Қайднома

Қидирув

Эҳтиёт бўлинг, қопағон ит!

Эҳтиёт бўлинг, қопағон ит!

  04.06.2019 01:53
  0
  689
Эҳтиёт бўлинг, қопағон ит!

Франция чемпионатининг навбатдаги мавсуми «Монако»нинг қуйига шўнғиши ва «Лилл»нинг юқорига парвози билан ёдда қолди. Ёдингизда бўлса, 2017|2018 йиллар мавсумини «доглар» худди князликлар сингари ўтказишганди. «Лилль» май ойига қадар «жон» сақлаш ҳудудида борган, молиявий муаммолар гирдобида сал қолса банкрот бўлиши мумкин эди. Soccer.ru шундай мураккаб вазиятдан шараф билан чиқиб кетган жамоа ҳақида сўз юритади.

Жарликдан чиқиш

Клуб президенти Жерар Лопес инвесторларни топиб, қарзлардан қутулди. Ўша мавсумда эса мураббий Кристоф Гальтье халоскор ролини ажойиб тарзда бажариб, «доглар»ни жарликдан олиб чиқди. «Лилль» ўта қийин ўтган чемпионатни 16-ўринда якунлади.

Гарчи Франция чемпионати хусусида олдиндан бирор тахмин билдириш қийин бўлсада, ёзда шимолликларнинг қийинчиликлари давом этишини кўпчилик таъкидлаганди. Лига 1да фақат чемпион номи олдиндан маълум бўлиши мумкин. «Монако»нинг инқирозга юз тутишини ким ҳам ўйлабди дейсиз? Бевосита «Лилль» ҳақида гапирадиган бўлсак, аксарият таҳлилчилар «доглар»нинг юқори ўнликка киришини тахмин қилишганди. Европа Лигаси йўлланмасига эга чиқиш катта муваффақиятга тенглаштирилганди. «ПСЖ»дан кейинги иккинчи ўрин - бунақаси «кўппаклар»нинг энг фидойи мухлисларининг ҳам хаёлига келмаганди.

Шиллиққурт қачондир етиб келади

Мураббий Кристоф Гальтьенинг малакасига ҳеч ким шубҳа қилмаганди. Ўз навбатида, унга L~escargot - «Шиллиққурт» тахаллуси беришгани бежиз эмасди. Ушбу мутахассис «Сент-Этьен»да 8 йил ишлаган, мустаҳкам жамоа шакллантирган, ўйинни изга солган, бироқ мамлакатнинг энг совриндор жамоасини етакчилар сафига қўшишни уддалай олмаганди. Мунтазам равишда 4-5-ўринларни эгаллайвериш жонга текканди. Бундан ортиғига «яшиллар»нинг кучлари етмасди. Ҳар йили бир жойда қотиб тураверишди. Шу боис 2017 йили «Сент-Этьен» мураббий билан шартномани узайтиришни хоҳламади. Ўсишнинг бу қадар секинлашиши маъқул эмасди.

Шунга қарамай, Гальтье «Лилл»да қисқа муддатда ўсишга эришди. Мавсумнинг катта қисмини «доглар» иккинчи поғонада ўтказишди. Чемпионлик учун парижликларга жиддий рақобат туғдиришмади, бу ғоят оғир юмуш, бироқ иккинчи ўринни эгаллашга уринганларни «тишлаш»га тайёр эдилар. Буни қарангки, қудратли «ПСЖ» «Лилль Метрополь» стадионида 5:1 ҳисобида тор-мор этилди. Урилган голлар сони бўйича Гальтье бошчилигидаги жамоа «Лион» билан 2-3-ўринларни бўлишиб олди. Бу борада ҳам «ПСЖ» пешқадам, лекин парижликлар сафида Неймар ва Килиан Мбаппе сингари юлдузлар тўп суришади. «Лилл»нинг мудофааси лигадаги энг мустаҳками бўлди. Жамоанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири, Франция ёшлар термаси аъзоси Фоде Балло-Туренинг январда «Монако»га сотилгани бежиз эмас.

Ўсаётган организм

Бир йил аввал Лиллдагилар Эдернинг «Локомотив»дан қайтишини кутишган, келишув амалга ошмаганидан кейин хафа бўлишганди. Аммо ҳозир бу воқеани ким ҳам эсга оларди? Ўтган йилнинг ёзида мухлислар орасида биринчи навбатда ҳужумчи Лоик Реми ва Португалия термаси таркибида Европа чемпионлигини қўлга киритган Жозе Фонте тилга олинган бўлса, бугунги «Лилль» ёзги трансферлар бозорида мазали пишириққа айланиши кутилмоқда. Биргина Николя Пепе учун каттагина навбат вужудга келган. Ивуарлик йигитнинг нархи эса анча ўсди - таклиф 80 миллион евродан кам бўлмаслиги керак.

Майк Маньян эса бир неча ой ичида ажойиб дарвозабон сифатида кўриниш берди. Уни Франция термасига ҳам чақиришди. Ўнг қанот ҳимоячиси Зеки Челик эса Туркия миллий жамоасидан таклиф олди. Фонтенинг ёнида авваллари маҳоратли ҳисобланмаган Адама Сумаоро анча ўсишга эришди.

Бир йил аввал Шека, Тьяго Майя ҳамда Тиаго Мендешни ким танирди? Ҳа, мавсум-2017|2018 «чалажон» «Лилл»да шундай ярим ҳимоячилар бўлган. Ҳозир эса португал тилида сўзлашувчи бу учлик (бир португалиялик ва икки бразилиялик) майдон марказида порламоқда. Тиаго Мендеш ҳозирданоқ «Челси» ва «Атлетико» ўртасида баҳс юзага келишига сабабчи бўлди: қачонлардир бу клубларда унинг адаши Тьягу Мендеш тўп сурганди. Гальтье келишидан аввал Шекани кўпчилик даҳмазага менгзаганди, айни пайт у Португалия термасига номзодлар сафида.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи Жонатан Иконе қачонлардир «ПСЖ» томонидан яроқсиз деб топилганди. Одатий чемпион дастлаб ёш футболчини «Монпелье»га ижарага берди, сўнгра ортга қайтариб, кўп ўтмай «Лилл»га сотганди. Энди эса Париждагилар ўйламай иш қилишганини тушунишди. Жонатан Франция ёшлар термаси етакчисига айланди, тез орада уни жаҳон чемпионларининг асосий жамоасида ҳам кўрсак, ажабмас.

Номдор Лоик Ремидан «Лилль Метропол»да кўп нарса кутишганди. Бироқ маҳоратли марказий форвард Гальтьенинг схемасига мослаша олмади. Бу чизиқда Николя Пепе ва Жонатан Бамба ўзларини нисбатан эркинроқ ҳис қилишди: бу футболчилар аввал қанот ярим ҳимоясида тўп суриб, кейинчалик ҳужумчига айланишган. Иккиси ҳам тезкор, зарбалари аниқ ва кучли. Пепени Лига 1даги энг яхши африкалик футболчи деб тан олишди. Юқорида таъкидланганидек, у ҳозир катта клублар нишонида. Бамба ҳозирча бор иқтидорини намоён этолганича йўқ, бироқ вақт ўтгач бу масала ҳам ижобий топишига шубҳа йўқ.

Хўш, бу футболчиларда яна вақт бўладими? Нафақат Пепе ва Тиаго Мендешни, балки бошқа лиллик иқтидорларни ҳам бошқа клубларга сотиш иштиёқи анча баланд. Талаб ҳам бор. Муваффақиятли мавсумдан сўнг ўйинчиларни ёппасига пуллаш - Франция чемпионати учун одатий ҳол. Ҳозирги «қопағон итлар»ни кейинги мавсумда ҳам кўрамизми ёки йўқми, номаълум.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz