Қайднома

Қидирув

Рауль Де Томас: «АВВАЛ «РЕАЛ»ГА ҚАЙТАЙ, ҚОЛГАНИНИ ВАҚТ КЎРСАТАДИ»

Рауль Де Томас: «АВВАЛ «РЕАЛ»ГА ҚАЙТАЙ, ҚОЛГАНИНИ ВАҚТ КЎРСАТАДИ»

  01.06.2019 01:59
  0
  268
Рауль Де Томас: «АВВАЛ «РЕАЛ»ГА ҚАЙТАЙ, ҚОЛГАНИНИ ВАҚТ КЎРСАТАДИ»

Рауль Де Томас ҳамиша ўзига талабчан бўлган. «Райо Вальекано»даги фаолияти орқали у ҳақиқатан ҳам керакли футболчи эканлигини исботлади. Айни пайт унга бир нечта клублардан таклифлар бор. Аммо Раулнинг асосий мақсади - «Бернабеу»да ўйнаб, болаликдаги кумири Зайниддин Зиданнинг ишончини қозониш.

- Келаси мавсумда «Райо»да ўйнамаслигингиз мумкин. Бу жамоа ҳақидаги фикрларингиз қандай?

- Бу ерда ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим. Жамоа борасида яхши хотиралар қолди. Ҳақиқатан ҳам «Райо»да ўйнашни истагандим ва бунга эришдим. Яхши воқеалар билан бирга нохушлари ҳам бўлди. Лекин бу биз учун бир сабоқдир. Ўтган йили Примерога чиқишни уддалагандик. Бу йил эса яна тушиб кетдик. Хатоларимиздан сабоқ олиб, олдинга қадам ташлашда давом этишимиз лозим.

- Гарчи «Райо» мавсумни бўш ўтказган бўлсада, сиз ўзингизни кўрсата олдингиз. Бундан ҳам муҳими бўлиши мумкинми?

- Асосийси - жамоа. Агар бу теннис бўлганида, муҳим бўлиши мумкин эди. Лекин футбол индивидуал спорт тури эмас. Тўғри, ўзимнинг индивидуал ҳаракатимдан қониқиш ҳосил қилишим мумкин. Лекин бу ҳаракатлар жамоавий муваффақият келтирмаса, ундан нима наф?

- Жамоа ҳужумида ўзингизни ёлғиз ҳис қилмадингизми?

- Балки шундайдир. Аммо ўйиннинг бориши шуни тақозо этди. Айрим вазиятларда яхши жамоага айландик, баъзиларида эса бунинг акси кузатилди. Бизда ёмон эпизодлар билан бирга яхшилари ҳам бўлди. Примерода қолиш учун ҳар бир ўйинда камида 80 дақиқа бирдамликда ҳаракат қилиш керак. Аммо бу қуйи дивизионга тушиб кетганимизнинг асосий сабаби эмас.

- «Кастилья», «Кордова», «Вальядолид», «Райо»... Кейинги жамоангиз қайси бўлиши мумкин?

- Примерода ўйнашда давом этишни истайман. Кўп йиллар элитада тўп суриш муҳим аҳамият касб этади. Умид қиламанки, Ла Лигада яна кўп йиллар фаолият юритаман.

- «Реал»да ўйнашга тайёрмисиз?

- Албатта.

- Нима деб ўйлайсиз, Зидан сизга ишонч билдирадими?

- Агар билганимда, фолбинлик қилардим. Билганим шуки, «Реал»га қайтишим лозим. Чунки жамоа билан ҳали шартномам бор. Кейин нима бўлишини эса вақт кўрсатади.

- Зидан билан ҳали гаплашмадингизми?

- Йўқ.

- Агар ўйин амалиётига эга бўлмасангиз, худди ўтган йилдагидек ижарага кетасизми?

- Ҳозирча ҳеч нима билмайман. Энг аввало, «Реал»га қайтиб олай. Кейин бир гап бўлар.

- Мадрид кантераноси бўлиш қийинми?

- Унчалик эмас.

- Катта клублар ўз ўйинчиларини қимматга сотишса, кичик жамоалар арзонга сотишга мажбурлар...

- Худди шундай. «Реал» жаҳоннинг энг яхши клуби. Бошқасини бу жамоа билан тенглаштириб бўлмайди. Шундай экан, улар ўз ўйинчиларини кўпроққа сотишади.

- Мавсумолди йиғинига қандай борасиз? Мақсадингиз нима?

- Биринчи навбатда яхши дам оламан.

- Мавсум узоқдек туюлдими?

- Ҳа. Айниқса, ишлар юришмай турса. Бу мавсум биз учун қийин кечди.

- Болалигингизда қайси футболчилардан ўрнак олишни истагансиз?

- Зидан кумирим бўлган. Гарчи унинг позициясида ўйнамасамда, ўйинлари ёқарди. Ҳужумчи сифатида эса Криштиану Роналдуга ҳавас қилганман. Шунингдек, Карим Бенземанинг ўйинлари маъқул бўлган. Хуллас, ўргансам арзийдиган футболчилар кўпчиликни ташкил қилади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz