Қайднома

Қидирув

Бўлажак тўқнашувлар олдидан

Бўлажак тўқнашувлар олдидан

  02.06.2019 08:33
  0
  795
Бўлажак тўқнашувлар олдидан

2022 йили Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионати саралашларига оз муддат қолганда, ниҳоят, ФИФА иштирокчилар сони 32та қолишини эълон қилди ва бу миллий жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер учун навбатдаги узун ва қийин йўллар бошланаётганини англатмоқда. Ҳадемай куз ҳам келади ва биз навбатдаги бор ўз бахтимизни синаб кўриш учун мундиал саралашларидаги иштирокимизни бошлаймиз...

Бу картина менга Австралия термасининг 2005 йилдаги ҳолатини эслатмоқда. Ўша пайтгача ўз тарихида бор-йўғи бир марта - 1974 йилдагина жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлган (у даврларда мундиалда қатнашиш ҳозиргидек жуда оғир «иш» эмасди) жанубликлар кейинги 30 йил давомида 7 бора «плей-офф»да қатнашиб, барча баҳсларда ютқазишган ва шу тариқа ЖЧ йўлланмасидан мосуво қолишган. Океания учун олдинлари ҳам яримта йўлланма берилган ва ҳар гал Янги Зеландия тўсиғидан ўтган Австралиянинг йўлига Шотландия, Уругвай, Аргентина каби термалар тўғаноқ бўлаверишган. Кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг мамлакатдагилар охири ўйлай-ўйлай ОФКга ўтиш режасини туза бошлашган. Тахминан 2003 йилларда бошланган мазкур ҳаракат икки йилча ўтиб ўз самарасини берди ва ЖЧ-2006 саралашлари якунига етмай турибоқ Австралиянинг ОФКга қўшилиши деярли аниқ бўлиб қолганди.

ОФКга ўтиш - австралияликлар учун деярли ҳар бир мундиалда қатнашиш дегани эди. Натижасини ҳозирда кўриб турибсиз: австралияликлар бизнинг минтақага қўшилганидан буён бирорта жаҳон чемпионатини ўтказиб юбормади. Дастлабки иккита саралашда улар жудаям осонлик билан йўлланмани қўлга киритишди, десак муболаға бўлмас. ОФКга ўтиши маълум бўлиб қолган ўша 2005 йилда Австралия сўнгги бор «плей-офф» «аччиғи»ни тотиб кўрган ва «ёруғлик» келишидан олдин бир бор ЖЧга қийин ўйинлар орқали чиқишни уддалаганди. Ўшанда дастлаб меҳмонда Уругвайга 0:1 ҳисобида ютқазган жанубликлар ўз майдонларида ҳам худди шундай ҳисобда ғолиб чиқишган ва пенальтилар сериясидагина (4:2) мундиал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Миллий жамоамизга келсак, худди ўша пайтдаги Австралиянинг ҳолати каби бизда ҳам 2026 йилдан бошлаб анча осон йўлланмага эга чиқиш имконияти пайдо бўлмоқда. Фарқи шундаки, у қийинчиликларни австралияликлар ўз теран фикрлари орқали енгиб ўтган бўлсалар, бизга буни ФИФА тақдим этмоқда. ЖЧ қатнашчиларининг 48тага етказилиши Осиёга ҳам 8,5та ўрин тақдим этади ва биз келажакда ортиқча босимларсиз майдонга тушишимиз боис, деярли ҳар бир мундиалда иштирок этишимиз тайин бўлади. Лекин олдимизда турган вазифа ҳам худди ўша Австралияники каби: 2005 йилда улар Осиёдаги «ҳаловатли футбол» бошланишидан олдин ўша пайтдаги Альваро Рекобалар қатнашган Уругвайни мағлуб этиб, қийинчиликнинг сўнгги лаҳзаларини «тотиб кўришганди». Айтиш мумкинки, улар ўшанда жуда қийин ўтган ўйинлардаги ғалаба ҳисобига ЖЧга йўл олишганди. Айни пайт биз ҳам худди шунақа ўта оғир ва машаққатларнинг сўнгги йилларида турибмиз.

Ортга назар ташлаб шуни айтиш мумкинки, худди Австралия каби, биз ҳам бундай кунларга етиш учун тахминан 30 йилни ўтказиб юборар эканмиз...

Хуллас, тарих тарихлигича қолади, лекин бизнинг олдимизда сўнгги қийин синов - энди ўша Австралиянинг ўзи турибди. Хўш, йигитларимиз бу гал «яшил қитъа» вакиллари тўсиғини мардонавор енгиб ўта олишадими? Саволлар бисёр, жавоб беришга келганда ҳар галгидек ҳаммамиз қийналамиз. Доимгидек рақиблар тайин - ўша-ўша Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия... Ҳар гал айнан шу тўртликдан иккитаси бизнинг гуруҳга тушар экан (аниқроғи, биз ўша гуруҳга), ҳозирдан якуний гуруҳда қайси термалар бизга рақиб бўлиши ҳақида хаёл сура бошлайсиз. 2006 йилги саралашларда Жанубий Корея ва Саудия Арабистони ўрин олган гуруҳга тушганмиз, нариги гуруҳдан эса Эрон ва Япония ЖЧга йўлланмага эга чиққан ва унда ҳали Австралия ОФКда эмасди.

2010 йилги саралашларда биз Япония ва Австралия гуруҳига тушдик, нариги гуруҳдан эса Жанубий Корея ва Эрон ўрин олганди (қизиғи, Эрон ўшанда ЖЧ йўлланмаси учун курашда Шимолий Кореяга ютқазиб, мундиалдан қолиб кетганди). 2014 йилги ЖЧ йўлланмаси учун саралашларда эса гуруҳлар алмашди: биз Жанубий Корея ва Эронга тушдик, нариги гуруҳдан яна Япония ва Австралия жой олишди. Сўнгги - 2018 йилги ЖЧ саралашларида ўша эски ва «таниш» ҳолатлар яна такрорланди: битта гуруҳда бу гал ҳам Япония ва Австралия, бошқасида эса Жанубий Корея ва Эрон. Янаям қизиғи, худди ўша тўрт йил олдинги Жанубий Корея - Эрон жуфтлиги гуруҳига кетма-кет иккинчи бора биз тушдик ва энди корейслар ва форслардан 2013 йилги «қилмишлари учун» ҳақиқий реванш олиш имконияти пайдо бўлганди. Лекин... Самвел Бабаян бошчилигидаги йигитларимиз бу гал ҳам олдинги «акалари» қолдириб кетган «ишлар»ни (анъанани) такрорлашди: яна биз томошабинлар қаторидамиз...

Бугунга келиб шуни тахмин қилиш мумкинки, бу галги баҳсларнинг сўнгги босқичида биз катта эҳтимол билан Япония ва Австралия термаларидан бири билан битта гуруҳга тушамиз. Ҳар ҳолда, учинчи марта ҳам Жанубий Корея ва Эрон жамоаси гуруҳдош бўлишимиз эҳтимоли жуда кам.

Айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Австралия термаси олдингиларидан фарқли равишда бироз кучсизланган, бунга сўнгги Осиё чемпионатида ҳам, ундан сал олдинроқ ўтган ЖЧ саралаш баҳсларида ҳам гувоҳ бўлдик. Кенгурулар ўлкаси вакиллари сўнгги паллаларда тўғридан-тўғри йўлланмани Саудия вакилларига бой беришди ва ўша ОФКга ўтгандан бери илк бор ЖЧга «плей-офф» орқали чиқишди.

Юқоридаги фикрларимиздан баъзилар норози бўлишлари турган гап, қайси маънодаки, ҳали анча узоқ давом этадиган дастлабки босқич биз учун бошланмай ва ўша якунловчи йўлланмани қўлга киритмай туриб, бу ерда сўнгги 3-саралаш босқичи ҳақида сўз юритилмоқда. Майли, нима ҳам дердик, узоқ ва оғир, машаққатли йўллар остонасида турган миллий жамоамиз футболчиларига Туркия термасига қарши бошланажак баҳслардан то ўша 2021 йилги Австралияга қарши бўлажак (эҳтимолий, албатта) барча учаршувларда омад ва зафарлар тилаб қоламиз! Зеро, биз ҳали Австралияни умуман ютмаганмиз, уларнинг дарвозасига ҳатто бирорта гол ҳам урмаганмиз.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz