Қайднома

Қидирув

«Телба» клуб парвози

«Телба» клуб парвози

  31.05.2019 05:53
  0
  689
«Телба» клуб парвози

БУНДЕСЛИГА ЙЎЛЛАНМАЛАРИДАН БИРИ «ТЕЛБАВОР» ЖАМОАГА НАСИБ ЭТДИ. Нега «телбавор»? Гап шундаки, бу клуб 2 йил олдин Германия чемпионати тўртинчи лигасига тушиб кетганди. 2 йил ичида тўртинчи дивизиондан Бундеслигага! Воажаб, қанақасига шундай юксалиш мумкин? Қуйидаги мақола шу ҳақда...

Бу йил иккинчи Бундеслигадан юқорига кўтарилиш миссиясини биринчи бўлиб бинойидек таркибга эга «Кёльн» бажарди, ундан кейин эса камтарин «Падерборн 07» жамоаси ҳам элит лига йўлланмасини расмийлаштирди. Шимолий Рейн-Вестфалия ҳудудида жойлашган Падерборн шаҳри жамоаси гарчи охирги тур ўйинида Дрезден «Динамо»сига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган бўлсада, турнир жадвалининг 2-қаторида қолди. Чунончи, унинг яқин таъқибчиси «Унион» клуби финиш маррасида «Бохум»ни енголмади - 2:2. Ваҳоланки, учрашув натижаси бохумликларнинг турнир жадвалидаги мавқеларига заррача таъсир қилмасди. Хуллас, «Падерборн» рақиб ёрдами билан Бундеслига чиптасини қўлга киритдики, бунда ҳам рамзий маъно бордек. Чунончи, бундай йўл клуб учун ўзига хос алоҳида белгига айланиб улгурди.

«Падерборн» немис футболининг бутун тарихида Бундеслигада атиги бир мавсум ўйнаган. Эътиборни тортадиган томони падерборнликлар ўшанда (мавсум-2014|2015) 4-турдан кейин ҳаттоки, турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олишганди. Бироқ ёрқин дебют (старт) узоққа чўзилгани йўқ ва жамоа якунда чемпионатни охирги - 18-ўринда якунлаб, Германия олий дивизиони билан хайрлашди. Боз устига, «Падерборн» кейинги мавсум иккинчи Бундеслигада ҳам айнан 18-поғонани банд этди ва янада пастроққа тушди. Жамоанинг омадсизлиги шу билан хотима топгани йўқ - мавсум-2016|2017, учинчи Бундеслига, яна 18-ўрин. Шу тариқа камтарин клуб 2 йилча олдин Германия футбол тизимининг тўртинчи дивизионга қулади. Айни шу паллада «Мюнхен 1860»нинг инқирозга учрагани ва профессионал клуб мақомини йўқотгани умумий ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборди. Яъни тўртинчи лигага «Падерборн» эмас, «Мюнхен 1860» равона қилинди.

Умуман, Рейн-Вестфалия жамоаси охирги йилларда можароли воқеалар манбаига айланди-қўйди. Гап клубнинг ақл бовар қилмас даражада тез пастга қўнғишию, бунданда баланд суръатда яна юқорига кўтарилишида ҳам эмас. Оддий айтганда, «Падерборн»га дахлдор ғайриоддий ҳолатлар кўп. Дейлик, Сулаймон Коч жамоа таркибига қўшилишидан олдин ўғирлик жинояти туфайли 11 ой қамоқда ўтириб чиққан. Ҳужумчи Ник Прошвиц эса маиший ахлоқсизлиги туфайли 2016 йили таркибдан четлаштирилганди. Гап шундаки, у Туркиянинг Белек шаҳрида олиб борилган қишки йиғин чоғи барда маҳаллий аёллар олдида кийимларини ечиб ташлагач, устидан судга шикоят ёзишганди. «Менга футболчи нечоғли ечинганининг қизиғи йўқ. Бундай хатти-ҳаракатни асло оқлаб бўлмайди. Шунчаки, ақлга сиғмайди...», - деганди «Падерборн» президенти Вильфрид Финке. Орадан атиги 5 кун ўтиб, ахлоқсиз ҳужумчи Бельгиянинг «Сент-Труйден» клуби сафига қўшилди. Шу орада «Падерборн» бош мураббийи Штефан Эффенберг истеъфога чиқарилди. Ҳа, бу «Бавария»да шуҳрат қозонган ва ЖЧ-94да мухлисларга ножўя қилиқ кўрсатган ўша машҳур собиқ ярим ҳимоячи. Энг қизиғи, Эффенбергни жамоа турнир жадвалида охирги поғоналарда бораётгани учун эмас, балки бошқа сабаб туфайли ишдан ҳайдашганди. «Падерборн» президенти сўзларига кўра, Эффенбергнинг салбий имиджи жамоа обрўсига катта путур етказган. Гап шундаки, Штефан маст ҳолатда автомобиль бошқаргани ортидан ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотганди.

Тўғри, ҳозирда «Падерборн»да Коч, Прошвиц ва Эффенберг каби жанжалга мойил кишилар йўқ. Шунга қарамай, немис футболи мухлислари Бундеслиганинг янги иштирокчисидан янги-янги ҳангомалар кутишяпти, барибир. Навбатдаги мавсум бошланишига ҳали анча вақт бор. Демак, «Падерборн» футболчилари ҳозирча байрамни давом эттиришлари мумкин - улар Бундеслигага чиқишганини кўчалар қолиб, шаҳар мэриясида ҳам ўзгача нишонлашмоқда...

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz