Қайднома

Қидирув

Лига кубоги керакмиди ва бошқа муаммолар ҳақида...

Лига кубоги керакмиди ва бошқа муаммолар ҳақида...

  01.06.2019 18:40
  0
  145
Лига кубоги керакмиди ва бошқа муаммолар ҳақида...

ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев, одатдагидек, «Телеграм»даги канали орқали ўзбек футболига оид турли воқеаларга муносабат билдириб, айрим масалалар бўйича туғилаётган саволларга атрофлича жавоб берди.

***

«Маҳалла» ҳамда «Спорт» телеканаллари бош директорлари билан суҳбатлашдик. Режага кўра, ФИФА кунларидан кейин старт олувчи Суперлиганинг 11-тур ўйинларидан бошлаб, параллель старт оладиган ўйинларнинг биттаси «Маҳалла» каналида эфирга узатилишга яқин. Бу ҳолат ўйинлар вақтини белгилашда ва футболчиларнинг иссиқ ҳавога қолиб кетмасликларида ЎзПФЛ ҳамда футбол клублари учун қулайлик туғдиради. Вазиятни тўғри тушунган МТРК раҳбарияти, шунингдек, «Маҳалла» ҳамда «Спорт» телеканали раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

***

Айрим ўқувчиларимиз ЎзПФЛ нега клублар учун мукофот пулларини бермаётгани борасида янглиш фикрлар билдираётганидан келиб чиқиб, уларга тушунтириш беришга қарор қилдик. Ташкилот ҳозирга қадар «Локомотив», «Пахтакор», «Навбаҳор», «Металлург», «Севинч» каби клубларга мукофот пулларини бериб улгурган. Боиси, бу клублар ЎзПФЛ олдидаги мажбуриятларини бажаришган. Айтайлик, чемпионатда иштирок этиш учун бадал пуллари февраль ойидаёқ тўлаб берилиши керак. ЎзПФЛ ҳар сафар клублар ўзига келиб олиши учун имконият беради. «Тўламадинг, лигадан йўқол!» дейилмайди. Биринчи навбатда лицензиялаш талаблари, кейин молиявий мажбуриятлар туради. Чунки клублар ҳам пул беришни атай чўзмайди, улар ҳам ҳомийлардан пул келиб тушишини кутади. Шундан келиб чиқиб, «Бунёдкор», «Бухоро», «Андижон», «Машъал», «Истиқлол», АГМК каби клублар билан келишувга эришилган. Улар мукофот пули олиш учун қандай қадам босиш кераклигини билишади ва шу йўлда ҳаракат қилишяпти ҳам. Тез орада уларга ҳам ўз пуллари насиб этади.

***

«Ўзбекистон Лига кубоги нега керак эди?»Кўп берилди шу савол, жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бир йил аввал Суперлигада 12та жамоа иштирок этганди (шуниси маъқул вариант деган фикримни ўзгартирмаганман). 2019 йили жамоалар сони 14тага етказилди. Бу эса Суперлигада ўйинлар сони камайишига олиб келди. Бир йил аввал жамоалар чемпионатда 32 турда иштирок этган бўлса, бу йил ўйинлар сони 26тага тушиб қолди. ОФК бир мавсум давомида профессионал жамоалар минимум 27та ўйинда иштирок этиши керак, деган талабни қўйган. Суперлиганинг бирор клуби Ўзбекистон кубогидаги биринчи ўйинидаёқ мағлуб бўлса, айнан 27та учрашув ўтказган бўлади. Энди солиштириб кўринг. Айтайлик, биз ҳавас қиладиган АПЛ жамоалари бир мавсумда ўлдим деганда 40та учрашув ўтказса, бизда бу кўрсаткич 27та. Фарқ жуда сезиларли. Ўтган йили «Локомотив» мавсумда 40та учрашувда иштирок этган. Бизнинг шароитда бу яхши кўрсаткич. Лигани тарк этган «Нефтчи» эса 34та учрашув ўтказган. 27 ва 34 орасида фарқ катта. Лига кубоги мана шу фарқни нисбатан яқинлаштиради. Гуруҳ босқичида жамоалар минимум 3та учрашув ўтказиши инобатга олинса, демак, оддий жамоада бир мавсумда 30та учрашув ўтказишнинг имконияти бор.

Хўш, бу ўртоқлик турнирими? Йўқ, бу расмий турнир. Чунки унда олинган қизил карточкалар, санкциялар қолган мусобақаларга таъсир ўтказади. Клублар унга қандай муносабатда бўлишни эса ўзлари ҳал қилишлари мумкин. Кимдир Гвардиолага ўхшаб ҳамма турнирда зафар қучмоқчи бўлади, кимдир Клоппнинг йўлидан юриб, чемпионат ва халқаро майдонни танлайди. ЎзПФЛ эса мазкур турнир ғолибини (балки финалчиларини) қандай тақдирлаш устида иш олиб боради. Балки финалчиларга қишда Туркияда 10-12 кунлик бепул йиғин ташкил қилиб берилар, балки йўқ. Ишлаяпмиз шунинг устида.

Лига кубоги нима учун ФИФА кунларига тушиб қолган? Бу саволни бироз ўйлаб бериш керак. Чунки ФИФА кунлари 3—11 июнга тайин қилинган. ЎзПФЛ тақвим ишлаб чиқаётганида 2 июнь куни Туркия билан ўйин бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган. Режамизга кўра, 1 июнь куни жамоалар клублари сафида ўйнаб, эртасига терма лагерига жўнаб кетишлари керак эди. Биз буни ҳисобга олганмиз. Нима учун «Пахтакор» ва «Локомотив» ўйинлари сурилди? 11 июнда ФИФА куни тугаса, 14 июнда улар Суперлиганинг 11-турида майдонга тушиши керак эди. 72 соат — нормал кўрсаткич. Тақвим тузаётганда клубларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтади, деган яхши ниятимиз бўлган. Ўтганларида, улар 17-18 июнь кунлари халқаро ўйинларда иштирок этишлари мумкин эди. Афсуски, ўта олишмади ва энди ўйинларини бемалол ортга суришимиз мумкин. Чунки ФИФА кунларида терма 3та ўйин ўтказяпти. Бу нормадан бироз юқори кўрсаткич. Купер бир футболчини ҳар уч ўйинда майдонга туширмаса керак, бироқ тушириши ҳам эҳтимол. Шундай экан, «Локомотив» ёки «Пахтакор»нинг эҳтимолий футболчиларида тикланиш учун бироз вақт бўлгани яхши.

***

Суперлига клублари умумий 45 нафаргача футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. U-21 жамоаси шуни ичидан шакллантирилади. Яъни, 45таликка кирган исталган футболчи асосий таркибда тушиш имконига эга. Айтайлик, ёшлар термаси аъзоси Жасур Жалолиддинов айнан ёшидан келиб чиқилса, U-18 чемпионатида ўйнашга ҳақлидек. Бироқ Абрамов бу футболчини уларга бермайди. Юқорига қараб интилаётган футболчи пастга тушишни ўзи ҳам истамайди. Яъни, U-18да - Жалолиддинов банд қиладиган жойда бошқа бир футболчини ўйнатиш фойдалироқ. Бир футболчининг ҳам асосийда, ҳам U-21да, ҳам U-18да ўйнайвериши унинг ўйинларга муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Футболчи ўз олдига бир мақсад қўйиб, ўша мақсад йўлида меҳнат қилиши яхшироқ. Қайси даврага қўйса, ўша жамоада ўйнаб кетаверадиган раққос эмас у. Футболчи ўз жамоаси, унинг принциплари, курашаётган йўлини ҳис қилиб туриши керак. Турли жамоалар эса унинг руҳий тайёргарлигига таъсир қилади. ЎзПФЛ «В» Про-лигасида рўйхатдан ўтган ва U-18 талабига жавоб берадиган футболчиларгагина ёшлар чемпионатида ўйнаш учун рухсат беради. Биринчидан, «В» Про-лиганинг ҳар бир клубида камида 4 нафар 18 ёшгача бўлган футболчи қайдномадан ўтиши мажбурий. Шу футболчилар ҳар сафар захирада қолавермай, U-18да ҳам ўйин амалиётига эга бўлиб турганлари фойдали. Регламент шундай тузилгани маъқулки, унда футбол ўйнашни истаётган ёш футболчида ўйнаш учун барча имконият бўлсин. Бироқ бир футболчининг 3-4 хил жамоаларда айланиб юриши мантиқсизроқ иш, шунинг учун ҳам Суперлига футболчилари асосан икки жамоа — бош ҳамда U-21 билан чеклангани тўғрироқ деган қарорга келинган.

***

«Андижон» - «Пахтакор ўйини нима сабабдан Фарғонада ўтганини ҳозиргача нотўғри талқин қилаётган дўстларимиз бор. Ўйинга бир кун қолганда ҳаммаси ўзгариб кетди. Бу вақтда «Пахтакор» Андижонда аэропорт ёпиқ эканлиги учун аллақачон Фарғонага етиб бориб улгурган ва учрашувга тайёргарлик кўраётганди. ЎзПФЛ ўйинни Тошкент жамоаси фойдасига ёки прожектор муаммосини сабаб қилиб кўчирмади. Давлат раҳбарининг Андижонга кутилаётган ташрифи сабаб ўйинни Фарғонада ўтказишга қарор қилинди. Аввалроқ «Андижон»нинг «Сурхон» билан ўйини ҳам шундай сабаб билан икки кун кейин ўтказилганди. ЎзПФЛ ва икки жамоа вазиятдан илгарироқ хабар топганида, балки ўйинни бошқа санага қолдириш мумкин эди. Бироқ «Спорт» ТВ тайёргарлик кўрган, «Пахтакор» йўлга чиқиб улгурган ва олдинда ОЧЛ ўйини кутаётган бир вақтда бошқа йўлнинг ўзи йўқ эди.

***

Шахс сифатида ҳам, мутахассис сифатида ҳам Аваз Бердиқулов фикрлари ЎзПФЛ учун қадрлироқ. Лигадаги минимал ўйинлар сонини аниқлаш масаласида ОФКда фаолият олиб бораётган Аваз Бердиқуловга мурожаат билан чиқилган. Мутахассис жавобидан кейин минимал талаб масаласига аниқлик киритиб олинган. Футбол ўйнашни истайдиган жамоалар учун бу мусобақанинг нима ортиқча жойи бор эканини тушуниш қийин. Бу мусобақа захирада қолиб кетаётган футболчиларни синаб олиш учун мураббийларга қўл келиши мумкин. Аввалига журналист бўлган, кейин мутахассисга айланиб, қаердан чиққанлигини унутган, 10 йиллар давомида футбол ташкилотида ишлаган, ўзи қила олмаган ишларни 1 йил ичида бугунгилардан талаб қилаётган инсон ҳақидаги фикрларимни кейинроққа қолдираман. Бу масалада фақат битта фикр беришим мумкин. Унинг каби муҳолифат ролини ўйнаётган ҳамкасбларимиз жуда-жуда керак. Уларнинг танқидий фикрларисиз ўзимизда ўсиш бўлишига ишонмайман.

***

«Навбаҳор» иштирокидаги ўйинлар «Спорт» ТВ орқали атайин кўрсатилмаётгани борасидаги изоҳлар тобора кўпаймоқда. ЎзПФЛ ва «Спорт» ТВ «Навбаҳор» иштирокидаги беллашувларни жонли эфирга киритиб келмоқда. Бироқ учрашувга бир неча кун қолганида, клуб ўйин вақтини ўзи учун мақбул соатга белгилашни сўраб, мурожаат билан чиқади. Шунинг эвазига ўз режаларини икки ҳафта аввал ҳал қилиб оладиган «Спорт» ТВ бу жамоа иштирокидаги ўйинларни ёзиб олган ҳолда намойиш этишга мажбур бўляпти. Оддий мисол, наманганликларнинг «Андижон»га қарши ўйинлари ҳам жонли эфирда кетиши керак эди. Аммо ўйин вақтини ўзгартиришни сўраб, клубнинг ўзи мурожаат билан чиққан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz