Қайднома

Қидирув

«Қизил» байрам ёхуд барчаси ЕЧЛ ҳақида

«Қизил» байрам ёхуд барчаси ЕЧЛ ҳақида

  03.06.2019 16:54
  0
  363
«Қизил» байрам ёхуд барчаси ЕЧЛ ҳақида

«Ливерпуль» ниҳоят, совринсизлик домидан чиқди. «Қизиллар» 2012 йили Англия Лига кубогини ютишгани бўйича бирор соврин олишмаганди. Мана, энди Европа Чемпионлар Лигаси бош соврини - «шалпанқулоқ» кубокни бўйсиндиришди. Ўзи «Тоттенхэм»га қарши кечган финал Юрген Клопп дружинаси учун жуда омадли бошланди. Илк ҳужумдаёқ Садио Мане тўпни жамоадошлари томон узатганида, у жарима майдончаси ичида турган Мусса Сиссоко қўлига тегди - пенальти. Муҳаммад Салоҳ эса вазиятдан фойдаланиб, ҳисобни очди. Мерсисайдликлар бундай сценарийни режалаштиришганми ёки йўқ - буниси аниқ эмас, аммо улар тезда ҳисобдан келиб чиқиб ўйнашга ўтишди. Яъни тартибли ҳимояланиб, рақиб хатосини кута бошлашди. «Тоттенхэм» ҳам танаффусга қадар айтарли хавфли вазият яратолмади. Хусусан, ҳали спорт формасини тиклай олмаган Гарри Кейн ҳам жамоасига наф беролмади. Иккинчи бўлимда Маурисио Почеттино таваккалга қўл уриб, ярим ҳимоячи ўрнига ҳужумчи Лукас Моурани туширди. Натижада «шпорлар» ўйинида ҳужумкорлик ошди, зарбалар кўпайди. Бу вақтда «Ливерпуль» посбони Алиссон Бекер барча зарбаларни бартараф этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Боз устига, ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида, мерсисайдлар барчасига нуқта қўйишди - ярим финал қаҳрамонларидан бири Дивок Ориги ўткир бурчак остида ерлатиб зарба йўллагач, «Тоттенхэм» бутунлай таслим бўлди - 0:2.

 

 

тоттенхэм - ЛИВЕРПУЛЬ - 0:2 (0:0)

1 июнь. Мадрид. «Ванда Метрополитано» стадиони. 63272 томошабин.

Бош ҳакам: Дамир Скомина (Словения).

Голлар: Салоҳ (2-пен.), Ориги (87).

Тоттенхэм: Льорис, Триппьер, Алдервейрелд, Вертонген, Роуз, Сиссоко (Дайер, 74), Уинкс (Лукас Моура, 66), Эриксен, Алли

(Льоренте, 82), Сон Хюн Мин, Кейн.

Ливерпуль: Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон, Хендерсон, Фабиньо, Вейналдум (Милнер, 62), Салоҳ, Фирмино

(Ориги, 58), Мане (Гомес, 90).

 

                            Ўйин статистикаси

 

       тоттенхэм                                      ливерпуль

 

                                   КЎРСАТКИЧЛАР

78                           Ҳужум                                  68

51                           Хавфли ҳужум                      40

16                           Зарба                                   10

9                             Аниқ зарба                           5

8                             Бурчак тўпи                          9

3                             «Офсайд»                             2

5                             Қоида бузиш                        6

0                             Сариқ карточка                     0

61 фоиз            Тўпни назорат қилиш             39 фоиз

 

ФИНАЛ ҚАҲРАМОНИ - ВИРЖИЛЬ ВАН ДЕЙК

«Ливерпуль» ҳимоячиси Виржиль ван Дейк ЧЛ финалининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Лауреатни таниқли мураббийлар - Дэвид Мойес, Гарет Саутгейт ва Роберто Мартинесдан иборат УЕФАнинг техник кузатувчилари гуруҳи аниқлади. «Ван Дейк етакчилик хусусиятларини намоён этиб, «Ливерпуль» ҳимоясида бош ролни бажарди. У тўпни олиб қўйишда ва ҳал қилувчи вазиятларда совуққон ҳаракати билан ажралиб турди», - деди техник гуруҳ раҳбари Томас Шааф.

 

ЧК|ЧЛнинг барча ғолиблари

2018-2019  - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

2017-2018  - Реал (Мадрид, Испания)

2016-2017  - Реал (Мадрид, Испания)

2015-2016  - Реал (Мадрид, Испания)

2014-2015 - Барселона (Барселона, Испания)

2013-2014 - Реал (Мадрид, Испания)

2012-2013 - Бавария (Мюнхен, Германия)

2011-2012 - Челси (Лондон, Англия)

2010-2011 - Барселона (Барселона, Испания)

2009-2010 - Интер (Милан, Италия)

2008-2009 - Барселона (Барселона, Испания)

2007-2008 - МЮ (Манчестер, Англия)

2006-2007 - Милан (Милан, Италия)

2005-2006 - Барселона (Барселона, Испания)

2004-2005 - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

2003-2004 - Порту (Порту, Португалия)

2002-2003 - Милан (Милан, Италия)

2001-2002 - Реал (Мадрид, Испания)

2000-2001 - Бавария (Мюнхен, Германия)

1999-2000 - Реал (Мадрид, Испания)

1998-1999 - МЮ (Манчестер, Англия)

1997-1998 - Реал (Мадрид, Испания)

1996-1997 - Боруссия (Дортмунд, Германия)

1995-1996 - Ювентус (Турин, Италия)

1994-1995 - Аякс (Амстердам, Голландия)

1993-1994 - Милан (Милан, Италия)

1992-1993 - Марсель (Марсель, Франция)

1991-1992 - Барселона (Барселона, Испания)

1990-1991 - Црвена Звезда (Белград, Югославия)

1989-1990 - Милан (Милан, Италия)

1988-1989 - Милан (Милан, Италия)

1987-1988 - ПСВ (Эйндховен, Голландия)

1986-1987 - Порту (Порту, Португалия)

1985-1986 - Стяуа (Бухарест, Руминия)

1984-1985 - Ювентус (Турин, Италия)

1983-1984 - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

1982-1983 - Гамбург (Гамбург, Германия)

1981-1982 - Астон Вилла (Бирмингем, Англия)

1980-1981 - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

1979-1980 - Ноттингем Форест (Ноттингем, Англия)

1978-1979 - Ноттингем Форест (Ноттингем, Англия)

1977-1978 - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

1976-1977 - Ливерпуль (Ливерпуль, Англия)

1975-1976 - Бавария (Мюнхен, Германия)

1974-1975 - Бавария (Мюнхен, Германия)

1973-1974 - Бавария (Мюнхен, Германия)

1972-1973 - Аякс (Амстердам, Голландия)

1971-1972 - Аякс (Амстердам, Голландия)

1970-1971 - Аякс (Амстердам, Голландия)

1969-1970 - Фейеноорд (Роттердам, Голландия)

1968-1969 - Милан (Милан, Италия)

1967-1968 - МЮ (Манчестер, Англия)

1966-1967 - Селтик (Глазго, Шотландия)

1965-1966 - Реал (Мадрид, Испания)

1964-1965 - Интер (Милан, Италия)

1963-1964 - Интер (Милан, Италия)

1962-1963 - Милан (Милан, Италия)

1961-1962 - Бенфика (Лиссабон, Португалия)

1960-1961 - Бенфика (Лиссабон, Португалия)

1959-1960 - Реал (Мадрид, Испания)

1958-1959 - Реал (Мадрид, Испания)

1957-1958 - Реал (Мадрид, Испания)

1956-1957 - Реал (Мадрид, Испания)

1955-1956 - Реал (Мадрид, Испания)

 

 

Ўйиндан кейинги фикрлар

Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль» ҳужумчиси): - Жуда хурсандмиз, кетма-кет иккинчи марта финалда майдонга тушганимдан ҳам. Бу сафар 90 дақиқа ўйнадим. Асосийси, бугун бор кучимизни ишга солдик. Ҳеч ким ўзини ўйламади. Келаси мавсумда АПЛда ҳам VARни кўрамиз, аммо ҳозирнинг ўзида бу технология менга ёқяпти. У зўр! Футболчилик фаолияти учун кўп қурбонликлар қилганман. Аввалига қишлоқдан Қоҳирага кўчиб ўтдим, кейин юқори савияда тўп сурадиган мисрликка айландим. Барчаси мен учун ҳайратланарли...

Маурисио Почеттино («Тоттенхэм» бош мураббийи): - Охиригача курашган шогирдларимдан фахрланаман. Бизга омад етишмади - биринчи голни пенальтидан қўйиб юбордик. Иккинчи бўлимда яхши ўйнадик ва жанг қилдик. Бундан фахрлансам арзийди. Бироқ омад биз томонда бўлмади. Финални 0:1 ҳисоби билан бошлаш осон эмас. Ўйин режасини ўзгартиришдан ўзга чорамиз қолмади. Бундай пенальтиларга олдиндан тайёргарлик кўришнинг иложи йўқ. Руҳан жуда оғир бўлди. Тажриба орттиришни ўрганишимиз керак. «Ливерпуль» ўтган йили худди бизнинг ҳолатимизга тушганди. Қўл остимдаги жамоадан жуда хурсандман. «Ливерпул»ни эса ғалаба билан табриклайман.

Юрген Клопп («Ливерпуль» бош мураббийи): - Жамоамга осон эмасди - салкам 3 ҳафта ўйин амалиётисиз қолдик. Финалда энг муҳими - натижа. Йигитлар ҳеч бир жабҳада рақибга имкон беришмади. Айнан шу жиҳат муҳим эди. Алиссон бир нечта ажойиб «сейв»ларни амалга оширди. Кўп гапирмоқчи эмасман, чунки биз ғалаба қозондик. Шунчаки, ютуқдан роҳатланмоқчиман. Эҳтирослар авжига чиққан кеча, аммо барчасини босиқлик билан қабул қилдим. Аслида мен учун кубок ютиш у қадар муҳим эмасди. Ҳаммасидан ҳам йигитларнинг айнан шу соврин учун жон-жаҳдлари билан курашганлари ёқди.

Уго Льорис («Тоттенхэм» дарвозабони): - Жуда тезкор гол рақибга катта ишонч бағишлади. Бу аниқ. Ҳаммаси вазиятларни, айниқса, ҳал қилувчи лаҳзаларни ақл билан бошқаришга боғлиқ. Қанчалик кучли бўлмайлик, ҳал қилувчи вазиятларни самарали якунлай олмадик. Тезкор голдан кейин ҳам жамоавий ўйин борасида яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Аммо ўйинни бу тахлит давом эттириш осон эмасди. Оғриқли якун. Умуман олганда, яна бу каби имкониятга эга бўлиш-бўлмаслигинг ҳақида ҳеч қачон билолмайсан...

 

финал фактлари

* «Ливерпуль» ўз тарихида 6-марта, Юрген Клопп эса илк бора Европа ЧЛ|ЧК ғолибига айланди. Натижада мерсисайдликлар бу борада 5 карра ғолиблар - «Барселона» ва «Бавария»дан ўзиб кетишди. «Қизиллар»дан олдинда «Милан» (7та кубок) ва «Реал» (13) бор, холос.

* «Ливерпуль» музейидаги еврокубок сони 12тага етди. Мерсисайдликлар бу борада Англия клублари орасида яққол пешқадам. 2-ўриндаги «МЮ» ҳисобида 6та соврин бор. «Ливерпуль» ЧЛ|ЧКда 6 марта зафар қучишдан ташқари, УЕФА кубоги ва Европа суперкубогида 3 мартадан ғолиб чиққан.

* Муҳаммад Салоҳ ЧЛ финали тарихида урилган 2-энг тезкор гол муаллифига айланди. Энг юқори натижа 2005 йилги финалда қайд этилган. Ўшанда «Милан» сардори  Паоло Мальдини 55-сонияда айнан «Ливерпуль» дарвозасини нишонга олганди. Мальдини ҳамда Салоҳдан кейинги ўринда Гаиска Мендьета бор. У 2001 йилги мавсум финалининг 3-дақиқаси пенальтини аниқ бажариб, «Бавария» посбонини ранжитганди.

* Муҳаммад Салоҳ ЧЛ финалида гол урган африкалик бешинчи ва мисрлик биринчи футболчидир. Ундан олдин африкаликлардан  Рабаҳ Мажер («Порту», 1987 йил), Самуэль Это~О («Барселона», 2006 ва 2009 йиллар), Дидье Дрогба («Челси», 2012 йил) ва Садио Мане («Ливерпуль», 2018 йил) каби футболчилар финалда гол қувончини туйишганди.

* «Ливерпуль» ҳужумчиси Дивок Ориги финалда жамоасининг 2-голини уриб, ғалабага катта ҳисса қўшди. Диққатга сазовор томони, бельгиялик футболчи ЧЛнинг 8та учрашувида майдонга тушиб, рақиблар дарвозаси томон 3та аниқ зарба бериб, 3та гол урди. У аввалги 2та голини ярим финал жавоб баҳсида «Барселона» дарвозасига урганди.

* «Ливерпуль» ҳужумчиси Даниэль Старриж ҳам ғаройиб натижага эришди. Squawka хабарига кўра, 29 ёшли футболчи ЧЛ бош совринини Англиянинг 2та жамоаси билан қўлга киритган ягона футболчи бўлди. У 2012 йили «Челси» сафида зафар қучганди.

* «Ливерпуль» ҳимоячиси Трент Александер-Арнолд ЧЛ финалида асосий таркибда майдонга тушган энг ёш футболчига айланди (20 ёш 7 ой 25 кун).

* «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ЧЛ-2018|2019 бош тўпурари бўлди. 10та учрашувда 12та гол урган 31 ёшли аргентиналик пойгада «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски (8та ўйинда 8 гол)ни ортда қолдирди. Шу тариқа Лео ўзининг асосий рақобатчиси - Криштиану Роналдунинг 3 йиллик ҳукмронлигини тўхтатди. Таъкидлаш лозим, ЧЛ тарихида энг кўп тўпурар бўлган футболчи Роналдудир - 7 марта. Месси эса 6-карра биринчи бўлди.

* Энди «Ливерпуль» ЕЛ ғолиби - «Челси» билан яна бир суперсоврин учун кураш олиб боради. Ҳисоб бўйича 44-Европа суперкубоги учун баҳс 14 август куни Истанбул шаҳрида жойлашган «Водафон-Арена» стадионида ўтказилади.

 

ЧЛ-2018|2019 РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ

УЕФА ЧЛ-2018|2019 якунига қараб, турнирнинг рамзий терма жамоасини шакллантирди. Унда 20 нафар футболчи бор. Энг кўп вакил «Ливерпул»дан - 6 нафар.

Дарвозабонлар: Алиссон («Ливерпуль»), Марк-Андре тер Штеген («Барселона»)

Ҳимоячилар: Трент Александер-Арнолд («Ливерпуль»), Виржиль ван Дейк («Ливерпуль»), Эндрю Робертсон («Ливерпуль»), Маттейс де Лигт («Аякс»), Ян Вертонген («Тоттенхэм»)

Ярим ҳимоячилар: Жоржиньо Вейналдум («Ливерпуль»), Френки де Йонг («Аякс»), Давид Нерес («Аякс»), Душан Тадич («Аякс»), Мусса Сиссоко («Тоттенхэм»), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»), Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити»), Танги Ндомбеле («Лион»)

Ҳужумчилар: Ҳаким Зийеҳ («Аякс»), Садио Мане («Ливерпуль»), Лукас Моура («Тоттенхэм»), Лионель Месси («Барселона»), Криштиану Роналду («Ювентус»)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz