА жамоалари иштирокидаги ўйинларни бевосита кузатиш илинжида ҳам. У шунинг баробарида баскетбол юлдузлари билан суратга тушиш имкониятини қўлдан асло бой бермайди. Дейлик, Антуан ЖЧ-2018да расмийлаштирилган оламшумул ғалабадан кейин телеэфирдаги чиқишида «Миннесота» вакили Деррик Роузга алангали салом йўллаганди. «Атлетико» дарвозабони Ян Облак эса француз ҳужумчисининг доимий меҳмони саналади. Словениялик кипер вақтида «Реал» ихтиёрида бўлган ҳамюрти - ҳимоячи Лука Дончични кўп бора Гризманнлар хонадонига олиб борган экан. Чунки ҳар иккиси худди Антуан каби баскетбол ихлосманди саналишади. Хуллас, словенияликлар ташрифи чоғи вилла ҳовлисидаги мўъжаз баскетбол майдони жуда қўл келади.

Антуанни бевосита стадионда қўллаб-қувватлайдиганлар кўп, жумладан, қариндошлари ҳам имкониятга қараб, тез-тез трибуналардан жой олишади. Айниқса, футболчининг отаси Ален, онаси Изабель, синглиси Мод ва укаси Теони тез-тез стадионда учратиш мумкин. Дарвоқе, укаси ҳам футбол билан шуғулланади, ўйнаб туради, аммо профессионал даражада эмас. Гризманн яқинларига тегишли яна бир маълумот: Антуан 2015 йилнинг ноябрида синглисидан ажраб қолиши ҳеч гап эмасди. Гап шундаки, террорчилар Париждаги «Батаклан» концерт залида тинч аҳоли вакилларини гаровга олишган пайт Мод ҳам айни ўша театрда бўлган. Террорчиларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракат якунида 100 нафардан кўп киши ҳаёт билан видолашди. Антуан бахтига эса Мод операция бошланишидан олдин ташқарига чиқиш йўлини топганди. «Худога шукр, синглим у ердан вақтида чиқиб кетибди. Лекин террор қурбонлари кўп. Улар учун дуодаман, оила аъзоларига сабр. Франциянинг тинч ҳаёти бардавом бўлсин», - деб ёзган эди Гризманн ўша вақт «Твиттер»да. Чунончи, Антуаннинг ўзи ҳам нохуш ҳодиса вақти унча узоқда эмасди: Франция миллий жамоаси сафида Германия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида майдонга тушганди...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz