Қайднома

Қидирув

Кучли бешликда якуний палла

Кучли бешликда якуний палла

  01.06.2019 05:05
  0
  400
Кучли бешликда якуний палла

Май ойининг охирги тўлиқ ҳафтаси топ-чемпионатлардаги барча ички мусобақаларга якун ясади. Жумладан, 24 май санасида Францияда, эртасига Италияда миллий чемпионатлар ниҳоясига етди. Германия ва Испанияда мамлакат кубоклари ўзларининг янги соҳибларига эга бўлишди.

Испания. «Валенсия»дан тўйга тўёна

Муддатидан аввал чемпионлик унвонини ҳимоя қилганига қарамасдан, жорий мавсум «Барселона» учун омадсиз якунланди. Эрнесто Вальверде шогирдлари аввалига ЕЧЛ ярим финалининг жавоб учрашувида «Ливерпул»дан ажабтовур тарзда енгилишди. Энди қаторасига тўрт йилдан бери ҳеч кимга бермай келинаётган Қирол кубоги «Валенсия»га топширилди.

Севильядаги ҳал қилувчи баҳс гранднинг устунлигида ўтган бўлсада, камтарин рақиб ишончли тарзда ҳимояланиб, қарши ҳужумлардан самарали фойдаланди. Биринчи бўлим ўрталарида Гамейро ҳисобни очган бўлса, бироздан сўнг Родригонинг аниқ зарбаси фарқни оширди. Шу тариқа томонлар «кўршапалаклар»нинг устунлигида танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлимда чемпион ҳужумлар шиддатини оширди, кўплаб хавфли вазиятларга эга бўлди. Лекин жароҳати туфайли майдонга туша олмаган Луис Суарессиз ёлғизланиб қолган Месси фақат бир марта дарвозага йўл топа олди, холос. Шу тариқа якунига етган ўйинда 2:1 ҳисобида зафар қучган «Валенсия» ўзининг 100 йиллик юбилейига Ла Лигадаги 4-ўрин ва Қирол кубогини қўлга киритиш билан муносиб совға тайёрлади. Мавсумни «требл» билан якунлашни мўлжаллаган чемпион эса лоақал «дубл»га ҳам эриша олмади.

Германия. «Бавария»да навбатдаги «олтин дубль»

Ўзининг 10 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида турган «РБ Лейпциг» эса тўйга тўёнасиз борадиган бўлди. Гарчи бу жамоа еврокубок мусобақаларида иштирок этишга улгурган ва мухлисларда илиқ таассурот қолдирган бўлсада, 4-дивизион ғолиблигидан бошқа жиддийроқ натижага эриша олмаганди. Германия кубогини қўлга киритиш ҳам унга насиб этмади. Чунки чемпионлик учун сўнгги турга қадар аёвсиз кураш олиб борган ва якунда мақсадига эришган «Бавария» кубок беллашувига ҳам жиддий ҳозирлик кўрганди. Жароҳат туфайли апрелдан бери майдонга тушмаётган Мануэль Нойернинг сафга қайтганлиги фикримизни тасдиқлайди. Тажрибали посбон ўзининг ишончли ҳаракатлари билан жамоадошларига қўшимча куч ва илҳом бағишлади. Натижада ўйиннинг 29-дақиқасида Роберт Левандовски боши билан рақиб дарвозасини нишонга олиб, «Бавария» таркибидаги 190-голини расмийлаштирди. «Лейпциг»нинг қарши ҳужумлари эса моҳир дарвозабон ҳамда ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари туфайли самара бермади.

Танаффусдан кейин Кингсли Коман ҳисобдаги фарқни иккитага етказиб, биринчи бўлимдаги айбини ювди - у ўта қулай вазиятдан фойдалана олмаганди. Учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолганида Левандовски яна ўзини кўрсатди ва яккама-якка вазиятда «Лейпциг» посбонини ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

«Бавария»нинг хорватиялик бош мураббийи Нико Ковач қаторасига иккинчи марта нуфузли совринга сазовор бўлди. У ўтган мавсумда «Айнтрахт» устози сифатида кубок соҳибига айланган ва финалда бўлажак жамоасини таслим этганди.

Италия. «Аталанта»нинг бронза мавсуми

«А» серия вакиллари топ-чемпионатлар бешлигида марра чизиғига охирги ўринда етиб келишди. Ҳал қилувчи турда еврокубок мусобақаларининг барча иштирокчилари маълум бўлиши билан биргаликда, тарихий аҳамиятга молик натижалар ҳам қайд этилди.

Жумладан, аввалги турда совриндор учликка кўтарилиб олган Бергамонинг «Аталанта»си «Сассуоло» устидан иродали (3:1) ғалабага эришиб, ўз тарихида биринчи марта бронза медаллари соҳибига айланди. Шунингдек, жамоа ЕЧЛда ўз дебютини нишонлайдиган бўлди. Агар Алехандро Гомес ва Марио Пашаличларнинг голлари бўлмаганида, бергамоликлар 5-поғонага тушиб кетишарди. Чунки уларнинг барча рақобатчилари ҳам охирги турда ғалабага эришишганди: «Интер» ўз майдонида «Эмполи»ни (2:1), «Милан» эса Феррарада СПАЛни (3:2) маҳв этишди. Натижада «нерадзурри» тўртинчи, «россонери» эса бешинчи ўринни банд этди. Шу тариқа «Интер» ЕЧЛ, «Милан» эса ЕЛ йўлланмаларини қўлга киритди. Шунингдек, Римда «Парма»ни енгган (2:1) «Рома» ҳам халқаро турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Фақат у ЕЛнинг иккинчи саралаш босқичидан баҳсга киришади.

Франция. «Монако» элитада Қолди

24 май оқшомида бўлиб ўтган баҳсларга қадар Биринчи дивизиондаги қарийб барча масалалар ўз ечимини топиб улгурган, фақат аутсайдер жамоаларнинг қай бири «Генгам»га шерик бўлган ҳолда элитани тарк этиши, қайси жамоа «Ланс» билан ўтиш босқичида куч синашишини аниқлаш қолганди. Хуллас, охирги тур арафасида 17-ўринни банд этган «Амьен» «Генгам»ни мағлубиятга учратди (2:1), «Дижон» худди шу ҳисоб билан «Тулуза»дан устун келди, «Кан» эса ўз майдонида «Бордо»га имкониятни бой берди - 0:1. Ниццада меҳмон бўлган «Монако» ҳам сафардан мағлубият (0:2) билан қайтди. Лекин қуйи лигага тушиб кетмасликни таъминлайдиган 17-поғонани сақлаб қолди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz