Қайднома

Қидирув

Карло Анчелотти: «РЕАЛ»ДАГИ ФАОЛИЯТИМДАН РОҲАТЛАНГАНМАН»

Карло Анчелотти: «РЕАЛ»ДАГИ ФАОЛИЯТИМДАН РОҲАТЛАНГАНМАН»

  02.06.2019 03:38
  0
  400
Карло Анчелотти: «РЕАЛ»ДАГИ ФАОЛИЯТИМДАН РОҲАТЛАНГАНМАН»

Айни пайт «Наполи»ни бошқараётган «Реал»нинг собиқ устози Карло Анчелотти 24 май санасини ҳеч қачон унутмайди. 2014 йилнинг айнан шу кунида унинг қўл остидаги «Реал» Чемпионлар Лигаси финалида «Атлетико»ни мағлуб этиб, ўз тарихида 10-марта мазкур мусобақа ғолибига айланганди.

Ғалаба ҳақида

- Десима? Ҳаммасини яхши эслайман. Бу воқеани умримнинг охирига қадар унута олмайман.

Финалга тайёргарлик ҳақида

- Финалдан бир кун олдин хотиржам эдик. Чунки ўртада катта ғалаба бор эди. Биз ўйиндан олдинги босимни финал арафасидаги мотивацияга айлантириб юборгандик. Умуман олганда, жамоа асабийлашмаган. Биз фақат ўйин ҳақида ўйлаганмиз.

Жароҳатлар ҳақида

- Финалга эндигина жароҳатидан фориғ бўлган Хедира билан борганмиз. Шунингдек, Пепе, Бензема ва Роналдуда ҳам кичик жароҳат бор эди. Пепенинг ҳақиқатгўйлигига тан бераман. У ўйиндан бир кун олдин жамоадошларига, мураббийларга ва клубга ҳурмат бажо келтириб, финалда ўйнай олмаслигини айтган. Агар майдонга тушганида 15 дақиқа ўтмай тиззасидаги оғриқ туфайли алмаштиришларини сўраган бўларди. Ҳар қандай футболчи ҳам финалда ўйнаш имкониятидан воз кечавермайди. Лекин у жамоа учун шундай қилишга мажбур бўлган. Бу билан Пепе ҳақиқий профессионал эканлигини намойиш қилган.

Тактика ҳақида

- Биз эътиборимизни Испания кубоги доирасидаги ўйинимизга қаратганмиз. Ўшанда «Атлетико»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этгандик. Финалда ҳам ўша ўйинни такрорлашга ҳаракат қилганмиз. Ҳаракатлар, тактика... биз бошқаларга ўрнак бўлганмиз.

Ўйин ҳақида

- Ҳаммаси биз истагандек бўлган. Албатта, учрашув қийин ўтган. 93-дақиқада ҳисобни тенглаштирганмиз. Аммо ўйин борасида ҳеч қандай камчилигимиз бўлмаган. Биз охиригача футбол ўйнаганмиз. Вазиятлар яратганмиз, ўйинни назорат қилганмиз. Лекин гол ҳадеганда келавермаган... Якунда омадимиз чопган, чунки биз бунга ҳақли эдик. Қўшимча вақтда икки карра куч билан ҳаракат қилишимизни билардик. Биз ҳужумга ўтдик, «Атлетико» эса ҳимояланди. Қайсидир маънода 2005 йилги финалга ўхшаб кетди. Ўшанда мен бошқарган «Милан» «Ливерпул»га имкониятни бой берганди.

Рамоснинг голи ҳақида

- Ҳеч қачон у ёки бу ҳужумнинг гол билан якунланишини билмайман. Лекин ўша вазиятда гол келишини ҳис қилганман. Бу охирги имконият эди. Бироқ шогирдларим бундан унумли фойдаланиб қолишларига ишонганман. Биз сўнгги сонияларгача ҳаракат қилганмиз. Ҳисобни тенглаштириш учун ўз футболимизни намойиш қилиб, ҳужумга зўр берганмиз... натижада Модрич ва Рамос пайдо бўлишган. Бу ишни уддалаганимиздан хурсанд эдим. Аммо голни астойдил нишонлай олмаганман, чунки ўйин давом этаётганди, олдинда ҳали қўшимча вақтлар бор эди. Футболчиларни унга тайёрлашим талаб этиларди. Айниқса, жисмонан толиққан Ди Мария каби футболчиларни. Муҳими, мотивациямиз жойида бўлган. Шунга қарамай, қўшимча вақтларга яхши тайёргарлик кўришимиз керак эди.

Қўшимча вақт ҳақида

- Марселонинг голи ҳал қилувчи бўлган. Бунгача натижа очиқ эди. Лекин ўша голдан сўнг «Атлетико» узр сўрагандек чекинганди. Кейин ҳаммаси байрамга айланиб кетди.

Нишонлаш ҳақида

- Мадридга жуда кеч қайтдик. Ўзгача ҳолатни кутмагандим. Аммо бизни кўчаларда кутиб турган инсонлар ва уларнинг байрамларини ҳеч қачон унутмайман. Сибелес майдони ва барча катта кўчалар одамлар билан тўлганди. Бу ҳолат ҳаётимнинг охирига қадар ёдимдан кўтарилмайди. «Реал»даги фаолиятимдан роҳатланганман.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz