Туркия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги тарихий илк учрашув - ўртоқлик мақомига эга биринчи тўқнашув учун юқоридаги сарлавҳа танлангани сизга бироз ғалати туюлаётгандир, балки. Келинг, аввало Аланиядаги ўйин борасида умумий фикрлар ва якуний хулосалар ҳақида гаплашсак-да, кейин бу икки иборага изоҳ берсак.
Очиғини айтганда, рақиб - Европа футболи вакили бўлгани учун ўйиндан аввал ҳам ғалабага ишончимиз пастроқ эди. Бироқ «Умид энг охирида сўнади», деганларидек, Эктор Купер шогирдларидан ғалаба бўлмаса-да, чиройли ва ёрқин ўйин кутганимиз рост. Хуллас, сербиялик ҳакамнинг учрашувни бошлаш мумкинлиги хусусида чалган ҳуштагидан сўнг мезбонлар дарҳол марказни ўз назоратларига олиш учун ҳаракат бошлашди ва қандайдир 8-10 дақиқа ичида бунга эришишди ҳам. Дейлик, бунга жамоамиздаги сезиларли йўқотишлар ҳам сабаб бўлди қайсидир маънода. Мисол учун, аргентиналик мутахассиснинг ўзи ишонган асосий ярим ҳимоячилар - Жавоҳир Сиддиқов ва Достон Ҳамдамов хизматидан фойдаланолмаслиги аввалдан маълум эди. Уларнинг позициялари Фозил Мусаев ҳамда Қувондиқ Рўзиев ҳисобига тўлдирилди. Бемалол айтиш мумкин, бу тўлдиришлар ўзини унча оқламади. Тўғри, Рўзиев имкон қадар ўзини кўрсатиш, янада аниқроғи, хато қилиб қўймасликка интилди. Буни уддалади ҳам. Лекин Японияда аввалги ўйинини тополмай қийналаётган Фозил Мусаев ўз даражасидан анча паст ҳаракатланди. Дастлабки дақиқалар ҳаяжони босилгач, турклар рақиб кучи ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишдими, ҳар ҳолда, Элдор Суюнов дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли вазиятлар яратишга тушишди. Аксарият ҳолатларда ҳимоя бўғини ва дарвозабоннинг ишончли ҳаракати мезбонлар ҳужумига тўсиқ бўлди. 16-дақиқа ўтиб бораётган бир паллада эса Фозил Мусаев ўнг қанотда турклар босими остида қоида бузишдан ўзга чора тополмади ва белгиланган стандарт вазият гол билан ниҳояланди. Бу вазиятда марказий ҳимоячиларимиз «ҳаво кураши»ни бой беришди ва Зеки Челик бош билан ақлли зарба йўллаб, тўпни Суюнов устидан ошириб ташлади. Голдан кейин йигитларимизда ҳам 1-2та имконият яратишди. Масалан, Одил Аҳмедовнинг жаримадан йўллаган кучли зарбасини дарвозабон бартараф этди. Анзур Исмоилов ва Элдор Шомуродов эса аниқлик борасида хато қилишди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, биз шу пайтгача ўзимизни «Терма жамоамиз Европа футболига яқин ўйин намойиш қилади», деб ишонтириб юрардик. Бироқ Туркия терма жамоасининг деярли иккинчи таркиби аниқ кўрсатиб бердики, юқоридаги нисбатда анчагина маҳоват, яъни керагидан ортиқча бўрттириш мавжуд экан...
Иккинчи бўлимда ҳам майдондаги вазият деярли ўзгармади. Турклар таркибида Ирфан Қаҳвачи ўзининг плеймекерлик хусусиятини намойиш қилиб, ҳимоячиларимизга тинимсиз муаммолар туғдирди. Тўғри, ўйинни вакилларимиз ўта бўш ўтказишди, дея олмаймиз. Аммо Сиддиқов ва Достон Ҳамдамов каби ўткир «пас» бера оладиган, ҳужумга креативлик бағишлайдиган футболчи топилмади таркибимизда, барибир. Бунинг қарангки, ўйиндан аввал Туркия матбуоти Жалолиддин Машарипов ҳақида керагидан кўпроқ бонг урганди. Амалда техник салоҳияти юқори шу биргина футболчимизнинг «ёпиб қўйилиши» ҳужумдаги имкониятларимизни кескин пасайтириб юборди. 58-дақиқага келиб, рақиблар бурчак зарбасини навбатдаги голга айлантиришди. Аввалига Кенан Караман томонидан йўлланган тўпни Суюнов бир амаллаб қайтарди, лекин такрорий уринишда яна ўша Челик осонликча «дубл»ни расмийлаштирди. Мусаев ўрнига Остон Ўруновнинг майдонга туширилиши вакилларимиз ҳужумига озми-кўпми мазмун бердию, аммо вазиятлар голгача етиб бормади. Дарвоқе, олдинги чизиқда ишонч билан ҳаракатланган Ўрунов ўйин тугашига 2 дақиқа қолганида дарвозамиз сари пенальти белгиланишига сабабчи бўлиб қолди. Хайриятки, Суюнов турклар етакчиси - Қаҳвачи йўллаган тўпни тўсиб, ҳисоб йирик кўринишга келишига йўл қўймади.
Ана энди сарлавҳа мазмунига тўхталсак: яхши биласиз, доира чалишни касб қилган ҳар бир созанда куйни ижро этишдан аввал қўлидаги чилдирмани яхшилаб қиздириб олади. Шундан кейингина доира санъаткор истаган овозни тақдим этиши мумкин. Назаримизда, Тошкентдаги йиғин давомида Купернинг «доираси» совуқлигича қолиб кетган, чоғи. Чунончи, ҳимоячиларнинг вазиятларга кеч қолишлари, ярим ҳимоячиларнинг оддийгина «пас» беришда хатога йўл қўйишлари, вакилларимиз ўйинида кузатилган кўплаб «брак»лар шунинг ҳосиласи. Ваҳоланки, 9 ойдан бери бир жамоани шуғуллантираётган тажрибали мутахассис шогирдларида бу каби жиддий хатолар кузатилмаслиги лозим. «Ўртоқлик ўйинларидан мақсад - камчиликларни аниқлаб олиш!» Бу жумлани шунчалик кўп эшитамизки, сийқаси ҳам чиқиб кетди, ҳисоб. Бироқ ана шу «аниқлаб олинган» камчиликлар қачон йўқотилади?! Шунисига ҳайронмиз...
ТУРКИЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 2:0 (1:0)
2 июнь. Алания. «Бахчешехир Окуллари» стадиони.
Ҳакамлар: Срджан Йованович, Урош Стойкович, Милан Михайлович (Сербия).
Голлар: Зеки Челик (17, 57).
Фойдаланилмаган пенальти: Ирфан Қаҳвачи (90, Т.).
Туркия: Синан Болат, Зеки Челик, Эмре Текдемир, Мерих Демирал, Чаглар Сеюнжю, Дорукхан Токёз (Дениз Туруж, 83), Огузхан Озъякуп (Абдулқодир Омур, 65), Эфежан Каража (Кенан Караман, 46), Ирфан Қаҳвачи (Эмре Белезоглу, 90}1), Юнус Малли (Омур Али Сахинер, 46), Энес Унал (Озан Туфон, 66).
Ўзбекистон: Элдорбек Суюнов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Фаррух Сайфиев, Даврон Ҳошимов, Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев (Достон Иброҳимов, 71), Одил Ҳамробеков, Жалолиддин Машарипов, Қувондиқ Рўзиев (Остон Ўрунов, 60), Элдор Шомуродов (Темурхўжа Абдухолиқов, 71).
Огоҳлантириш: Дорукхан Токёз (36, Т.).
Ўйиндан кейинги фикрлар
Эктор Купер (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи): - Биз ҳар бир ўйиндан кейин ўзимиз учун тегишли хулосалар чиқариб борамиз. Туркия терма жамоаси билан ўйиндан кейин ҳам ўз хулосаларимга эга бўлдим. Туркия савия жиҳатдан биздан устун терма жамоа. Шунингдек, улар ФИФА рейтингида ҳам биздан анча юқорида туришади. Айнан мана шундай кучли терма жамоаларга қарши ўйинларда хатоларимиз кўринади. Қайси жиҳатлар устида кўпроқ ишлашимиз кераклигини ўзимиз учун аниқлаб оламиз. Фурсатдан фойдаланиб, биз учун Уругвай, Туркия каби кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиб бераётган Ўзбекистон футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Биз ўз даражамиздаги терма жамоалар билан ўйнаб, ғалаба қозониб юрсак, "бизда ҳаммаси жойида экан" деган нотўғри хулосага бориб қолишимиз мумкин. Шу сабабли ўзимиздан савия жиҳатдан юқори бўлган жамоалар билан ўйнашга, уларнинг фонида ўз кучимизни синовдан ўтказиб олишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Туркияга қарши ўйинда бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказиб олдик. Бир йўла уч нафар футболчи миллий терма жамоада дебют ўйинини ўтказди. Булар Остон Урунов, Қувондиқ Рўзиев ва Достон Ибрагимов. Улар Туркия каби кучли рақибга қарши ўйинда ўзини йўқотиб қўймади. Биз турли позицияларга бир қатор кучли футболчиларни тайёрлаб бормоқдамиз. Рақобат бор жойда, ўсиш бўлади. Хабарингиз бор, таркибимиздаги баъзи футболчилар жароҳат олишган. Янги келадиган футболчилар уларга рақобат ҳосил қилиши зарур. Ўйинимиздаги камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлса, биз стандарт вазиятларда яхши ўйин намойиш қила олмаяпмиз. Туркияга қарши ўйинда ҳам ҳар иккала гол стандарт вазиятдан кейин киритилди. Бу борада кўп иш олиб боришимиз керак. Бундан ташқари, рақиб кучли прессинг қилган пайтда биз қийналиб қоляпмиз. Туркия жарима майдончамиз атрофидан прессингни бошлади. Бу вазиятда биз тўпни назорат қилишга қийналдик. Мана шу жиҳат устида ҳам ишлашимиз зарур. Олдимизда яна иккита ўртоқлик ўйини бор. Мазкур ўйинлардан кейин якуний хулосага келамиз. Сентябрь ойида биз учун расмий ўйинлар бошланади. Жаҳон чемпионати саралашида иштирокни бошлаймиз. Ўшай пайтга қадар терма жамоанинг оптимал таркибини шакллантирамиз. Саралаш давомида кучли терма жамоаларга қарши майдонга тушишимизга тўғри келади. Ўша ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриш учун ҳам Туркия каби рақиблар билан ўйинлар жуда фойдали. Ўзимиздан кучсиз рақиблар билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, расмий ўйинларга яхши тайёрлана олмаслигимиз мумкин. Бу ўйинлардаги натижалар, ғалабалар чалғитиб қўяди. Ўртоқлик ўйинлардаги кучли жамоаларга қарши учрашувлар кўп жиҳатдан фойдали. Ўйиннинг натижасидан кўра, ўйлаб қўйилган режалар қай даражада амалга ошаётгани муҳим. Биз Туркияга қарши ёмон ўйнамадик. Кучли жамоаларга қарши фақат жамоавий ўйин ва кўпроқ ҳаракатланиш эвазига ижобий натижага эришиш мумкин. Машғулотлар давомида айнан мана шу жиҳатларимизни кучайтиришга урғу беряпмиз.
Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо 10 нафар футболчиси
Маълумки, жаҳон футболида ўйинчиларнинг трансфер нархи мунтазам ўзгариб туради. Табиийки, бунда ҳар бир футболчининг айни ҳолати (ўйини, ёши, клуби, натижалари ва ҳоказо) инобатга олинади. Ҳозирги ҳолатга қарасак, терма жамоамиз сардори ҳамон ўзбек футболининг энг қимматбаҳо вакили бўлиб турибди.
1. Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой) - 6 млн. евро
2. Игорь Сергеев («Пахтакор») - 1,5 млн. евро
Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия) - 1,5 млн. евро
Сардор Мирзаев («Локомотив») - 1,5 млн. евро
5. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор») - 1,4 млн. евро
6. Отабек Шукуров («Шаржа», БАА) - 1,25 млн. евро
7. Марат Бикмаев («Пахтакор») - 1,2 млн. евро
Темирхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 1,2 млн. евро
9. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия) - 1 млн. евро
10. Икром Алибоев («Сеул», Ж.Корея) - 900 млн. евро
--------------------------------------------------------------------------------------
Стадионда егулик ва ичимликлар савдоси
7 ва 11 июнь кунлари Тошкентда КХДР ва Сурия термаларига қарши кечадиган ўртоқлик ўйинларини юқори савияда ташкиллаш мақсадида бир қатор лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, эндиликда ЎФА ҳамда TOP FOOD савдо белгиси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида терма жамоамиз иштирокидаги учрашувлар пайти «Миллий» стадионида мухлислар учун мақбул нархларда егулик ва салқин ичимликлар савдоси ташкил этилади. Стадионга келганлар турли бурчакларда ўрнатиладиган савдо шахобчаларидан ташқари, трибуна секторларида ҳам егулик, қаҳва ва бошқа ичимликлар харид қилишлари мумкин. Бунда маҳсулотлар хилма-хиллиги ҳамда нархлар арзон бўлиши инобатга олинади.
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20